"Хоразм" янги мавсумда Суперлигада иштирок этадими?
07 jan 13:39
News
"Хоразм" янги мавсумда Суперлигада иштирок этадими?
Мазкур масалани "Олимпик" 5 январь санасига қадар ҳал қилиши лозим эди.
Якунига етган мавсумни элитада 12-ўринда якунлаб, кейинчалик плей-офф босқичида аввалига "Шўртан", ундан сўнг "Металлург" билан ўйинда мағлуб бўлган "Олимпик" 5 январь санасига қадар Суперлигадаги фаолиятини давом эттириш юзасидан юборилган сўровга жавоб қайтармади. Шундан келиб чиқиб, регламент бўйича кетма-кетликда чемпионатнинг сўнгги иштирокчиси бўлиш учун "Хоразм" ҳаракат қилади.
Эшитдик-да! "Олимпик"нинг тақдирига ойдинлик киритилди
Сўнгги уч мавсумда клубда юзага келган муаммоларни бартараф қилиб келган "Хоразм", 2024 йилнинг январь-апрель ҳолатига кўра лицензиялаш талабларини муваффақиятли бажара олди ва ўз тарихида илк бор ОФК лицензиясини қўлга киритди. Шундан келиб чиққан ҳолда ПРО-Лигада 5-ўринни эгаллаган клуб эмас, балки мусобақани 6-ўринда якунлаган "Хоразм" клубига керакли ҳужжатларни топшириш учун вақт тақдим этилади. ПРО-Лиганинг дастлабки тўрт поғонасидан жой олган клубларнинг барчаси Суперлига йўлланмасини қўлга киритиб улгурган.
Хоразм клуби ўз уй учрашувларини ўтказадиган стадион майдони, унинг дренаж ва суғориш тизими, шунингдек, стадион ёритиш тизими Суперлига талабларига жавоб бермайди. Шундан келиб чиқиб, "Хоразм" Суперлигада тўп тепиш учун керакли ҳужжатларни жорий йилнинг 21 январь санасига қадар Ассоциация ҳамда Лига рўйхатидан ўтказа олса, у ҳолда клуб ўз уй учрашувларини Суперлига талабига жавоб берувчи бошқа вилоятдаги стадионда ўтказиб туради. Аввалроқ "Сурхон" клуби билан ҳам худди шундай ҳолат кузатилганди.
Ассоциация ва Лига раҳбариятининг кеча — 6 январь куни бўлиб ўтган учрашувида "Хоразм" футбол клубига қарашли футбол майдони масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ҳудуд билан боғлиқ экологик ҳолат ва бошқа факторлардан келиб чиқиб, Нукус ҳамда Хоразм шаҳарларидаги бош стадионларга ФИФА талабига жавоб берувчи энг сифатли сунъий қоплама ўтказиш масаласида фикр алмашилинди. Табиий ёки гибрид майдоннинг мазкур ҳудудлар учун кафолати, шунингдек, унинг парвариши билан боғлиқ муаммолар ва албатта унинг харажати нуқтаи назаридан олиб қаралса, ФИФА меъёрларига тўғри келувчи сифатли сунъий майдон нисбатан мақбулроқ вариант ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, Хоразмдаги стадион юқорида санаб ўтилган масалаларда ўзгаришларни амалга оширса, у Суперлига беллашувларини қабул қилиши мумкин бўлади. Унга қадар эса юқорида қайд этилганидек, ўз уй учрашувларини бошқа аренада ўтказишига тўғри келади.
Эндиликда Хоразм Суперлигада иштирок этиш учун 21 январь санасидан кечикмаган ҳолда Ассоциация билан келишилган ва кейинчалик ўз ҳомий ташкилоти томонидан тасдиқланган йиллик харажатлар сметасини Лига рўйхатидан ўтказиши лозим. Клуб мазкур муддатга қадар бунинг уддасидан чиқа олмаса, 22 январь куни "Локомотив" футбол клубининг Суперлигада иштирок этиш масаласи кун тартибига киритилади. Боиси, мазкур ҳолатда "Локомотив" ОФК лицензиясига эга сўнгги клуб ҳисобланади.
Маълумот учун, "Хоразм" футбол клуби ўтган йилнинг 28 ноябрь куни Ассоциация 2025 йилги харажатлар сметаси лойиҳасини муҳокама учун тақдим этиши лозим эди. Эндиликда клуб мазкур лойиҳани Суперлига учун мослаштириши ва албатта ҳомий ташкилот томонидан уни тасдиқлаб улгуриши талаб этилади.
Comments