Latest news

22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1 18:25"Ливерпуль" Венгрия терма жамоаси ҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи. Унга МЮ ва "Челси" ҳам даъвогар  0 17:58"Ланс" 17 ёшли иқтидорни 2 млн еврога сотиб олади  2 17:32Расман: Игорь Сергеев – "Пахтакор" аъзоси!  22

Талабчан ПФЛ News

Талабчан ПФЛ

Мухлислар ва журналистлар аввалги ПФЛ билан ҳозиргисини таққослашни хуш кўришади.

Олдин ундай ишларди, ҳозир бундай ишлаяпти каби гапларни деярли ҳар куни эшитамиз. Футболда ўзаро солиштириш табиий ҳол. Ҳамма вақт мураббийлар, футболчилар, жамоалар бир-бири билан таққослаб келинади, ахир “миллионлар ўйини” шуниси билан қизиқ. Янги тузилган ПФЛ иш бошлаганига салкам икки йил бўляпти, бу эса ташкилотнинг иш юритиши ҳақида бемалол мулоҳаза қилиш имконини беради. Шу боис қуйида ПФЛ олдин қандай ишларди ва ҳозир нима қиляпти каби саволларга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрамиз. 

Ташкилотчилик ва талаб 

Аввало шуни айтиш керак, ҳозирги ПФЛ биринчи навбатда ташкилотчилик ва талабчанлиги билан ажралиб туради. Фарҳод Магометов бошқарган йиллари ташкилот асосан тақвим тузиш ва расмий доирадаги ўйинларни қандай ўтказишни ўйларди. Ўйин атрофидаги жиҳатларга кўп ҳам эътибор бермасди, буни тан олайлик. 

Аввалги ПФЛ учун ўйин белгиланган вақтда бошланиб, ҳакамлар ўз вақтида келиб-кетса ва ўйин ҳеч қандай можароларсиз ўтса шунинг ўзи кифоя эди. Лекин энди замон ўзгарди. Тўғри, олдин ҳам ОФК талаби деб бир нечта ўзгаришлар бўлган, лекин назорат кучли эмасди. Борми бор қабилида қилинарди ишлар. 

Ҳозирги ПФЛ эса бемалол ОФКдан ўрнак олган ҳолда иш юритяпти дея оламиз. Ёш мутахассислардан бири Омон Ғофуров ишга киришгач, аввало ўйин атрофидаги ташкилий ишлар кучайди ва клубларнинг ўз ишига бўлган муносабати ортди. Ташкилотчилик деганимиз ҳозирги кунда ўйинлар шунчаки ўтса бўлди қабилида ўтказилаётгани йўқ. Эндиликда Суперлиганинг ҳар бир клуби халқаро андозаларга мос равишда ўйинни ўтказишга ҳаракат қиляпти. 

Олдин иккита жамоа, ҳакамлар ва уч-тўртта мухлис келса кифоя эди, ўйин ўтарди-кетарди. Энди-чи? Ҳозир ҳам шундай йў тутиб Суперлиганинг исталган баҳсини бир зумда ўтказса бўлади, лекин эндиликда ҳеч ким қўл учида ишлашни истамаяпти. Айнан ПФЛнинг клубларга нисбатан талабчанлиги ортиши натижасида жамоалар қимирлаб қолди. Ҳозир ҳамма ўзида қабул қилаётган тур учрашувини зўр ўтказишга ҳаракат қиляпти. 

Нималар ўзгарди? 

Халқимизда қуруқ қошиқ оғизни йиртар деган жуда маъноли бир гап бор. Тўғри-да, қуруқ гапирган билан иш унармиди. Шу боис ҳавойи гапларни айтмасдан аниқ фактларга ўтамиз. Биринчи савол: ПФЛ янгилангач нималар ўзгарди? Аввало замонавий ишлашга ўтилди. Эндиликда Суперлиганинг ҳар бир учрашувини ташкил этиш ва ўтказиш Осиё чемпионлар лигаси ўйинидан кам бўлмаяпти. 

Тан олайлик, чемпионатимиз савияси ҳамон у қадар кучли эмас. Зерикарли ўйинлар ҳам учраб турибди. Бу энди кўпроқ мураббийлар ва футболчилар савиясига боғлиқ масала. Баъзилар айтади: ПФЛ янгилангани билан савия ортиб қолгани йўқ. Буни инкор этиб бўлмайди, аммо ПФЛ - аввало мусобақа ташкил қилувчи ва ўтказувчи ташкилот. ПФЛ клубнинг ўйин савиясига жавоб бермайди, бунинг учун жавобгар мураббийлар, футболчилар ва бошқалар бор. 

ПФЛ клубларни йиғади ва шунга мос чемпионат ташкил қилади. Ким Суперлигага лойиқ, ким Пролигага, буни ҳам ПФЛ ҳал қилади. ПФЛ клубларга нисбатан маълум талабларни ишлаб чиқади ва шу талаб асосида кимнинг қайси лигада ўйнашини ҳал қилади ҳамда мусобақа бошлангач ўйинларни назоратга олади. 

Айтиб ўтганимиздек, бугунги кунда клублар бошқача ишлаяпти. Ҳар бир ўйиндан олдин ташкилий ишларга катта урғу берилади. Ўйин куни стадионда фаст-фуд дўкони, спорт атрибутикалари дўкони ва бундан ташқари болакайлар учун турли аттракционлар ишлаб туриши шарт. Оилавий секторда фақат оила бўлиб келганлар ўтириши назоратга олинди. 

Мухлислик маданияти ошди. Жамоалар киядиган либосларга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Ўйинлар бошланиш вақти ҳам анча олдин маълум бўляпти. “Спорт” телеканали билан ҳамкорликда имкон қадар ҳар бир учрашув видеолавҳаси Ютуб ижтимоий тармоғига юкланяпти. 

Аввалги ПФЛ пайтида ҳам комиссарлар ўйинга келарди, фақат хўжакўрсинга холос. Ҳатто баъзиларининг келиб кетганини кўрмай қолардик. Шунингдек, кўп ўйинларга олдинги раҳбар Фарҳод Магометовнинг шахсан ўзи комиссар бўлиб келганини яхши эслаймиз. Лекин Магометов ўйинни қандай ўтказиш борасида нимадир маслаҳат берганми-йўқми, билмадик. Бу билан у кишини ёмонлаш ниятимиз йўқ, шунчаки ПФЛ раҳбарига комиссар бўлиб бориш ярашмайди. 

Комиссарлик билан бошқа ходимлар шуғуллангани маъқул. Ҳозирги кунда комиссарлар яхши ишлаяпти. Талаб ҳам юқори. Суперлиганинг ҳар бир ўйини айнан ташкилотчилик томонлама зўр ўтяпти. Оддий бир учрашув протоколининг электрон вариантда тўлдирилиши кўп нарсани англатади. Эндиликда бу ҳамма учун тушунарли бўлди. 

Рекламага бўлган эътибор 

Олдинги ПФЛ пайти титул ҳомий бўлмаган. Лекин ҳозирги ПФЛ мана иккинчи йилдирки катта ҳомий билан ишлаяпти. Ўтган йил Pepsi билан ишланган бўлса, бу йилдан Coca Cola савдо белгиси билан расмий ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бу ҳам маркетинг. Ҳозир ҳар бир стадионда Coca Cola реклама тўсиқлари, байроғи ва бошқа ўйинга зарур бўлган жиҳозлари бор. Ва ўйин пайтида шулардан фойдаланиб келиняпти. Буни назорат қилиш эса шахсан учрашув комиссари зиммасига юкланган. 

Эндиликда майдон атрофи бўйлаб реклама тўсиқларини жойлаштириш ҳам шунчаки бўлаётгани йўқ. Ҳамкорлар сони кўпайди, бунинг натижасида ҳар бир ном туширилган реклама тўсиқ картада чизиб қўйилган жойда туриши шарт қилиб қўйилди. Олдинлари асосан вилоят стадионларида гарчи клубга ҳомийлик қилмаса-да Sony, Panasonic, JVC, Toshiba, Adidas, Puma каби ёзувларни кўрардик. Ҳозир эса белгиланган тартибдаги реклама тўсиқларидан ортиғини кўрмайсиз. Ҳар бир ўйинда стадион чиройли қилиб безатиляпти. 

Тўғри-да, ҳомийлик қилмаганидан кейин қайсидир фирмани реклама қилишнинг нима кераги бор. Ундан кўра клуб ўзига оид бирор нарса ёзиб қўйса шундан фойда. Масалан, фалончи клуб болалар футбол академияси. Одамлардан яна шунга ўхшаш гапларни эшитиб қоламиз: ҳозирги ПФЛ регламентни тушунмайди, ишчи-ходимлар ўзгаргани билан барибир келишилганлар ўйинлар йўқолмаяпти ва ҳоказо. Лекин шуни унутмайликки, футболда ҳамма нарса бирданига рўй бериб қолмайди ва аминмизки, ҳозирги ПФЛда регламент туза оладиган ва тушунадиган кадрлар бор. 

Энди келишилган ўйинларга тўхталадиган бўлсак, бу олдин ҳам бўлган ва бундан кейин ҳам учраб туради. Бу - жаҳон футболи муаммоси. Келишилган ўйинларни йўқотиш аввало клубларнинг ўзига боғлиқ. Ҳар икки жамоа мураббийлари ўзаро келишмасдан ўйнаймиз деб аҳд қилса ким уларга халақит беради ёки ким уларни мажбурлайди. Масалан, ПФЛ ёки ҳакамлар келишиб ўйнанглар, бизга шундан фойда демаса керак. 

Келишилган ўйинларга қарши кураш ПФЛ вазифасига кирмайди, бунинг учун алоҳида тегишли идора ишлаши лозим. Идора ўйин келишилганини аниқлаб ПФЛга ҳавола қилади. Шундан сўнг ташкилот керакли жазони беради. Агар ПФЛ жазо бермаса ёки бунга кўз юмса, бу энди бошқа масала. 

Эътибор бераётган бўлсангиз, ҳозир Суперлига ҳакамлари уч-тўрт кун олдин эълон қилинмаяпти ҳамда ҳакамларнинг сафар ўйинларига бориб келиши тўлиқ ПФЛ томонидан қопланяпти. Буни ҳам олдинга ташланган қадам дея оламиз. Чунки ОФК ҳам чемпионлар лигаси ўйинида шундай йўл тутади. Мезбон клуб ҳакамларни кутиб олади, меҳмонхонага жойлаштиради ва ўйиндан сўнг аэропортга кузатиб қўяди. Самолёт чиптасини ҳакамлар, назоратчи ва комиссар учун ОФК ҳал қилиб беради. 

Тўғри-да, клубларга ким ҳакам бўлиб келишининг нима қизиғи бор. Ундан кўра жамоа ўз ўйинини ўйлагани маъқул. Мураббий футболчиларни ўйинга тайёрласин, шунда ҳакам ким бўлишидан қатъий назар майдонга тушиб ютаверади. 

Бир сўз билан айтганда, ҳозирги ПФЛ олиб бораётган сиёсатни тўғри йўл дея оламиз. Энг муҳими, ташкилот ўйинларни юқорида савияда ўтказишга, клубларга нисбатан талабни кучайтиришга ҳаракат қиляпти. Энди бевосита ўйинни янада қизиқарли ўтказиш ПФЛ зиммасига кирмайди. Бунинг учун аввало ҳар бир жамоанинг ўзи излангани маъқул. Яхши мураббий ва кучли футболчилар билан буни ҳал қилса бўлади деб ўйлаймиз. 

Х.Холиқов.

Rating: +2   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика