Latest news

12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  0 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  3 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  1 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1 09:11Goal мундиал фаворитлари рўйхатини янгилади. ТОП-10да ўзгаришлар бор  5 08:45Аморим «Манчестер Юнайтед»да нималарни ўзгартириш кераклигини айтди  1 08:18Sofascore. «Ал Ваҳда» дуранг ўйнади. Ҳожимат Эркиновнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  3 07:46Суперлига. Бугун турнинг қизиқарли баҳсига гувоҳ бўламиз  4 03:00Франция. ПСЖ "Тулуза" дарвозасига 3та гол урди  0 03:00Бундеслига. "Бавария" йирик ғалабага эришди, Кейндан хет-трик  0 01:47Арне Слот: "Гвардиоланинг қолишидан хурсанд бўлдим"  0 01:13"Манчестер Сити" Чемпионшипга тушириб юборилса, Пеп жамоада қоладими? Унинг ўзи жавоб берди  2 00:43Флик Левандовскининг оффсайди борасида тушунтириш беришларини сўради  6 00:10Саудия Арабистони. Обамеянгнинг голи "Ал Насср"ни мағлуб қилди, Роналдудан 911-гол  17

Vunderkind: Шерзод Каримов: “Жаҳон чемпиони дарвозасига урган голимни ҳеч қачон унутмайман” News

Vunderkind: Шерзод Каримов: “Жаҳон чемпиони дарвозасига урган голимни ҳеч қачон унутмайман”

Янги “Vunderkind” деб номланган лойиҳа орқали турли йилларда ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатларига борган футболчилар билан суҳбат қурамиз.

Лойиҳамизнинг илк иштирокчиси сифатида 2009 йил Мисрда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги U20 Жаҳон чемпионатида қатнашган Шерзод Каримовни танладик. Аҳмад Убайдуллаев жамоасида сардор бўлган ярим ҳимоячи ўша мундиалда жамоамизнинг илк голига муаллифлик қилганди.

- Нима ёки ким сизнинг футболчи бўлишингизга сабаб бўлган?
- Ёшлигимда дадам мени футболга олиб борганлар. Менимча 90 фоиз футболчиларда шундай бўлса керак. Ёшлигим Фарғонада ўтган. Дастлаб Фарғона футбол мактабида таҳсил олганман, кейинроқ Тошкентда Чиғатой футбол мактабида ўқишни давом эттирганман.



- Боғча ёки кичик синфда ўқиб юрганингизда ким бўлишни орзу қилгансиз?
- Тўғриси ёшлигимда ҳам футболчи бўлишни орзу қилганман. Бошқа касб ҳақида умуман ўйламаганман ҳам.  

- Кўпчилик футбол жиддий касб эмас деб ҳисоблайди. Бунга қандай қарайсиз?
- Нимага футболнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор. Йиғинларда, машғулотларда ва ўйинлар вақтида жуда кўп меҳнат қилинади. Футболчининг фаолияти қисқа бўлгани туфайли балки шундай ўйлашар. Лекин мен учун футбол жиддий касблар қаторига киради.

- Сиз Жаҳон чемпионатида иштирок этдингиз, гол урдингиз. Шу даражага етишишингизда кимнинг хиссаси катта?
- Фарғонада ўқиб юрганимда биринчи мураббийим Йўлдош ака Ортиқов эди. Кейинчалик Михаил Андреевич Иванов қўл остида шуғулланганман. Айнан Михаил Иванов бошчилигидаги жамоа Тошкентда Республика тайёрлов гуруҳлари доирасида Аҳмад Убайдуллаевнинг жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этгандик. Ўша ўйиндан кейин Аҳмад ака мени Чиғатойга таклиф қилгандилар.

- 2007 йил Осиё чемпионати саралашини ёдга оламиз...
- Саралаш баҳслари Тошкентда ўтганди. Яман, Непал ва Иордания каби жамоаларни кичик ҳисобларда мағлуб этиб Осиё чемпионатига чиққандик. Бу жамоа 2006 йил тузилган. Аслида Чиғатой футбол мактабида бу жамоадан 10 нафар футболчи бирга ўйнардик, кейинчалик терма жамоага бошқа йигитлар ҳам таклиф қилинганди. Жамоа ташкил этилганидаёқ Жаҳон чемпионатига чиқиш мақсад қилиб қўйилганди.



- Қандай қилиб ўша жамоага сардор бўлиб қолгансиз?
- Жамоа тузилганида футболчилар ўртасида сўровнома бўлиб ўтган. Йигитлар менга ишонч билдиришган. Айнан шу ишончни оқлаш учун ҳам майдонда икки карра кўпроқ тер тўкиш керак. Жамоага доим далда бўлиш, қийин вазиятларда шерикларининг руҳиятини кўтариши лозим. Чиғатойга келганимда Суннатилла Мамадалиев сардор эди. Бир йилдан сўнг мени жамоа сардори этиб тайинлашган. Шу сабабли терма жамоага ҳам сардор сифатида танлашган бўлса керак.

- Шерзод Каримовнинг хоббиси нима? Бўш вақтларида нима қилади?
- Бўш вақтларимда фарғоналик дўстларим билан кўришиб, улар билан суҳбатлашишга ҳаракат қиламан. SonyPlaystation ўйинларини ҳам ўйнаб тураман. Алоҳида хоббийим йўқ бўлса керак.

- Спортчи сифатида қандай зарарли одатларингиз бор?
- Зарарли одатларим йўқ шекилли. Буни атрофдагилардан сўрасангиз барчасини айтиб беришса керак (кулади). Четдан қараган одамга кўринади.



- 2008 йил Саудия Арабистони мезбонлик қилган Осиё чемпионати ҳақида. Қандай хотиралар қолган?
- Саудия Арабистони мусобақани юқори савияда ўтказган. Меҳмонхоналар, шароитлар ва стадионлар яхши ҳолатда бўлганди. Гуруҳда Иорданияни мағлуб этгандик. Австралия билан баҳсда дурангга эришгандик. Ўшанда гол урганим ёдимда. Сўнгги турда Таиланд ҳам мағлуб этилган ва чорак финалга чиққандик. Чорак финалда Жаҳон чемпионати йўлланмаси ўйналганди. Хитой билан ўйин кўпчиликни ёдида бўлса керак. Қўшимча таймлар тугаб бораётганда дарвозабонимиз қизил карточка олиб майдонни тарк этганди. Мураббийимиз барча учта ўзгаришни амалга ошириб бўлганди. Шу боис пенальтилар сериясида дарвозага ҳимоячи Мурод Холмуҳаммедов туриб иккита зарбани қайтаришга эришганди. Биз шу тариқа мундиалга чиққандик. Жуда ҳам қийин баҳс эди.

Ярим финалда Жанубий Корея билан ўйнагандик. Асосий мақсад Жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси бажариб бўлинганди. Лекин бош мураббийимиз Аҳмад Убайдуллаев бизни руҳлантириб бугун ютсанглар финалга чиқасизлар ва тарихга кирасизлар дегандилар. Корейсларга қарши баҳсда менинг голим ягона бўлиб қолган ва биз финалга йўл олгандик.

Ҳал қилувчи ўйинда БАА билан тўқнаш келганмиз. Мақсадимиз чемпион бўлиш эди. Кенжа Тўраев ҳисобни очганди. Лекин стандарт вазиятлардан сўнг иккита гол ўтказиб юборгандик. Тан олиш керак ўша жамоа БААнинг олтин авлоди ҳисобланади. Мана ҳозир ўша таркибда ўйнаганларнинг деярли барчаси миллий терма жамоа шарафини ҳимоя қилмоқда. Ўша мураббий ҳозир адашмасам миллий терма жамоа бош мураббий бўлиб ишламоқда.

- Нега Ўзбекистоннинг ўша таркибидан деярли ҳеч ким миллий терма жамоада ўйнаб кета олмади?
- Балки ўзимизда айб бордир. Балки ўз устимизда ишламай қўйгандирмиз...Футболда кўп нарса омадга ҳам боғлиқ. Балки терма жамоа мураббийлари ўша жамоани худди БААга ўхшаб миллий терма жамоа сифатида шакллантиришса ҳозир ўйнаб кетган бўлармидик.

- Жаҳондаги қайси футболчи билан бир жамоада ўйнашни орзу қиласиз?

- Бразилиялик Рикардо Кака. Унинг “Милан”даги ўйинларини кўриб ёқтириб қолганман. Ҳаракатларини кузатиб ўзим учун керакли жиҳатларни олишга интилганман. Аслида мен “Барселона” мухлисиман. Каталония клубининг жамоавий ўйин менга ёқиб қолган.



- Энди Мисрдаги Жаҳон чемпионатини ёдга оламиз.
- Мисрга учиб бориб Исмоилиа шаҳрига жойлашгандик. У ерда Англия ва бизнинг жамоа битта меҳмонхонада яшаганди. Тўғриси шароитлар у қадар юқори даражада бўлмаганди. Ўйинларга келадиган бўлсак биринчи ўйин Ганага қарши кечган. Жуда кучли ҳаяжон қамраб олганди. Иккинчи бўлим бошида ҳисобни очгандик. Кейин бўшашганмизми нимадир бўлган ва ганаликлар иккита гол уриб ғалаба қозониб кетишганди. Гана футболчилари ҳақиқатдан ҳам жисмонан кучли ва тезкор эди. Лекин айнан улар Жаҳон чемпиони бўлишига ишонмагандим. Бразилия чемпион бўлса керак деб тахмин қилгандим. Финалда Гана ҳақиқий матонат кўрсатиб чемпион бўлганди. Жаҳон чемпиони бўлган жамоага гол урганимни ҳеч қачон унутмайман.

Очиғи Уругвай Ганадан кўра кучлироқ ўйнаганди. Балки Ғулом Ўруновнинг барвақт четлатилиши ҳам таъсир қилгандир, лекин барибир Жанубий Америка қитъаси вакилининг кучлилиги билиниб турганди.

Иккита сариқ карточка туфайли Англияга қарши ўйнай олмагандим. Жамоам ўйинини четдан кузатиш жуда оғир бўлган. Йигитлар яхши ўйнашганди. Ҳисобни очгандик. Биз кўпроқ гол уриб ютсак гуруҳдан чиқишимиз мумкин эди. Умид бор эди. Лекин инглизлар ўйиндаги деярли биринчи ҳужумни самарали якунлаб ҳисобни тенглаштиришганди.

- 2013 йил Хитойнинг “Циндао Жонун” клубида ижарада ўйнаб қайтдингиз. Нега Хитойда кўп қолмадингиз?
- Энг асосий муаммо бу жамоага қўшилиб кета олмаганим бўлган. Бундан ташқари илк бор хорижда ўйнагандим. Овқатларига ҳам кўника олмаганман. Овқат емасангиз куч бўлмайди, машғулотларда ва ўйинларда иштирок этиш учун эса куч кўрак. Тил борасида муаммо бўлмаган. Ёнимда доим таржимон юрарди. Балки кореялик мураббийга менинг ўйин услубим маъқул келмагандир.



- Агар сизнинг қўлингизда бўлса бизнинг футболимизда нимани ўзгартирардингиз?
- Агар имконим бўлганида футбол мактаблари, футбол инфраструктурасига кўпроқ урғу берардим. Болалар футболига янада кўпроқ эътибор қаратардим. Болалар келажагимиз деб бэъжизга айтишмайди.

- Жаҳон чемпионатида сизга қарши ўйнаган Андре Айю, Гастон Рамирес, Николас Лодейро каби футболчилар жаҳон юлдузларига айланишди. Ўзбекистоннинг ўша таркибидан ҳеч ким хаттоки Россияга ҳам кетгани йўқ...
- Жаҳон чемпионатидан сўнг бир қатор футболчиларга хориждан таклифлар бўлганди. Жуда кўп таклифлар бўлгандир. Иван Нагаев, Фозил Мусаев, Ислом Тўхтахўжаевга таклифлар бўлганини биламан. Ўзимга ҳам “Рубин” клубидан таклиф тушганди. Лекин клублар ўзаро келиша олишмагани учун Россияга ўтишим амалга ошмаган. Лекин бунинг учун клубимдан хафа бўлмаганман, сабаби улар мени ёшлигимдан тарбиялашган. Агар клубни қониқтирадиган таклиф бўлганида мени қўйиб юборишарди деб ўйлайман.

- Ҳамон бўйдоқсиз. Шерзод Каримов қачон оила қуради?
- Нозик савол бердингиз (кулади). Яқин ойлар ичида тўйим бўлади.

- Фарзандларингиз ҳам футболчи бўлишини истармидингиз?
- Қайси касбни танласа ўша касбда ишлашига шароит яратиб бераман. Тўғри футбол қийин касб, лекин агар ўзи шуни хоҳласа бунга қаршилик қилмайман.

- Укангиз Исломбек Каримов ҳам футболни танлаган...
- Оилада учта ака-укамиз. Катта акам футбол соҳасида фаолият юритмайди. Исломбек “Пахтакор” ёшлар жамоасида майдонга тушиб турибди. Ўз устида кўпроқ ишлашини доим таъкидлайман. Керак бўлса танбеҳ бераман, хатоларини кўрсатиб бераман. Шерзод Каримовнинг укаси бўлгани учун “Пахтакор”да ўйнаб юрибди дейишмасин деб уқтираман.

- Сизни қизиққон футболчи дейиш мумкинми? “Нафт Теҳрон” билан ўйинни эсга олишнинг ўзи кифоя.
- Ўйинда баъзида қизишиб кетасиз. Бу футболда бўлиб туради. Жамоа юта олмай турган вазиятларда қизишиб кетаман, бу рост. “Нафт” билан ўйинга келсак биринчи бўлимда айнан ўша футболчи бир неча марта туртиб кетди, ҳакамга сездирмай зарба берди. Иккинчи бўлим бошида чидай олмадим унга зарба бериб юбордим. Ўша вазиятда ҳакамга ҳеч қандай эътироз билдирмай майдонни тарк этгандим. Шукрки жамоа камчилик бўлса ҳам иродали ғалабани қўлга киритганди.

- Сўнгги савол Шерзод Каримовга Жаҳон чемпионати нима берди ва нимани олиб қўйди?
- Жаҳон чемпионати ўз устимда янада кўпроқ ишлашни, футбол вақтида тезроқ қарор қабул қилишни, янада профессионал бўлишни ўргатди. Нимани олиб қўйди? Гуруҳдан чиқа олмаганимиз ҳамон алам қилади.


Савол жавоблар якунлангач Шерзод Каримов 10та шартдан иккитасини танлаши ва уларни бажариши керак эди. 10та шарт орасида бахтли билет ҳам бор эди. Шерзод Каримов иккинчи шартда айнан бахтли билетни олди ва шартимиздан қутулиб қолди. Биринчи шартда эса футболчи нимадан қўрқишини айтиб берди.

Ушбу ҳолатни сайтимизнинг ВИДЕО бўлими орқали томоша қилинг.


Зарина Алимова ва Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди
Фото: Толибжон Қосимов

Rating: +5   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика