Суперлига старти — сюрпризлар саҳнасими?
27 feb 11:21
News
Янги мавсум остонасида турибмиз. Баҳор нафаси билан майдонга тушаётган жамоалардан иштиёқ ва интрига кутилмоқда. Илк турнинг ўзиёқ айрим саволларга жавоб бериши, айримларини кейинги турларга қолдириши мумкин.
"Андижон" — "Сўғдиёна". "Бургутлар" "Бобур Арена"да парвоз қиладими?
"Бургутлар" мавсумни ўз майдонидаги ўйин билан бошлайди. Бугун стадион ларзага келиши кутилмоқда. Лекин фикримча, майдон ичида юқори темпдаги ўйин кутмаяпман. Икки жамоанинг ҳам устунлигини алоҳида қайд этмаган бўлардим. Дуранг старт учун ҳар икки томонга ҳам ёмон натижа ҳисобланмайди.
Савол туғилади: "Андижон" бу ўйинга қандай тайёргарлик билан майдонга тушади? Жамоа Анталиядаги йиғинлар давомида фақат битта ўйинда ғалаба қозонди. Таркиб, аренадаги муҳит, мезбонлик омили каби устун жиҳатлар бор. Бу жамоа ҳаракатида ҳам акс этиши талаб этилади. Иван Бошкович учун стартда барқарорлик муҳим. Жамоага ўтган йили етишмаган жиҳат — мавсумнинг дастлабки қисмида йўқотилган очколар бўлганди.
Статистика эса "Андижон" учун қувонарли эмас. Жамоа сўнгги марта 2016 йили ўз майдонида "Сўғдиёна"ни мағлуб этган. Кейинги олти баҳсда тўртта дуранг ва икки марта жиззахликлар ғалабаси қайд этилган.
Натижалар:
2025 — "Андижон" — "Сўғдиёна" 2:2
2024 — "Андижон" — "Сўғдиёна" 0:1
2023 — "Андижон" — "Сўғдиёна" 1:2
2021 — "Андижон" — "Сўғдиёна" 0:0
2020 — "Андижон" — "Сўғдиёна" 1:1
2019 — "Андижон" — "Сўғдиёна" 0:0
2016 — "Андижон" — "Сўғдиёна" 3:0
"Қизилқум" — "шерлар" учун қулай рақиб
"Пахтакор" — "Қизилқум" жамоалари шу кунга қадар Суперлига доирасида 52 марта тўқнаш келган. Бу ўйинларда мутлақ устунлик "Пахтакор" томонида. "Шерлар" 43 учрашувда ғалаба қозонган, икки марта мағлуб бўлган.
"Пахтакор" стадионидаги 26 учрашувда мезбонлар 22 ғалаба ва бир мағлубият қайд этган. Навоийликлар илк ва ҳозиргача ягона ғалабасини 2001 йилги мавсумнинг 20-турида Тошкентда қўлга киритган.
Ўша мавсумда Сергей Шевченко бошчилигидаги жамоа бу ишни уддалаганди. Ундан бир йил олдин ҳам Шевченко пойтахтдан бир очко билан қайтган. Мутахассис кетма-кет икки йил "шерлар"дан сафарда очко олган навоийликлар тарихидаги илк мураббий ҳисобланади.
2001 йил. 20-тур
"Пахтакор" — "Қизилқум" 1:2
31.07.2001. 7 000 томошабин.
Голлар: Неъматулло Қутибоев — Спартак Муртазоев, Арслон Толипов.
Тарихга назар ташласак, пойтахт клуби рақибини бир неча бор йирик ҳисобларда мағлуб этганини кўриш мумкин. 11:0 натижаси ушбу жамоалар ўртасидаги энг сермаҳсул ва йирик ҳисобли учрашув сифатида қайд этилган.
10.08.1995 — "Пахтакор" — "Қизилқум" 7:0
25.11.2007 — "Қизилқум" — "Пахтакор" 0:11
10.05.2009 — "Қизилқум" — "Пахтакор" 0:5
18.09.2009 — "Пахтакор" — "Қизилқум" 6:1
21.06.2019 — "Пахтакор" — "Қизилқум" 8:0
30.07.2019 — "Қизилқум" — "Пахтакор" 0:5
Табиийки, фаворит — Тошкент клуби. Аммо баҳорги футболда кўпинча иштиёқ ва юқори хоҳиш устун келади. Навоийликлар 25 йил аввалги натижани яна такрорлай оладими?
"Бухоро" — "Қўқон-1912". Шипилов vs Хомяков дуэли
Қўқонликлар мавсумга аввалги йиллардан мутлақо фарқли тарзда тайёргарлик кўрди. Мураббийлар штабига Андрей Шипилов ва Февзи Давлетов таклиф қилинди. Жамоа ўз тарихида илк бор Анталияда ўқув-машғулот йиғинини ўтказди.
Таркиб ўзаги сақланиб қолинган ҳолда ҳужум ва ярим ҳимоя чизиғига тажрибали футболчилар жалб этилди. Назорат ўйинларини кузатар эканмиз, жамоада юқори интизом, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаган ҳолда ҳужумда кескинлик яратишга асосланган ўйин шаклланаётганини кўриш мумкин.
Александр Хомяков аввалги жамоаларидаги каби стандарт вазиятлар ва юқори прессингга мос, жисмоний кучга таянадиган ўйинни йўлга қўймоқда. Таркиб ҳам шунга мос йиғилган — бўйдор футболчилар жамоада кўпчиликни ташкил этади.
"Қўқон-1912" сўнгги марта 2019 йили Суперлигада "Бухоро"ни мағлуб этган. Бу жамоанинг рақиби устидан меҳмонда қозонган ягона ғалабаси ҳисобланади.
Суперлиганинг янги мавсуми илк турданоқ кутилмаган натижаларга бой бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ўзбекистон Суперлигаси баҳорги футболга хос руҳ — иштиёқ билан бошланади. Фаворитлар устун кўринаётган бўлса-да, майдонда барчаси ўзгариши мумкин. Агар "Қизилқум" Тошкентда "Пахтакор" устидан ғалаба қозонса, бу турнинг энг катта сенсацияга айланиши аниқ. "Андижон" мухлислари кўз олдида ғалабани тантана қилишга интилади, Бошкович жамоаси ҳам Андижонга шунчаки келмагани аниқ. Хомяков ва Шипилов жамоалари дуэли ўзига ҳос жанговор тус олса ажаб эмас.
Similar news
championat.asia
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" ўзини ўтиш ўйинларида ўйнашга мажбур қилган "Бенфика"ни мағлуб этиб, нимчорак финалга йўлга олди
EЧЛ 1/8 финал жуфтликлари маълум
ЕЧЛ. "Интер" сенсацион тарзда Норвегия клубига ютқазиб мусобақани тарк этди, "Ньюкасл" ва "Байер" 1/8 финалда!
ЖЧ-2026 можароси якунланяпти: Конго ДР ўрнига Нигерия ўйнайди
Comments