Latest news

00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  0 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  3 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1

Ёшлигида чиқиндилар орасидан бутса қидирган Осимхен "Наполи"да юлдуз бўла олади-ми? News

Ёшлигида чиқиндилар орасидан бутса қидирган Осимхен "Наполи"да юлдуз бўла олади-ми?

Италияда янги юлдуз порлаб чиқиши кутилмоқда — Виктор Осимхен.

"Наполи" ҳозирча А Серия чемпионлигига чинакам номзодлар қаторида эмас, лекин президент Аурелио Де Лаурентис бундан ташвишланмаяпти. "Биз имкониятларимизни яхши биламиз ва мавсумни яхши ўтказишни истаймиз", – дейди у. Жамоа Италия Кубогини қўлга киритди — охирги йиллардаги илк соврин, бироқ муваффақиятли клуб номи учун бу камлик қилади. 

"У феноменал футболчи бўлади, — дейди дарвозабон Николя Пеннето. Эслатиб ўтамиз, кипер Осимхен билан "Шарлеруа"да бирга тўп тепган. — Виктор майдонда барча ишни қила олади". Осимхен бу борада камтарроқ жавоб берган: "Мен шунчаки футбол ўйнашни истайман. Назаримда, айнан футбол ўйнаш учун дунёга келганман".


Осимхен жуда қашшоқ оиладан. Болалигида сув сотиб, пул топган

Лагосдаги Олусосун аҳлат ташланадиган жойга уч тоннадан ўн тоннагача ижтимоий чиқинди олиб келинади. Йигирма йил аввал у шаҳардан ташқарида эди, аммо ўтган вақт мобайнида Лагос аҳолиси уч баробар кўпайди, чегаралар кенгайди ва ушбу нуқта шаҳар марказига анча яқин бўлиб қолди. Чиқиндилардан ҳосил бўлган тоғлар билан ёнма-ён аҳоли яшайдиган уйлар бор. Минглаб инсонлар чиқиндидан арзирли бирор нарса топиш илинжида бўлади.

"Биз дўстларим билан аҳлат ташлаб кетиладиган жойлардан бутсаларни излардик, — ёдга олади Осимхен "The Independent"га берган интервьюсида. — Чап оёғимизга Nike, ўнги — Adidas, баъзан омадимиз келиб икки пой ҳам бир хил бўларди. Биз жуда қашшоқ туманда истиқомат қилардик, оилам эса атрофдагилар ичида энг қашшоқларидан эди".

Осимхен онасидан олти ёшлигида айрилган. Отасини айни ўша дамларда полициядаги ишидан ҳайдаб юборишади. Оила аъзоларининг барчаси пул топиши талаб қилинарди — жумладан етти боланинг кичиги бўлган Виктор ҳам.  

"Мен сув сотардим ва йўлнинг ўртасида югуриб, йўл-йўлакай пулларимни териб олардим. Акаларим газета тарқатарди, опаларим апельсинларни овқатга алмаштирарди. Камбағаллигимизни ҳамма биларди. Бир сафар рақиб жамоа ўйинчиси менга уйимда пул йўқлиги, отам унинг онасидан овқат сўраганини айтган. Мен йиғлаб юборганман, — хотирлайди Осимхен France Football"га берган интервьюсида. — Мен кўп йиғлардим. Ёдимда, уй ижарага берган одам пулни олиб кетишга келар, отам билан кўришгач, жаҳли чиқиб кетарди. Мен эса бирор бурчакка беркиниб олиб, яратгандан бизга ёрдам беришини сўрардим".

"La Gazzetta dello Sport" маълумотига кўра, "Наполи"да Осимхен йилига беш миллион евро маош олади (жамоада фақатгина Калиду Кулибалида кўпроқ — олти). Бу маблағ оила аъзолари ҳам чиройли ҳаёт кечириши учун етади — оиласининг тинчлиги, фаровонлиги Виктор учун биринчи ўринда. Осимхеннинг отаси 2020 йил май ойида ҳаётдан кўз юмди.

"Яқинларимнинг иши энди жойида. Бу энг муҳими. Улар истаган нарсаларига эга бўла олишади. Мен уларга ўзлари муносиб бўлган ҳаётни тақдим этдим. Бироқ орзуларим ҳали кўп", — дейди ҳужумчи.


Терри ЕЧЛ финалида пенальтини ура олмаганида, Осимхен юзини ёриб олади. Ўшанда у ўзига футболчи бўлишга ваъда беради

Осимхен тўққиз ярим ёшда эди, "Манчестер Юнайтед" ва "Челси" Москвада ЕЧЛ финалида тўқнаш келганди.

"Мен ҳеч бир жамоага мухлислик қилмагандим. Бироқ Терри пенальтини голга айлантира олмаганида жуда хафа бўлдим ва кўчага қараб югурдим, — дейди Виктор "Daily Mail"га. — Ўша вақтда ташқаридан бир аёл кираётган эди ва қаршимдан эшикни очади… Бууум! Ҳаммаёқ қонга бурканади. Юзимга чоклар тушар экан, футболга бундай меҳр билан профессионал ўйинчи бўлмасам, ўзимни кечира олмаслигимни тушуниб етдим".

Кўчада тўп тепаётган Осимхенни "Ultimate Strikers" академияси скаутлари кўриб қолишади. Европа клублари эса Виктор ҳақида 2015 йил куз фаслида хабар топишади — Чилидаги U-17 Жаҳон Чемпионатида. Гуруҳда Нигерия Кристиан Пулишич бор АҚШни мағлуб этади, чорак финалда таркибида Эдер Милитао билан Бразилияни (3:0), финалда Малини таслим қилади — 2:0. Осимхен мусобақанинг барча етти ўйинида гол уради (икки учрашувда биттадан кўп гол). 10та гол билан Виктор мусобақа тўпурарига айланади.


Венгер билан суҳбатлашган Осимхен "Арсенал", "Барселона", "Интер" ёки "Ювентус"га ўтиши мумкин эди

Нвакали ўсмирлар ўртасидаги ЖЧдан кейин "Арсенал"га кўчиб ўтди, аммо нигериялик футболчи клуб сафида бирорта ўйинда майдонга тушмади. Осимхенда ҳам Лондон варианти бор эди. "Мен Арсен Венгер билан гаплашгандим, — дейди футболчи "The Independent"га. — У мени "Арсенал"га чақирганди. Ўшанда олдимда танлов имконияти кенг эди: "Барса", "Интер", "Атлетико", "Юве" ва яна бошқа топ-клублар".

Виктор "Арсенал"га ўтиш, фаолияти учун фойдали бўлмайди деб ҳисоблади. "Мен захирада ўтиришни эмас, мунтазам ўйнашни истардим. Шунинг учун, ўйин амалиёти бера оладиган клуб керак эди. "Вольфсбург" бунинг учун қулай клубдек кўринди".

Лекин қахрамонимиз танловда адашди — икки мавсумда Осимхен бор йўғи 300 дақиқани майдонда ўтказди ва умуман гол уролмади. "Жуда қийин эди. Отам ва акам бир неча ой мен билан бўлиб, кейин Нигерияга қайтиб кетишди. Машғулотдан қайтардим ва уйда ҳеч ким мени кутмасди. Жуда ёлғиз эдим. Ўрганмаган муҳит, таомлар, нотаниш тил. Буткул нотаниш ҳаёт тарзи", — хотирлайди Виктор.

Вазиятни тиззасидан олган жароҳати янада қийинлаштирди, аммо Осимхен барча нарсанинг яхши томонини кўришга ҳаракат қиларди: "Мен майдонга кам тушган бўлсам ҳам, Марио Гомес ва Дивок Оригидан кўп нарса ўргандим. Улар билан машғулотларда бирга ҳаракат қилдим — ажойиб мактаб".


