Суперлига. "Навбаҳор" "Олимпик"ни мағлуб эта олмади
05 jul 2022 21:52
News
Суперлига. "Навбаҳор" "Олимпик"ни мағлуб эта олмади
Суперлига. 10-тур
Ҳакамлар: Раҳимбек Каримов, Александр Сидоров, Олим Абдувосилов, Илья Ильин
Назоратчи: Марат Исмоилов
VAR ҳаками: Элёр Турсунов
AVAR: Андрей Цапенко
VAR назоратчиси: Владислав Цейтлин
Комиссар: Зохиржон Акрамхонов
"Олимпик" – "Навбаҳор" 1:1
Тошкент. "Локомотив" стадиони. 20.00
Голлар: Искандеров, 2 (0:1), Холдорхонов, 39 (1:1)
"Олимпик": 12.Владимир Назаров, 2.Саидазамат Мирсаидов, 6.Бекзод Шамсиев (с), 10.Фаррухбек Мухторов, 11.Отабек Жўрақўзиев (99.Муҳаммадали Ғиёсов, 90), 9.Достонбек Турсунов, 22.Пўлатхўжа Холдорхонов, 23.Абдурауф Бўриев, 37.Алишер Одилов (7.Русланбек Жиянов, 46), 44.Шаҳзод Тоиров, 70.Абубакрризо Турдиалиев (21.Муҳаммадазиз Иброҳимов, 46)
Захира: 1.Шукрон Йўлдошев, 4.Элдорбек Бегимов, 5.Муҳаммадқодир Ҳамралиев, 9.Темур Мамасидиқов, 28.Сунатуллоҳ Ҳамиджонов, 47.Ҳумоюн Шербўтаев
"Навбаҳор": 1.Ўткир Юсупов, 6.Рустамжон Ашурматов, 7.Азимжон Аҳмедов (19.Нурилло Тўхтасинов, 69), 10.Жамшид Искандеров, 14.Жамшид Болтабоев, 22.Игорь Голбан, 23.Йован Жокич, 24.Давронбек Ҳошимов, 28.Станислав Андреев, 30.Элгужа Григалашвили (77.Асадбек Собиржонов, 46), 32.Зоран Марушич (99.Андрей Сидоров, 82)
Захира: 35.Раҳимжон Давронов, 4.Боян Цигер, 9.Иброҳим Ғанихонов, 11.Ислом Кенжабоев, 17.Эҳсони Паншанбе, 64.Музаффар Мўминов.
Огоҳлантиришлар: Ашурматов (15), Холдорхонов (71), Тўхтасинов (89)
МАТНЛИ ТРАНСЛЯЦИЯ
Учрашув якунланди. Кескин курашларга бой бўлган баҳсда кучлар тенг келди. Биз билан ўйинни кузатиб борганингиз учун раҳмат!
90+3. Бугун майдондаги деярли барча футболчи ўйиндан сўнг оёқларини уқалаб ётса керак.
90+1. Ғиёсов қайдан билсин ўйинга тушиши биланоқ тўп унга келишини! Яккама-якка вазиятдан биринчи тўпга тегинишидаёқ фойдаланиши мумкин эди мезбонлар футболчиси.
90. Бироз аввал шикастланган Жўрақўзев майдонни тарк этди, Ғиёсов ўйинни якунлаб қўяди.
Иккинчи бўлимга 4 дақиқа қўшиб берилди.
89. Огоҳлантириш. Тўхтасинов ҳам ўйин қайдномасида эсланадиган бўлди.
84. Энг кўп подкат ташлаш бўйича бугунги ўйинда қолган 21 нафар футболчи Ҳошимовдан камроқ уриниш амалга оширди, назаримда.
82. Меҳмонларда ўзгариш: Сидоров майдонга тушди, Марушич захира ўриндиғида йўл олди.
78. "Олимпик"да ўзгариш: Ҳамралиев чарчаб қолган Тоировни алмаштирди.
76. Бабаян Марушичга хоҳлаганингча теп деб уқтирибди-ю, тўғри зарба бер, дейишни унутибди.
72. Мезбонларда ўзгариш: Мухторов ўрнига Мамасиддиқов ўйинга қўшилди.
71. Ҳакам ҳам бир индамади, икки индамади, охири паймонаси тўлганча, чўнтагини ковлаб, сариқ карточкасини яна чиқариб, Иброҳимовни огоҳлантирилди.
70. Мухторов яхши зарба берди, бироқ жамоага қувонч бағишлайдиган уриниш бўлмади.
69. "Навбаҳор"да ўзгариш: Аҳмедов ўрнига Тўхтасинов ўйинни давом эттиради.
67. Жокич ўнг қанотдан кириб борди ва Назаровнинг бўйини ҳисобга олмаган ҳолда узатма амалга оширди, "Олимпик "посбони эса тўпни эгаллаб олиб, ҳужум якунланганини маълум қилди.
63. Жокич қўрқинчи зарба йўллайдигандек тайёргарлик кўрди, аммо ижроси ғирт тескари бўлиб чиқди.
61. Болтабоев зарба йўллагач, футболни ўйлаб топганлар дарвоза энини бироз чўзмайдими деган ўй билан ортга қайтди.
59. Кападзе рақиб футболчиси Андреевга нималарнидир гапирди. Станиславнинг жилмайганига қараганда, қовоқ уядиган гап эмасди бу.
56. Зарбабаба!!! Қўшалоқ зарбадан сўнг ёзишга улгуролмай қолдим. Ўткир Юсупов Куртуанинг ўйинларини роса томоша қилган кўринади.
55. Курашлар каратега айланяпти. Ҳакамнинг қизил карточкаси ҳам ўйинга ўз ҳиссасини қўшишни истамоқда.
53. Аҳмедов жиғибийрон, бугунги баҳс курашларга бой бўлмоқда.
52. Жияновнинг интернетда трендга айланишига Юсупов йўл қўймади.
51. "Олимпик"да яхши вазият юзага келди, ижтимоий тарқмоқларга айланадиган жарима зарбасини кўрармиканмиз?
47. Иброҳимов майдонга тушибоқ, гол ургиси келди, бироқ ҳали мўлжалини тўғрилаши керакли билиниб қолди.
46. "Олимпик"да ўзгаришлар: Мирсаидов ўрнига Иброҳимов, Одилов ўрнига Мухторов иккинчи бўлимни якунлаб қўяди.
46. Иккинчи бўлим бошланди.
Биринчи бўлим якунланди! Ҳозирча кучлар тенг келмоқда. Ўйинчилар бироз тин олишади, сиз-у биз ҳам.
45. Биринчи бўлимга ҳакам 1 дақиқа етарли дею ҳисоблади.
44. ЗАРБА! Бурчакдан узатилган тўпдан сўнг наманганликлар бош билан зарба йўллади, Назаровга концерт залида ижро этиладиган қарсакларни тилаймиз.
39. ГООООООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Холдорхонов чап қанотда тўпни қабул қилиб олди ҳамда бир ҳаракат билан рақиб ҳимоячисининг "чанғи учишга" мажбур қилиб, анграйиб қолган посбонни ҳам доғда қолдириб, бўш дарвозани ишғол қилди.
37. Аҳмедов узоооооқдан зарба берди, лекин зарба тезлиги йўл патрул ходимлари жарима қоғози ёзса бўладиган тезликда ижро этилди.
34. Жўрақўзиевнинг зарбаси рақиб футболчисига тегиб, майдонни тарк эди. Байроқча ўрнатилган нуқтадан стандарт амалга оширилади.
31. ЗАРБА! Пойтахтликларнинг тезкор ҳужуми Турдиалиевнинг бош қисми орқали зарба йўллаши билан ниҳояланди, бироқ Юсупов машғулотларда роса тер тўкканини намойиш этиб берди.
29. Ҳозирча учрашувнинг дастлабки ярмининг ярми футбол, ярми миллий курашдан иборат бўлмоқда.
27. Марушич навбатдаги уринишини амалга оширди, бу ерда Искандеровнинг фаоллигини эътироф этиш жоиз, уни кўзини боғлаб қўйсангиз ҳам, ҳужум чоғи пайдо бўлаверади.
24. "Навбаҳор"нинг ҳужум чоғида тўп "Олимпик" футболчисининг қўлига теккандай кўринади, наманганлик футболчиларга қўшилиб, Бабаян ҳам реакция билдириб, ўз эътирозини билдирди.
22. Одилов финт ишлатгач, қайта бундай ҳаракат қилмасликни ўйлаб, тезда ортга қайтди.
21. Юсупов тўпни эгаллаб олиб, рақиб футболчисининг келишини автобус кутгандай кутиб турди.
18. Марушич рақиб посбони билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди, унинг зарбасидан сўнг Назаров бағрини очиб, тўпни меҳрибонлик билан қучиб олди.
17. "Навбаҳор" аъзолари яқин вақт ичида иккинчи бор рақибларига қўполлик ишлатди. Рақибни тиз чўктириш деганда ростакамига йиқитиш назарда тутилмаслиги керак, албатта.
15. Ашурматов кўриниш берди, фақат огоҳлантирилиш орқали.
14. Алишер Одилов Ҳошимовдан бироз аввалги аламини олиб, уни доғда қолдирди ҳамда катта тезликда олдинга борди, бироқ энди жарима майдонига кираман деганида унга рақиб футболчилари рухсат беришмади.
12. Марушич Григалашвили комбинациясидан сўнг, Назаров ўз ҳисобига сейв ёзиб қўйди.
11. Ҳошимовни рақиб жамоадаги учта укаси тўпсиз қолдирмоқчи эди, аммо наманганлик ўнг қанот ҳимоячиси тажриба қандай бўлишини текинга кўрсатиб берди.
8. Турдиалиевнинг тепган тўпи "Навбаҳор" футболчисининг кўкрагига муштдек тегиб, ҳеч нарса қилмагандай майдонни тарк этди. Голбан аламини майсазордан олди.
6. Григалашвили икки рақибини алдаб ўтишга уриниб кўрди, югурса ҳам, ўтириб қолса ҳам тўпни бегона қилгиси келмади.
4. Мезбонлар қандай воқеалар содир бўлаётганини англаб улгурмасидан наманганликлар иккинчи хавфли вазиятни юзага келтиришди.
2. ГООООООООООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛЛ!!! Искандаров жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Марказдан тўпни қабул қилиб олган Жамшид ўз услубида дарвозабон чиранса ҳам қўли етмайдиган нуқтага тўпни дарвозага жойлаб қўйди! Телевизорда узоқ қичқириш орқали томоқ қирилиши мумкин, матнлида эса исталганча гол дейиш мумкин.
1. Учрашув бошланди.
Бабаян ҳам рақибларига монанд кўк рангли футболкада майдон четида жавлон уриб турибди.
Бугунги баҳсга кўплаб машҳур меҳмонлар ташриф буюришган. Бу ҳам ўйиннинг қай даражада эканлигидан дарак беради.
Жамоалар майдонга тушиб келишига ҳаммадан кўпроқ фотосуратчилар ҳозирлик кўрмоқда.
Бугун "Олимпик" кўк, "Навбаҳор" эса оқ рангли либосларда ҳаракат қилади.
Учрашув бошланишидан аввал стадионда "Олимпик" мухлислари кўпроқми ёки "Навбаҳор"никими деган математик савол юзага келмоқда.
Ассалому алайкум, футболни ҳали-ҳамон содиқ дўсти қаторида кўрадиган ишқибозлар! Ёз чилласи бўлишига қарамай, бугун сайр қиладиган, керак бўлса, стадионга ташриф буюриб, бир қанча муддат ҳордиқ чиқаридан об-ҳаво бўлмоқда. Эҳтимол, трибуналар тўлиб кетиб, менга жой етмай қолади деган шубҳа билан мазкур учрашувга бора олмагандирсиз. Ҳечқиси йўқ, бугун биргаликда қизиқарли ўтиши кутилаётган баҳсни кузатиб борамиз.
Ўзбекистон Суперлигасининг жорий мавсумида "Олимпик" ўз майдонида ўтказган 6 ўйинда 6 очко жамғарган бўлса, "Навбаҳор" сафардаги 5 учрашувда 12 очко тўплаган.
Қизиқарли статистика
"Олимпик" 3 ўйиндан бери мағлубиятга учрамаяпти;
"Олимпик" ўз майдонидаги 6 учрашувнинг 3 тасида гол ура олмади;
"Навбаҳор" сафардаги охирги 3 учрашувда ғалаба қозонди;
"Навбаҳор"нинг мағлубиятсиз серияси 7 тага етди;
"Навбаҳор" сафардаги 5 ўйиннинг 4 тасида ғалаба қозонган.
"Навбаҳор" сафардаги сўнгги 3 баҳсда ғалаба қозонган.
Агар "Олимпик" ғалаба қозонса, турнир жадвалида "Навбаҳор" билан орадаги фарқни 8 тага қисқартиради ва бу:
- "Навбаҳор"нинг 3 ўйинлик ғалабали сериясига ва 7 ўйинлик мағлубиятсиз сериясига чек қўяди.
Агар ўйин дуранг билан якунланса, 11 очколик фарқ сақланиб қолади ва бу:
- "Олимпик"нинг мағлубиятсиз серияси 4 тага етади;
- "Навбаҳор"нинг 3 ўйинлик ғалабали сериясига чек қўйилади.
Агар "Навбаҳор" ғалаба қозонса, жамоа кетма-кет 4-ғалабаси ва 8-мағлубиятсиз сериясига эришади.
Comments