Latest news

00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  0 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  3 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1

Ведран Чорлука: “Локомотив”да қора ёки оқ кунлар бўлади” News

Ведран Чорлука: “Локомотив”да қора ёки оқ кунлар бўлади”

Россия чемпионатидаги энг яхши легионерлардан бири саналган хорватиялик ҳимоячи Ведран Чорлука “Футбол” ҳафтаномасига интервью берди. Унда Виталий Денисовнинг жамоадоши бир қатор қизиқарли саволларга жавоб қайтарди.


- Сизда қизғин ёз бўлди. “Бавария, Фиорентина, Бешиктош, Вест Хэм, Спартак” каби клублар сизга қизиқиш билдирди.

- Европа чемпионатидан кейин ҳамиша шундай. Барча томоша қилади: яхши ўйнасанг, етарлича таклифлар бўлади. Хорватия Евро-2016да яхши таассурот қолдирди. Ҳа, биз омадсиз тарзда турнирдан чиқиб кетдик, лекин бизни барибир юқори баҳолашди. Европа клублари қизиқиш билдиришди. Бироқ мен ҳамон шу ердаман.

- “Локомотив”дан бўлмаслигингиз ҳам мумкин эдими?

- Тўғрисими? Ҳа. Раҳбарият алмашиши бошланганда қандайдир ноаниқликни ҳис қилдим. Ўша пайтда менга бир неча клублар жиддий қизиқиш билдиришди. Якунда эса барчаси ижобий тугади – “Локомотив” билан шартномани узайтирдим.

- Россия чемпионати ва Европадаги энг яхши марказий ҳимоячилардан бирисиз. Сизга энг ёқадиган Лондон шаҳри жамоасидан, футболчилар қирол саналадиган Истамбул, энг чиройли шаҳарлардан бири Флоренциядан таклифлар бўлди. Кўп ишқибозлар ва яхши молиявий имкониятга эга “Спартак” алоқага чиқди. Барибир “Локомотив”да қолдингиз. Нима учун?

- Москвада қандай пайдо бўлганимни эслайсизми? 2012 йил “Тоттенхэм”да ишларим жойида эмасди, “Байер”да ижарада эдим. Кейин Билич ва “Локомотив” менга ҳаётимдаги энг яхши имкониятдан бирини тақдим қилишди. Бу ерда дўстларим бор, ажойиб стадионга эгамиз. Нима дейишмасин, Москва ажойиб шаҳар. Энг муҳими, “Локомотив” учун ҳали боримни бермадим, клубдан қарздорман. Бу ерда ҳамиша менга ишонишган. Ёзда эса ишониш навбати менга келганди.

- Барча совринларни “Динамо” Загреб билан ютгансиз ва “Локомотив”да кубокка эга чиққансиз. Бу аламли бўлса керак?

- Хорватия терма жамоасига борганимда клубдаги ишларимизни муҳокама қиламиз. Модрич “Реал” билан, Ракитич “Барселона” ва Манжукич “Ювентус” билан эришган совринлари ҳақида айтишади. Бирин-кетин бошқалар ҳам сўзлайди. Мен эса жим ўтириб, қачондир уларга чемпионат ва кубокни ютганимиз ҳақида айтиб беришни орзу қиламан. Ҳозирча эса аламли, албатта. Айнан шуни тўғрилаш учун қолишга қарор қилдим.

- “Бу йил “Локомотив” учун қийин кечди” – бу гапни ҳар мавсумдан кейин гапирасиз. Жамоа учун енгил ва бахтиёр бўлган давр қайси?

- Кучук мураббий бўлган пайтда бизда Диарра ўйнарди. Ўшанда жамоанинг кўп нарсаларга қодирлигини кўриб, хурсанд бўлгандим. Кейинги мавсум эса расвога айланди. Нега ундай бўлганини тушунмайман, биз олдинга қадам ташлашимиз керак эди. “Локомотив”да доим шундай: бизда ўрталик бўлмайди, фақат қора ва оқ ранглар бор. Баъзида нега клуб ранглари айнан оқ-қора эмаслигини ўйлайман (кулади).

- Нега бундай?

- Бу мавсумни қандай бошлаганимизни эслайсизми? Раҳбар ўзгарди, уч ойда уч мураббий, трансфер ойнасининг охирги кунида уч футболчи қўшиб олинди. Ҳаётимда бирор марта қайсидир клуб мавсумни шундай бошлаганини кўрмаганман. Янги раҳбарият мухлисларни қайтаришни хоҳлаётганини кўряпман, ижобий ўзгаришлар мавжуд. Бироқ Россияда одамлар доим мўжизага ишонишади ва барчасини бир кун ёки ойда ўзгартириш мумкин деб ўйлашади. Уларни тушунаман: ишқибозлар футболка ёки чипта сотиб олишади, биздан натижа талаб қилишга ҳақлилар. Шу билан бирга улар бирор нарсани амалга ошириш учун вақт зарурлигини тушунишлари лозим.

- Ольга Смородская тўғрисида бирор ёмон сўз айтмагансиз. Лекин стадион трибуналарида нималар рўй берганини кўриб, эшитган бўлсангиз керак. Мухлислар клуб президентига қарши уруш очганини кўрганмисиз?

- Биз кўр ёки кар эмасмиз. Ольга ҳақида ёмон гап айтмайман. Унинг жамоа учун қайғургани ва кубокни қўлга киритганимизда қандай хурсанд бўлганини кўрганман. Бир ҳолатни айтиб бераман. Кучук даврида уйда “Терек”ка қарши ўйнаяпмиз. Ютсак, биринчи ўринга чиқиб оламиз. Стадионга 7 мингча ишқибоз келган. Ўйинчилар учун уларнинг ҳар бири муҳим. Бироқ учрашув давомида трибунадан Ольгага қарата айтилган сўзлар эшитилиб турди. Мухлислар фикрини ҳурмат қиламан, аммо 90 дақиқа барчасини унутиб, ўйинга эътибор қилиш ва муҳим паллада жамоа билан бирга бўлишнинг имкони йўқми?

- Сизни Москвага Славен Билич олиб келган. Ҳозир ҳам гаплашиб турасизларми?

- Албатта. У менинг футболдаги отам ва Хорватия терма жамоасидаги кўпчилик шундай дейди. Ёшлар терма жамоасига мени чақирганида 18 ёшда эдим. Унинг “Вест Хэм”даги фаолиятини кузатиб боряпман. У мен ёки Модричга қўнғироқ қилиши мумкин. Кейин бизга айтганларини муҳокама қиламиз.

- Мураббий бўлсангиз, Биличга ўхшайсизми?

- Мураббий бўлишни хоҳламайман. Сенда 25 инсон бор ва уларнинг хаёлида нима экани номаълум. Мен фақат футболчи Ведран Чорлукани биламан. Мабодо мураббийга айлансам, жамоамда Чорлука бўлишини истамасдим. Мураббийда эса 25 нафар футболни яхшироқ биламан деб ўйлайдиган футболчи бўлади.

- Билични ҳамма ёқтиради. Нега?

- У рост сўзлайди. Ҳамма нарсани юзингга айтади ва ундан хафа бўлишингга имкон қолмайди. Сенга бақирганда айбдор эканингни тушунасан. Ҳар бир ўйинчи бирор нарсани нотўғри қилганини пайқайди. Агар у хато қилганини тушунмаса, футболчи эмас, унда бошқа бирор касб бўлиши даркор.

- Унинг қўл остида 2012 йил Европа чемпионатида медалга эга чиқишингиз мумкин эди. Чорак финалда Туркияга имконият бой берилганди.

- Ўша кунни эслашни ҳам истамайман. Фаолиятимдаги энг ёмон кун. Ўйиндан кейин кийиниш хонасида бутун жамоа йиғлаганди. Мамлакат ҳам ўзини шундай ҳис қилган. Бу катта афсус келтирган. 118-дақиқада гол урдик, тўпни сақлаб турдик, дарвозабонга оширдик. Яна бир оз сабр қилишимиз лозим эди, эҳтимол, Ракитич тўпни аутга тепиб юбориши керак бўлганди. Ўша учрашувда кўплаб имкониятлар бўлганди, биз эса тўп ўтказиб юбордик. Ўша ўйинни қайта томоша қилмаганман. Фақат Туркия билан беллашув арафасида телеканаллар лавҳаларни намойиш қилади. Барчаси яна ёдга тушади. Футболни шунинг учун ёқтирамиз деганда ғолиб томонда бўлишни истаган ҳолда бу гапни айтамиз.

- Ушбу ёзда ҳам Португалиядан 117-дақиқада тўп ўтказиб, мағлуб бўлдингиз.

- Бу бошқа ҳолат. Уни ўша аламли воқеа билан солиштириб бўлмайди. Фаолиятингда бир футбол фожиаси бўлса, бошқаларини қабул қилиш осонроқ кечади.

- Россия учун Франциядаги Евро ишқибозлар жангига айланди. Загребда ўйнаган пайтингиз шундай вазиятга дуч келганмисиз?

- Ҳа, “Динамо” – “Хайдук” тўқнашуви Европадаги энг кескин дерби бўлса керак. Биз Сплитга учиб келдик ва тун давомида ойналар тагида “Хайдук” ишқибозлари бақириб чиқишди. Автобусдаги ойналарни уришди. Болқонда бу оддий ҳолат ва барча хотиржам муносабатда бўлади. Терма жамоа билан Сербияга қарши ҳам ўйнадик. Ўшанда УЕФА меҳмон жамоа мухлисларининг келишини таъқиқлаб қўйди. Тўғри қарорга келишган.

- Болаликда ашаддий мухлислар трибунасига боришни истамаганмисиз?

- 8 ёшимдан бошлаб “Динамо” Загребнинг ҳар ўйинини стадионда томоша қилганман. Ёмон сўзларни айтганман, аммо ҳеч қачон урушмаганман. Фақат икки марта жамоа чемпионликни қўлга киритгач, майдонга югуриб чиққанман. Улардан биридан сўнг полиция мени таниб олган ва уйга жарима қоғози юборган. Бу 200-300 евро атрофида бўлганди.

- Европа чемпионатидан кейин Россия футбол мамлакати ёки йўқлигини муҳокама қиляпмиз. Сиз буларни эшитдингизми?

- Ҳа, эшитдим. Бироқ уни қандай аниқлайсиз? Стадионга ташриф бўйичами? Англия ва Германиядан ташқари қаерда улар тўлмоқда? Испанияда фақат уч клуб ўйинида аншлаг кузатилади. “Хетафе”– “Леванте”га 7 минг ишқибоз келади. Италияда ҳам шундай: аввал мухлислар кўп тушарди, ҳозир йўқ. “Рома”– “Аталанта” баҳсини 70 минглик стадионда 30 минг ишқибоз кўради. Муаммо ҳаммада бор. Сизларда буни ҳал қилиш учун ажойиб стадионлар бўлади. ЦСКА, “Краснодар”, “Спартак”, “Локомотив”– уларда яхши стадионлар мавжуд ва энди ишлаш навбати клубнинг ўзига келган.

- Хорватия терма жамоаси жаҳон чемпионатида қайси шаҳарларда ўйнашини истардингиз?

- Москва ва Санкт-Петербургда.

- Саранск?

- Ҳа! Танлаш имкони бўлса, Саранск охирги ўринда турарди. Бу шаҳар ва унинг аҳолисини жуда ҳурмат қиламан, аммо Россияда Москва ва Питер билан ҳеч қайси жой тенглаша олмайди. Кейин Сочи, Қозон ва Екатеринбург туради. Мен катта шаҳарларни ёқтираман. Масалан, дарвозабон Гильерме шаҳар ташқарисидаги уйида хотиржам яшай олади. Менда оилам катталашса, шундай қилишим мумкин. Ҳозир эса шаҳар маркази менга қулай. Атрофимда кўплаб одамлар бўлиши, кафе жойлашиши ва қаҳва ичиш учун яқинроқ ер бўлиши муҳим.Эҳтимол, у ерга чиқмасман, аммо шундай имкониятнинг борлигини билиш муҳим.

- Нима учун шаҳарлар орасида Лондонни ёқтирасиз?

- Фантастик шаҳар. У ерда бир муаммо бўлган – йўл ҳаракатининг чап тарафда экани. Механик қурилмали машинада юрганимда чап қўлимда биринчи тезлик ўрнига ортга ёки учинчи тезликка улаб юборардим. Лондондан кейин Москва ва Нью-Йоркни таъкидлаган бўлардим.

- Инстаграмда қўйган бир суратингизда бошингиздаги қонни кўриш мумкин.

- Тўрт марта бошимни ўрашди. Охирги сафар мураббийга бу нима билан тугашини билмаслигини айтдим. У эса майдонда кераклигимни таъкидлади. Ўша суратни ишқибозлар учун олдирдим. Улар Хорватия терма жамоаси учун ўйнаш бизга қандай муҳимлигини билишлари учун бу ишни қилдим.

- Лақабингиз Чарли қаердан пайдо бўлган?

- Ўн ёшимда футбо ўйнаётган пайтим отам “Чарли” деб қичқирган. Шундан сўнг атрофда ҳамма шундай деб аташга ўтган. 20 йилдан бери шундай.

- Ҳозир 30 ёшдасиз. Шартномангиз 4 йилга мўлжалланган. “Локомотив” фаолиятингиздаги охирги клубми?

- Шундай бўлишини истардим. Бироқ икки йилдан кейин клуб мендан кўнгли тўлмаётганини айтиши мумкин. Бир ойдан сўнг нима бўлишини тасаввур қилиб бўлмайдиган дунёда яшаяпмиз. 36 ёшгача ўйнашни хоҳлайман. Лекин биринчи навбатда тайёргарлигим ва танамнинг ҳолатига эътибор бераман. Уч йил аввал Хорватиядан физиотерапевтимни олиб келдим. У ҳалигача Москвада яшайди. У организмим ва эҳтимолий муаммоларни тўлиқ билади. Бу ҳамкорлик фаолиятимни узайтиради деб умид қиламан.

- Унга бу йиллар мобайнида маошни сиз тўлаб келяпсиз, шундайми?

- Ҳа, шундай. У Хорватия терма жамоасида ишлаган ва “Динамо” Загребда асосий физиотерапевт эди. Унга Москвада фақат мен билан ишлашини таклиф қилдим. Бу ерда сунъий майдонлар кўплиги ва муаммолар бўлишини билардим. У таклифимга ижобий жавоб билдирди. Баъзида уни бир марталик массаж учун Пейчиновичга ижарага бераман, аммо кейин ортга қайтараман.

- Пейчинович билан дўстмисиз?

- У билан бир тилда сўзлашамиз, бир жамоада ўйнаймиз. Дўст бўлмасак, ажабланарли ҳолат туюларди.

- Хорватияда серблар билан дўстликка хотиржам қарашадими?

- Урушдан кейин анча вақт ўтди. Ҳозир серб ва хорватлар бир-бирига хотиржам муносабатда. Москвада Тошич билан кўп суҳбатлашаман – қачондир бир мамлакат бўлганмиз. Менталитет, тил, ошхона бир хил. Бу оддий ҳолат.

- Футболдан безмадингизми? Яқиндагина синхрон сузиш бўйича Рио Олимпиадаси чемпионлари бассейнни кўришга тоқатлари йўқлигини айтишганди.

- Футболчилар нақадар омадли эканини ўзлари ҳам тушунишмайди. Бошқа спорт турларида Олимпиада чемпиони бўлганлар бизга қараганда кўпроқ ишлашади ва камроқ пул олишади. Бизга омад кулиб боққан: ҳамма футболни ёқтиради, уни томоша қилади. Ҳомийлар биз томон интилади, футболда пул кўпроқ. Катта маош оламиз. Бугун икки соатча машқ қилдик ва кейин тикланиш учун уйга кетдик. Дунё доим биз ёқтирган нарса билан шуғулланиш учун қўлимизда. Ўша қизлар кунига неча соат шуғулланади? Ўйлашимча, кунига 7-8 соат. Енгил атлетика, бассейнлар, дзюдо, бокс. Уларда иш ҳажми жуда юқори. Футболчиларнинг эса омади кулган.

Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Rating: +1   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика