Тавсия қиламиз. Гвардиоланинг ғолиблик фалсафаси
21 may 2018 19:30
News
Тавсия қиламиз. Гвардиоланинг ғолиблик фалсафаси
Душанба куни Гвардиола MNFга борди. Айни дамда дунёнинг топ-мураббийларидан бири билан бўлган бир соатлик суҳбатда унинг тактикаси борасида ҳам гап кетди. Бунақаси камдан-кам бўлади. Олдин бу ерда Клаудио Раньери, Брендан Рожерс, Шон Дайч ва Юрген Клопп каби мураббийлар ҳам меҳмон бўган. Интервью жуда яхши ўтди, кутилганидан ҳам аъло. Мавсум якунланган ва шу боисдан Невилл 63 дақиқа вақт давомида "Манчестер Сити"нинг ажойиб мавсуми ҳақида гапиришга ҳаққи бор эди.
ГВАРДИОЛА ФУТБОЛИ БАРЧА УЧУН ЭМАС
Ҳа! Пеп миллионлаб инсонлар танқид қилмаслиги учун чемпион бўлиши керак эди: "Бу мавсумдаги омадли иштирокимизнинг асосий сабаби - футболчиларнинг даражасидир. Одамлар жуда кўп маблағ сарфлаганимиз учун чемпион бўлганимизни айтишди. Аслида ҳам шундай“.
У ҳақиқатни тан олдими? Ёки жаҳл устида вазиятдан шу тарзда чиқиб кетдими? Ёки у шуни айтишни истаганмиди? Йўқ, ҳаммаси жойида. Иборани исталган услубда ишлатсак бўлади. Гвардиола барча ҳам футбол ўйнай олмайди деб фикрлайди. Кейинчалик Пепнинг ўзи бу фикрини маъқуллади: "Мен бирорта футболчимдан Месси каби бир йўла 3-4 нафар футболчини алдаб ўтиш кераклигини айтмайман. Умуман бундай демайман. Бироқ оддий ҳолатларда футболчиларим хато қилишса, жаҳлим чиқади. Тўпни тўхтатиш ва пас ошириш - мен учун оддий ва энг керакли бўлган жиҳатлардир. Биз мана шунга катта эътибор берамиз ва шу сабабдан жамоаларим тўпни ўзида ушлаб тура олади. Бироқ улар бир хато қилса, буни ҳеч ким тузата олмайди“.
Ўша вақтда Гвардиолага "Бёрнли"да Шон Дайчдан ҳам яхшироқ ишлаган бўлармидингиз?” деб савол бермоқчи эдим, бироқ индамадим. Шак-шубҳасиз, "қайта қуриш" ишлари муваффақиятсиз якунланган бўларди. Бироқ "қайта қуриш" фақатгина янги ва қимматбаҳо футболчиларни олиб келиш дегани эмас. Гап футболчиларнинг тизимга мос тушиши ҳақида кетмоқда. Бу планда "Сити" яхшигина натижага эриша олди. Жамоага олиб келинганларнинг ўртача ёши 23,6ни ташкил этди. "Ёшларда куч кўп бўлади. Биз жамоага куч қўшишни истадик", - деди Гвардиола.
Пепнинг фалсафасида бошқа йўл деган тушунча йўқ. Ҳаттоки у энг оғир вазиятда ҳам ўз фалсафасидан чиқиб кетмайди. "Албатта, ўз ғояларим билан АПЛни юта олишим борасида кўп ўйлаганман. Фикрлар ҳар доим бўлади. Менинг мураббийлар штабим эса фалсафамга ишонади. Ҳеч қачон ўз ғояларимни ўзгартирмайман ва нима қилаётганимизга ишонаман. Сиз "Ютсанг - Худосан, ютқазсанг - ҳеч ким" мантиқида футболни таҳлил қилинг. Ўшанда сиз жамоамнинг бу мавсумдаги ишларини кўра оласиз“.
ФОЙДАЛИ ЮГУРИШ
"Тўп рақибларда бўлганида ўз шогирдларимнинг, топ-футболчиларнинг, ҳақиқий юлдузларнинг югуришини кўриб, мураббий сифатида ғурурланаман. Ҳар доим уларга камроқ югуриб, кўпроқ иш бажара олиш мумкинлигини уқтираман. Менимча, бу бизнинг энг катта сиримиз. Агарда кимдир югурмаса, менинг олдимда, захира ўриндиғида бўлади. Мен оддий хатоларни кечираман, бироқ кам югурганларни жамоамда олиб қолмайман“. Шундан кейин Пеп ўзига ёқмайдиган футболчилар типини айтиб берди.
