Latest news

12:16ОКМК ОАВ вакиллари ва мухлисларни ҳисобот конференциясига таклиф этмоқда  0 11:59Эшитдик-да! "Локомотив"ни тарк этган футболчига "Нефтчи" ва "Динамо" қизиқмоқда  0 11:42Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Қатарга йўл олган таркиби маълум  1 11:30"Қизилқум" мавсумни Самарқандда бошлайди, "Динамо" ўз уйида тўп тепади  1 11:10Забиҳилло Ўринбоев фаолиятини собиқ жамоаларидан бирида давом эттириши мумкин  5 10:49Расмий хабар: "Сўғдиёна" 32 ёшли нигериялик ҳужумчи билан шартнома тузди  10 10:17«Реал Мадрид» МЮ анча вақтдан бери қизиқаётган футболчи билан шартнома тузмоқчи  3 09:45Игорь Сергеев «Пахтакор»га қайтмоқдами? Ҳужумчининг ўзи бунга жавоб берди  19 09:14«Динамо»нинг яна бир тўпурар футболчиси жамоани тарк этиши мумкин  4 08:40Яқинда шартномасини узайтирган Шомуродов «Рома»ни тарк этишга яқин  11 08:13«Ливерпул»га ПСЖ ҳужумчиси керак  3 07:35Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаган футболчи янги мавсумни «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин  0 00:42"Манчестер Юнайтед" трансферлар учун 230 млн евро ишлатишга тайёр. Бу пул кимларга сарфланади?  13 00:08Алекс Фергюсон Роналдуни йиғлатгани ҳақида билармидингиз?  8 23:35Деярли барча футболчилари билан хайрлашган "Металлург" черногориялик ҳужумчисини трансферга қўйди  7

“Йиллар ва йўллар” (2-сон). "Локомотив" спорт директори Равшан Муқимов - метрода олинган маош, клубнинг ташкил топиши ва футболимизнинг эртаси ҳақида News

“Йиллар ва йўллар” (2-сон). "Локомотив" спорт директори Равшан Муқимов - метрода олинган маош, клубнинг ташкил топиши ва футболимизнинг эртаси ҳақида

Собиқ футболчилар, мураббийлар ва футбол ичидаги одамлар билан кенг қамровли суҳбатларни “Йиллар ва йўллар” лойиҳаси сифатида эътиборингизга ҳавола қилиб бормоқдамиз.

Лойиҳамизнинг навбатдаги меҳмони Тошкентнинг “Локомотив” клуби спорт директори – Равшан Муқимов. Ушбу инсонни футболни кузатиб бораётган ишқибозлар фақат “темирйўлчилар” мураббийи сифатида таний бошлашган. Гарчи мана бир неча йилдирки, спорт директори лавозимида меҳнат қилиб келаётган бўлсада, уни ҳамон “Локомотив” ташкил топгандаги мураббийлик фаолияти орқали билишади. Равшан Муқимов мана 20 йилдирки фаолиятини айнан “Локомотив” билан боғлаб келмоқда. 

“Кундалигимизда 2 баҳо кўришса, машғулотга қўймас эди”

- Болалигимдан футбол муҳитида катта бўлганман. Ўзим лабзакликман, ёнимизда “Спартак” стадиони бўларди. Энди ўша вақтда ҳамма “Пахтакор” жамоасида ўйнашга интиларди, десам муболаға бўлмайди. Ўзим ҳам мухлис эдим. Қолаверса отам Қобил Муқимов “Пахтакор”нинг биринчи қалдирғочларидан ҳисобланарди. Жамоа  ташкил топган илк йиллардан бошлаб тўп тепганлар. Болалик йилларим “Спартак” стадионида ўтди. Кейинчалик 1 йил интернат ва “Пахтакор” футбол мактабида таҳсил олдим. Ҳаётда озгина ўзгаришлар юз бергани боис мендан унчалик зўр футболчи чиқмади. Чунки ишлашим керак, отам оламдан ўтиб кетган кезлар эди. Биринчи навбатда ҳамма нарса яратгандан. Барибир охирида футболга иштиёқим тортиб кетди. 

Ўрни келганда устозларимни айтиб ўтсам, Равшан ака Усмонхўжаев, Карим акам, Михаил Деловлардан кўп нарса ўрганганман. Тартиб жуда қаттиқ бўларди, дея оламан. Агарда кундалигимизда 2 баҳо кўришса, машғулотга қўйишмасди. Биринчи ўринда яхши инсон ва ўқувчи бўлишингиз керак. Спортчига айланиш кейинги даражада. Барчаси бир-бирига боғлиқ. Даромад ўз йўлига, лекин футболчи бўлиш учун муносиб бўлмоқ лозим. Мактабимиз ҳақиқатдан ҳам зўр эди. Совет таълимини олган авлод тугади. 2018 йилдан сўнг шунинг ҳисобига пасайиш юз берди.  Менинг шахсий фикрим шундай. Янги авлод чиқяпти, лекин кам. Микаэль Секейра ҳам буни таъкидлади. Ҳозир иқтидорларни дарахтга қарагандек етиштиришимиз зарур. Уларга яхши шароитлар керак. Футболни олдин қийналган, меҳнатдан қўрқмайдиган одамлар ўйнарди.

“Маошимизни метрода олар эдик”

Футболда ҳозирга келиб тушуниб бўлмайдиган тескарилик юзага келган. Олдинлари шароит бўлмаган яхши футболчилар етишиб чиққан. Ҳозир эса шароит бор футболчилар чиқмаяпти, дейишади. Аслидачи? Равшан Муқимов ушбу жараёнга қуйидагича муносабат билдирди. 

- Менимча яхши мураббийлар кам. Олдин мураббийлар ҳам, футбол мактаблари ҳам кучли бўларди. Ҳозирда кўп мураббийларнинг устози йўқ. Майли интернетдан ўргансин, бунга фикрим ёмонмас. Ҳамма уларни ҳақорат қиладиган бўлиб қолган, ёмон ном билан тилга олади. Керак бўлса ақл ҳам ўргатади. Мураббий мисол учун қурувчини олдига бориб домни бундай қур ёки ундай қур, демайди-ку. Олдин ҳеч ким ҳеч кимга ўргатмаган, чунки ўз ишининг устаси саналган. У одамга бориб нимани ўргатасиз? Мен буни замонга ағдармайман. Кучли мураббийлардан кучли футболчилар етишиб чиқади. Бунинг учун шароит яратиб беришимиз керак. Шундагина мен талаб қилиб оламан. Ўзим ҳам клубда мураббийларга ёмон гапирмайман. Чунки уларга яхши шароит яратиб бера олмаяпман. Ҳаракат қилмоқдамиз. Ишламоқдамиз. Лекин яхши кадр кам.

“Локомотив”ни Равшан Муқимовдан яхши биладиган инсон йўқ. Юқорида таъкидлаганимиздек мазкур жамоада 22 йилдан бери фаолият олиб бормоқда. Ортда қолган йиллар мобайнида клуб турли йўлларни босиб ўтди. Аслида бу йўлнинг бошланиши қандай бўлган? Равшан Муқимов суҳбат давомида “Локомотив” ташкил топган илк йилларни эсга олди. 

- Ренат Абкелямов биринчи очилган “Давр” жамоасига таклиф қилди. Жамоа билан шаҳар биринчилигида иштирок этардик. Худо раҳмат қилсин Маҳмуд ака Раҳимов интернатдан 1983 йилда туғилган болалардан иборат гуруҳни сотиб олди. Уларни Қибрайга жойлаштириб, иккинчи лигага қўйдик. Орада Маҳмуд ака вафот этдилар. Уларнинг ишларини Баҳодир ака Назиров давом эттиришга қарор қилди. Ёш ва жуда яхши жамоа шакллантира олдик, деб ўйлайман. Таркибимизда Игнатий Нестеров, Шуҳрат Юлдашев, Маҳмуд Якубжанов, Самандар Акбаров, Бахтиёр Дадаханов кабилар бор эди. Умуман “Давр”да ёмон футболчилар тўп тепмаган. 2002 йил биринчи лигага чиқдик. Шу паллада бизни “Ўзбекистон темир йўллари” қўлига олди. Айнан шу йили “Локомотив” клуби очилди. Шахсан ўзим Ихтиёр деган бола билан рўйхатдан ўтказиб келганмиз. Шу кунгача клубда ишлаб келмоқдаман. Ҳаёт давом этяпти. Ишонсангиз ишни бошлаганимизда маошимизни метрода олар эдик. Метрода ҳамма йиғилиб маош тарқатиларди. Ўзимизнинг офисимиз, стадионимиз бўлмаган.

“Спорт директорлигига ҳеч қайси олийгоҳда ўқитмайди”

Равшан Муқимов билан суҳбат жараёнида спорт директори, деган тушунчага батафсил жавоб олишни лозим, деб билдик. Сабаби бугунги кунда бу атамани ҳамма турлича тарғиб қилмоқда. Спорт директори деганда айримлар бош директорни тушунса, яна баъзилар ўзгача талқин қилади.

- Биринчидан спорт директори лавозимига ҳеч қайси олийгоҳда ўқитишмайди. Бу футболни нолдан юзигача билишингиз керак дегани. Мактабимдаги гуруҳларнинг ёш тоифалари, футболчилар, мураббийларни, ўйинларни назоратга олишим керак. ПФЛ регламенти бўйича футзал, аёллар жамоаси, асосий таркиб, U-21, U-18, U-16 ва бошқа жамоаларни билишим лозим. Кўряпсизми, ҳамма нарсани билиш талаб этилади. Ўйинчи, мураббий танлашда ҳам спорт директорининг вазифалари бор. Дейлик янги мавсумда бош мураббий ўзининг ёрдамчилари билан келади. Унинг дастури бўйича ўзимнинг ғояларим, сиёсатимиз билан келишишимиз даркор. Агар мураббий ёмон ишласа, биринчи навбатда мен жавобгар бўламан. Шунинг учун менда захира бўлиши лозим. Раҳбарият мендан талаб қилади. 

2011 йилдан бошлаб спорт директори сифатида иш бошлаганман. Менимча унгача бундай лавозим бўлмаган. 2008 йил ПФЛ очилгача спорт директори бўлишини талаб қилди. Биласиз бутун дунёда спорт директорлари кўп нарсани ҳал қилади. Кўп мамлакатларда бўлганман. Уларда спорт директорлари асосан фақат бош жамоа билан ишлайди. Ҳар бир бўлимнинг алоҳида бошқарувчилари бор. Вазифа ва ваколатларимизда фарқ катта. 2009 йилда клубда фақат асосий ва ўринбосарлар жамоаси бўларди. Жами узоғи билан 60 киши ишларди. Ҳозир эса ҳисобласам 500 кишини ташкил қилмоқда. 

“Локомотив” жамоаси сўнгги йилларда кўп футболчиларнинг хорижга йўл олишида трамполин бўлиб келмоқда. Остон Ўрунов “Уфа”га, Сардор Мирзаев “Муангтонг Юнайтед”га йўл олди. Лекин тарихга назар ташлайдиган бўлсак ўз вақтида Азиз Ҳайдаров, Саҳоб Жўраев каби футболчилар “Локомотив” орқали “Қурувчи”га (ҳозирги “Бунёдкор”) йўл олганди...

