Latest news

16:16Асаби бўшлар кўрмасин! "Барселона" жароҳат олган Пау Кубарси суратини чоп этди   1 15:47Ханс-Дитер Флик: "Бугун амалга оширган ишимиздан мамнунман"  0 15:16Суперлига. ОКМК - "Олимпик" (матнли трансляция)  0 15:15ОФК Чемпионлар лигаси-2. 4-турдан сўнг ғарбий минтақадаги ҳолат  4 14:42ОФК Чемпионлар Лигаси-2. "Чонбук Моторс" - "Селангор": Умар Эшмуродов асосий таркибда  0 14:31"Бетис" "Барселона" ҳимоячисига қизиқмоқда  1 14:19"Локомотив" сўнгги бор Самарқандда "Динамо"ни қачон ютган?  0 13:56"Барселона" XX асрда қайд этган ажойиб бир натижасини яхшилади   1 13:27Артета: "Футболчиларим билан фахрланаман"  1 12:25"Олимпик" бугун тарихий натижа қайд этиши мумкин   3 12:18U-20 Осиё кубогига қуръа ташланди. Ўзбекистон Эрон билан ўйнайди  16 12:04U-20 Осиё кубоги. Ўзбекистонга аввалги мусобақаларда гуруҳда қайси терма жамоалар рақиб бўлган?  3 11:51Луис Энрике: "Натижа адолатли бўлмади. Биз "Атлетико"дан кучлироқ эдик"  4 11:30Катанец нега айнан Адҳамзодани чақирди?  36 11:10Ришарлисон жароҳат сабаб "Тоттенхэм"нинг бўлажак ўйинларини ўтказиб юборади  0

"Яхши одамларга олам жаҳаннам". Замонавий футболнинг сирли қаҳрамонидан "супер Марио"га салом News

"Яхши одамларга олам жаҳаннам". Замонавий футболнинг сирли қаҳрамонидан "супер Марио"га салом

Бугун суҳбатимиз мавзусини бағишлайдиганимиз киши жуда камтар, уятчанг.

Кам гапириб, кўп тер тўкишни ёқтиради. Қўлидан келган ишни энг яхши шаклда қилишга уринаркан, бошқалардан нимадир кутмайди, кутишни хушламайди. Бу таърифни ўқиб, ўзим ҳақимда гап бошлаб қолишимдан гумонсирадингиз, ҳойнаҳой. Йўқ! Ҳозир миллиардлаб одамлар кузатадиган спортда, бир-бири билан курашиб-тортишган футболчилар орасида, "уруш"нинг ўртасида кулиш учун куч топа оладиган ягона киши ҳақида сўз юритамиз — Канте.

Бир неча кун олдин Балотелли ҳақида ҳикоя қилганимизда болалик ва бахт мавзусига тўхталгандик. Бугунги қаҳрамонимиз ҳам ҳаётини ҳаётда қолиш учун курашиш билан бошлади. 1991 йил (29 март) Парижда малилик муҳожирлар оиласида туғилган Нголо умрининг энг ширин дамларини ахлат тўплаш билан ўтказди. Эҳтимол, у бугунги кунгача шу вазифа билан шуғулланиши мумкин эди, бунга сира қаршилик билдирмасди. Аммо, 1998 йилда дастлаб унинг хаёлларини, кейин бутун ҳаётини ўзгартирган воқелик содир бўлди: мундиал Францияда ўтказилди ва унда мезбонлар зафар қучишди. Шу кундан футбол унинг орзусига айланди, хаёлларини тамоман банд қилди. Биласизки, инсон хаёлларини амалга ошириш учун уларга ҳаётини бағишлаши керак. 

Кантеда ҳам шундай бўлди. У мактабдан кейин машғулотларга қатнарди. Мураббийлар жуссаси тенгдошларига нисбатан анча ихчам бўлган болакайдан футболчи чиқишига шубҳа қилишар, Нголо уларга кучлилигини исботлаш учун жамоадошларига нисбатан кўпроқ югуришга мажбур бўларди. Машғулотдан кейин мазза қилиб ухлаш учун шароит йўқ: тирикчилик қилаётган отага кўмаклашиш керак. Кечаси уйга қайтгач, мактабдан берилган топшириқлар...

У меҳнатлари қачондир самара беришига ишонарди. Балки, шунинг учун ҳеч қачон чопишдан тўхтамади. Аммо, омад деганлари куттиришни севаркан. Канте аллақачон 18 ёшда бўлса-да, у билан шартнома имзолашни истайдиган клуб топилмади, ҳеч ким уни ўз жамоасида кўришни хоҳламади. Синовлардан кўпинча жуссасининг миттилиги туфайли ўтказишмасди. Лекин, бир гал ғалати воқеа бўлди. У Франциянинг қуйи лигаларидан бир жамоанинг йиғинида иштирок этади ва доимгидек таркибга олинмайди. Бу гал муваффақиятсизлигининг сабаби сифатида аниқ-тиниқ қилиб шуни кўрсатишади: Футболчи бўлиш учун ҳаддан ортиқ юмшоқ кўнгилли. Бу позицияда фақат тош юракли инсонларгина  ўйнаб кетиши мумкин. "Яхши одамларга олам жаҳаннамдир", деганлари шу бўлса керак.

Аммо, Канте ҳаракатдан тўхтамади. 2010 йилда 3-дивизион вакили "Булонь" таркибига қўшилди, лекин кейинги 2 йилни 6-дивизионда ўтказди.

2012-13 йилги мавсумни 3-дивизионда ўтказгач, 2-дивизион иштирокчиси "Кан" таркибига ўтди. Бу ерда у кўплаб мураббийларнинг назарига тушди. Биласизми, ўша вақтда "Марсель"ни бошқараётган Марсело Бьелса ҳам уни ўз жамоасида кўришни истайди. Бироқ, Нголони "Лестер" илиб кетади ва айнан шу туфайли раҳбариятдан кўнгли қолган аргентиналик мутахассис француз клубидан истеъфога чиқади.

Клод Макелелега ўхшашни истайдиган йигитча АПЛга кўчиб ўтганида (2015 йил) қитъада уни ҳеч ким танимасди. Чунки на мухлислар, на мутахассисларнинг "Туманли Альбион"да 1 йилдан кейин ёзиладиган футбол тарихидаги энг таъсирли эртакдан хабарлари йўқ эди. Унинг сирли қаҳрамони ҳақидаку сўрамай қўяверинг.

Ҳа, 2015-2016 йилги мавсумда АПЛнинг "ёниши" тахмин қилинганди. Чунки Моуринью-Гвардиола тўқнашуви Англияга кўчган, Арсен Венгер ҳамон "Арсенал"ининг бошида, Клопп Мерсисайдга ташриф буюрган эди. Аммо, "Лестер" уларнинг барчасини уялтириб, ўз эртагини ёзди. Ўша таркибдан энг кўп Маърез ва Жейми Варди ҳақида гапиришганди. Йил бўйи Златан-у, Лукаку каби "дев"ларга қарши ўйнаган Нголо турнирда рақибдан тўпни олиб қўйиш борасида энг яхши натижа қайд этди. У чемпионликни қутлаш маросимида ҳам уялиб, жилмайиб бир чеккада турарди. Худди, бунга менинг алоқам йўқ, ҳеч қандай айб қилмадим, деётгандек...

Югуришдан тўхтамайдиган йигитча янги мавсумни "Челси"да бошлади ва "аристократлар"ни ҳам чемпион қилди. Яна йилнинг энг яхши "бузувчиси" Канте. Бундан ташқари, у трнир қаҳрамони сифатида эътироф қилинди ва таянч ярим ҳимоячилари орасида бу мақомга лойиқ кўрилган Рой Киндан кейинги 2-ўйинчи бўлди. 

У ортиқ энг яхши лигада энг яхшиси эди. Аммо, ҳамон машғулотларга эски ва кичкина машинасида келар, ҳамон барчадан кўп югурар, ҳамон ҳаммадан кам гапирарди. "Юлдузлик касали" деган тушунча борлигини биласиз. Унинг Кантега нисбатан аллергияси бўлса керак. Чунки бугунга қадар матбуотда у ҳақда бирорта ҳам салбий хабар ўқимагансиз. На қизлар, на кўнгилхушликлар мавзусида...

Хабарингиз бор, Россиядаги мундиални французлар ютди. Ўшанда ғалати воқеа бўлган. Ҳамма хурсанд, бутун жамоа кубок билан суратга тушиб, ёқимли онларни ўлимсизлаштиряпти. Фақат Канте бир чеккада, жилмайганча жамоадошларини кузатарди. Шунда вазиятни кузатиб турган Стивен Нзонзи Кантенинг уялаётганини пайқайди ва кубокни унга олиб беради. 


(Тасаввур қиляпсизми, у майдонда энг кўп тер тўкган, чемпионликка энг кўп ҳисса қўшган футболчи эди. Шу жойда китобларда ўқиганингиз, севганига изҳори дил қилишга, қўлидан тутиш майли, кўзига қарашга-да уяладиган қаҳрамонлар ёдингизга келган бўлса, ажаб эмас. Эҳтимол, ўшанда ёзувчи ошириб юборибди, дегандирсиз. Лекин, ишонинг, бундайлар орамизда етарлича ва дунё улар билан гўзал.  Шундай экан, кантесифат яқинларингизни қадрланг)

Хўш, ЕЧЛда мавсум эндигина  тугади. Унда асосий қаҳрамон Нголо бўлди. Кўпчилик Евро-2020'да энг кўп тилга олинадиган ҳам у бўлишини тахмин қиляпти ва ҳақли равишда "Олтин тўп"ни ютишига ишонмоқда. Совринлар, натижалар ўз йўлига. Сезган бўлсангиз, шу ергача ўқиганларингиз Кантенинг қанчалик зўр футболчилигини эмас, яхши инсонлигини очиб бериш учун ёзилди. Бунинг ўзига хос бир неча сабаби бор.

1. Ўтган гал Марио Балотелли ҳақида ёздик. Кўпчилик унинг буюклар қаторига эмас, ўз иқтидорига хиёнат қилганлар карвонига қўшилиб қолишига сабаб сифатида оғир болалик йиллари ва ирқчилик билан боғлиқ жанжалларни кўрсатди. 

Яна бир марта такрорлаймиз: буюк бўлиш учун ташқи кўриниш ёки терининг ранги муҳим бўлганда, бугун Канте ҳақида гаплашмасдик. 

2. Орамизда ўзига нисбатан ишончи йўқолган, депрессияга тушиб қолган минглаб инсонлар бор. Уларга мотивация бериб қолар, кимнингдир ҳаётга қараши ўзгарар, дея умид қилдик.

ЕЧЛ ва мундиалнинг амалдаги чемпиони 5 ёшида кўчадан ахлат йиғишни бошлаган. 19 ёшигача уни ҳеч ким ўз жамоасига олмаган. Этибор қилинг, Канте 21 ёшида ҳам Франция чемпионатининг 6-дивизионида ўйнарди! У 24 ёшида ҳалиям 2-дивизионда эди. Аммо, 1 йилдан кейин АПЛни ютиб, ўз позициясида дунёнинг энг зўрларидан бирига айланди. Ҳозир сиз Мексика президентини билмайсиз, аммо Кантени танийсиз. У шу даражага оддий ахлатхонадан кўтарилди. Шундай экан, "имконсиз", "иложи йўқ", "қўлимиздан келмайди" қабилида гапирадиган қўрқоқ танишларингизнинг қўлига катта дастрўмолни тутқазингда, ҳаракатланишда давом этинг. Унутманг, бу оламда ўлимдан бошқа ҳамма нарсага чора топилади ва сиз энг яхшисисиз!

Фахриддин Рўзиев

Author :
Rating: +44   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика