Виктор Жалилов: "Фақат пенальтидан эмас, ўйиндан ҳам гол ура олишимиз мумкинлиги мени хурсанд қилди"
14 mar 2021 19:26
News
Виктор Жалилов: "Фақат пенальтидан эмас, ўйиндан ҳам гол ура олишимиз мумкинлиги мени хурсанд қилди"
Ушбу учрашувдан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Виктор Жалилов фикрларини билдириб ўтди.
"Бунга қадар икки жамоа ҳам дастлабки турлардаги мағлубиятдан сўнг яхши ҳолатда эмасди. Футболчиларнинг имкониятларидан келиб чиқиб мағлубиятнинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилдик. Худди биз каби рақиб ҳам ғалаба учун интилди. Ушбу ғалаба жамоамизга руҳий кўтаринкилик бериши табиий. Ўйлайманки, бугунги шиддатларга ва курашларга бой ўйин мухлисларга манзур келди. Фақат VAR ёки пенальтидан эмас ўйиндан ҳам гол ура олишимиз мумкинлиги мени хурсанд қилди. Ғалабадан хурсандман, йигитлар майдонда борларини беришди. Ўз майдонимизда "Сўғдиёна" билан кечган баҳсда ҳам кўп вазиятлар яратган эдик. Лекин фойдаланишга келганда оқсагандик. Бугун эса омад ҳам кулиб боқди. "Локомотив" ҳақида ижобий фикр билдиришим мумкин. Ўйинни яхши йўлга қўя олишган. Мураббий имзоси кўриниб турибди. Иккинчи бўлимда ўйинимизни кучайтирдик. Бу эса ўз сўзини айтди. Умуман олганда биз ғалаба тўпини уришга яқин келаётгандик",- дейди Виктор Жалилов.
- Ўзбекистон Суперлигасидаги учрашувларда қўлланилаётган VAR тизими ҳақида нима дея оласиз? Бугун ҳам дарвозаларга пенальтилар VAR орқали белгиланди...
- Халқаро ўйинларда қўлланилаётгани каби бизнинг чемпионатимизда ҳам ушбу тизим ишламоқда. Бу борада мутахассислар бор. Деярли икки йилдан бери қолган чемпионатларда ҳам VAR тизимидан фойдаланилмоқда. Агар ҳар бир ўйинда йўлга қўйилса ҳакамларга қулайлик олиб келади. Ҳеч нарса бирданига амалга ошмайди.
Ўйин давомида йўлга қўйилган хатоларни таҳлил қиламиз. Хотиржам кўриб чиқамиз. Футболчиларим иккинчи бўлимда ғалабани кўпроқ исташди. Бу борада кийиниш хонасида айтиб ўтдик, буни улар ҳис қилишди. Биз ғалаба қозондикми, демак рақибга қараганда камроқ хато қилган бўламиз.
Comments