Суперлига қайтди! Марказий ўйинларга тайёр туринг (13-тур превьюси)
22 jun 2023 19:44
News
Суперлига қайтди! Марказий ўйинларга тайёр туринг (13-тур превьюси)
23 июнь, жума
БУХОРО – АНДИЖОН
Ҳакамлар: Аҳрол Рисқуллаев, Жалгасбай Сарсенов, Дамир Искандеров, Маъруф Тиллоев
Назоратчи: Константин Смирнов
VAR ҳаками: Найим Қосимов
AVAR: Элнур Дониёров
Комиссар: Шоҳруҳ Саид
Турнир жадвалидаги ўрни: 12-7
"Бухоро"нинг сўнгги турлардаги натижалари кўҳна шаҳар жамоаси ишқибозларини-ю туристларини дилхира ҳолатга солмоқда. "Андижон" эса аксинча, охирги баҳсларда машағга келган рақибларини ўлкада чиройли меҳмон қилиб, аммо стадионда хафа қилган ҳолда кузатиб қўймоқда. Қолаверса, янги ҳомийга эга бўлган андижонликлар ошхўрликдан сўнг яхши кайфиятда Бухорога йўл олишган. Мезбонларга ҳам шу кунлардаги ғалаба кондеционер сингари зарур эканлигини инобатга олса, ФИФА кунларидан кейинги Суперлиганинг қайтиши томошабоп тарзда бошланиши, шубҳасиз.
Қизиқарли фактлар
Жамоалар чемпионат доирасида ўзаро 48 та учрашув ўтказган. Улардан 21 тасида "Бухоро", 14 тасида "Андижон" ғалаба қозонган. 13 ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати: 81-64, "Бухоро" фойдасига.
"Бухоро" Суперлига доирасида "Андижон"га қарши ўз майдонидаги 8 ўйиндан бери ютқазмаяпти.
"Бухоро" Суперлигада сўнгги 10 та ўйиннинг 9 тасида ғалаба қозона олмаган.
"Андижон" Суперлига доирасидаги сўнгги 5 та ўйиндан бери гол урмоқда.
Ўтган мавсумда жамоалар 4 маротаба тўқнаш келган: "Бухоро" 1 ғалаба, "Андижон" 2 ғалаба, битта дуранг.
СУРХОН – СЎҒДИЁНА
Ҳакамлар: Вадим Агишев, Зуфар Элибоев, Фарҳод Усмонов, Санжар Назаров
Назоратчи: Марат Исмоилов
VAR ҳаками: Илгиз Танташев
AVAR: Андрей Сапенко
Комиссар: Бекзод Арипов
Турнир жадвалидаги ўрни: 8-10
Сурхондарё (эҳтимол, шу пайтгача Тошкент деса ҳам хато бўлмас) клуби ўз майдонидаги ўйинларда "Пахтакор"дан олган тажрибасини намойиш этди ва 5 ўйиннинг 4 тасида мағлубияциз майдонни тарк этди. Термизга қайтишни эса футболни соғинган мухлислари қаршисида ғалаба билан бошлаши лозимлигини клубдагилар ич-ичидан ҳис қилишаётгандир. Бироқ бўлажак рақиб — "Сўғдиёна"на ҳам анойилардан эмас. Бошкович жамоага келгач, жиззахликлар "Ия, биз кучли эканимизни ўзимиз билмай юрган эканмиз, қани битта-битта кел-чи", дея бирин-кетин рақибларини мағлубитга учрата бошлади ва хавфли зонадан йироқлашди. Яхши кайфиятдаги икки жамоанинг беллашуви улардан бирининг кайфиятини тушириб юбориши мумкин. Эҳтимол, иккала жамоа ҳам кўнгилни бузмайдиган ҳисобда майдонни тарк этишар.
Қизиқарли фактлар
Жамоалар чемпионат доирасида 30 та учрашув ўтказган. Уларнинг 12 тасида "Сурхон", 15 тасида "Сўғдиёна" ғалаба қозонган. Яна 3 ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати: 41-54, "Сўғдиёна" фойдасига.
"Сурхон" Суперлига доирасида ўз майдонидаги сўнгги 3 ўйинда "Сўғдиёна"га ютқазган;
"Сурхон" Суперлига доирасида ўз майдонидаги охирги 5 ўйиндан бери ютқазмаяпти;
"Сўғдиёна" чемпионатда сўнгги 7 ўйиндан бери гол урмоқда.
24 июнь, шанба
ТУРОН – ҚИЗИЛҚУМ
Ҳакамлар: Равшан Абдувоҳидов, Олим Абдувасилов, Ислом Носиров, Сардор Исматуллаев
Назоратчи: Олег Дачев
VAR ҳаками: Иброҳим Исмоилов
AVAR: Ришат Нугманов
Комиссар: Даврон Иброҳимов
Турнир жадвалидаги ўрни: 14-13
Молиявий таъминот жиҳатдан Суперлигада "ўзгача"лиги билан ажралиб турадиган "Турон"ни йўқотиб қўйишимизга бир баҳя қолди. Хайриятки, жамоа ҳеч бўлмаганда мавсум сўнггигача лигада иштирок этадиган бўлди. Умид қиламанки, тузилма жиҳатдан лайк босишга арзийдиган яйпанликларнинг иштироки бардавом бўлади. Бироқ ҳаммаси изига тушиб кетиши учун водий жамоасига ғалабалар ўта зарур. "Қизилқум" натижаларини кўрган одам ҳам Майк Тайсон қиёфасига тушиб қолади. Навоийлик мухлислар директори ва бош мураббийи алмашган клубнинг муваффақиятсиз натижаларини ҳам алмашишини кутмоқда. Юқорироққа кўтарилиш учун эса "Турон" яхши вариант ҳисобланади. Хуллас, юқорига кўтарилиш учун "арқон"га осилган икки рақибнинг қизиқарли тўқнашуви гувоҳига айланамиз.
Қизиқарли фактлар
Жамоалар ўзаро 2 маротаба тўқнаш келишган ва иккаласида ҳам "Қизилқум" ғалаба қозонган;
"Турон" Суперлигада жорий мавсум ғалаба нашидасини сургани йўқ. Муваффақиятсиз серия 11 ўйинни ташкил этади;
"Қизилқум" ҳам 9 ўйиндан бери рақибларини мағлуб эта олмаяпти.
НАСАФ – ОКМК
Ҳакамлар: Ильгиз Танташев, Сардор Нишонбоев, Аваз Абдуллаев, Шуҳрат Ражабов
Назоратчи: Валентин Коваленко
VAR ҳаками: Аҳрол Рисқуллаев
AVAR: Иля Илин
Комиссар: Қудрат Мадраимов
Турнир жадвалидаги ўрни: 4-5
Юқоридаги жуфтликдан фарқли ўлароқ, "Насаф" ва ОКМК чемпионлар сафига илашиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Жамоаларнинг Суперлига доирасидаги сўнгги тўқнашувларида сих ҳам, кабоб ҳам куймаяпти. Аммо навбатдаги дуранг чемпионлик учун курашаётган юқоридаги жамоаларнигина хурсанд қилиши мумкин. Шу сабабли, охирги ютқазмаётган жамоаларнинг Қаршидаги тўқнашувидан қуруқ қолиш керак эмас.
Қизиқарли фактлар
Жамоалар Суперлига доирасида 32 маротаба тўқнаш келган. Шулардан 14 тасида "Насаф", 5 тасида олмалиқликларнинг қўли баланд келган. 13 баҳсда эса кучлар тенг келган. Тўплар нисбати: 48-29, "Насаф" фойдасига.
Суперлига доирасидаги охирги 4 ўйинда дуранг қайд этилган;
Насаф ўз майдонида 5 ўйиндан бери ОКМКга ютқазмаяпти;
"Насаф" Суперлигада 9 ўйиндан бери ютқазмаяпти;
ОКМК чемпионат доирасида 4 ўйиндан бери ютқазмаяпти;
Жамоалар ўтган йили Ўзбекистон кубогининг ярим финалида ҳам тўқнаш келган, ўшанда қаршиликлар 2:1 ҳисобида устун келган.
25 июнь, якшанба
БУНЁДКОР – ПАХТАКОР
Ҳакамлар: Темурбек Тўхтасинов, Анвар Маражабов, Зиёдулло Абдураҳмонов, Иброҳим Исмоилов
Назоратчи: Бобур Ҳайдаров
VAR ҳаками: Фирдавс Норсафаров
AVAR: Аваз Абдуллаев
Комиссар: Владимир Назаров
Турнир жадвалидаги ўрни: 6-2
Ўйинга келган томошабинларга сотилган чипта пулини ҳалоллаш мақсадида пойтахт клублари дербида ҳамиша яшил дастурхонга голларни тўкин-сочин қилишади. "Бунёдкор" ўртамиёналар сафида бораётганига қарамасдан, "Пахтакор" учун энг ноқулай рақиблардан саналади. Бироқ жорий мавсумдаги кўрсакткичларни айлантириб, ўгириб, салто ташлаган ҳолда қарасак ҳам, "шерлар"нинг важоҳатли устунлигини гувоҳи бўлишимиз мумкин. Бироқ футболдан ҳар нарса кутса бўлади. Шу боис, дерби мақомидаги учрашувда "қалдирғочлар" ҳар қанақасига рақибини доғда қолдиришга ҳаракат қилади.
Қизиқарли фактлар
Жамоалар чемпионат доирасида 34 маротаба тўқнаш келган. Шундан 12 тасида "Бунёдкор", 13 тасида "Пахтакор" ғалаба қозонган. 9 ўйинда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати: 39-45, "Пахтакор" фойдасига.
"Пахтакор" чемпионат доирасида сафардаги сўнгги 5 та ўйинда "Бунёдкор" дарвозасига иккитадан гол урган;
Ўзаро сўнгги 10 та ўйиннинг 9 тасида камида иккита тўп киритилган;
"Бунёдкор" чемпионат доирасида 6 ўйиндан бери ғалаба нималигини билмаяпти;
"Бунёдкор" жорий мавсум чемпионат доирасида ўз майдонида ғалаба қозонгани йўқ;
"Пахтакор" чемпионат доирасида кетма-кет 8 ўйиндан бери ғалаба қозонмоқда;
"Пахтакор" жорий мавсум чемпионатдаги барча учрашувда гол урди. Ўтган мавсум билан қўшиб ҳисоблаганда, ушбу серия 17 учрашувни ташкил этади.
НEФТЧИ – НАВБАҲОР
Ҳакамлар: Акобирхўжа Шукуруллаев, Ришат Нугманов, Руслан Серазитдинов, Тўрабек Суюнов
Назоратчи: Бахтиёр Намозов
VAR ҳаками: Раҳимбек Каримов
AVAR: Бахтиёрхўжа Шавкатов
Комиссар: Зоҳиржон Акрамхонов
Турнир жадвалидаги ўрни: 3-1
Турнирнинг марказий учрашуви "Истиқлол" стадионида бўлиб ўтади. Чемпионат пешқадами бўлиб турган "Навбаҳор" лигада мағлубият аламини тотиб кўрмаган ягона клуб — "Нефтчи" майдонига сафар уюштиради. Жамоалар ўртасидаги тавофут 4 очкони ташкил этади, шу боис фарғоналикларда фарқни минимал қисқартириш учун яхши имконият мавжуд. Ўз навбатида, наманганликлар ҳам таъқибчилар сонини биттага камайтириш учун бор кучини ишга солиши, шубҳасиз. Пешқадамлик курашидан ташқари, жамоалар ўртасида водий дербиси тавсифи ҳам ўйинга бўлган иштиёқни яна бир каррага оширади. Хуллас, якшанба оқшомида стадионга ташриф буюра олмаган биродарларимиз янгаларни сериал кўриш имкониятидан маҳрум қилишига тўғри келади.
Қизиқарли фактлар
Жамоалар чемпионат доирасида 56 маротаба тўқнаш келганда. Шундан 26 тасида "Нефтчи", 14 тасида "Навбаҳор" устун келган. 16 ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати: 81-56, "Нефтчи" фойдасига.
Чемпионат доирасида "Нефтчи" мезбонлик қилган ўзаро 22 беллашувдан бери томошабинлар гол кўришмоқда; охирги марта 1997 йил Фарғонадаги водий дербисида ҳисоб очилмаган;
"Нефтчи" жорий мавсум Суперлигада мезбонлик қилган ўйинларда ютқазмади;
"Навбаҳор" 6 ўйиндан бери мағлубиятга учрамаяпти;
Жамоалар ўтган йили Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичининг 3-турида тўқнаш келишган. Унда наманганликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
26 июнь, душанба
ОЛИМПИК – МEТАЛЛУРГ
Ҳакамлар: Фирдавс Норсафаров, Обид Жумаев, Жасур Рустамов, Достон Раҳмонов
Назоратчи: Дмитрий Роман
VAR ҳаками: Азиз Асимов
AVAR: Кристина Середа
Комиссар: Сардор Қудратуллаев
Турнир жадвалидаги ўрни: 9-11
Тур баҳслари "Жар" ўйингоҳида якунланади. Улғаяётган (ёш дейиш энди ноўрин, менимча) "Олимпик" "осторожно" зонасидан қочишга уринаётган "Металлург"ни қабул қилади. Кападзе шогирдларининг имконияти юқорироқ баҳоланаётган бўлса-да, черногориялик мураббий қўл остидаги бекободликларнинг сўнгги ўйинлари ҳам ёмон таассурот қолдирмаяпти.
Қизиқарли фактлар
Жамоалар чемпионат доирасида 2 маротаба тўқнаш келган. Бекободда ўтган баҳсда ҳисоб очилмаган бўлса, пойтахтдаги ўйинда "Олимпик" 2:1 ҳисобида зафар қучган.
"Олимпик" жорий мавсум чемпионат доирасида ўз майдонидаги 4 та ўйиннинг 3 тасида ғалаба қозона олмаган;
"Металлург" кетма-кет 5 та ўйиндан бери ғалаба нималигини билмаяпти, шулардан 4 таси мағлубият ҳисобланади.
"Металлург" жорий мавсум сафардаги 5 та ўйинда зафар қучмаган, шундан 4 таси мағлубият. Умуман олганда, бекободликлар чемпионат доирасида меҳмондаги кетма-кет 7 ўйиндан бери рақибларидан устун кела олмаяпти.
Comments