Топ-5 чемпионатларнинг ушбу мавсумдаги энг яхши 5 нафар янги ўйинчиси
13 nov 2021 18:54
News
Топ-5 чемпионатларнинг ушбу мавсумдаги энг яхши 5 нафар янги ўйинчиси
2021/22 йилги мавсум бошланганидан уч ой ўтиб, баъзи хулосаларни чиқариш мумкин. Европа клублари трансферлар билан жиддий шуғулланиб, чемпионлик учун курашни бошладилар. "Челси" ва ПСЖ каби гигантлар кутилганидек ажойиб ғалабаларга эриша бошлаган бўлишса-да, камтаринроқ жамоалар кўп жиҳатдан янги юлдузлари туфайли ўзларини кўрсатишга муваффақ бўлишди.
Демак, бугун биз юқори даражада ўйнашни бошлаган янгилар ҳақида гаплашамиз. Ҳамма ҳам янги жамоа ва чемпионатда ўз ўрнини дарҳол топа олмайди, лекин бу йигитлар ҳеч қандай қийинчиликка дуч келишмади.
5. Такэхиро Томиясу (“Арсенал”)
Арсен Венгер кетганидан сўнг "Арсенал" жуда қийин ҳолатда қолди. Малакали ярим ҳимоячилар йўқлигидан ташқари, "канонирлар"нинг энг катта муаммоси ожиз ҳимоя эди. Улар ҳақиқий "қурол" – Такэхиро Томиясудек чинакам кучли ҳимоячини топишга муваффақ бўлишди.
"Болонья"дан 18,6 миллион еврога сотиб олинган 22 ёшли япониялик ҳақиқий мавсум кашфиёти бўлди. У жуда тез таркибда ўз ўрнини топиб кетди, клуб ва унинг махлисларини тинчлантирди.
“Арсенал”га 58 миллион еврога тушган Бен Уайт асосий юлдуз бўлишга ваъда берган бўлса-да, айнан япониялик энг яхши футболчи бўлиб чиқди.
4. Арно Груневелд (“Вильярреал”)
“Вильярреал” Арно Груневелдни “Бортмут”дан 23,5 миллион еврога сотиб олганида, бу жуда хавфли сармоядек туюлди. "Сариқ сувости кемаси" ўтган мавсумда турнир жадвалида эттинчи ўринга жойлашди ва мухлислар бу харажатларни кераксиз деб билишди.
Кейин ташвишланишга ҳожат йўқлиги маълум бўлди — Арно Груневелд шунча пулга арзишини исботлаб, бир неча бор жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Нидерландиялик ҳужумчи 10 учрашувда 6 та гол урди.
24 ёшли Груневелд тезлиги ва зарбаларининг аниқлиги билан ажралиб туради. У чап қанотдан рақиб дарвозаси томон 23 та зарба йўллашга эришди.
3. Тэмми Абрахам ("Рома")
Тэмми Абрахам ўтган мавсум бошида "Челси"нинг "тумори" ва Фрэнк Лэмпарднинг асосий ўйинчиси эди. Аммо Томас Тухель клубда пайдо бўлиши биланоқ англиялик футболчи бошланғич таркибдаги ўрнини йўқотди ва ўзини кўрсатиш учун барча имкониятлардан маҳрум бўлди.
Натижада, форвард ёзда "Рома"га сотиб юборилди ва Рим клубида 14 ўйинда 6 та гол урди. Айни пайтда Жозе Моуриньюнинг Абрахамга бўлган ишончи юқори.
2. Гави ("Барселона")
"Барса" инқирозни бошдан кечираётган бир пайтда, академиянинг бир гуруҳ умидли ёш футболчилари ижобий ҳис-туйғуларнинг деярли ягона манбасига айланишди. 17 ёшли Гави бир неча ҳафта ичида жамоанинг энг муҳим футболчиларидан бири бўлиб улгурди.
Ушбу мавсумда клуб ва терма жамоа сафида дебют қилган иқтидорли ярим ҳимоячи кўпчилик жамоадошларига қараганда анча етук футболчи эканлигини исботлади. Гави кўпчилик наздида Хавига ўхшайди. "Ла Масия" тарбияланувчиси ўйин суръатини белгилашга қодир, у бир зумда омманинг ёқимтой ўйинчиси бўлиб олди.
1. Дайо Упамекано ("Бавария")
Европанинг энг кучли ва мувозанатли жамоаси сифатида ном қозонган "Бавария" бу йил иккита йўқотишга учради. Жером Боатенг ва Давид Алабанинг бир вақтнинг ўзида жамоадан кетиши уларнинг ҳимоя чизиғини жиддий равишда заифлаштирди.
Бироқ мюнхенликлар асосий рақобатчиси "Лейпциг"дан франциялик иқтидор соҳиби Дайо Упамеканони сотиб олишди. Кутилганидек, “Бавария” жиддий ўзгаришни сезмади ва Упамекано тезда ўзини асосий жамоанинг ажралмас футболчиси сифатида кўрсатди.
23 ёшли футболчи барча фазилатлари орқали омма кўз олдида тажрибали марказий ҳимоячи сифатида гавдаланмоқда. У 80 фоизлик муваффақиятли паси билан лигадаги энг яхшиларидан бири ҳисобланади. Шу боис франциялик учун тўланган 42,5 миллион евро жуда катта сумма бўлиб кўринмайди.
Шерзод Нурматов таржимаси
Comments