Ёрқин Назаров: “Сурхон”ни йигитларнинг шижоати эвазига мағлуб этдик”
10 aug 2018 16:40
News
Ёрқин Назаров: “Сурхон”ни йигитларнинг шижоати эвазига мағлуб этдик”
Ғузорнинг “Шўртан” жамоаси Термизга сафар уюштириб, мусобақа етакчиларидан бири бўлган “Сурхон”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, ўзига хос шов-шув уйғотди. Учрашув якунлангач, “Шўртан” бош мураббийи Ёрқин Назаровдан сайтимиз учун интервью олдик.
- Ёрқин ака, аввало сафарда “Шўртан”ни қўлга киритган муҳим ғалабаси билан табриклаймиз. Айтингчи жамоангиз Термиздан нимани ҳисобига ғалаба билан қайтди?
- Табрик учун раҳмат. Ўз навбатида мен ҳам сафарда қўлга киритилган муҳим ва ишончли ғалаба билан Ғузор аҳлини табриклайман. Мухлисларнинг жамоага бўлган ишончини қайтариш учун келгусида ҳам астойдил ишлашга харакат қиламиз. Ўйинга келадиган бўлсак, майдонда тенг кураш кечди. Рақибимиз “Сурхон” жамоаси чемпионат пешқадамларидан бири эканлигини жуда яхши билардик. Шунга монанд тактика ишлаб чиқиб, йигитларни шу йўсинда учрашувга тайёрладик. Шогирдларим берилган кўрсатмаларни 90-95 фоизга аниқ бажариб, ўйлаган режаларимизни амалга ошишида муҳим ўрин тутди. Футболчиларимга раҳмат, улардаги шижоат рақибга нисбатан кучлилик қилди.
- Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, “Сурхон” жамоаси чемпионат пешқадамларидан бири эди. Ушбу жамоага қандай таъриф берасиз?
- “Сурхон”да илгари ўзим футболчи сифатида фаолият юритганман. Бугунги кунда у ерда мамлакатимиздаги таниқли мураббийлар ишламоқда. Термизликлар бу йил ўз олдига кучлилар сафига чиқишни мақсад қилган ва бу йўлда астойдил курашмоқда. Лекин шуни очиқ айтаманки, бизга қарши учрашувда мезбонлар айтарли катта устунликка эришгани йўқ. Биринчи бўлимда 2:1 ҳисобида ғалаба билан танаффусга чиқиб кетдик. Иккинчи тайм бошида улар ўйин тизгинини ўз томонига оғдариб олгандек кўринди. Лекин шогирдларим қарши ҳужумда вазиятлардан унумли фойдаланиб, устунликни ҳисобда акс эттира олди. “Сурхон” жамоасига келгуси ўйинларда омад тилайман.
- Жамоани мавсумнинг биринчи қисмининг сўнггиларида қабул қилиб олдингиз. Давралар оралиғида таркибда сезиларли ўзгаришларни амалга оширганингизни кўрдик. Бу борада нима дейсиз?
- Тўғри айтасиз, “Шўртан”ни иккинчи давранинг сўнгги 4та ўйини қолганида қабул қилиб олгандим. Шу тўртта учрашувда қайд этган натижаларимиз ўхшамади, иккита дуранг ва иккита мағлубият. Шундан сўнг танаффус пайтида янада жиддий ишладик ва мавсумнинг қолган қисмига пухта хозирлик кўришга интилдик. Бемалол айта оламанки, йигитлар мана энди секин-секин биз талаб қилган нарсаларни амалга ошира бошлади. Менимча ўйиндан-ўйинга ҳаммаси кўнгилдагидек кечади. Ҳозир жамоамнинг ўйинидан тўлиқ қониқмаётган бўлсамда, қувонарлиси футболчилар аста-секин ўзларига келиб олмоқда. Лекин бу билан йигитлар бир зумга ҳам ўзларини бўшаштириб юборишга хаққи йўқ.
- Ёзги трансфер чоғида тажрибали футболчиларнинг хизматидан воз кечилди ва уларнинг ўрнига ёшлар таклиф этилди. Вазият янада жиддийлашиб кетишидан ҳавотир бормиди?
- Клубнинг ички имкониятлардан келиб чиқиб, раҳбарият билан маслаҳатлашган холда шундай қарорга келинди. Чунки тажрибали футболчиларни олиб қолиш учун бизда молиявий имкониятлар йўл қўймасди. Шунинг учун номи ҳали кўпчиликка яхши маълум бўлмаган йигитларни таркибга жалб этиб, улар билан ўз ўйинимизни шакллантиришга қарор қилдик. Чунки илгари ўзим “Бунёдкор” академиясида ёшлар билан ишлаганман. Уларга ўз ғояларингизни ўргатиш ва тушунтириш нисбатан осонроқ кечади. Фикримча ҳозир ПРО-Лиганинг “А” гуруҳида энг ёш жамоа “Шўртан” бўлса керак. Умид қиламанки, келаси йил ушбу таркибимиз янада тайёр бўлади ва шунда Суперлига учун бемалол кураша оламиз.
- Агарда молиявий имкониятлар кўнгилдагидек бўлганида, тажрибали футболчиларни ҳам олиб келиш режангизда бормиди?
- Албатта, ёшларнинг олдига тажрибали ўйинчиларни жалб этсак зарар қилмасди. Чунки ёшлар катталардан ўрнак олади.
Comments