Latest news

15:12Иброҳимҳалил ОТЖ лагерини тарк этди, унинг ўрнига бошқа ўйинчини қўшиш мумкинми?  0 14:59"Манчестер Юнайтед" Уан-Биссакани Дюмфрисга алмаштирмоқчи  3 14:37Париж-2024. Ўзбекистон Мисрга қарши қандай либосда майдонга тушиши маълум  4 14:15АПЛ клублари "Лион" ҳимоячисига даъвогар  1 13:50Симонс "Лейпциг" ва "Бавария"дан бирини танлади  1 13:23"Арсенал" Евро-2024'да ёрқин ўйин кўрсатган ярим ҳимоячининг трансфери борасида музокаралар ўтказмоқда  1 12:57"Ньюкасл" ҳимоячиси Саудия Арабистони чемпионатига ўтиши мумкин  1 12:29Расман: "Комо" ироқлик иқтидор билан шартнома имзолади  1 12:04"Андижон" янги аъзоси Абинур Нуримбет: "Келажакда Қозоғистон миллий терма жамоаси либосида майдонга тушишни истайман"  2 11:39ПСЖ Франция терма жамоаси дарвозабонига қизиқмоқда  2 11:16Хаби Алонсо Арда Гюлерни "Байер"да кўрмоқчи  2 10:50Лапорта: «Барселона» катта трансферларни амалга оширишга тайёр»  3 10:16«Акрон» Шерзод Эсановни қанчага сотиб олгани маълум  8 09:50Жоау Феликс фаолиятини АПЛда давом эттиради  5 09:47Мўъжиза рўй бермади, аммо ҳали барчаси олдинда. Ўзбекистон – Испания ўйинидан хулосалар  18

УЕФАнинг янги президенти - Чеферин ҳақида News

УЕФАнинг янги президенти - Чеферин ҳақида

УЕФАнинг Афинада бўлиб ўтган навбатдан ташқари Конгрессида ташкилотга янги раҳбар сайланди.

Сайлов жараёнида 42та овоз олган Словения футбол ассоциацияси (NZS) президенти Александер Чеферин ғолиб чиқди. 48 ёшли функционер асосий рақобатчиси - Голландия футбол федерациясининг 68 ёшли раҳбари Михаэль ван Прааг (13та овоз)дан яққол ўзиб кетди.

Ҳа, Греция пойтахтида «кўҳна қитъа» футболининг янги йўлбошчиси масаласига ойдинлик киритилди. Александер Чеферин УЕФАнинг ҳисоб бўйича 7-президентидир. Сайловларгача УЕФА раҳбари вазифасини вақтинча бажариб турган испаниялик Анхель Мария Вильяр ҳам президентликка ўз номзодини қўйганди. Аммо кейинчалик сайловларда иштирок этмасликка қарор қилиб, тегишли ҳужжатларини қайтариб олди.

Чеферин қитъа футболи тасарруфини ўз қўлига олиш орқали ўз-ўзидан ФИФА вице-президентига айланди. Эътиборлиси, Александер ўз ўтмишдошларидан фарқли ўлароқ, ҳаттоки, қуйи дивизион жамоаларида ҳам футбол ўйнамаган, ёшлик йилларини ҳуқуқшунослик йўналишида пухта билим олиш ва адвокатлик муассасасида муваффақиятли фаолият юритишга бағишлаган. Любляналик ҳуқуқшунос шунинг баробарида профессионал спортчилар ҳамда клублар манфаатларини ҳимоя қилиш орқали юксак нуфузга эришди. Чефериннинг футболдаги фаолияти 2006 йили бошланган. Ўшанда у Словениянинг таниқли футзал жамоаси - «Лития» билан ҳамкорликни йўлга қўйганди. Уддабурон бошқарувчи шунингдек, 2006-2011 йилларда пойтахтнинг «Олимпия» футбол клуби раҳбариятидан ҳам ўрин олди. 2011 йилга келиб эса, мамлакат футбол ассоциацияси президенти лавозимига сайланди. 2015 йилги сайловларда яна ғолиб чиқиб, ўз ваколатини узайтирди. Чеферин ўз мамлакати футбол уюшмасида президентлик ишидан ташқари, УЕФА ҳуқуқшунослик қўмитаси раҳбари ўринбосари вазифасини ҳам адо этиб келаётганди. У шу қисқа фаолияти давомида муайян натижаларга эришди. Жумладан, собиқ Югославия таркибидан ажралиб чиққан мустақил давлатлар ўртасидаги зиддиятларга барҳам бериб, уларни ягона ғоя йўлида бирлаштирди. Натижада шу давлатлар янги етакчини худди ўз кадрларидек кўрадиган бўлишди. Дейлик, Афинадаги овоз бериш жараёнида фақат Словения эмас, балки Сербия, Хорватия, Босния ва Герцеговина, Черногория ва Македония вакиллари ҳам айнан Чеферинни қўллаб-қувватлашди. Бундан ташқари, Албания, Туркия ва россияликлар болқонлик номзодга овоз беришди. Кейинчалик Шарқий Европа ва Скандинавия давлатлари вакиллари ҳам словениялик функционер томонига ўтдилар. Чеферинни шунингдек, йирик футбол мамлакатлари - Германия, Франция ва Италия вакиллари ёқлаб чиқишди. Фақат,  Англия делегацияси  Михаэль ван Прааг номзодини маъқул кўрди. «Мени ажойиб тарзда қўллаб-қувватлаганингиз учун катта раҳмат, - деди Чеферин ўз тарафкашларига қарата. - Бу шахсан мен учун катта шараф! Шу билан бирга улкан масъулият ҳам. Ушбу ишонч аввало, ўзим, қолаверса, оилам учун ўта муҳим.  Демоқчиманки, оилам ҳам, миттигина, лекин гўзал Словения ҳам бу воқелик билан фахрланади! Умид қиламанки, вақти келиб, барчангиз мен билан чинакамига фахрланасиз. Табиатан жамоавий ўйинчиман, шоуменлик қонимда йўқ. УЕФАни янада юксак марраларга олиб чиқиш йўлида турли лойиҳаларни рўёбга чиқаришга тайёрман. Асосий роль миллий ассоциацияларга тегишли бўлишини истайман. Келинглар, қўлни қўлга берган ҳолда, футболимизни ривожлантирайлик, уни турли хавф-хатарлардан ҳимоя қилайлик!»

Александер Чеферин ким? УЕФАнинг 60 йиллик тарихида илк марта раҳбарликни ўз қўлига олган Шарқий Европа вакили. Янги президент Любляна университетини тамомлаган. Оилали, 3 нафар фарзанднинг меҳрибон отаси. Инглиз ва итальян тилларини мукаммал ўзлаштирган. УЕФА президенти лавозими учун ўтказилган бу галги сайловлар навбатдан ташқари бўлгани боис, у 2019 йил мартга қадар халқаро ташкилотга раҳбарлик қилади.

Чеферин нимани истайди? Сайловлар жараёнидан бир неча кун аввал ESPN портали ҳар икки номзоддан интервью олиб, Европа футболи келажагини қандай тасаввур этишларини сўраганди. Яъни уларга турли саволлар билан мурожаат этиш баробарида ўз ғояларига кўра, ўзгартиришга муҳтож 3та жиҳатни санаб ўтишларини ҳам илтимос қилганди. Чефериннинг жавоби қуйидагича янгради: «Биринчидан, УЕФА президенти ва Ижроий қўмита аъзолари фаолияти муддатига тааллуқли бандлар қайта кўриб чиқилишини истардим. Ҳар қандай кишининг битта лавозимда 20 йил ёки  бундан ҳам кўпроқ муддатда иш юритиши ташкилотга катта манфаат келтиради, деб ўйламайман. Иккинчидан, футбол нуфузига катта путур етказаётган келишилган ўйинлар иллатига барҳам беришга кучли эътибор қаратмоқчиман. Учинчидан, йирик турнирларни қабул қилиш учун «заявка»» бериш тартиби ва мезбонни аниқлаш тизимига ўзгариш киритиш лозим, менимча. Шунингдек, еврокубок мусобақалари финал ўйинларини ташкил этиш масаласини ҳам қайта кўриб чиқиш зарур.Энг муҳим шарт шуки, бу ишлар тўла-тўкис ошкора ва мусаффо муҳитда амалга оширилиши лозим». Бундан ташқари, Чеферин ўзининг сайловолди дастурида футболдаги мутаносиблик, мувозанат хусусида жон куйдириб гапирганди: «Олдимизда турган энг муҳим вазифа - турли мусобақаларда иштирокчилар ўртасида ва қитъа футболи савиясида мутаносиблик, мувофиқликни вужудга келтириш! Бу борада ташкилотнинг ҳар бир аъзоси, шунингдек, бошқа манфаатдор томонлар нуқтаи-назарини инобатга олиб иш тутмоғимиз шарт!»

Янги президентдан нималарни кутиш мумкин? Ижроқўм аъзоси лавозими учун ажратилган муддатни кўриб чиқиш - муҳим масалалардан биридир. Лекин Чефериндан унданда муҳимроқ муаммоларга ечим топиш талаб этилади. Сир эмаски, бутун ёз давомида қитъанинг топ-клублари ўзига хос супер-лига ташкил этиш ниятида эканликлари хусусидаги гап-сўзлар роса «қайнади». Ҳаттоки,  янги мусобақанинг бош ҳомийси сифатида Хитойнинг энг бадавлат кишиларидан бири Ван Цзяньлинь тилга олинди. Августда эса ЕЧЛга доир ислоҳотлар эълон қилинди ва унга кўра, етакчи чемпионатларга кўпроқ ўрин ажратилиши маълум бўлди. Бу ўзгаришлар кўпчиликнинг норозилигига олиб келди - гўёки, ушбу ислоҳот бадавлат ва қашшоқ клублар ўртасидаги тафовутни янада ошириб, охир-оқибат, УЕФАнинг парчаланишига олиб келар экан. Дарвоқе, бу янгиликка Мишель Платинининг  ўз лавозимидан четлатилиши оқибатида УЕФА бошқарувида юзага келган бўшлиқ даврида қўл урилди. Шу боис, Чефериннинг айни масала хусусидаги фикр-мулоҳазалари кўпчиликни қизиқтириши табиий. Словения вакили ESPN мухбирига берган интервьюсида ана шу долзарб мавзуга ҳам маълум даражада ойдинлик киритди. Ҳа, Чеферин ЕЧЛдаги янги ислоҳотларга қарши. Чунки у кичик давлатлар ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиши аниқ. «Шахсий фикримча, ЕЧЛнинг амалдаги тизими энг адолатлиси эди. Бироқ ўзгаришлар масаласида қарор қабул қилиб бўлинди. Энди ортга йўл йўқ. Олдин кўрайликчи, янги тизим қандай натижалар тақдим этади? Кейин шунга қараб, обдон бош қотирамиз». Кейин - 2019 йил. Аммо ўша вақтда ҳам Чеферин УЕФА тахтида қоладими-йўқ - буниси маълум эмас.

Дарвоқе, яна супер-лига мавзуси. «Умид қиламанки, ЕЧЛнинг янги формати супер-лига ғоясини янчиб ташлайди» - бу Чефериннинг жавоби. Етакчи лигалар ва суперклублар чиндан ҳам, шунчалик қудратлими? Наҳотки, мусобақаларни қай тарзда ташкил этишни уларнинг ўзлари ҳал қилсалар? «Наҳанг-клублар доимо кўпроқ даромад олишга интиладилар, бунга эришиш учун турли ўзгаришларни ўйлаб топадилар. Бироқ Европа футболидаги мувозанатга путур етказмаслик лозим. Мақсадим битта, биз шундай ечим топайликки, ундан барча бирдек миннатдор бўлсин!» - деди Александер.

Хуллас, УЕФА янги президентининг шиори - «Шаффофлик, меъёрдан чиқиб кетмаслик, эҳтиёткорлик ва мутаносиблик». Тўғри, бежиз Платини маслакдошларидан бири сифатида эътироф этилмаётган Чеферинга янги лавозимда осон бўлмаслиги тайин. Чунки у кичик клублар ва эндигина оёққа тураётган заиф чемпионатларни қудратли наҳанглар хуружидан ҳимоя қилиши шарт. Лекин шу билан бирга ўз нафсини қондириш учун ҳеч кимни аяб ўтирмайдиган ўша наҳангларни мазали таомлар билан етарли миқдорда таъминлаб туриш ҳам унинг бош вазифасидир. Бу эса табиийки, ўта мушкул масала... Нима бўлган тақдирда ҳам, Александер Чеферинга янги ишида самара ва омад тилаш мақсадга муфовиқ.

УЕФАнинг БАРЧА ПРЕЗИДЕНТЛАРИ

1. Эббе ШВАРЦ (Дания) - 1954-1962 йиллар

2. Густав Видеркер (Швейцария) - 1962-1972 йиллар

3. Армелио Франки (Италия) -  1972-1983 йиллар

4. Жак Жорж (Франция) -  1983-1990 йиллар

5. Леннарт Юханссон (Швеция) -  1990-2007 йиллар

6. Мишель Платини (Франция) -  2007-2015 йиллар

7. Александер Чеферин (Словения) - 2016-...

С. РАҲМОНОВ тайёрлади

Rating: +9   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика