Тимур Кападзе: "Ҳимояда юзага келган хато эвазига гол ўтказиб юбордик"
24 aug 2021 21:52
News
Тимур Кападзе: "Ҳимояда юзага келган хато эвазига гол ўтказиб юбордик"
"Қийин ўйин бўлди. "Арал Самали" жамоаси ҳам бугунги ўйинга астойдил тайёргарлик кўргани кўриниб турибди. Сунъий майдонда футбол ўйнаш барибир қийин. Яхши ўйнаётгандик, ҳимояда юзага келган хато эвазига гол ўтказиб юбордик. Ўйиннинг сўнгги қисми кескин ва қизиқарли руҳда ўтди. Бугун икки очко йўқотдик, деб ўйлайман, чунки биринчи бўлимда кўплаб вазиятлардан фойдалана олмадик. "Арал Самали"га кейинги ўйинларда омад тилайман.
Кимдир хато қилмаса, гол бўлмайди. Ҳимоячимиз хатоси эвазига гол ўтказиб юбордик. Хато ва камчиликлар устида ишлаймиз, мақсадимиз сари ҳаракат қилишда давом этамиз.
"Арал Самали" жамоаси яхши шаклланмоқда экан, ўзгаришлар кўп. Бу ерда футболни яхши кўрадиган мухлислар сони кўплаб топилади, лекин майдон барибир белгиланган стандарт даражасида эмас. Биринчидан, сунъий майдон, бундан ташқари, бир оз кичикроқ. Лекин футбол ўйнаса бўлади.
Фарғонанинг "Нефтчи" клубига ҳужумчи сифатида келганимда жамоа сафида бир қатор тажрибали футболчилар бор эди. Хусусан, қорақалпоқ футболидан Неъматулло Қуттибоев ҳам ўйнаган. Ёдимда бор, у киши бизга вазиятларни гол билан якунлаш бўйича кўп нарсаларни ўргатган. Бундан ташқари, жамоада ака-ука Дўрмоновлар, Сергей Лебедев, Александр Писарев, Андрей Фёдоров каби номдор футболчилар бор эди, улардан кўп жиҳатларни ўрганганмиз", – деди "Олимпик" бош мураббийи.
Comments