"Футболда югуриш ва курашиш керак. Бизнинг ўйинларни таҳлил қиладиганлар бизда жисмоний жиҳатдан муаммолар йўқлигини айтадилар. Чунки жамоанинг югуриши доимо бир меъёрда бўлади. Бу ҳам бизнинг сирларимиздан бири. Менимча, бу тактикадан ҳам муҳимроқ", - деди Гвардиола.
Бир вақтлар Пепнинг бир гапи Гари Невиллга ёқмаганди. 2013 йилда Гари Пеп ҳақида шундай фикрлар билдирганди.
"Пеп Гвардиола ҳимоячиларига яхши прессинг қилишни ва ундан ташқари уялмасдан: "Уларни ўлдиринг", дерди. Бу кўпчиликка эшитиларди. Агарда у АПЛда ишлаб, "Уларни ўлдиринг" деса, уни динозаврга қиёслашади.
2008 йилда Пеп "Барселона"га борган вақтларида жамоанинг иқтидорини тўлиқ очиб бера олди ва шу орқали футбол тарихидаги энг кучли жамоалардан бирини яратди. Франк Райкард вақтида "Барселона" яхши комбинацияли ўйин кўрсатарди, бироқ Пеп даврига борганида жамоа тўпсиз ҳам яхши ҳаракатланишди, шунингдек, у прессингнинг янги даражасини кўрсатди“ - деганди Невилл..
"Бир футболчи бир ўйинда узоғи билан 3 ёки 4 дақиқа вақт мобайнида тўп билан бўлади. Шу боисдан у ўз тактик схемаларини шунга мослаштирди ва футболчиларини тўпсиз ўйинга ҳам тайёрлади. "Барселона" ва "Бавария"даги илк совринлардан кейин мени бир жиҳат ташвишга солган: тўпсиз ўйинни қандай шакллантираман? Менинг ҳозирги мақсадим эса тўпсиз ўйинни шакллантириш эмас, янада яхшилаш. Футболчи тўпни йўқотдими: "Йўқ, мен югурмайман", деса ўйинда мағлуб бўлади“ - деди Пеп.
ПЕП ТЎП ШУНЧАКИ УШЛАБ ТУРИЛИШИНИ ЁҚТИРМАЙДИ
Гвардиоланинг "Сити"си тўпни ўзида ушлаб туриш борасида рекорд ўрнатди. Бироқ бу рақамлар унинг учун ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Унга сон эмас, эффективлик керак. "Базель"га қарши учрашувда бизда тўпни ушлаб туриш борасида энг юқори натижани қайд этдик. Бироқ биз фақатгина бир бора зарба бердик. Тўпни ушлаб туришдан мақсад - вазиятлар яратиш. Тўпни шунчаки ўзида ушлаб туриш - аҳмоқлик. Буни ёмон кўраман", - деди Гвардиола.
Тўпни ўзида ушлаб туришни шакллантириш учун Пеп “Juego de posicion” (позицион футбол) концепциясини ишлатади. Эфир вақтида каталониялик мураббий бу борада тўхталди ва кулиб қўйди: "Футболчиларим ҳар доим шерикларининг ҳаракатларини олдиндан ўқишлари керак. Агарда икки томон ҳам яхши ишласа, барчаси яхши бўлади“. Кейинчалик Пеп мисол тариқасида бу қандай бўлишини кўрсатиб берди:
DB
"Биз футболчилар билан кўплаб видеоларни муҳокама қиламиз. Уларга қандай очилишни, узоқроқ ўйнашни, бўш ҳудудни яратишни кўрсатамиз. Бу ердаги илк мавсумимда биз буни жуда кўп марта такрорладик. Айни дамда ҳам шундай: машғулотлар, ўйинлар ва футболчиларга ёрдам берадиган барча ҳолатларни кўриб чиқамиз", - деди Гвардиола.
ПЕП ҲАР БИР УЧРАШУВДА ТАКТИКАНИ ЎЗГАРТИРАДИ
Бир вақтнинг ўзида Пепнинг атрофида икки ҳил фикр айланади: "дунёнинг энг кучли тактик мураббийи" ва "тактика етишмайди“. У ушбу парадоксни тушунди: "Мураббийда ҳар доим иккита йўл бўлади: Б режани излаш ёки А режани кучайтириш. Мен ҳар доим асосий ғояни янада яхшилашга интиламан. Бунда ҳатто кичик деталлар ҳам ўзгариши керак. Агарда Б плани - узоқ масофаларга пас бериш ва қарши ҳужумга ўтиш бўлса, бундан ҳар доим воз кечаман“.
"Манчестер Сити"нинг ўйиндаги вақти асосан ҳужумда ўтади. Ҳимояда эса прессинг ва контрпрессингга асосланади. Аммо кўплаб ўйинларда бу бошқачароқ кўринишда гавдаланади.
"Бу вазиятда биз тўпга эгалик қиляпмиз, бироқ Фабиан Делф таянчда эмас, қанотда кўриниш бермоқда. Айрим вазиятларда бу рақибнинг позициясига ҳам қаралади. Аспиликуэтта чуқур ҳимояда ўйнамоқда ва "Челси" бизга йўл очиб берган. Бизнинг режаларимиз ҳар доим рақибники билан фарқ қилади. Улар ҳимояланаётган бир вақтда биз ҳужумга ўтамиз“.
Ўша эпизод "Челси"нинг дарвозасига урилган гол билан якунланди. Гвардиола айтган принцип - бир футболчи асосий ролни ўйнайди ва рақибни ўзи билан олиб кетиб, бўш ҳудуд қилиб беради. Бироқ бошқа қанотдан Уокер тўпни ошириб берди, тўп Отамендига борди, у Кевин де Брюйнени аниқ тўп узатилиши билан таъминлади.
ҚАНОТ ҲИМОЯЧИЛАРИ - ҚАРШИ ҲУЖУМНИНГ АСОСИ
Деярли бутун бир мавсум давомида Пеп Гвардиола "ёлғончи марказий ҳимоячи" ролида Фабиан Делфни ўйнатди. Бироқ бир вақтнинг ўзида "Сити"да икки "яширин қанот ҳимоячиси" ҳам бўлди. Марказдагилар қанотдагилар билан жой алмашиб туришди. Бу эса қарши ҳужумларнинг тезлашиши учун хизмат қилди. Шундай дастур билан ўтган "Челси" ва "Лестер" билан учрашувларни мисол тариқасижа айтсак бўлади. Рақиблар "Ман Сити" билан баҳсда оғир ўйин кўрсатишди ва тўпга кам тегинишди.
"Майда паслар - менга жуда ёқади. 5 метрга пас 15 метрга тўп оширишдан кўра осонроқ. Шунда камроқ куч йўқотилади ва тўп ҳам рақибга бериб қўйилмайди", - деб тушунтирди ўз фалсафасини Гвардиола.
"Агарда биз марказда катта ҳудуд қолдирган ҳолда тўпни йўқотадиган бўлсак, унда вазиятни назорат остига олиш қийинлашади. Марказни назорат қилган жамоа ҳар доим вазиятни ҳам ўз томонида ушлаб туради“.
"Футболчилар ҳар доим асосий схема ва шерикларининг ҳаракатларини тушуниши лозим. Шунда тўп йўқотилганда футболчи ўз жойини тезда топиб олади. Бу футбол фалсафасининг асоси. Бу бўлмаса, барча қарши ҳужумларда гол ўтказиб юборилади. Футболда ҳимоя ва ҳужум схемаси доимо бир бирига боғланган. Тўп йўқотилганидан кейин ҳеч ким сизга тайм-аут бермайди“.
Пеп конкрет мисол айтди: "Агарда Делф мана шу ерда турган бўлса, бу ерда эмас (тепадаги расмга қаранг), вазият назоратдан чиқиб кетади. Ёриқ катталашиб кетади. Рақиб эса бунинг учун бизни жазолаши мумкин“.
Пеп Делф ўз ролини муносиб равишда ижро этаётганини айтди: "У ярим ҳимоячи бўлса ҳам ўзини майдон марказида яхши ҳис қилмоқда. Ўтган мавсумда ҳам Делф ҳар доим асосий таркибда майдонга тушарди, бироқ уни бу позицияда синаб кўрмагандим. Менди жароҳат олганидан кейин у ушбу жойда ҳаракат қилмоқда. У ҳар доим курашишга ва футболчиларга ёрдам беришга тайёр“.
АРТЕТА СТЕРЛИНГ ВА САНЕНИ ЯНАДА ЯХШИРОҚ ДАРАЖАГА ОЛИБ ЧИҚДИ
"Жамоа ҳеч қачон ҳужумчиларнинг голларига боғланиб қолиши керак эмас. Агарда вингерлар ҳам голлар уриб, яхши паслар бериб туришса, голлар ҳам кўпроқ бўлади. "Бавария"да менинг қўл остимда Арьен Роббен бўларди, у бирга бир ҳолатларда яхши ўйин кўрсатади. У кўплаб голлар урган ва яхши паслар оширарди. Агарда жамоа фақатгина ҳужумчиларга таяниб ўйнаса, аниқ очко йўқотилади", - деди Пеп. У Стерлинг ва Санени мақтаб ўтди.
"Микель Артета ушбу икки футболчига рақиб жарима майдончаси ичида қандай ўйнаш кераклигини тушунтира олди. Улар бирга бир ҳолатларда яхшироқ ҳаракат қилишни бошлашди. Биз вингерларга ўзига ишонса футболчиларни алдаб ўтишига ҳеч қачон йўқ демаймиз. Машғулотларда шундай вазиятларда тўп йўқотилса, ҳеч қандай ёмон жойи йўқ. Машғулотлар тугаганидан кейин йигитлар жарима майдончаси яқинидаги ўйинини ривожлантириш учун янада кўпроқ ишлашади. Бундай эпизодлар эса ўйин куни ўз мевасини беради", - деди Гвардиола.
Айни дамда Стерлинг ва Сане нафақат голлар уришади, балки Гвардиоланинг услубига кўра ўйин кўрсатишади. Улар тўп рақиб жарима майдончаси яқинига бормагунча узоқроқ масофаларда бўлишади. Гари Невилл буни шундай тушунтирганди (Пеп Гвардиола эса тасдиқлаган): бу услубни буюк "Барселона"да Кройфф ўз ўғли Йорди ва Стоичков орқали қўллаганди. Бундай ҳолатлар эса қийин вазиятдан чиқиб кетишда катта ёрдам беради.
Агарда қанот ҳимоячиси Стерлинг томон ҳаракатланмаса, Раҳимга очиқ жой қолиб кетади.
Агарда ҳимоячи Стерлингнинг олдига борса, де Брюйне учун зона очилади.
Невилл ушбу ҳолатни рақиб ҳимоячиси учун даҳшатли усул деб атади. "Тўрт кишилик ҳимоя ҳам қийналади. Қачонки вингерлар яқинроқ масофаларда бўлишса, барчаси осонроқ кечади. Узоқроқ масофаларга жойлашишса, барчаси қийин бўлади. Асосий мақсад - тўпни ўзимизда ушлаб турган ҳолда кўпроқ ишни бажариш", - деди Пеп.
Иккинчи асосий аспект - қачонки вингер узоқроқ масофадан жарима майдончасига етиб келиб, ҳужумга қўшиладиган паллани тўғри англай олиши. Гвардиоланинг айтишига кўра, бундай вазиятларда футболчиларнинг ўзига ишониши ва тажрибаси керак. Пепнинг фикрига кўра, бу мавсумда Стерлинг шундай вазифани аъло даражада бажара олди.
Тепароқдаги расмда Пеп Стерлингнинг якунланган мавсумда аналогик тарзда қайси жойларда кўпроқ бўлганини кўрсатди. Бу мавсумда Раҳим кўпроқ голлар киритди.
ПЕП ШОГИРДЛАРИНИ ҚАРШИ ҲУЖУМЛАР УЧУН МАШҒУЛОТ ҚИЛДИРМАЙДИГАНГА ЎХШАЙДИ
Якунланган мавсумда "Сити"нинг "Вест Хэм" устидан қозонган 4:0 ҳисобидаги ғалабасини шундай эслайди: "Бу ўйин КДБ-Сильва-Сане-Стерлинг-Жезуснинг биргаликдаги илк ўйини. "Сити" ўшанда рақибни қарши ҳужумларда тор-мор этиб ташлаганди“.
Пеп мақтанмади ва шундай фикрларни билдирди: "Биз қарши ҳужумларни ишлатамиз? Бу услуб ҳеч қачон менинг ғоямга кирмайди. Биз фақатгина қулай вазиятлардагина қарши ҳужумга ўтамиз. Қолган вақтларда эса тўпни кўпроқ ушлаб туриб, рақибнинг жиғига тегишни истаймиз. Қачонки жамоада Лерой Сане, Габриэль Жезус, Кевин де Брюйнега ўхшаган футболчилар бўлсагина қарши ҳужумга ўтса бўлади“.
КЕЙИНГИ МАВСУМДА АПЛ ЕЧЛДАН КЎРА МУҲИМРОҚ
Бу саволга тезкорлик билан Гвардиола: "Премьер-лигани танлайман, шак-шубҳасиз. "АПЛдан кейин ЕЧЛ бош совринини қўлга киритиш керак", деб ўйлашнинг ўзи катта хато. АПЛдаги ўйинлар жамоанинг барқарорлигини ушлаб туриш учун ёрдам беради“.
ЕЧЛни ютиш борасида алоҳида истагим йўқ. "Барселона" 1992 йилда бу турнирни ютган, Сер Алекс узоқ йиллар давомида илк совринни қўлга киритишини кутган. Бу шундай турнир. Албатта, ютгимиз келади, бироқ бу турнирда кичик хато ҳам кечирилмайди. Якунланган мавсумнинг ноябрь-декабрб ойлари биз учун энг зўр давр бўлди. Ўша вақтда одамлар бизни ЕЧЛни ютиш учун асосий даъвогар деб ҳисоблашганди. Агарда мухлислар шундай деган бўлса, демак бу ҳақиқат“.
АПЛ бош совринини қўлга киритган мураббий буни яна такрорлашга интилади. Мағлубият барчага оғир ботади, бу ўйиннинг бир қисми. Лекин бу фалокат эмас. Энг яхши йўл - навбатдаги учрашув ҳақида ўйлаш. Унда ҳам ютиш, ютқазиш ёки дуранг ўйнаш мумкин. Бироқ ҳар доим рақибдан устунроқ бўлиш учун интилиш керак. Жамоа шундай ютқазсинки, майдондан бошни баланд кўтариб чиқиб кетсин. Бу мавсумда биз АПЛнинг барча жамоаларини мағлуб эта олдик. Бундан эса жуда мамнунман“.
ПЕПДАН ЯНА БИР НЕЧА ФИКРЛАР
1) Пепнинг айтишига кўра, "Ливерпуль" ва "Манчестер Сити"нинг тизими бир-бирига ўхшаш. Фақатгина бир томонда КДБ ва Сильва бўлса, "Ливерпуль"да Салоҳ ва Мане бор. Икки жамоа ҳам кўплаб ҳужумлар уюштиради, фақатгина футболчиларнинг характери бир-биридан фарқ қилади.
2) "Рақиблар энди бизни янада яхшироқ билади. Улар биздан кўра кўпроқ тўпни ушлаб туришга интилишади. Кўплаб рақибларимиз 5 ҳимоячи билан ўйнашди. Уларга ҳужум қилиш қийин. Кейинги мавсумда биз янада яхшироқ бўлишга интиламиз“.
Пепнинг фикрлари тўғри. Унинг фалсафаси кучини камайтиришнинг энг зўр йўли - 4 ҳимоячи билан ўйнаш. "Манчестер Сити"нинг АПЛдаги сўнгги 8 ўйинидаги 6 рақиб 5 ҳимоячили тактикани танлаган.
3) Невилл мураббийдан Сильва ва де Брйюне Иньеста ва Хавининг даражасидами, деб савол берганида Пеп: "Дани Алвес ва Филипп Ламдан бирини танлаш керакдек бўлмоқда. Ундай эмас", деб жавоб берди. Пеп "Сити"нинг икки футболчиси Хави-Иньеста даражасида бўла олмаслигини айтди.
4) Гвардиоланинг "Сити"да қабул қилган энг қийин қарори - Жо Хартдан воз кечиш: "Унинг профессионаллигига ҳеч қандай шубҳа билан қарамайман. Бироқ бизга ундан-да яхшироқ дарвозабон керак эди“.
5) Дастур якунланаётганда Гвардиола Невиллга чемпионлик либосини совға қилди ва яхши кайфият-ла ҳазиллашди: "Мана "Сити"нинг энг яхши футболчиларидан бири“.
Миржалол Норматов таржимаси
Comments