Latest news

22:16Рио Фердинанд: "Месси ҳам Ямалнинг ёшида ўйинга бунчалик таъсир ўтказа олмасди"  1 21:52Капелло Мбаппенинг тарафини олди  0 21:30"Анри майдон четида ғазабдан эс-ҳушини йўқотиб қўяй деди". Таниқли франциялик мутахассиснинг Ильгиз Танташев ҳакамлик қилган ўйинда ҳакамлардан қандай жаҳли чиққани ҳақида  1 21:12А Серия. "Кальяри" - "Интер" баҳси асосий таркиблари маълум!  0 20:47"Милан" ПСЖга таклиф билан чиқди  0 20:16Россия термаси учун яна бир рақиб топилди  6 19:54Пеп Гвардиола: "Таслим бўлмайман"  3 19:36Флик ва Деку Леау трансферига ишонишмаяпти, аммо Лапорта уни сотиб олмоқчи  1 19:06Суперлигага қайтган "Бухоро" Қулматовни ўз сафига қўшиб олди  5 18:55"Барселона" Ольмо ишини ҳал қилиш учун ЛаЛигага VIP жойлар ҳужжатини юборди  3 18:36Шуҳрат Муҳаммадиев "Насаф" билан янги битим имзолади  0 18:02Катта эҳтимол билан АПЛни "Ливерпуль" ютади  8 17:15"Барселона" яна Ольмога ваъда беришни бошлади  0 16:35"Реал" клублар ўртасидаги ЖЧдан қанча пул ишлаб олиши мумкин?  9 16:14"Ланс" етакчисини 15 млн еврога сотмоқда  3

"Уэмбли"да "Титанлар жанги": Англия Кубоги финали учун превью News

"Уэмбли"да "Титанлар жанги": Англия Кубоги финали учун превью

"Манчестер Сити" ва "Манчестер Юнайтед" кетма-кет иккинчи йил Британиянинг асосий кубоги учун курашади.

"Манчестер Сити" АПЛдаги ғалабадан сўнг "олтин дубл"ни расмийлаштиришга яқин турибди.

Агар "шаҳарликлар" Чемпионлар Лигаси финалига чиққанида ўтган мавсумнинг такрори бўларди, аммо жамоа "Реал" билан тўқнаш келиб қолди. "Юнайтед" учун Кубок финали – бу қайғули кампанияда кичик бир қувонч улашадиган лаҳза.

Жамоаларнинг Кубокдаги йўли

"Манчестер Сити" Англия Кубогини 1/32 финалдан бошлади. Финал йўлида "шаҳарликлар" "Хаддерсфилд" (5:0), "Тоттенхэм" (1:0), "Лутон" (6:2), "Ньюкасл" (2:0) ва "Челси" (1:0) клубларини мағлуб этди. Хосеп Гвардиола жамоаси Премьер-лигада мавсумни пешқадам сифатида якунлади ва кетма-кет тўртинчи чемпионлигини қўлга киритди. "Манчестер Сити" ўзининг сўнгги учрашувида "Вест Хэм"ни 3:1 ҳисобида ютди.

"Манчестер Юнайтед" Англия Кубогини қўшнилари билан бир босқичда бошлади. Манкунианлар финал йўлида "Уиган" (2:0), "Ньюпорт" (4:2), "Ноттингем Форест" (1:0), "Ливерпуль" (4:3 қ.в.) ва "Ковентри"ни (3:3, 4:2 пен) тўсиғидан ўтишди. "Юнайтед" Премьер-лигани 8-ўринда якунлади. Бу клубнинг АПЛ тарихидаги энг ёмон натижасидир. Эрик тен Ҳаг шогирдлари сўнгги ўйинда "Брайтон"дан 2:0 ҳисобида устун келишди.



