Янги логотип билан дастлабки ютуқ "Ҳоким кубоги"да тўртинчи ўрин!
05 feb 2021 19:09
News
Янги логотип билан дастлабки ютуқ "Ҳоким кубоги"да тўртинчи ўрин!
Ўз навбатида Ўзбекистоннинг 5 карра чемпионига оид хабар сайтимизда эълон қилинди. Нега деганда "Нефтчи" ўзининг тарихий натижалари, эришган ютуқлари билан жуда кўплаб мухлисларнинг меҳрини қозонган. Лўнда қилиб айтганда сайтимиз орқали ушбу клубга оид маълумотларни кузатувчилари кўп. Биз ҳам мос равишда мухлислар эҳтиёжи ва талаби асосида ишлаймиз.
"Нефтчи" тарихидан хабари бор инсонлар яхши билади, жамоа номи собиқ СССР даврида "Нефтяник" деб номланарди. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида, аниқроғи 1992-йилдан бошлаб жамоа номи "Нефтчи" дея ўзгартилган. Бемалол айтиш мумкин, ўша даврларда Ўзбекистон чемпионатларида иштирок этадиган футбол клублари ўртасида энг яхши шароитлардан бири айнан "Нефтчи"да бўлган. Жамоанинг бир неча йиллик собиқ бош мураббийи Юрий Саркисян қўл остида "Нефтчи" 5 карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган. Ўша юқорида айтганим "Нефтяник" номи "Нефтчи"га ўзгартирилган мавсумда, яъни 1992-йилда клубнинг янги логотипи жамоатчиликка тақдим этилган. Ушбу логотип бугунга қадар жамоа мухлисларига қадрдон бўлиб улгурганди. "Нефтчи"нинг ўзига хос тарзда шонли тарихини эслатиб турарди.
Орадан шунча вақт ўтиб бугун "Нефтчи" логотипи ўзгарди. Ҳа расман ўзгарди, энди бу ҳақида қанча ёзмайлик, қанча гапирмайлик бефойда. Клубнинг янги логотипи қабул қилинди ва ўзгартирилмайди. "Нефтчи" матбуот хизмати томонидан эълон қилинган хабарда келтирилишича, янги логотип клубнинг фахрий мухлислари иштирокида танлаб олингани ва қабул қилингани ҳақида айтиб ўтилган. Лекин ўша йиғилиш жараёнидан биронта лавҳа ёки фотосурат келтирилмаган. Бундан ташқари, хабарда фахрий мухлислар иштирокида бўлиб ўтган йиғилиш санаси ҳам очиқланмагани ажабланарли.
Бугун ижтимоий тармоқлардан фойдаланмайдиганлар камдан-кам учрайди. Замон талабига мос равишда аксарият инсонлар айнан ижтимоий тармоқлар орқали жамиятдаги янгиликлардан бохабар бўлмоқдалар. Қизиқ савол, "Нефтчи" раҳбарияти клубнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари янги логотип юзасидан сўровнома ташкил этдими? Ёки кимнингдир ҳоҳиш ва истакларига кўра расмиятчилик учун 5-6 нафар мухлис иштирокида клубнинг янги рамзи қабул қилиндими? Саволлар кўп, жуда кўп. Бу борада тегишли жавобларни ҳам олармиз. Кейинроқ бу мавзуга яна қайтганимизда ушбу фикрлар кимгадир ёқмаган бўлса, мақола юзасидан эътирозларни ҳам сизларга албатта етказамиз.
Бундан бир неча кунлар олдин "Нефтчи" матбуот хизмати жамоа трансферлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилганида клуб раҳбарининг иш столида янги логотип акс этган сурат кўриниб қолганди. Демак, бундан хулоса қилиш мумкин, янги логотип масаласи бундан анча аввалроқ кўтарилган ва ҳал бўлган. Лекин бугунга келиб эълон қилинаётгани янада қизиқ. "Буюк чинорлар" дея хитоб қилган холда жамоанинг янги логотипида чинор баргини тополмай хайрон бўлганликларию, "Нефтчи" мухлисларига оид ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларда янги ва эски логотипга оид баҳс-мунозаралар айни дамда баҳс-мунозаралар авж олгани ҳам рост.
Янги логотип остида биринчи эришилган ютуқ бу "Ҳоким кубоги-2021" мусобақасидаги тўртинчи ўрин бўлди. Бундан ташқари жамоа бош мураббийи Илҳом Мўминжонов мусобақанинг энг яхши мураббийи деб топилди. Очиғи қайси каромати учун эканлигини билмадиму, ўз хулосаларимга кўра мазкур эътирофга "Истиқлол" бош мураббийи Анвар Бердиевни кутгандим. Ҳамманинг ҳам ўз қаричи бор, адашаётган бўлсам асосли фикрларингизни мақола остида қолдиришингиз мумкин.
Айтганча, январь ойининг дастлабки кунларида жамоа бош мураббийи деб эълон қилинган Илҳом Мўминжоновнинг клуб матбуот хизматига берган нечта интервьюси билан танишдингиз? Шахсан ўзим клубнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини қидириб тополмадим. Мабодо сиз кўриб қолсангиз, илтимос бизга жўнатворинг. Албатта катта қизиқиш билан ўқиб чиқамиз ва сайтимиз ўқувчиларига тақдим этамиз.
P.S. Сайтимиз ўқувчилари орасида "Нефтчи" мухлислари жуда кўп. Шу боис "Ҳоким кубоги-2021" мусобақаси давомида икки марта Илҳом Мўминжоновдан интервью олишга уриндим, лекин икки бор ҳам натижага эриша олмадим.
Бекзод Толибов
Comments