Ушбу мавсумнинг энг фойдасиз юлдузлари (Топ-11)
08 apr 2020 17:20
News
Ушбу мавсумнинг энг фойдасиз юлдузлари (Топ-11)
11. Танги Ндомбеле ("Тоттенхэм")
У юлдуз эмас, дейишга шошилманг. Дунёда битта таянч ярим ҳимоячига Манчестер Сити"даги Родридан кўра кўпроқ пул тўланган. У ҳам бўлса айнан Танги Ндомбеледир. Испаниялик ҳар доим ҳам яхши ўйин кўрсатмаса-да, ҳеч бўлмаганда Гвардиоланинг ишончини оқлади, бир қатор муваффақиятли учрашувларни ўтказди. Ндомбеленинг эса "Тоттенхэм"даги дебюти чатоқ кечди. Ўйинчи учун 60 миллион евро тўланганди ва у оқланмаяпти.
"Жамоа ўйинчиларга қараганда муҳимроқ, энди Ндомбеле учун бошқа имконият беролмайман" - Жозе Моуриньо.
10. Диего Коста ("Атлетико")
Бразилиялик испаннинг хулқидан барчамиз хабардормиз, шунинг учун бундай типдаги ўйинчини фақат Диего Симеоне каби мураббий бошқариши мумкин.
Мураббий унга еврокубокларда ишонч билдиряпти, бундан ташқари, Испания чемпионатида ҳам имконият тақдим этмоқда. Мавсумда 2 та гол ва 3 та ассист. Жуда ёмон кўрсаткич, шундай эмасми? Коста одатдагидек, қўпол ва ёмон ўйин кўрсатишда давом этяпти. У Мората ва Фелишга ўрнак бўла олмаяпти.
9. Люка Эрнандес (Бавария)
"Бавария"нинг янги рекордчиси универсализмга эга бўлса ҳам, ўзини ёмон томондан кўрсатмоқда. Аслида "Атлетико" жаҳон чемпионини ўзида сақлаб қолмоқчи эди, аммо улар Люканинг кетиш истаги ва немислар таклиф этган нархни кўриб, келишувга рози бўлишди. Ҳозирда Симеоне жамоаси чап қанотида умидли Лоди бор. У Чемпионлар Лигасида ишончли ўйини билан барчанинг ёдида қолди. Эрнандес эса "Бавария"да ўзини кўрсата олмади, фойдалилик ва тезлик бўйича ҳатто канадалик ёш футболчи Дэвисга ютқазди.
Ҳали Люкага яна имконият берилади, лекин у универсал (ҳам марказ, ҳам қанотда ўйнай олади) эканлигига қарамасдан ҳозиргача кам ўйин ўтказди.
8. Жоау Канселу ("Манчестер Сити")
Ёзнинг яна бир қиммат футболчиси, "Манчестер Сити" янги аъзоси - қанот ҳимоячи Жоау Канселудир. У ўзига ноқулайроқ чап қанотда Зинченкодан ёки Мендидан яхшироқ ўйнаши ёки ўнгдан Уокерни "олиб ташлаши", Гвардиола клубини кучайтириши лозим эди. Бироқ, Жоау ҳужумда унчалик самара бермаяпти - "Манчестер Сити" тез-тез қанотдан ҳужумга ўтади, демак қанот эгалари ҳам олдинда, ҳам орқада бирдек фаол бўлишлари керак. Канселу эса "шаҳарликлар" сафида бу функцияни у қадар яхши бажара олмаяпти.
Эҳтимол, у "Ювентус"дан кетаётганда хатога йўл қўйгандир, чунки у Премьер-лигада атиги 8 та ўйин ўтказди ва Чемпионлар Лигасига 4 та учрашувда қатнашди, аммо ёрқин ўйин кўрсатмади. Жоау эндиликда 65 миллион евро ҳавога учиб кетмаганини исботлаши лозим.
7. Алексис Санчес ("Интер")
Чилиликнинг фаолиятидаги инқироз биринчи марта кузатилмаяпти. У "Манчестер Юнайтед"да юқори даражада ўйнамади, Конте қўл остида ҳам очилиб кетгани йўқ. Аммо, Антонио Конте ҳар қандай футболчини ўйната билади, ҳатто у ёмон кайфиятда ва охирги клубида муаммоларга дуч келган бўлса-да. Кўрамиз, кузатишда давом этамиз.
Алексис Санчес футболчилик фаолиятини "якунлади" яъни баъзан фақат Чили терма жамоаси учун "уйғонмоқда". "Интер" "Ювентус" ва "Лацио"дан юқори поғонада туриши учун унинг голи ва узатмаларига муҳтож эди, лекин АПЛда порлаган ўйинчи - ҳатто Европа Лигасида захирада ўтирди. А Серия ҳақида айтмаса ҳам бўлади: 199 дақиқа. Даҳшат! Афсуски, бу ижаранинг тўлиқ муваффақиятсизлиги(!) ҳисобланади.
6. Гарет Бейл ("Реал")
Гарет ақл бовар қилмайдиган даражадаги футболчи эди, бироқ у билан нималар содир бўлмади, дейсиз. Унинг жисмоний ҳолати генетика совғаси, аммо ақл билан "қоришиб кетмаган". Афсуски, футбол Бейлни "йўқотди". Бейлнинг айтишича, у спорт залда ўз устида алоҳида ишламайди, унинг мушаклари ўз-ўзидан кучли, бақувват ва табиий экан. Бейл дам олиш ва бошқа ўйин-кулгиларга қизиқади. Масалан, гольфга.
Бундан ташқари, футбол касбига доир гап кетганда, унинг кўплаб жароҳатларини унутмаслик лозим, "Реал Мадрид" нега Гаретни ёзда бепул қўйиб юбориши мумкинлигини юқоридаги фактлар орқали тушуниб етасиз. Охирги пайтларда клуб президенти Перес унга маош тўлашдан чарчаганини яшириб ўтирмаяпти.
5. Кепа Аррисабалага ("Челси")
Кепа "Челси"ни тарк этишга тайёр, клубни ўзгартиришни хоҳлаётгани эса аниқ кўриниб турибди. Лэмпард ва Кепа умумий тил топишиб кета олишмади. Аррисабалага, агар кимдир унутган бўлса, дунёдаги энг қиммат дарвозабон.
У ҳозирги "Ливерпуль" тақдирида муҳим рол ўйновчи Алиссон, "Атлетико"нинг қойилмақом дарвозабони Облак, "Барселона"нинг германиялик посбони Тер Штеген, "Реал" сафидаги Куртуа, испаниялик ҳамкасби Де Хеа, "Аякс" вакили Онанадан қимматроқ.
4. Усмон Дембеле ("Барселона")
Дембеле "Барселона"га келганида мухлислардан ташқари, Бартомеу анча хурсанд бўлганди. . "Боруссия" унинг иқтидорини тезда англаб етди, чунки сотишни қатъий рад этди, шу сабабли Дембеле асабийлашишни бошлади, клубга бойкот эълон қилиб, ўзини Каталония клубига қўйиб юборишларини сўради.
Усмон "Барселона" сафида Ла Лиганинг 5 ўйинида майдонга тушиб, битта гол урди ва 136 дақиқа Чемпионлар Лигасида ўйнади. Кейин у жароҳат олиб, узоқ вақтга сафдан чиқди. Коутиньо учун трансфер бозорида талабгорлар бўлса-да, Дембеле учун 100 миллион евро тўлайдиган клубни топиш қийин. Усмон компьютер ўйинлари мухлиси ҳам саналади, бу туфайли машғулотларга ҳам кечикиб тургани ҳақида маълумотлар бор.
3. Лука Йович ("Реал")
Йович тинч юрмайдиган футболчилар сирасига киради. У Мадридни тарк этиб, Белградни айланиб чиқди, карантинга умуман амал қилмади. Йович майдонда ҳам ана шундай масъулиятсиз. У Мадридда машаққатли машғулот ўтказиш ўрнига ўз ватанига йўл олди.
"Ўғлим коронавирус учун икки марта тест топширди ва иккаласи ҳам манфий чиқди. У Сербияга бориш мумкин деб ўйлади. Аммо, энди у ҳамма учун жиноятчига айланди. Биласизми, агар Лука панжара ортига олиниши керак бўлса, албатта, ўша ерда ўтиради" - дейди футболчининг отаси.
2. Поль Погба ("Манчестер Юнайтед")
Биз бу ерда янги ҳеч нарса ҳақида хабар бермаймиз, чунки у "Манчестер Юнайтед"дан кетиши кераклиги ва унинг "тарихи"га чек қўйиш лозимлиги ҳақда кўп гапирилди.
Вудворд футболни тушунмайди, шунинг учун у доимо Погбанинг ўйнашини кутган.
1. Эден Азар ("Реал")
Ушбу мавсумдаги омадсизликлар ичидан бунданда кўпроқ аҳамиятга эга, кўрсаткичи паст ва катта миқдордаги трансферни келтириш мумкинми? Албатта, йўқ. У яхши формага қайтишга ҳаракат қилаётгани бўйича шубҳа йўқ. Де Брюйне ташаббус кўрсатишни ўрганмасдан олдин Белгия терма жамоасини у ўз ортидан етаклаган. Эден аллақачон "Челси"да ёмон мавсум ўтказган, ҳатто бутун бир мавсумни.
Афсуски, ёзнинг асосий трансферларидан бири ҳамманинг ҳафсаласини пир қилди. Ахир, Азар тажрибали футболчи ва у кучли жамоага келаётганини олдиндан биларди. Футбол аҳли унинг дарҳол муваффақиятли тўп тепиб кетишини кутганди.
Бу мавсумдаги ўйинлари орқали сизни салбий тарафдан ажаблантирган футболчилар борми? Улар кимлар?
Шерзод Нурматов таржимаси.
Comments