"Сити" АПЛ якунини анча ишончли ўтказган ҳолда ғолиб чиқди

"Сити"нинг Англиядаги устунлиги аллақачон одатий тусга кириб улгурган. Куни кеча "шаҳарликлар" АПЛда кетма-кет тўртинчи чемпионликни қўлга киритди, бу рекорд бўлди – бундан олдин ҳеч ким кетма-кет тўрт марта чемпион бўлмаганди. Сўнгги турда айтарли интрига ҳам кузатилмади – Гвардиола жамоаси Фоденнинг саъй-ҳаракатлари билан "Вест Хэм" дарвозасига иккита тезкор тўп киритди ва учрашувнинг боришини тўлиқ назорат қилди. "Сити"нинг ҳозирги формаси ҳайратланарли – барча мусобақаларда 35 ўйиндан бери мағлубиятга учрагани йўқ ва сўнгги 7 ўйинда ғалаба қозонди, жамоа шу ўйинлардан фақат 2 тасидагина гол ўтказиб юборди.


Дарвозани Ортега қўриқлайди, Ковачич бошланғич таркибга қайтиши мумкин

Хосеп Гвардиола финал олдидан таркиб билан боғлиқ муаммога эга эмас. Биргина Эдерсон жароҳат олди, лекин Кубок ўйинларида фақат Ортега ўйнаб келмоқда. Бразилиялик посбон соғлом бўлганида ҳам финални захира ўриндиғида кузатган бўларди. Ортега ажойиб ўринбосар, у "Тоттенхэм"га қарши муҳим ўйинда ўзини кўрсатиб, керакли пайтда жамоа жонига ора кирди. Гвардиола фигалда Ковачични стартга қайтариши мумкин – таянч зонада Родрига ёрдам зарар қилмайди.



"Сити" ҳужумкор планда анча кучли

"Сити"нинг ҳужум чизиғи фантастик даражада. Гвардиоланинг захира ўриндиғида исталган инглиз жамоасини кучайтира оладиган Доку, Грилиш, Альварес каби футболчилар бор. Ҳатто рақиблар Ҳоландни ёпишга муваффақ бўлган тақдирда катта саҳнага Фоден, Бернарду Силва ёки Де Брюйне чиқиши мумкин. "Арсенал"га қарши ўйинда "шаҳарликлар" ҳужуми тўхтатиб қолинди, "Сити" бунгача ҳар бир АПЛ ўйинида камида 2 тадан гол уриб келаётганди, охирги 6 та беллашувда эса Пеп шогирдлари рақиблар дарвозасини нақ 20 марта ишғол этишди.


"Юнайтед" мавсумни ёмон ўтказди. Кубок – таассуротларни юмшатиш учун сўнгги имконият

Тен Ҳагнинг "Манчестер Юнайтед" бошқарувидаги иккинчи мавсуми биринчисига қараганда унчалик муваффақиятли чиқмади, ўшанда у Чемпионлар Лигаси зонасига киришга ва икки Кубок мусобақалари финалида қатнашишга муваффақ бўлганди. Жорий кампания АПЛдаги саккизинчи ўрин, мағлубиятлар ва барча турнирларда ўтказиб юборилган голлар сони бўйича энг ёмон мавсум, шунингдек, Чемпионлар Лигаси гуруҳида охирги ўрин билан эсда қолди. Англия Кубоги финалига етиб келиш – ягона ёқимли воқеа. Камтарона "Ковентри" ярим финалда пенальтилар сериясида муваффақият қозонганида бу содир бўлмасди. Адолат учун, шуни таъкидлаш жоизки, "Юнайтед" йўқотишлар туфайли АПЛнинг бошқа жамоаларидан кўра кўпроқ зарар кўрди – бир мавсумда 45 жароҳат.


Каземиро таянч нуқтасига қайтиши мумкин, Рэшфорд майдонга тушиши даргумон

Лисандро Мартинес АПЛ доирасидаги "Брайтон"га қарши сўнгги ўйинда февраль бошидан бери илк бор майдонга тушди. Аргентиналик футболчи жароҳатлар туфайли аксарият ўйинларда иштирок этмади, бироқ мавсум охирида ўз жойига қайтди. Финалда Тен Ҳаг эҳтимол Мартинесга ишонади ва у билан бирга Жонни Эванс ёки Рафаэль Варанни тандемда ўйнатади – Ҳоландни ушлаб қолиш вазифаси ўртада турганда у Каземирони ҳимоя марказига қўйиши амримаҳол. Хойлунд ҳам стартга қайтиши мумкин, унга Гарначо, Диалло ва Бруну Фернандеш кўмаклашади – Рэшфорд мавсумни ўта пассив ўтказди, шу сабабли у ҳаттоки терма жамоанинг Евро-2024 учун қайдномасига киролмади.



Ҳимоядаги муаммолар МЮни доим қийнаб келган

Ушбу мавсум ўтказиб юборилган голлар сони бўйича МЮнинг энг ёмон мавсуми сифатида тарихда қолди. Ҳимоядаги муаммолар жамоани илк ўйинларданоқ таъқиб қилиб келди – аввалига Онана тез-тез ғалати ҳаракатлар қилиб турди, кейин эса ҳимоячиларнинг жароҳатлари ва индивидуал хатолар кўпайиб кетди. "Брайтон" билан баҳс март ойи бошидан буён биринчи "қуруқ" ўйин бўлди. Манкунианлар бунгача 11 ўйинда 25 та гол ўтказиб юборишганди. "Сити" билан ўзаро учрашувларда ҳам доим муаммолар бўлган – жамоа олдинги 7 учрашувда ўз дарвозасидан 21 та тўп олиб чиққан.


Учрашувлар статистикаси

"Манчестер Сити" ва "Манчестер Юнайтед" ўзаро 193 марта тўқнаш келишган. "Шаҳарликлар" ҳисобида 61 та, "Манчестер Юнайтед"да 79 та ғалаба бор. Яна 53 та баҳсда дуранг қайд этилган. АПЛнинг сўнгги мавсумида "Манчестер Сити" қўшниларини икки бор мағлубиятга учратди – 3:0 ва 3:1. Эътиборлиси, бу жамоалар ўтган йилги Англия Кубоги финалида тўқнаш келишган. Ўша баҳсда "Сити" Гюндоганнинг дубли эвазига 2:1 ҳисобида зафар қучган.



Тахминий таркиблар

"Манчестер Сити": Ортега – Уокер, Аканжи, Диаш, Гвардиол – Ковачич, Родри – Фоден, Де Брюйне, Силва – Ҳоланд

"Манчестер Юнайтед": Онана – Далот, Мартинес, Варан, Уан-Биссака – Майну, Каземиро – Гарначо, Фернандеш, Диалло – Хойлунд


Мураббийлар фикри

Эрик тен Ҳаг бўлажак тўқнашув олдидан МЮ ўтган йилги финалда Гвардиола жамоасидан кучлироқ кўрингани ва бугунги финалда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида гапирди.

"Агар ўтган йилги финал учрашувини (1:2 – таҳр.) таҳлил қилсак, биз "Сити"дан кучлироқ эдик. Менда маълумотлар бор – биз тўпга эгалик қилишдан ташқари деярли барча жиҳатлар бўйича улардан яхшироқ эдик. Қолган барча кўрсаткичлар – якуний учинчи қисмга кириш, имконият яратиш, зарба бериш, энг яхши xG бобида улардан устун бўлганмиз.

Биламизки, бу ўйинда чидашимиз ва тўпга эгалик қилишни қурбон қилишимиз керак, чунки рақиблар буни яхши уддалашади, бу жангга яхши ташкил этилган ҳимоя билан киришишимиз керак. Агар бу иш берса, бизда имконият бўлади. "Сити" жуда юқори савияда ўйнайди.

МЮ финал олдидан кучли мотивацияга эга. Агар ғалаба қозонсак, бутунлай бошқача муносабат бўлади, чунки биз еврокубокларга йўл оламиз ва яна бирни соврин ютамиз", – деди тан Ҳаг.


"Манчестер Сити" бош мураббийи Пеп Гвардиола Англия Кубоги финали олдидан "Манчестер Юнайтед" ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

"Биз "Юнайтед"ни жуда ҳурмат қиламиз ва ҳар доим шундай бўлган.

Сўнгги 10 йил ичида улардан кучлироқмиз, бироқ улар Англия тарихидаги энг яхши жамоа. Шундай экан, улар катта ҳурматга лойиқдир", – деди Гвардиола.

"Сити" ҳамда "Юнайтед" ўртасидаги финал Лондондаги "Уэмбли" стадионида Тошкент вақти билан 19:00 да старт олади.


Шерзод Нурматов

Author : Sherzod Nurmatov
Rating: +4   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика