"Йиртилган чипта" ёхуд собиқ "Спартак" стадионига қандай қилиб кирганимиз ҳақида
06 may 2020 14:09
News
"Йиртилган чипта" ёхуд собиқ "Спартак" стадионига қандай қилиб кирганимиз ҳақида
Суперлига, Про-лига, Биринчи лига, Иккинчи лига ва бошқа чемпионатларда ишладим. Ўзбекистон кубоги финали, терма жамоа ўйинлари каби нуфузли баҳсларда ҳам мухбир сифатида қатнашиш имкониятига эга бўлдим. Биласизми, шу кунга қадар футбол ичидаги кўплаб таниқли инсонлардан интервью олганман, суҳбатлашганман. Мухбирлик ҳам қайсидир маънода осон эмас, интервью олаётганда ҳаяжон босиб гапингизни йўқотиб қўйишингиз мумкин.
Таниқли шахслардан Миржалол Қосимов, Тимур Кападзе, ҳатто Бабаян билан учрашдим, интервью ташкилладим. Тўғри, бир оз ҳаяжон бўлди, лекин жуда қўрқинчли даражада эмас. Лекин аввал ҳам, ҳозир ҳам "Нефтчи"ни ўйинларига борсам, ҳаяжон босаверади. Асад ака билан гапимни йўқотиб зўрға интервью қиламан, футболчилар билан ҳам худди шунақа вазият. Сабабини қуйидаги воқеъликлар билан изоҳлашга ҳаракат қиламан.
Ўшанда Фарғона шаҳридаги Компютер технологиялари коллежи (аввалги номи коператив коллеж)да ўқиб юрардим. "Нефтчи" Олий лигада деярли ҳар йили чемпион, Фарғонага келган жамоа борки, камдан кам холатда очко олиб кетарди, аксарияти йирик ҳисобда ҳам ютқазиб кетишган. Аниқ айтолмайманку, лекин ўша куни "Нефтчи" қайсидир хориж клуби билан ўйин ўтказиши керак эди. Кимнинг хабари бор бўлса билади, Сергей Лебедев жарима тўпини тезкорлик билан ижро этиб, гол урган. Рақиб жамоа аъзолари ҳакамга эътироз қилишганди, ҳуштак чалинмасдан тўп тепилди деб. Ҳозир сизларга ўша ўйинга қандай кирганлигимиз ҳақида айтиб бермоқчиман.
Ўша куни коллежда туғилган кунгами ёки фондгами, хуллас ҳаммадан пул йиғилди. Дўстим билан иккимиз ҳам бердик, энди ўйинга кириш учун чиптага пул йўқ. Учрашув бошланишидан икки соатлар аввал стадион ёнига келвоганмиз, турибмиз мулойим бўлиб. Бахтли инсонлар кассадан чипта сотволиб ўйинга кириб кетишяпти. Бу орада ўйин бошланишига ярим соатча вақт қолган, биз ҳалиям турибмиз. Шу пайтда таниш бир рус бола келиб қолди, биз уни Юра дердик, (тўлиқ исми Юрий бўлса керак) қўлида марказий сектордан чипта. Шунда дўстимнинг хаёлига бир фикр кепқолди:
- Юра, стадионга кириб, тепадан чиптани ташлаб юбора оласанми?
- Майли, лекин нега? Барибир чиптани киришда йиртиб қўядику!
- Сен ташлайвер, уёғи бизни ишимиз. Кирволсак, чиптангни қайтариб берамиз.
Юра стадионга кирди, чиптаси бошқа томонга бўлса ҳам, атай тепага чиқиб йиртилган чиптани бизга ташлаб берди. Дўстим менга шу жойда кутиб туришимни айтиб, кириш эшиги томон чопди. Орадан кўп вақт ўтмади ҳамки, тепадан боши кўринди. "Одам кўп келган вақтда кириш эшигига бор, назоратчилар сезмай қолади" деб, чиптани ташлади. Қўрқа-писа кириш эшиги ёнига келдим. Одам ўзи шундоқ ҳам кўп экан. Йиртилган чиптани маҳкам ушлаб ичкарига киришга чоғландим, ярмига етканимда назоратчи менга қараб, нега чиптанг йиртиқ деса бўладими? Зўрға жавоб бердим, шеригингиз йиртди деб. Ҳартугул назоратчи мени ўтказворди. Билсангиз керак, кенгуруга ўхшаган қорнида катта чўнтаги бор камзул кийволишади, чиптани "Назорат" деган жойини йиртиб, ўша чўнтагига солиб қўйишади.
Мана стадиондамиз, амаллаб кирволдик. Бизга ўхшаган "уддабурон"лар кўп шекилли, тик тургани ҳам зўрға жой топилади. Хуллас, мана шунақа воқеа билан ўша ўйинни кўриш бахтига муяссар бўлганмиз.
Ўшанда "Нефтчи" футболчилари билан гаплашиш тугул яқиндан кўришнинг ўзи бизга орзу эди. Кунлар келиб журналист бўлдим, эндиликда менда бу жамоа либосидаги футболчилар билан гаплашиш имконияти бор. Лекин ўша даврларнинг салобати босади шекилли, "Нефтчи" мураббийи ва футболчилари ёнида ўзимни йўқотиб қўявераман.
Шунақа гаплар дўстлар! Эътибор учун барчангизга раҳмат!
Бекзод Толибов
Comments