Ён қўшни — жон қўшни, "Металлург" — ёмон қўшни
24 sep 2023 02:10
News
Ён қўшни — жон қўшни, "Металлург" — ёмон қўшни
Бундан бир неча йил муқаддам чемпионатимиздаги кичик дербида мавсум давомида яхши қўшничилик анъаналари мавжуд эди. Яъни бир даврада битта жамоа ўйиндан кейин мағлубият сабабчиси сифатида қўчқорни бу дунё билан хайрлашишга мажбур қилган бўлса, иккинчи даврада нариги томон ҳам рақиб жамоа косанини бўш қайтармаган. Исбот тариқасида вақт чархпалагини бироз ортга айлантирамиз:
2009 йил. ОКМК 2:1 "Металлург"
2009 йил. "Металлург" 3:2 ОКМК
2010 йил. "Металлург" 1:0 ОКМК
2010 йил. ОКМК 3:2 "Металлург"
2011 йил. ОКМК 4:1 "Металлург"
2011 йил. "Металлург" 4:3 ОКМК
2012 йил. ОКМК 3:2 "Металлург"
2012 йил. "Металлург" 4:3 ОКМК
2013 йил. "Металлург" 2:1 ОКМК
2013 йил. ОКМК 2:1 "Металлург"
2014 йил. ОКМК 3:2 "Металлург"
2014 йил. "Металлург" 3:2 ОКМК
2015 йил. ОКМК 2:1 "Металлург"
2015 йил. ОКМК 4:2 "Металлург"
2016 йил. ОКМК 2:0 "Металлург"
2016 йил. "Металлург" 4:2 ОКМК
2017 йил. ОКМК 1:0 "Металлург"
2017 йил. "Металлург" 3:2 ОКМК
2018 йил. "Металлург" 0:1 ОКМК
2018 йил. ОКМК 2:3 "Металлург"
2019 йил эса қўшничилик алоқаларига путур етди. ОКМК ўз майдонида иккала томонни ҳам пешонасида ажинлар ҳосил қилмайдиган ҳисобга рози бўлган бўлса, бекободликлар ўз уйида рақиб дастурхонини бўш қайтаришди. Келгуси йил ҳам худди шу воқеа такрорланди. Кейин эса бундан жаҳли чиққан олмалиқликлар бир мавсумдаги ҳар иккала учрашувда қўшнисининг деворини қулатди. Бундан ғазабнок бўлган қўшни эса енг шимариб ишга киришди ва чемпионат доирасида қаторасига тўртинчи маротаба қандай қудратга эга эканлигини кўрсатиб қўйиб, ОКМК учун Чемпионлар лигасидаги рақибларидан-да хавфлироқ кучга айланди.
Умуман олганда, ОКМКнинг муаммоси ёлғиз "Металлург" эмас. Таркибида миллий терма жамоамизда тўп тепган Анзур Исмоилов, Ислом Тўхтахўжаев, Акром Комилов каби ҳимоячиларга эга жамоанинг сўнгги уч учрашувда ўз дарвозасидан 9 та тўп олиб чиқишидан фақатгина Ҳарри Магуайрнинг кайфияти кўтарилиши мумкин.
Жорий мавсум ОКМК ўз дарвозасидан нақ 27 та тўп олиб чиқди. Қизиқ томони, ҳотамтойлик борасида олмалиқликлардан фақатгина бугунги рақиб — "Металлург" устунроқ. Таққослаш учун, ўтган мавсумда "кончилар" 26 ўйинда ўз дарвозасидан 23 та тўп ўтказиб юборган. Ортда қолган 19 ўйиндан атиги учтасида ОКМК дарвоза тўри калтакланишдан омон қолган. Бу эса қитъанинг нуфузли мусобақасида иштирок этаётган жамоа учун хавотирли. Йўқ, жуда хавотирли. Натижага эса футболчилар сингари мураббий ҳам жавобгар.
Миржалол Қосимов ўзбек футболининг чинакам афсонаси эканлигига шубҳа йўқ. Унинг футболчилик фаолияти ҳамда юлдузларсиз "Бунёдкор"ни Осиё Чемпионлар лигаси ярим финалига етаклаб борган мураббийлик даври учун иккала қўлимни юқорига кўтаришга тайёрман. Бироқ мутахассиснинг Олмалиқдаги миссияси биз кутганчалик муваффақиятли чиқмаяпти.
Мураббий Олмалиқда кўп нарсани ўзгартира олди. Илгари жамоани турнир жадвалида олийгоҳга таваккал имтиҳон топшириб, ўз жавобини мандат натижаларидан қидираётган абитуриент сингари қуйидан бошлаб қидирган бўлсак, терма жамоамизнинг собиқ устози келгач, жамоада қайта қуриш ишларини бошлаб юборди. Дастлабки мавсумни инобатга олмаганда, клуб кучли бешликдан пастга шўнғигани йўқ. Яъни клубни автомобилга қиёсласак, мураббий янги машинага ўтиргач, узатмалар қутисидаги тезлик ўтказгични дастлаб 1 га, сўнгра 2, 3, 4 ва ахийри 5-поғонага кўтаришга муваффақ бўлди. Бироқ мутахассис ҳарчанд уринмасин, ўша қутида бешта тезлик узатиш поғонаси мавжуд, бошқарувчи эса унинг энг юқорисига чиқиб бўлди. У қўл урмаган фақатгина R номи остидаги поғона қолди. Бу эса яхшиликка олиб келмаслигини унинг ўзи ҳам яхши тушунади. Баъзан натижаси кўнгилни тўлдирмаётган пойгачининг машинасини алмаштириб кўриши ҳам фойдага ишлаши мумкин. Акс ҳолда, машина қурби етган тезликдагина ҳаракатлана олади, минг истасангиз ҳам Сами Насерининг таксиси бўла олмайди.
Футбол назариялари ҳам янгиланиб бормоқда. Бир пайтлар Жозе Моуринью ўзгача услуби билан Европа "шалпангқулоғи"ни ўзиники қилган бўлса, бугун ушбу кубок ранги фақатгина унинг сочларида акс этмоқда.
Қосимовнинг жорий мавсумдаги бир жиҳати мақтовга сазовор, қўл остидаги клуб ўзидан кучлироқ ва таркиб жиҳатдан номдорроқ ҳисобланган жамоаларни мағлуб этиб, Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритди. Қитъа мусобақасининг илк турида таркибига назар солганда кўзларимизни ишқалашга мажбур қиладиган клубга қарши ўйиндаги мағлубиятни тушунса бўлади. Бундай натижа исталган жамоамизда бўлиши мумкин. Бироқ бу сценарий келгуси беллашувларда ҳам такрорланмаслиги мумкинлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Кўпгина мураббий таъкидлаганидек, барчасини вақт кўрсатади. Саналиши лозим бўлган жўжалар эса янги йил арафасида ёки балоғатга етади, ёки қўчқорнинг куни бошига тушади. Менимча, чемпионликдан умид узган олмалиқликлар катта эътиборни Бензема билан бир гуруҳда жой олган лигага ҳамда келгуси йилги мусобақа учун квота тақдим этадиган кубок баҳсларига қаратса керак.
Суперлиганинг галдаги турида Қосимов ўзи сингари Осиё Чемпионлар лигасининг дастлабки туридаги мағлубият аламини кимдан олишни билмасдан тиш қайраётган "Пахтакор"ни мағлуб этишни уддаласа, бир пайтлар Президентликка номзодини қўйган ҳамда оламшумул қарсаги гифга айланиб кетган шахсдан ҳам залворлироқ олқиш йўллашга тайёрман. Шуниси аниқки, Осиё Чемпионлар лигасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган клубимизни бошқа иштирокчи жамоаларимиз сингари охиригача қўллаб-қувватлашдан толмайман.
Оқил Абдубарноев тайёрлади
Comments