2018 йил Осимхен жиддий касал бўлди. Айнан шу сабаб ундан икки клуб воз кечди

2017/18 йилги мавсумдан кейинги таътилда Осимхен Нигерияда бўлди ва безгакни бошидан ўтказди. "Германияда мени икки ҳафталик карантинда қолишимни сўрашди, кейин эса "Вольфсбург"га керагим йўқлигини тушуниб етдим. Мен ўзимни ижарага беришларини сўрадим — учинчи ёки тўртинчи дивизион жамоасига бўлса ҳам. Мен шунчаки ўйнашни истардим".

Касалликдан кейин Виктор шу қадар ҳолдан тоядики, "Брюгге" ва "Зюлте Варегем"да тиббий кўрикдан ўтолмади. "Шарлеруа"да таваккал қилишди — Осимхен бунга 36 ўйиндаги 20та гол билан миннатдорчилик билдирди.

"Қайсидир маънода фаолиятим "Шарлеруа"да бошланди, — дейди у. — Қайта ўйнашни бошлашим муҳим эди. Одамларнинг мен ҳақимдаги фикри хатолиги исботлаш ниятида эдим. Мен ҳақимда ёзишаётганини ўқиш жуда ёқимсиз эди. Германиялик журналистлар ўзларини касалим ҳақида билмайдигандек тутишарди. Мен эса тирик қолганим учун яратгандан миннатдорман".


Бир йилда нархи беш баробар ошади — "Лилль" уни 12 млнга сотиб олади. Аввалроқ уни ЦСКАга таклиф қилишган

"Шарлеруа" Осимхенни "Вольфсбург"дан 3,5 млн еврога харид қилади. Мақсад: уни дарҳол қимматроққа сотиш. 2019 йил ёзида Италия ОАВ "Аталанта" ва "Милан" томонидан қизиқиш ҳақида ёзади, аммо бергамоликлар Луис Муриэлни маъқул кўради, "россонери" эса — Анте Ребич ва Рафаэль Леауни харид қилди. Леаунинг трансфери "Лилль"га 20 миллион евро келтирди ва бу сумманинг маълум қисми Виктор трансферига сарфланди — футболчи француз клубига 12 млнга тушади.

Журналист Андрей Панков маълумотига кўра, Осимхен олдида Россиянинг ЦСКА варианти бўлган.


Осимхен жамоа учун рекорд бўлган дастлабки етти ўйинни 6та гол билан бошлади, "Челси" ва "Валенсия"га ЕЧЛда, чемпионатни эса тўпурарлар рўйхатининг тўртинчи поғонасида якунлади, Неймар билан ёнма-ён. 29 турда нигериялик 13та гол урди, мавсумда фақатгина Мусса Дембеле (16), Килиан Мбаппе ва Виссам Бен Йеддерда кўпроқ (18тадан). "Виктор фантастик ўйинчи. У исталган чемпионатда ўйнаб кетади", — деганди "Лилль" устози Кристоф Галтье, Осимхен жамоада қолмаслиги аниқ бўлиб улгурганида.

Осимхеннинг севимли футболчиси — Дидье Дрогба, орзусидаги клуб эса — "Реал". Бироқ бошланишига у "Наполи"ни танлади — ҳозирги клуби ҳам Виктор каби катта ғалабаларни орзу қилиб, интилади.

"Бўш вақтим бўлиб қолганида инстаграмда руҳлантирувчи иқтибосларни ўқийман. Ўзимга сақлаб қўйиб, кейинчалик ҳам ўқиб тураман. Бу янада кучли бўлиш учун ёрдам беради. Ҳаётимнинг каттагина қисми тирик қолиш учун курашда ўтган. Барчаси шу даражада ёмон эдики, бахтли келажакни орзу ҳам қилолмасдим. Аммо барчаси ўз қўлимизда экан. Ҳозир эришган ютуқларимни ўйлайман ва фахр туйғусини ҳис қиламан", — дейди Осимхен.


Нозима Зарипова таржимаси

Rating: +10   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика