"Титанлар жанги"да сенсация кўрамизми?!
13 jul 2020 06:40
News
"Титанлар жанги"да сенсация кўрамизми?!
Бугун эса турнинг марказий баҳси Тошкентда бўлиб ўтади. Турнир жадвалидаги ҳозирги ҳолатдан келиб чиқсак бу биринчи давранинг энг асосий тўқнашуви ҳам бўлиши мумкин. Амалдаги чемпион "Пахтакор" ўз майдонида АГМКни қабул қилади. Биринчи ва иккинчи ўринда бораётган жамоалар қарама-қаршилиги кўпчиликнинг диққат-марказида турибди.
Pakhtakor Igor Sergeev - 71', Dostonbek Hamdamov - 74' |
Superliga. Round 9 13/07/2020, 20:00 2
:
2
Finished
|
OKMK Arslanmirat Amanov - 33', Йован Жокич - 53' |
Referee: Sherzod Kasimov
Ротацияга икки хил ёндашадиган жамоалар
"Шерлар" асосан бир хил таркибда майдонга тушиб келишади. Рестартдан кейин Шота Арвеладзе бир марта дарвозабонни алмаштирди, қолган вақтда эса фақат марказий ҳимояда ротация қилиб келмоқда. Уч нафар ажойиб ҳимоячига эга мураббий уларни навбати билан майдонга тушириб келмоқда. Қолган чизиқларда эса ротацияга қўл урилмаяпти, мураббий ўзи учун энг кучли таркибни шакллантириб олган ва унга қарши рақиблар чора топишга қийналишмоқда.
АГМКда эса асосий таркиб доим ўзгаради. Миржалол Қосимов ҳар ўйинда қайсидир чизиқда ротация қилиб келмоқда. Олмалиқликлар рестартдан кейинги ўйинларнинг ҳеч бирида бир хил таркибда учрашувни бошлашмади. Шу сабаб АГМКнинг асосий таркиби қандай бўлишини олдиндан тахмин қилиш қийинроқ.
Арвеладзе vs Қосимов
Тартибни хуш кўрадиган икки ажойиб мураббийлар тўқнашуви. Ҳар иккиси ҳам ўйинни назорат қилишни, кўпроқ пас ўйнашни, шогирдлари тўпга эгалик қилишларини хоҳлайди. Лекин, таркиб ва ўйинчиларнинг класси томондан ёндашилса бугун мезбонлар биринчи рақам остида, меҳмонлар эса иккинчи рақам бўлиб ҳаракатланишади.
Шота Арвеладзе тўп назоратини ёқтирадиган мураббий. Унинг жамоаси доим ҳужум уюштиришга интилади, футболчилар тўпни олишлари билан янги ҳужум ташкил этиш пайига тушадилар. Грузиялик ранг-барангликни хуш кўради, шу сабаб "шерлар"нинг ҳужумлари турлича кўриниш олади. Айнан бир хил услубда ҳужум қилавермайди жамоа. Тўғри асосий куч қанотлар, лекин марказдан ҳам чиройли кириб боришлар ва паслар ижро этилади.
Миржалол Қосимов жуда кучли характерга эга мутахассис. У ҳам тўп назоратини ва кўпроқ пас ўйнашни маъқул кўради. Шунингдек, унинг жамоаси ҳужум уюштираётганда қанотларни тез-тез алмаштиради. Яъни, тўп у қанотдан бу қанотга олиб ўтилиши кўп кузатилади ёки аксинча. Қосимов шогирдлари тартибли ўйин намойиш этишмоқда. Бу мавсум мураббий жамоага ҳам характерни сингдира олди.
Ҳужумлари ранг-баранг ва мияси Черан бўлган "Пахтакор"
Пешқадамларда ўйинчилар танлови кенг ва сифатли. Бу эса ҳужумларда бир хилликдан қочишга ёрдам беради. Ўйинчиларнинг даражаси бунга имкон беради. "Пахтакор"га қарши асосий хавф қанотлардан келади. Машарипов - Сайфиев ва Ҳамдамов - Алижонов "связка"лари исталган ҳимояни ёриб ўтишга қодир. Иккала қанотдагиларни ҳам бирининг ишчи оёғини ёпсангиз иккинчиси ёрдамга келади ёки акси.
Рақиблар фақатгина қанотларни бетонлаб ташлаш эвазига "Пахтакор"ни зарарсизлантира олмайдилар. Чунки, жамоанинг мияси марказда. Ҳа, бугунги "Пахтакор"нинг ўйини Драган Черан орқали қурилади. Айнан у майдондаги асосий "ақл". "Сўғдиёна"га қарши сафардаги мағлубиятли учрашувда жиззахликлар ярим ҳимоячиси Аюбхон Нўъмонов Черанни қўриқлашни қойиллатган ва серб айтарли ҳеч нима қила олмаганди. Тўғри, ўша куни майдон сифатининг аъло даражада эмаслиги ҳам ўйинга таъсир ўтказган. Лекин, Бақоев рақиб дирижёрини ўйиндан узиб қўйгани ҳам ғалабанинг асосий омилларидан бири бўлганди. Балки, бугун Қосимов ҳам шогирдларидан бирини чемпионатимиз тўпурарига қарши персонал қўяр. Бунинг учун унга тез ҳаракат қила оладиган, бурилишлари тез ва оғир бўлмаган ўйинчи керак. Акс ҳолда Черан икки марта у ёки бу томонга ўзини тўпсиз ташлагандек бўлиб рақибини хот-догга жўнатиши мумкин.
Бир футболчига суяниб қолмаган ва характерли жамоага айланган АГМК
Олмалиқликлар ўйини бир футболчига суяниб қолмаган. Асосий таркиб доим ўзгариб туради. Қосимов ўйин ва рақибга қараб бошланғич таркибда тез-тез ўзгаришларга қўл уриб туради. Жамоа ҳужумдаги асосий ўйинчиларидан бири бўлган Элгужа Григалашвилисиз ҳам, Ватсадзе ва бошқаларсиз ҳам ўйнай олади. Бу мавсум мураббий жамоавий ўйинни шакллантира олди, унда айнан бир киши бош ролни ўйнамаяпти. Ҳар гал кимдир ўзини кўрсатмоқда, яъни исталган ўйинчидан хавф келиши мумкин.
Бу йилги АГМКнинг энг катта ютуқларидан бири - улар бу йил характерли жамоага айланишди. Бир киши кам бўлиб қолганда гол уришни ҳам, ўз имкониятлари даражасида ўйнай олишмаганда ғалабани илиб кетишни ҳам уддалашмоқда. Балки, айнан характер эвазига улар бугун ижобий натижага эришишлари мумкин.
Бир хил тактикадан фойдаланадиган ва стандартларни қойиллатадиган рақиблар
Қизиғи, Арвеладзе ҳам, Қосимов ҳам 4-2-3-1 тактик схемасидан фойдаланади. Бу мавсум икки жамоа ҳам ўйинни айнан шу тактикада бошламоқда. Лекин, ўйинчилар танлови грузияликда кенгроқ ва нисбатан кучлироқ ижрочилар йиғилган.
Икки жамоа ҳам стандартлардан фойда чиқаришни қойиллатишади. Мезбонларда Черан, Дердийок, Сергеев, Кримец, Аъзамов ва А.Исмоилов каби бўйдор ва бош билан жуда яхши ўйнайдиган футболчилар бор. Бу эса уларга стандартларда катта устунлик беради. Жарима зарбаларида тўп ҳаволатиб узатилмаган паллаларда эса Машарипов ва Черан, Машарипов ва Ҳамдамов ёки Ҳамдамов ва Черан комбинациялари ёрдамга келади. "Пахтакор" стандартни ижро этганда ҳаводан ҳам, ердан ҳам бирдек хавф кутиш мумкин.
Меҳмонлар ҳам бу борада пешқадамлардан ортда қолишмайди. Тўғри, ҳозирги АГМКда баланд бўйли футболчилар "Пахтакор"дагидек жуда кўп эмас. Лекин, стандартлар Қосимов жамолари учун алоҳида мавзу. Мураббий машғулотларда айнан стандартлар устида алоҳида ишлайди. Шу сабаб олмалиқликларнинг жарима ва бунчак зарбалари ҳам худди мезбонларники каби жуда хавфли.
Сенсация кўрамизми?!
Айни пайтда жамоалар тўплаган очколар фарқи бор йўғи битта. Лекин, таркиб жиҳатидан "Пахтакор" рақибидан бир бош устун. Мезбонлар нафақат АГМКдан, балки Суперлигадаги исталган жамоадан бир пилла поя юқорида.
Агар бугун АГМК ғалаба қозонса, сўзсиз бу сенсация бўлади. Агар меҳмонлар ҳеч бўлмаса дурангга эриша олишса ҳам кичик сенсация қайд этган бўлишади. Зеро, бу "Пахтакор"дан меҳмонда очко тортиб олиш жуда катта иш. Қосимов шогирдлари бугун ижобий натижага эриша олишса, чемпионлик учун курашда катта қадам ташлашган бўлишади. Чунки, "Пахтакор"ни сентябрь ойида катта эҳтимол Қатарда бўлиб ўтадиган ОЧЛ баҳслари кутмоқда. Бошқа мамлакатга бориб ҳар 3 кунда ўйин ўтказадиган "шерлар" қайтиб келгач Суперлигада яхшигина муаммоларга дуч келишлари аниқ. Бундан эса чемпионлик учун росмана курашмоқчи бўлаётган клублар фойдаланиб қолишлари мумкин.
Хўш, "Пахтакор" фаворит бўлган беллашувда сенсация кўрамизми? Буни бугун кечқурун билиб оламиз.
Бугунги марказий учрашувга тахминий таркибим
Comments