Latest news

07:26Ўртоқлик учрашуви. «Қўқон-1912» «Сўғдиёна» мағлуб этди  0 01:48"Ал Шабаб" "Милан" футболчисини 14 млн евро эвазига харид қилишга тайёр, аммо...  3 01:21"Милан" сардори "Галатасарой"ни рад этди. Турк клуби ҳимоячига "Милан"дагидан кўпроқ маош таклиф қилганди  0 00:51"Комо" Рафаэль Вараннинг трансферини эълон қилди  3 00:22"Жирона" "Тоттенхэм" форвардини ижарага олиш бўйича келишувга эришди  0 23:51"Манчестер Юнайтед" яқин вақтларда Санчонинг тақдирини ҳал қилади  0 23:21"Барселона" собиқ футболчиси "Ювентус"га ўтишга яқин  0 22:55Мбаппесиз: "Реал" АҚШдаги турне учун таркибини эълон қилди  2 22:31"Реал" 2025 йилда Трент ва Дэвис билан текинга шартнома имзолаш устида ишламоқда  4 22:06"Галатасарой" 22 млн еврога РПЛдан ўйинчи харид қилади?  0 21:23"Челси" "Реал" посбони билан шартнома имзоламайди  6 20:56Сержи Роберто "Аякс"га ўтиши мумкин. У "Барса"дан эркин агент мақомида кетади  0 20:31МЮ 25 млн евро эвазига Мазрауининг ўтиши борасида "Бавария" билан келишувга эришди  1 20:04"Атлетико" "Вильярреал" форвардига қизиқмоқда  0 19:32"Тоттенхэм" кореялик ўйинчини трансфер қилди  3

«Тилла бола» - бу мақомни олган футболчиларнинг кейинги тақдири News

«Тилла бола» - бу мақомни олган футболчиларнинг кейинги тақдири

Ренату Саншеш ва яна 13 нафар «тилла бола». «Бавария» вакили Ренату Саншеш Golden Boy совринининг 14-лауреатига айланди. Эътиборлиси, у Европада энг яхши ёш футболчига топшириладиган совринни ютган биринчи португалиялик бўлди.
Soccer.ru сайти шу муносабат билан Ренатуни алоҳида табриклаган ҳолда, аввалги лауреатларга нигоҳ ташлаб, нуфузли соврин уларнинг кейинги футболчилик тақдирларига қандай таъсир қилганини кўриб чиқди. Эслатиш жоиз,  Golden Boy мукофоти 2003 йили Италиянинг Tuttosport нашри томонидан таъсис этилган. У шундан буён ҳар мавсум якунига кўра, топшириб келинмоқда. Индивидуал совринга Европа миллий чемпионатларининг олий дивизионида тўп сурувчи 21 ёшдан кичик футболчилар даъвогарлик қилишлари мумкин. Ҳа, «Тилла бола» мақомига эришган йигитларнинг кейинчалик нималарга эришганлари кўпчиликни қизиқтириши тайин. Ахир лауреатларнинг энг каттаси ҳозирда 33 ёшни қаршилашга улгурди.

2003 йил - Рафаэль ван дер Варт («Аякс»; Голландия)

Обрўли совриннинг биринчи соҳиби сифатида голландиялик Рафаэль ван дер Варт танланди. У ўша пайт 20 ёшда эди ва «Аякс»да асосий хавбек мақомида тўп сурарди. Умуман, айнан мавсум-2002|2003 Рафаэль учун бутун фаолияти давомидаги энг сермаҳсули бўлиб қолди. Хуллас, Италия нашри унинг барча турнирларда Амстердам клуби учун  нақ 22та гол урганини асос қилиб олганди. Биринчи «Тилла бола» яна 2 йилча эредивизионда ушланиб турди ва шундан сўнг «Гамбург» сафига қўшилди. «Реал» таркибида ўтган икки мавсум эса, унинг учун фаолияти чўққиси бўлди. Рафаэль «Қироллик клуби» билан хайрлашгач, «Тоттенхэм»да ҳам 2 йил муносиб ўйнади. Кейин ўйинида пасайиш бошланди ва «Гамбург»га қайтди, бироқ бундеслигада доимий равишда жароҳатлардан панд эди ва ортга чекиниши давом этди. Ҳозирда 33 ёшли голланд Даниянинг «Мидтьюлланд» жамоаси шарафини ҳимоя қиляпти. У - ЖЧ-2010 кумуш медали ва Евро-2004 «бронза»си соҳиби.

Хулоса. Ушбу «Тилла бола»дан таниқли футболчи чиқди. Фақат, бир нарсани қўшимча қилиш лозим, ўша мавсум экспертлар негадир Криштиану Роналдуга эътибор қаратишмаганди.

2004 йил - Уэйн Руни («Эвертон»|«МЮ»; Англия)

Иккинчи лауреат Уэйн Рунига нисбатан ҳам худди шу гапларни такрорлаш мумкин. Тўғри, у айни пайт маълум муаммолар гирдобида, лекин футбол тарихига ёрқин из босиш уддасидан чиқди. Инглиз ҳужумчиси ўша 2004 йилиёқ Европа чемпионатидаги ўйинлари орқали бутун дунёга овоза бўлди ва «Эвертон»дан «Манчестер Юнайтед»га ўтди. Руни шунингдек, кейинчалик «Олтин тўп» даъвогарлари рўйхатига тушди, Англия миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди ва АПЛнинг барча даврлардаги голеадорлари рейтингида 2-ўринга кўтарилди (ундан олдинда биргина Алан Ширер бор). Қолаверса, «Шрек» яна 3тагина гол урса, афсонавий  Бобби Чарльтонга етиб, «Манчестер Юнайтед» тарихидаги энг сермаҳсул футболчи мақомини олади.

Хулоса. Уэйн Руни чиндан ҳам, «Тилла бола» эканлигини исботлади.

2005 йил - Лионель Месси («Барселона»; Аргентина)

Tuttosport 2015 йили Golden Boyга муносиб йигитни топишда сира адашмади. Яъни итальянлар учинчи уринишда нишонни мутлақо бехато уришди. Ваҳоланки, Лео ўша пайт гол «муҳрлаш»ни ҳали саноат конвейри даражасига олиб чиққан эмасди. Дейлик, мавсум-2004|2015 давомида «Барселона»нинг 17та ўйинида иштирок этиб, атиги 4та гол билан кифояланганди. Қолаверса, бор-йўғи 18 ёшли ўспирин эди. Кейинчалик ҳаммаси қандай тус олгани эса барчага маълум!

Хулоса. 3-рақамли «Тилла бола» «Олтин тўп»нинг 5 карра соҳибига айланди ва бу эҳтимолки, ҳали чегара эмас. Ортиқча гапга ўрин ҳам йўқ.

2006 йил - Сеск Фабрегас («Арсенал»; Испания)

Сеск Фабрегас юқори даражадаги тўлақонли иккинчи мавсуми якунида совринга муносиб топилди. Каталониялик йигит ўшандаёқ «Арсенал» ярим ҳимоясида «об-ҳаво»ни белгилаб беришни бошлаган, бироқ асосий ютуқлари ҳали олдинда эди. Сеск кейинчалик Испания миллий жамоаси билан жаҳон чемпиони бўлди, шунингдек, Европа биринчилигида 2 марта зафар қучди. Клуб миқёсида эса, жонажон жамоаси - «Барселона»га қайтиб, бир қатор совринларга эга чиқди ва яна Англияга йўл олиб, «Челси» сафида чемпионлик гаштини сурди. Унга битта натижа етишмаяпти - Чемпионлар Лигасидаги ғалаба, лекин бунинг учун ҳали имконияти йўқ эмас. Зеро, Фабрегас ҳозир 29 ёшда ва ҳали яна 3-4 йил юқори савияда ўйнаса керак.

Хулоса. Фабрегас ҳам Италия нашрини уялтирмай, «Тилла бола» номига муносиб ўйнади.

2007 йил - Серхио Агуэро («Атлетико»; Аргентина)

Агуэро «Атлетико» таркибидаги биринчи мавсумидан сўнг Golden Boy соҳибига айланди, гарчи ўшанда атиги 7та голга муаллифлик қилган бўлсада. Муҳими, аргентиналик ҳужумчи бу авансни кейинчалик тўла оқлади.  Яъни Мадридда ўтган самарали 5 йилдан сўнг «Манчестер Сити» сафини тўлдирган «Кун» Англияда ҳам ўзига хос самарадорликни сақлаб қолди. Хусусан, битта мавсумга боғлиқ шахсий рекордини 30та гол маррасига етказди ва ҳақли равишда замонавий футболдаги энг яхши ҳужумчилардан бири мақомини олди.

Хулоса. Яна бир бехато танлов. Ҳа, итальянларнинг топқирликларига қойил қолиш керак.

2008 йил - Андерсон («Манчестер Юнайтед»; Бразилия)

Шундай, аммо бразилияликлар орасидан танланган илк лауреат ишончни оқлай билмади. Тўғри, Андерсон «Манчестер Юнайтед»дек клубда нақ 180та ўйин ўтказди, аммо буюклар қаторига қўшилолмади, барибир. Боз устига, Бразилия терма жамоасида ҳам мустаҳкам жойга эга бўлолмади. 28 ёшли ярим ҳимоячи айни пайт ўз ватанида «Интернасьонал» шарафини ҳимоя қилмоқда.

Хулоса. Итальянларнинг биринчи жиддий адашишлари. Ҳарқалай, Андерсон ҳозир айни кучга тўлган ёшда, бироқ еврофутболдан узоқлашиб улгурди.

2009 йил - Алешандре Пато («Милан»; Бразилия)

Пато фаолиятининг старт босқичида ақл бовар қилмас маҳсулдорлиги билан кўпчиликни шошириб қўйди. Бироқ «Милан» сафидаги 150та ўйинда 63та гол урган футболчига кейинчалик жароҳатлар қаттиқ панд берди. Қисқаси, у евроареналарда ўз салоҳиятини тўлиқ намойиш этолмади. Натижада бразилиялик ҳаттоки, ўз ватанига қайтишга мажбур бўлди. Жорий йил эса Пато яна «кўҳна қитъа» футболини «бўйсиндириш»га уринмоқда. Аниқроғи, ҳужумчи маълум вақт «Челси» захира ўриндиғини «иситди» ва шундан кейин «Вильярреал» аъзосига айланди. Ҳозирда жамоанинг ўйинларида мунтазам иштирок этмоқда.

Хулоса. Қарангки, бразилиялик иккинчи «Тилла бола» ҳам бу мақомга мос эканлигини исботлай олмади. Ҳарқалай, ҳамма Патодан кўп нарса кутганди.

2010 йил - Марио Балотелли («Интер»|«Манчестер Сити»; Италия)

Италияликларнинг Марио Балотеллига ҳам катта умид билан қарашгани аниқ. «Бебош» ҳужумчи 2010 йилиёқ Чемпионлар Лигаси ғолиби сифатида «Манчестер Сити» сафига қўшилиб, АПЛни забт этишга чоғланди. Бироқ клубда совриннинг яна бир соҳиби Серхио Агуэродек бош ролга кўтарилиш иложини тополмади. Кейин хира тортилган юлдуз Евро-2012да бир зумга яна порлади - ярим финалда Германия термасига «тортиқ» этган 2та голини эсланг. СуперМарио кейин «Милан» вакилига айланди ва «Ливерпул»га боргани хато қадам бўлиб чиқди. Хуллас, 2 йилни йўқотган Балотелли эндиликда камтарона «Ницца»да фаолиятини қайта жонлантириш ҳаракатини амалга оширмоқда.

Хулоса. Ҳозирча аниқ баҳо беришга эрта бўлсада, Марионинг «Тилла бола» номини оқлаши қийин-ов...

2011 йил - Марио Гётце («Боруссия»; Германия)

Гётце ҳам жамоа алмаштиргач, қийинчиликларга учради. Чунончи, «Бавария»нинг асосий таркибига киролмади ва ёзда бошқатдан қўзғалиш мақсадида Дортмундга қайтди. Шунинг баробарида Марио мундиал-2014 финалида «олтин» гол муаллифига айланиб, жаҳон чемпиони бўлди. Бу унинг «Тилла бола» эканлигининг илк аломати эди.

Хулоса. Навбатдаги аломатлар ҳам кўринадими? Айтиш мушкул. Аммо Tuttosport нашрининг бежиз Гётцени шарафламагани ҳозирдан тайин. Нима дердик, 24 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячида экспертлар ёзини ёруғ қилиш учун имконият ҳам, вақт ҳам етарли.

2012 йил - Иско («Малага»; Испания)

Иско аввалига «Валенсия»да «исиниб» ўтирди, кейин «Малага»да бор салоҳиятини кўз-кўз қила бошлади. Хуллас, «анчоуслар» таркибидаги бир мавсум натижалари ўлароқ, «Тилла бола» бўлишга номзодлар қаторига кирди.  Итальянлар қандай миқёсдаги футболчига назар солишганини яхши тушунишарди. Исконинг «Реал»га кўчиб ўтиши ҳам кимнидир ортиқча ҳайрон қолдирмади. Ҳа, ярим ҳимоячи айни пайт маълум даражада мураккабликни сезмоқда. Яъни доим ҳам асосий таркибдан жой олмаяпти. Иккинчи томондан, футболчи «Қироллик клуби»даги 3та мавсумдан кўпроқ вақт ичида чамаси 150 мартача майдонга тушиб, 24та голдан хирмон тўплашга улгурди. Қолаверса, яна 31та аниқ зарбага ассистентлик қилди. Умуман, Иско мавсум-2013|2014дан буён голга «шериклик» масаласида «Мадрид» хавбеклари орасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлиб турибди.

Хулоса. Исконинг катта футболда айтар сўзлари ҳали кўплигига шубҳа йўқ. Ҳозирги ҳолат бўйича гапирсак ҳам, итальянлар танловини маъқуллаш мумкин.

2013 йил - Поль Погба («Ювентус»; Франция)

Поль Погба тақдири худди Исконикига ўхшаш. Франциялик иқтидор «МЮ»да ўйин амалиётисиз қолди, аммо «Ювентус»га ўтгани ҳамоно кўп нарсага қодирлигини намойиш эта бошлади. Мана, Погба ёзда «Олд Траффорд»га қайтиш асносида футбол тарихидаги энг қимматбаҳо ўйинчи мақомини олди. Демакки, Golden Boy қисқа даврда «Олтин тўп»нинг бўлажак 5 карра соҳиби, жаҳон ва Европа чемпиони, шунингдек, барча замонлар ва халқларнинг энг қимматбаҳо футболчиси мулкига айланиб улгурди. Ҳа, итальянларга хос аниқликка яна бир марта тасанно!

Хулоса. Погба ҳозирча трансфер нархи масаласида ишончни ортиғи билан оқлади. Энди навбат бевосита спортча натижаларга.

2014 йил - Раҳим Стерлинг («Ливерпуль»; Англия)

Англиялик йигит «Ливерпул»да дарҳақиқат, барчасини ҳайратомуз даражада бошлаб, шунга яраша, нуфузли совринни қўлга киритди. Аммо шуниси борки, Раҳим айни пайт бироз ўзгарди. Тўғри, ортда қолган 2 йил давомида бутунлай «из»дан чиққани йўқ: катта маблағ эвазига «Манчестер Сити» либосига бурганди, Европа чемпионатида иштирок этди ва Хосеп Гвардиола «шаҳарликлар» бош мураббийи лавозимини эгаллагач, бироз фаоллашди ҳам.

Хулоса. Стерлинг «Тилла бола» мақомини оқлаш учун ҳали анча ўсиши керак. Бошқача айтганда, ўз вақтининг энг иқтидорли футболчиларидан бири эканлигини амалда тўла исботлаши талаб этилади.

2015 йил - Антони Мартиаль («Монако»|«МЮ»; Франция)

 «Манчестер Юнайтед» таркибидаги учинчи лауреат. Клубнинг Golden Boy, яъни олтинга тенглаштирилган болалари сони яна битта кўп бўлиши мумкин эди, агарда экспертлар 2003 йили Роналдуга эътибор қаратишганида. Антони ҳозирча чакки эмас. 20 ёшли йигитнинг бутун фаолияти ҳали олдинда ва унинг аслида нималарга қодирлигини аниқлаш учун бироз сабр қилишга тўғри келади.

Хулоса. Ҳа, сабр керак, лекин ҳозирдан итальянларнинг Мартиаль масаласида ҳам адашмаганлари белгилари кўзга ташланмоқда.

2016 йил - Ренату Саншеш («Бенфика»|«Бавария»; Португалия)


Саншеш - «Тилла бола» мақомини йирик халқаро турнир ғолиби сифатида олган биринчи футболчи. Биласиз, у ёзда Португалия миллий жамоаси сафида чакки таассурот қолдирмади. Кўринишидан, итальянларнинг бу сафар айнан Саншешни эътироф этишганида айнан Евро-2016даги ўйинлари ва унинг якуний натижаси ҳал қилувчи омил бўлган. Чунончи, даъвогар ҳисобланган Маркус Рашфорд, Деле Алли ва Кингсли Коман каби йигитларда ҳам имконият ёмон эмасди. Саншеш Европа биринчилигидан олдин «Бенфика»ни «Бавария»га алмаштирганди. Хуллас, янгигина «Тилла бола» айни пайт Мюнхенда мослашув жараёнини давом эттиряпти.

Хулоса. Оддий ва тушунарли гап: барчасини олий ҳакам - вақт кўрсатиб беради.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Rating: +3   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика