Тимур Кападзе: "Пенальти? Охири ўзим майдонга тушиб пенальти тепаман, шекилли"
21 mar 01:14
News


Тимур Кападзе: "Пенальти? Охири ўзим майдонга тушиб пенальти тепаман, шекилли"
- Аввало барча ҳамюртларимизни Наврўз байрами билан табриклайман. Бугун ғалаба қозондик. Балки кўпроқ гол уриб, янада чиройлироқ ғалаба қозонсак бўларди. Бироқ муҳими ғалаба эди. Балки эртароқ гол уриб олганимизда ҳисоб бошқача бўларди. Рақиблар ҳам яхши ҳимояланди. Энди биз кейинги ўйинга тайёрланамиз.
Ҳожиакбар Алижонов: - Барчани ғалаба билан табриклайман. Бизни қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат. Ўйин яхши ўтди, биз истагандек ўтди.
- Биринчи расмий ўйинингиздан нималарни кутгандингиз? Бу ўйин олдидан Катанецдан ҳам ёрдам олдингизми? Бугун Шомуродов паст баҳо олди. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Барчаси жойида. Ёрдамчиларим менинг ёрдамчиларим, Катанецники эмас. Ўйинга яхши тайёргарлик кўрдик. Ўйинда биз кутгандек ўзгаришлар бўлди. Қизил карточкадан кейин эса кўп нарсалар ўзгариб кетди. Рақиблар ҳам очко учун курашишларини билардик. Бироқ биз ўз уйимизда ўйнаётганимиз учун уларга имконият қолдирмай ғалаба қозонишимиз керак эди. Балки рақиблар 11 киши бўлиб қолганида бизга осонроқ бўларди. Биринчи ва иккинчи бўлимда ҳам кўплаб вазиятларга эга бўлдик. Балки голларни кейинги ўйинларга олиб қўйгандирмиз, муҳими натижага эришдик.
- Туркманистонга қарши ўйинда орттирилган жароҳатдан кейин кўп вақт ўйнамадингиз, аслида шунга ким айбдор эди?
Ҳожиакбар Алижонов: - Бу айб эмас ёки кимнингдир айби эмас. Туркманистонга қарши ўйиндан кейин Эрон билан ҳам икки тайм ўйнаганман. Кейинчалик "Пахтакор"да ҳам ўйинларда қатнашдим. Футболда жароҳатлар оддий ҳолат.
- Жалолиддин Машариповнинг сариқ карточкаси бор эди. У бунга қадар ҳам шундай ҳолатларда сариқ карточка олганди. Ўз навбатида Эрон чемпионатида ўйнайдиган бошқа бир футболчи Остон Ўрунов ҳам Эронда ўйнамайди. Бу икки асосий футболчисиз вазиятдан қай тариқа чиқиб кетмоқчисиз?
- Ўзи йиғинга Алиқулов чақирилганди. У жароҳат олди. Кейин эса Остон Ўрунов келди. У машғулотда оёғи оғриб қолди. Футболда бундай ҳолатлар бўлиб туради. Биз ҳам бундай жараёнларга тайёр бўлишимиз керак. Ўйлаймиз, қараймиз. Машарипов катта йўқотиш бўлди. Ўйиндан олдин уларга барчаси айтилганди. Олдинда вақтимиз бор, барчанинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қиламиз. Термага чақирилган барча футболчиларга ишонч билдирамиз.
- Жаҳон чемпионатига бир қадам қолди. Эрон БАА термасини мағлуб қилди. Бизга 3 очко ҳам етиши мумкин. Йигитларнинг ҳозирги кайфияти қандай?
- Кайфият зўр. Сўнгги икки кун жуда зиқ ўтди. Айрим йигитлар сўнгги паллаларда термага етиб келишди. Асосийси ғалабага эришдик ва вазифага яқинлашдик. Ҳозирдан кейинги ўйинга тайёргарлик кўряпмиз, чунки Эронда осон бўлмайди. У ерда ҳам очко олишга ҳаракат қиламиз.
- Ўйин давомида Шомуродов пенальтидан фойдалана олмади. Негадир ўзбек футболида сўнгги пайтларда пенальтидан фойдаланиш муаммо бўлиб келмоқда. Бунга нима сабаб деб ўйлайсиз?
- Бу муаммо эмас, руҳий жараён. Бугун пенальтини ёмон тепмади. Дарвозабонлар яхши ҳаракат қиляпти. Ўткир Юсупов ҳам бизни неча марта пенальтилардан қутқарган. Бундай индивидуал ҳолатлар бўйича гапириш қийин. Элдорда бугун босим йўқ эди, исталган бурчагига тепса бўларди. Балки урганимизда бошқачароқ бўларди. Умуман олганда, ўйинни йирик ҳисобда ютганимизда яхшироқ бўларди. Асосийси, баҳс бизнинг назорат остида ўтди. Балки гол урилганида кўпроқ урсак бўларди. Олдинда ўйнадик ва вазиятни кутдик. Менимча, рақибларда бирорта вазият бўлмади.
- Эшитишимиз бўйича март ойининг ўзида термага жаҳон чемпионатини ҳал қилиш вазифаси юкланибди. Айрим легионер футболчилар Эронга қарши ўйиндан кейин Тошкентга қайтиб, бу ҳолатни нишонлашга тайёрланар экан. Бу гаплар қанчалик рост?
- Бу ҳақда биз ҳеч нима эшитмадик. Шундай бўлсин. Эронни ўйлаб тайёргарликни бошладик.
- Терма бугунги ўйинга қадар доимо 3 марказий ҳимоячи билан ўйнаб келаётганди. Қизил карточкадан кейин сиз ҳужумкор футболчини туширсангиз бўларди, лекин сиз учликни сақлаб қолдингиз. Бу Эронга қарши ўйиндан олдин ўзгариш қилишни истамаганингиздан далолатми ёки рақибнинг қарши ҳужумидан қўрқдингизми?
- Барибир ҳимояда ишонч бўлиши керак. Учталик ҳимояда барча бир-бирини назорат қилиб туради. Агарда икки марказий ҳимоячи билан ўйнаганимизда ярим ҳимоячилар орқароқ ўйнаши керак бўларди. Балки кейинги ўйинларда тўрт ҳимоячи билан ўйнармиз. Қараймиз, йўқотишларга қараб иш тутамиз.
- Иккинчи қаватда биз умуман юта олмадик. Кўплаб бурчак зарбаларидан самара чиқмади. Бу борада қандай ишлар олиб борилмоқда. Пенальти масаласида ҳам саволим бор. Сиз ўйнаган вақтда Сервер Жепаров пенальти тепарди. Яна бир савол бор: Одил Ҳамробековда тўпни олиб қўйиш сифати яхши, Шукуровда эса зўр пас бериш. Бироқ бугун марказдан пасларни кўп кўрмадик. Жалолиддин Машариповни марказга олганингиздан кейин марказдан паслар кўпайди.
- Одилда ҳам бундай паслар бор. 5 кишилик ҳимояда марказдан паслар ўтиши қийин. Барча футболчиларим бундан ҳам кўпроғини қила олади. Акмал Мозговойни ҳам бугун синаб кўрдик. Барчани қараб, ишлаб кўрамиз. Бизда вақт кўп бўлмади. Элдор бир кун олдин келди, стандартларга келганида чарчоқ ҳис қилиб, машғулотдан чиқиб кетди. Балки янада зичроқ ўйинчиларни жойлаштирсак, рақибларнинг паслари ҳам ўтмаслиги мумкин.
- Эронга қарши ўйин биз учун ҳаёт-момот жанги бўлади. Ушбу ўйинга сюрпризлар тайёрлаганмисиз ёки шу ўзимизнинг содда услубда ўйнаймизми?
- Бу содда услуб эмас. Ҳужумда ҳам ўйнасак бўлади. Икки кун давомида ишланмалар бўлди. Биринчи бўлимда яхши имкониятларга эга бўлдик. Машариповнинг йўқотилгани биз учун бошоғриқ бўлади. Натижа учун боримизни берамиз. Футболчилар ҳам натижа учун ўзгаришларга доимо тайёр бўлади.
- Бизда доимо пенальтилар серияси ёки пенальтилар билан муаммолар бўлиб келган. Бу бўйича ишлар олиб бориляптими?
- Ҳа, эътибор беряпмиз. Охири ўзим чиқиб пенальти тепаман, шекилли. Барча футболчилар машғулотлардан кейин қўшимча ишлашяпти. Элдор бошқа бурчакка ҳам тепиши мумкин эди. Яхши тепди ҳам, дарвозабон олиб чиқди. Буни камроқ муҳокама қилиш керак деб ўйлайман.
- Бугунги ўйинда жамоамиз 24 зарба бериб, 1 тагина гол урди. Эронга қарши ўйинда бунча зарба бера олмаслигимиз мумкин.
- Йигитлар ҳаракат қилишмоқда. Тўпнинг динамикаси ҳам яхши бўлди. Эртага тикланиш, индинга эса тайёргарлик бўлади ва ундан кейинги кун йўлга чиқамиз. Бу ҳолатларни тўғрилашга вақт етса, ишлаймиз. Бу ўйин билан Эронни солиштириш нотўғри. Барчамиз Эроннинг қандай жамоа эканлигини биламиз. "Озоди"да ўйнаш осон эмас. Жамоада йўқотишлар ҳам бор. Барчасига қараб, ишлар яхши бўлишига ҳаракат қиламиз.
- Мураббий сифатида сизга ҳавас қилиш қийин. Сизда терма билан ишлаш учун вақт етарли эмас. Эрон билан ўйинга оз вақт қолди. ЎФА сизга қадар мураббийларга кўп йиғинлар ташкил қилиб берди. Сизда ҳозирча бундай шароитлар қилиб берилганича йўқ. Бундай ҳолатдан чиқиб кетиш учун нималарни ўйлагансиз?
- Бир нарса дейиш қийин. Термани йиғишга шароит ҳам бўлмади. ФИФА кунини кутдик ва бу бирданига расмий ўйинларга тўғри келди. Футболчилар ҳам ўйинга яқин етиб келишди. Кўплаб футболчилар йўлдан келгани учун қаттиқ шуғуллана олмадик, фақатгина назарий машғулотлар орқали рақибни ўргандик. Иккитагина машғулотда боғланмалар бўйича ишладик. Балки яна 2 кун бўлганида яхшироқ бўлармиди. Ўйлайманки, бу ўйин биз учун фойдали бўлди. Қирғиз Республикасининг қандай ўйнашини билардик. Бироқ Эрон бошқача ўйнайди. Уларнинг ўйинларини кесиб, футболчиларга кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Терма жамоада шундай қийинчиликлар билан ўйинга етиб келдик. Ғалаба муборак! Бу орқали Жаҳон чемпионатига оз қолди. Барчамизга Жаҳон чемпионатига бориш насиб қилсин.
Similar news

Comments
--------------
Duxni berma Kapadze. Tarkib zo'r. Hech bulmaganda durang o'ynanglar. Oldin hatto bundan kuchsizroq tarkib bilan o'sha Ozodiysida Eronni yutganmiz ham