-  2004 йил жамоани Олий лигага Тўра Шоймардонов олиб чиқди. Ўша мавсум ўринбосарлар жамоаси ҳам шакллантирилди. Таркибда Тимур Яфаров, Одил Аҳмедов, Санжар Турсунов, Азиз Ҳайдаров, Собир Усмонхўжаев ўринбосарлар сафида тўп тепарди. Қолаверса Игнатий Нестеров ҳам биздан кетган. Уни “Динамо”га берганмиз, кейин “Пахтакор”га ўтди. Селекция ҳар доим яхши бўлиб келган. Ўша пайтда хорижга кетадиган футболчилар деярли кам эди. Ҳозир футболчиларни ёмонламайман. Лекин жамоадан ўтишлар кўпайиб кетган. Олдин битта жамоада 5-6 йил ўйнашарди. Ҳар бир вилоят жамоаларининг ўзларининг номдор футболчилари бўлган. Улар ўша клубдан етишиб чиққан. Борсангиз ҳурмат қилиб борардингиз. Бугунга келиб футбол мактабидаги бола асосий таркибда ўйнайман, деб етишиб чиқяптими? Энди етилганда агентлар йўлдан чиқиб миясини айнитиб бошқа жамоага олиб кетиб қоляпти. ОАВда ҳам катта айб бор, тўғри кетаётган бола ҳаволаниб кетади. Лекин хорижда юлдузлик касалига жиддий қарашади. 2007 йил Азиз Ҳайдаров ва Саҳоб Жўраевга “Бунёдкор” яхши таклиф билан чиққан. Менимча бундай жамоа яна бўлмайди. Селекция тўхтамайди. У йил давомида давом этаверади. 

"Футболимизнинг эртаси академияларга боғлиқ"

2010 йилги мавсумда Олий лигадан тушиб кетган “Локомотив” кейинги мавсумни қуйи лигада ўтказади. Ўша йили Биринчи лигада Зайниддин Тожиев 30та гол билан тўпурарлик қобилиятини кўрсатгани ёдимизда. Бу пайтга келиб ҳужумчи 35 ёшни қарши олган, бу ёшда кўп футболчилар бутсаларини михга иларди. Демак ҳамма нарса ёшга боғлиқ эмас. Равшан Муқимов бунга шундай жавоб берди.

- Менимча 30 ёшдан кейин қари деб фақат бизда гапиришади. Одатда кимнидир ёшини ёки олаётган пулига фикр билдиришади. Биз ўзимизнинг ишимизни қиляпмиз. Ниманидир қилишдан олдин гаплашамиз. Ўша мавсум Бахтиёр Ашурматов жамоамиздаги фаолиятидан кейин бутсаларини михга илди. Хорижда паспортига қарашмайди. Яна бир ҳафа бўладиган томоним, бир жамоада ўйнаган вафодор футболчиларни қадрлашмайди. ОАВда ҳам камчиликлар кўп. Муаммони батафсил ёритиб чиқмайсизлар. Жамоалар меҳмонга келишади, биз уларга яхши сифатли майдон берамиз. Биз борсак эса майдонни ҳолати ачинарли. Айрим стадионларда атайлаб ўтини кесишмайди, сув сепмайди. Мақсад рақиб жамоа ўйнай олмаслиги. Буни йўқотишимиз шарт. “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Насаф”, “Навбаҳор”, “Қизилқум”, “Қўқон-1912”, “Турон”  майдонлари гап йўқ, борсангиз ўти ўрилган, суви сепилган бўлади. Ютуқ бор жойда, камчилик ҳам бор. Битта мен ёки сиз гапирсангиз иш битмайди. Барча бирлашса натижа бўлади. “Локомотив”даги орзуим академия қуриш. Футболимизни эртаси академияларга боғлиқ. Бора бора ЎзПФЛ ҳам академияси йўқ клубларни Суперлигага қўймаслиги ҳам мумкин.

Абдулазиз Искандаров

Rating: +2   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика