Суперлига-2024. Мавсум давомида мураббийлар томонидан айтилган сара иқтибослар
06 dec 05:00
News
Суперлига-2024. Мавсум давомида мураббийлар томонидан айтилган сара иқтибослар
Рўзиқул Бердиев ("Насаф" бош мураббийи):
Ҳар йили катта натижаларни мақсад қиламиз, аммо ҳали чемпион бўлмаганмиз. Раҳбарият айнан шу мақсадни бу йил олдимизга қўйган.
Жамоани ўйини яхши чиқмаса, бу барча футболчиларга таъсир ўтказади.
"Пахтакор" оддий ўйинчиларни таркибда олиб юрмайди.
2:0 жуда хавфли ҳисоб.
Бугунги дурангдан бошқа клублар манфаат топди.
"Бунёдкор" қизил карточкадан сўнг 8-1-0 схемада ўйнади.
Биз футболчиларга кескин ўйнашни айтамиз, бироқ қўполлик билан эмас.
Футболда барчага бирдек ёқиш қийин.
Бизда етакчилар йўқ. Бу ҳар бир ўйинга таъсир кўрсатяпти.
Мақсадимиз сари охиригача курашишимиз керак. Мавсум ҳали-бери якунланмайди. Ҳозир бизда яхши имконият юзага келди. Футболчиларга ҳар бир баҳсга финалдек ёндашиш кераклигини кўп маротаба такрорлаяпман. Эътиборни йўқотишга ҳаққимиз йўқ.
Футболчининг универсал бўлиши бу - жуда муҳим жиҳат.
Ҳар доим натижа биринчи ўринга чиқади. Яхши ўйнаб ютқазсангиз, натижа бўлмаса, танқидга учрайсиз. Бироқ яхши ўйин унутилади.
Бизнинг яхши ўйинимизни эртага ҳеч ким эсламасилиги мумкин, аммо натижани ва қўлга киритилган уч очкони эслаб қолишади.
Ғалаба қозониш — ёқимли, кучли рақиб устидан ғалаба қозониш — икки карра ёқимли.
Жамоамизнинг бир шиори бор: "Насаф"га ўхшаши йўқ.
Ўйин ҳақида гапирайми ёки чемпионлик ҳақидами?
Бизга аниқ бир нарса ваъда берилмаганди, лекин раҳбариятимиз яхши эътибор бўлишини айтиб ўтганди. Бизда барча футболчиларнинг жамоа ўйини учун қўшган ҳиссаси муносиб рағбатлантирилади.
Биз натижа энг муҳими эканлигини тушундик. Шу сабабли баъзи бир учрашувларда натижани биринчи ўринга қўйдик.
Агар жорий мавсумдаги энг яхши футболчини аниқламоқчи бўлсангизлар, ушбу номзодни "Насаф" жамоасидан излайверинглар.
Мавсум якунида "Насаф" билан бўлган амалдаги шартномам якунланади. Кейин эса, нима бўлишини ўйлаб кўрамиз. Мен Ўзбекистоннинг энг етакчи ва байроқдор жамоасида ишламоқдаман. "Насаф"да ишлаш мени қониқтиради. "Насаф" менга яна таклиф берса, мен ушбу жамоада ишлайвераман. Мен жамоага керакман ва жамоа ҳам менга керак.
Мен футбол билан яшайман. Кўпчилик буни билмаслиги мумкин, мен эрталаб соат 8 да ишга келаман ва кечаси 11 да уйга қайтаман. Ўзимизнинг футбол бўлмаса, хориж футболини томоша қиламан. Мен босимни ҳар доим ҳис қилганман. Босимга кўникиб кетганман. Чемпионлик менинг футболга бўлган касаллигимни тўхтата олмайди. Жамоамга ҳеч қандай вазифа ва мақсад қўйилмаган ҳолатда ҳам, жамоам ютқазса мен қийналаман. Мен буни қабул қила олмайман. Мен шундай инсонман. Шу сабабли, мен ҳар бир мусобақада максимал натижани қўлга киритишга интиламан.
Бугунги ўйинни ҳеч ким эсламаса керак. Аммо бугунги кунни тарихий кун, чемпионлик нишонлаш сифатида узоқ йиллар эслаб қолинади.
Олдингиздаги мақсадга эришсангиз, бундан-да яхшироқ хурсандчилик бўлмайди.
Мураббий сифатида мен учун клубда ишлаш осонроқ. Чунки ҳар кун футболчилар билан бўласиз ва қарашларингизни сингдиришингиз осон.
Кечирасизлар, терма жамоа ва Самвел Бабаян ҳақида гаплашмайлик.
Жамоа жисмонан ва руҳан тайёр бўлмаса, ҳеч нарса ўхшамайди.
Миржалол Қосимов (ОКМК бош мураббийи):
Ҳар доим бир ишни бошлаб олиш қийин кечган.
Бизда доимгидек нима бўлишидан қатъий назар юқори мақсад қўйилган.
Қайси жамоага қарши ўйнашимизнинг фарқи йўқ. Энг ёмон кўрганим — башорат бериш.
Жамаодаги бирор бир ўйинчини ажратиб кўрсатиш ноўрин, сабаби жамоадаги барча ўйинчи натижага ўз ҳиссасини қўшади. Агар бокс ёки кураш спорт тури ҳақида гап кетганда, жавобим бошқача бўларди.
Футболчининг 50 ёшида ҳам ҳаракати яхши бўлса, нега энди ўйнамаслиги керак?
Дарахт эксанг, ҳосил бериши керак.
Футбол шашка ёки бошқа спорт турига ўхшаш эмас, балки курашларга бой ўйин ҳисобланади.
Клубнинг академияси қанчалик кучли бўлса, асосий жамоа ҳам кучли ва рақобатдош бўлади.
Клубда ҳеч ким абадий эмас, мен ҳам қачондир кетаман. Лекин академия, тизим ва инфратузилма қолади.
Тизимсиз футбол қачондир натижа беришдан тўхтайди.
Зўр ўйнаган учрашувда ҳар доим ҳам ғалаба қозонавермайсиз. Ёрқин ўйнашингиз мумкин, аммо натижа бўлмаса фойдаси йўқ.
Ёш футболчининг оёғи ердан узилиши керак эмас.
Мен футболчиларнинг юрган қадамидан нима бўлаётганини сезаман.
Статистика бўйича футбол энг кўп жароҳат олинадиган спорт тури ҳисобланади.
Миржамол Қосимов ишхонада футболчи, уйда эса ўғлим.
Авваламбор, бир киши келган бўлса ҳам, ўша мухлис учун ўйнаймиз, у баҳсдан хурсанд бўлиб кетиши керак.
Натижаларимиз сал яхшиланса барча мақтайди. Бироз омадимиз келмай, натижалар ёмонлашса танқид қилишади. Бу ҳаёт. Бундай гап-сўзларга нормал муносабат билдираман.
Ҳозирги кунда трансфер амалга ошириш жуда қийин иш. Футболчилар шартномага қўл қўймаганига қадар машғулотга ҳам чиқмайман деб туриб олишади.
Медаллар учун курашадиган жамоа футболни эсдан чиқариб қўйиши мумкин эмас.
"Бобур арена"да "Андижон"нинг 12-рақамли ўйинчиси бор, бу, албатта, клуб мухлислари. Бу стадионга келадиган ҳеч бир жамоага осон бўлмайди.
Қизиқ саволларни беряпсизлар. Ўйинга тайёргарлик кўрганда ҳар бир вазиятга тайёр туриш керак. Олимпия терма жамоамиз Миср билан ўйинда ҳимоячи тўпни узоқлаштирмоқчи эди, тасодифан гол бўлиб кетди. Футболда кутилмаган ҳодисалар кўп бўлади.
Натижадан кўнглим тўлди, аммо жамоам кўрсатган ўйиндан қониқмадим. Буни тан олишим керак.
Мен қайси жамоада ва қандай шароитда ишлашимдан қатъий назар, мухлисларга ёқадиган футбол намойиш этишга интиламан. Ёрқин ўйин намойиш этилса, натижа ҳам ўзини кўп куттирмайди.
Футболчилар жамоага мен учун келишмайди. Ҳар бир футболчи ўзи учун ўйнайди, жамоа манфаатига хизмат қилади.
Майдонга чиққандан сўнг фақат футбол ҳақида ўйлаш керак. 80-дақиқадан кейин эмас, ҳакам ҳуштаги чалиниб, ўйин бошланганидан то охиригача бир хил балансда ўйнашимиз керак.
Агарда майдонда ўйин кўрсатмай дуранг ўйнаганимизда, бошимизни деворга урсак бўларди.
Ўйин эсдан чиқади, натижа қолади.
Биз тарих яратдик, тарихни эса ўчириб бўлмайди.
Сергей Лушчан ("Навбаҳор" бош мураббийи):
Асосий муаммомиз - реализация.
Вазиятлардан гол урган жамоа ғалаба қозонади. Бу жуда оддий формула.
Наманганда иқтидорли йигитлар кўп, фақат муаммо шундаки - йигитларни агентлар...
Рақиб қайси жамоа бўлишининг фарқи йўқ, мен ҳар бир баҳсни худди охирги ўйиндек ҳис қиламан.
Ғалаба ҳар доим ишонч кайфиятини шакллантиради.
Биз ғалаба қозондик, лекин ўйинимиз "ноль".
Бизда "козирлар" бор эканми? Барча "козирларим" майдонда. Биз нималарнидир яширадиган даражадаги маҳоратли жамоа эмасмиз.
Ўзбекистон кубогида бош совринни қўлга киритсак, бизга самолёт совға қилишади.
Кубокни ютиш исталган клуб учун молиявий афзалликлардан устунроқ. Бу ҳаёт. Пул қачондир тугайди. Кубок соҳиби бўлиш эса кейинчалик болаларингизга сўзлаб беришингиз мумкин бўлган тарих ҳисобланади.
Йигитлар бугун 1000 фоиз кучи билан ўйнашди.
Аброр Исмоилов - бу Аброр Исмоилов. У Лео Месси ёки Роналдиньо эмас.
Келаси йили таркибда 80 фоиз футболчилар маҳаллий бўлиши йўлида ишлаяпман.
Ҳақиқий профессионал ҳар доим мотивация билан ўйнайди. Футбол ўйнаш учун иштиёқ топа олмаслик ғалати. Масалан, пули кўпайиб кетиб, миллиардер бўлиб қолган футболчи бутсаларини михга илиши керак.
Менга айтингчи, қайси жамоада футболчилар хато қилмайди? "Барселона"дами ёки "Реал"да? Мен индивидуал хатога йўл қўймайдиган футболчиларни билмайман. Сиз билсангиз, менга айтиб юборинг.
Футболчилар қаерни хоҳлашса, ўша ерга интилишади.
Ёш футболчилардан янги жамоа тузиш вазифаси қўйилган экан, мураббийлар штаби 3 карра кучайтирилиши керак. Агар раҳбарият 31 декабрга қадар мураббийлар штабига 6 нафар ёрдамчи олишимга рози бўлса, қоламан. Агар рози бўлмаса, демак, кетаман.
Агар пойдевор бўлмаса, уй қулаб тушади. Клубда яхши мактаб бўлиши керак.
Самвел Бабаян ("Навбаҳор" собиқ бош мураббийи):
Одил Ҳамробеков даражасидаги футболчини ҳар бир мураббий орзу қилади.
Мухлисларга мурожаат қилмоқчиман, "Навбаҳор"га мухлислик қилинг, жорий мавсум бу йигитлар билан керакли натижага эришамиз.
"Бунёдкор"ни ҳурмат қиламан, бироқ бундай даражадаги жамоаларни мағлуб этишимиз керак.
Бизда тенг кучли иккита таркиб бор эмас. Асосий таркибга муносиб деб ҳисоблаётганларимиз 12 нафарни ташкил этади, қолгани ёш футболчилар.
Ҳар бир серия қачондир тугайди. Бугун ғалаба қозондик ва мен фақат ғалабага оид саволларга жавоб бераман.
Янги мавсумда барча жамоалар "Навбаҳор"га қарши алоҳида тайёргарлик кўришмоқда.
"Олимпик" биринчи дақиқаданоқ вақт чўзиш ва ўйин темпини ўлдиришга ҳаракат қилди. Бу ишни касб қилиб олган бошқа бир жамоани билардим. "Сўғдиёна"ни назарда тутяпман. У ерда мураббий ва футболчилар ўзгарса ҳам услуб ўзгармасди. Энди бу сафга "Олимпик" қўшилибди. Олимпия терма жамоаси асосини ташкил қилувчи футболчиларга бу ярашмайди.
Ҳозирги кунда номинал ҳужумчи тўпурар дегани эмас. Жиру Россиядаги Жаҳон чемпионатида бирорта гол урмаган. Лекин Франция термаси бош мураббийи уни жуда мақтаган.
Мен ҳеч қачон терма жамоага чақирилаётган футболчиларни танқид қилмайман. Сабаби мен ўзим барчасидан ўтганман.
Кўп гапиришга ҳожат йўқ. Жамоага нимадир бўляпти. Балки омад етишмаётгандир.
Пенальтини кўрдингиз, 100 тадан 100 та гол урадиган футболчи ноаниқ зарба йўллади.
Мен ҳам Наманганда чемпионлик байрами бўлишини хоҳлаяпман. Ёрдамчи мураббийлар билан кунига 24 соат ишлаяпмиз. Бор эътиборим жамоада, барибир нимадир етишмаяпти.
Ўзимизга бўлган ишонч сўниб бормоқда. Бу бизга ортиқча босим юқлаяпти. Футболдаги энг қийин вазифа — рақиб дарвозасига йўл топиш.
Еттита учрашувда дуранг қайд этгандан кўра, бир маротаба мағлуб бўлган яхши.
Охирги икки ўйинга жамоани тўлиқ тайёрлай олмадим, бу ўйин сифатига таъсир қилди. “Навбаҳор” билан яна 1,5 йиллик шартномам бор ва товон пулидан бош тортдим ҳамда ҳеч қандай молиявий даъволарсиз кетяпман. Узоқ муддатли шартнома тузиб, клубдан пул сиқиб чиқариб, уни қийин молиявий аҳволга солиб қўйиш адолатдан эмас. Ишонаманки, “Навбаҳор” кўзланган натижаларга эришади.
Иван Бошкович ("Сўғдиёна" бош мураббийи):
Футболчиларнинг сифати ўйин режасини ҳал этади.
Чемпионатимизда заиф жамоанинг ўзи йўқ. Исталган жамоа исталган рақибини мағлуб этиши мумкин.
Мен ҳам инсонман. Ўйин вақтида эмоция бўлади.
Мен нечта ўзгариш амалга оширдим? Жароҳатлар нечта бўлди. Сиз ҳозир арабча футболга қиёсларсиз балки. Фактлар билан ўз ўйинимизни изохлаб бера оламан. Мен уч марта шифокорларни майдонга тушишдан қайтардим, бу факт.
Футболда яхшироқ ўйнаган жамоа ҳар доим ҳам ғалаба қозонавермайди.
Чемпионатимизда қайси жамоа рақиб бўлишидан қатъи назар, 90 дақиқа ўйинни назорат қилишнинг имкони йўқ.
Мақсадимиз ҳар бир кейинги учрашувдаги рақибни мағлуб этиш. Менинг фалсафам шундай.
Биласизми, шу майдон бизнинг уйимиз. Шу майдон бизнинг оиламиз. Шу орқали ишлаймиз, пул топамиз, оила боқамиз ва ҳоказо. Шундай экан, биз бу майдонга ҳар доим мослаша олишимиз керак, ахир ишимиз шунақа.
Ғалабага эришиш учун футболни юракдан ўйнаш керак, ёш болаларча йўл қўйилган хатолар кечирилмайди.
Ҳеч қайси бир мураббий бор-йўғи бир вазиятда хато қилгани учун футболчини захирага олмайди.
Футболда доим яхши ўйнаган жамоа ғалаба қозонмайди.
Виталий Левченко ("Нефтчи" бош мураббийи):
"Навбаҳор" ва "Пахтакор" "Нефтчи"дан кучлими? Буни журналистлар айтиши керак".
Футболда рақобат керак. Рақобат бор жойда футболчи ўсишга эришади.
Биз янги жамоа туздик. Барча муаммолар ҳал этилиб, бир тизимга ўтишимиз учун бироз вақт керак. Жамоани йиғиш биринчи босқич. Иккинчи босқич эса янги жамоани бир услубга мослаштириш. Биз иккинчи босқичдамиз. Бизга стабиллик етишмаяпти.
ОКМКга қарши асабий якун бўлмаганда, жамоа ўйинини максимал балл билан баҳолаган бўлардим.
Жамоада ички муаммолар бор. Ўша муаммоларни ҳал этишимиз керак. Бу ҳақда оммага жар солишни истайман. Умид қиламанки барчаси тез орада тўғирланади.
Эффионг нега эрта захирага олинди? Агар мени ўрнимга мураббийлик курсисига ўтирсангиз, қарор қабул қилишингиз мумкин. Ана шунда, кимни алмаштириш ва олиб қолишни ҳал қиласиз. Сизнингча у яхши ўйнади-ми? Майдонда жуда ёмон кўринди. Тезлик етишмади. Ҳужумчиларга, маҳорат, балки омад етишмагандир.
Бизга ҳозирча маҳаллий футболчилар керак. Сабаби ўзимизнинг футболчиларга адаптация учун вақт керак эмас. Легионерларга эса вақт керак. Улар жамоага киришиб кетиши қийинроқ.
Ҳозир "Нефтчи" билан амалдаги шартномам бор ва фақат шу ҳақда ўйлаяпман.
Футбол ҳаёти шунақа, ҳеч ким учун доимий жой кафолатланмайди.
Биласизми, ҳужумчи шундай позицияки, ундан доим гол уришни сўрашади.
Барчангиз футболни тушунасизлар, замонавий футболда натижа биринчи ўринга қўйилади. Чиройли футболдан маъно йўқ.
Италия чемпионатини кузатиб борасизми? Италияда бутун ўйин давомида битта гол урилади ва қайсидир жамоа ғалаба қозонади. Мен футболни шундай тушунаман.
Чемпионлик учун курашадиган жамоада тизим Швейцарияда ишлаб чиқариладиган соат каби аниқ ишлаши керак.
Бизда ёшларга шароитлар етарличами? Шу сабабли ёшлар йўқ.
Мавсумни Америка аттракционига қиёсласа бўлади. Бир мағлуб бўлган жамоа пастга шўнғийди, ғалаба қозонгани эса анчагина тепага чиқади.
Максим Шацких ("Пахтакор" собиқ бош мураббийи):
Бош мураббийнинг жамоадан ҳар доим ҳам кўнгли тўлмайди. Биз шундай йўналишни танладик ва ўзгаришлар бир кунда рўй бермайди.
Асосий мақсадимиз — терма жамоалар учун кўпроқ футболчи етказиб бериш.
Биз ҳеч кимни мажбурлаб ушлаб ўтирмаймиз. Ҳатто, амалдаги шартномаси бор футболчилар билан ҳам ҳайрлашишга тайёрмиз, агар улар жамоадаги ўрнидан норози бўлишса.
"Пахтакор" ҳар доим чемпионлик руҳига эга бўлган жамоа. Жамоа ким келишидан қаътий назар жамоада чемпионлик руҳи бор.
Дастлабки голни уриб олганимиздан сўнг негадир ғалати ўйин кўрсатишни бошладик. Шу, гапирадиган бошқа гапим йўқ.
"Металлург"га қарши баҳс мураббийлар учун қўлда валидол ушлаб кўрадиган ўйин бўлди.
Ҳозирги "Пахтакор"га қараб баҳо берманглар, сабаби биз катта ўзгаришларга қўл урдик. Бу ҳали тайёр маҳсулот эмас.
Бизда эса катта ўзгаришлар бўлиб кетди. Тўғри, жуда иқтидорли ёш футболчилар ҳам учраб туради, лекин улар саноқли. Масалан 40 та ёш футболчидан Аббос Файзуллаевга ўхшаган биттагина "вундеркинд" чиқиши мумкин.
Имкониятлар ҳаммада тенг. Ким кучлироқ эканлигини декабрда билиб оламиз.
3-5 йил ичида терма жамоада ҳужумчи етишмовчилиги бошланади.
Биласизми, мени нима хурсанд қилмоқда? "Пахтакор" кучсиз вақтида ҳам барча биздан чўчимоқда.
Ҳамма хато қилади. Буюк футболчилар ҳам хатолар қилган.
Бутун стадион сизга қарши мухлислик қилса ҳам сиз профессионал сифатида ўз ўйинингизни ўйнашингиз керак.
Бизни совринли ўринлар қизиқтирмайди. Бизга фақат чемпионлик керак. Мен ҳеч қачон мусобақа жадвалига қарамайман. Жадвалга фақат декабрь ойи якунида қарайман.
Суперлига Англия чемпионатини эслатади, у ерда, айтайлик, "Манчестер Сити" "Брентфорд" ёки "Сток Сити" майдонига бориб ютқазиши мумкин.
Бизда асосий дарвозабон, захира дарвозабон деган тушунча йўқ. Ким тайёр бўлса, ўша ўйнайди.
Мен статистикага эътибор бермайман.
Мен доимо футболчиларим ва ҳакамга гапираман. Сизлар эса ўзингизни ҳурмат қилишингиз керак. Бўлмаса бир умр латта бўлиб қолиб кетасиз. Шу сабабли ўзингизни ҳурмат қилинг ва масхарабоз каби тутманг.
Футбол ҳеч нимани кечирмайди.
Ўзбекистонда биз тоза футбол вақти билан барчадан олдиндамиз. Ҳар ўйинда 46 дақиқа. Бундай футбол билан қаерга бормоқчимиз? Жаҳон чемпионатига чиқамизми ёки Олимпиадани ютамизми? 46 дақиқа!
Ҳакамларни деярли сезмаймиз. Фақатгина жиддийроқ ҳолатларда кўрамиз, бошқа пайтларда улар майдонда кўринмайди.
Ҳакамлар футбол ўйнашимизга ҳалақит қилмаслиги керак.
Биз кимдир ёмон ўйнади деб захирага олмаймиз. Алмашдими демак нимадир қўшиш керак.
Черан, Собирхўжаев борасидаги саволлар менга берилмасин. Бу мавзу ёпилган.
Ҳар йили бир хил таркиб билан бир хил футбол ўйнаб бўлмайди, бунинг иложи йўқ.
Футболчилар "қулай зона"га тушиб қолса, ўсишдан, ўйлашдан тўхтаб қолади.
Сен бу спортга нима сабабдан кириб келдинг? Шунчаки вақтни ўғирлаш учунми?
Ҳамманинг ўз мақсади бўлиши керак. Мақсад бўлмаса нима сабабдан майдонда ҳаракат қиласан? Кун ўтказиш учунми?
Мени шамол қаердан эсаётганини билмайди деб ўйлайсизми? Биламан.
Бу ерга Траппатони ёки Анчелоттини олиб келинг, кейин кўрамиз.
Футболчилар ўзининг ўйинини таҳлил қилмаса, хулоса чиқармаса ўсишга эришмайди.
Февзи Давлетов ("Сурхон" бош мураббийи):
Мақсадимиз ўтган йилги ўйин сифатини сақлаб қолиш.
Жамоада ҳаммаси яхши, фақатгина натижа йўқ.
Нимелининг жароҳати бор ва у ҳали тикланишга улгурмади. Потапов руҳий томонлама ўйнашга тайёр эмас.
Ҳисобда олдинга чиқиб олганимиздан сўнг ҳимояга ётиб олиш яхши эмас. Бу бизга бошоғриқ бўлмоқда.
Иккинчи даврада Термизга қайтамиз.
"Локомотив"га қарши баҳсда нақд 14 та кераксиз хато қилдик.
Нимели ҳақида гапиришни истамайман. No comment.
Легионер жамоа учун ўйнаши керак. Нимели жамоада ўз келажаги ҳақида ўйласин, "Сурхон"да ўйнагиси келяптими ёки йўқми тушуниб олиши керак.
Узоқ йўл босиш кўп кучимизни олиб қўймоқда.
Асилбек Жумаев ўтган йилдан бери асосий таркиб футболчиси саналади. Энди у ёш бола эмас, фақат паспортда ёш бола.
Яхши ўйнаб, ютқазгандан ёмон ўйнаб, ютган яхши экан.
Умид қиламанки, кейинги мавсумда жамоамиз тўлиқ Термизда тайёргарлик олиб боради.
Вадим Абрамов ("Динамо" бош мураббийи):
"Навбаҳор"га қарши ўйинда ҳисоб 2:1 эди, аммо кейин пенальти ва ВАР... Ўша вазиятни кўрдим. У ерда икки футболчи ўзаро курашга киришганди, ким биринчи рақибни ушлаб қолгани кўринмади. Ҳакамлар вазиятни якунини кўришди, холос. Тўғри, мен такрорий вазиятларни тўлиқ кўрмадим. Лекин ҳакам вазиятни ВАР орқали кўраётганда мен ҳам ўрнимдан турдим ва ВАРга қарадим. Тўп учиб келаётганда Душан курашда эди. Ҳакам пенальти қўйганидан сўнг, бунга нима сабаб бўлганини сўрадим. Улар Шарофиддиновга ишора қилишди. Такрорий вазиятни тўлиқ кўриш керак. У ерда кураш кечганди. Агар бундай вазиятда пенальти берилса, ҳар бир бурчак зарбасида 11 метрлик нуқта кўрсатилиши керак бўлади.
Футболда ҳар қандай мураббийнинг тақдири шундай. Раҳбарият сиздан натижа талаб қилади. Бу нормал ҳодиса. Мен бу ҳолатга тушиши мумкин бўлган биринчи ёки охирги одам эмасман. Бунинг ажабланарли жойи йўқ.
Самарқанд — туристик шаҳар ва принцип жиҳатдан, иккинчи пойтахт ҳисобланади. Шундай экан, бу ерда яхши жамоа бўлиши керак.
Акбар Исматуллаевни жамоага олиб келмоқчи эдик. Шахсан ўзим уни "Динамо"га таклиф қилдим. У ўшанда фаолиятини тугатмоқчи эди. Мен уни яна ўйнашга кўндирдим. Кейин биз йиғинларга борганимизда кўрдимки, у бизга ёрдам берадиган формада эмас. Агар ўйнашни истаганда, мен унга имконият берардим. Исматуллаев эса фаолиятини якунлашини айтганди.
Ҳеч ким пул ҳақида сўрамади. 4 ойдан буён ойлик берилмаётган бўлса, қандай қилиб натижа талаб қилиш мумкин.
Рақиб сафида футболчи четлатилган экан, очко йўқотдик деб ҳисоблаймиз.
Баъзан яхши ўйнаб туриб ҳам натижа бўлмаслиги мумкин. Бугун яхши ҳам ўйнадик, натижага ҳам эришдик.
Ҳар қандай серия қачондир якунланиши керак. Афсуски, у бугун тугади.
Биласизми, ҳозир гапирганимдан ва ҳамма шубҳаларни ошкор қилгандан кўра, аҳмоқ бўлиб кўринган яхшироқ. Майли, ҳаммасига кўникамиз.
Мени бир анъана ҳайрон қолдирмоқда. "Олимпик" сафида бизга қарши ўйинда иштирок этган футболчи бундан олдин қизил карточка олган экан ва у ўйинни ўтказиб юбориши керак бўлган. Лекин қизил карточка бекор қилинибди. "Андижон" футболчиси сўнги учрашувда олган қизил карточкасини ҳам бекор қилингани ҳақида ҳозир билиб олдим. Бу бизга қарши яхши анъана бўлиб қолди. Бизнинг ўйиндан олдин рақибларимизнинг карточкалари бекор қилиняпти. "Сўғдиёна"га ҳам бемалол қизил карточка олаверишни маслаҳат бераман. Четлатиш кейинчалик барибир ўз кўчини йўқотади.
"Сўғдиёна"га қарши ўйин худди бизнинг 0:2 ҳисобидаги мағлубиятимиз билан бошлангандек таасурот қолдирди.
Гол ўтказиб юборилса, хато бутун жамоаники бўлади.
- Бугун жамоангиз мавсумдаги энг зўр ўйинларидан бирини ўтказди. Ҳозир ҳамма шу ҳақида гапиряпти. - Бу тушунарли, лекин саволингиз қандай?
Ўзимизга муаммо яратиб, қаҳрамонларча ғалаба қозондик.
Агар Жоэл Кожога таклиф Ўзбекистондаги трансфер ойнаси очиқ пайтида бўлганида биз ўйлаб кўрган бўлардик. Сабаби биз Кожони сотсак ўрнига бошқа ҳужумчи олишимиз керак бўларди. Ҳозир бизда трансфер ойнаси ёпиқ. Нима уни қўйиб юборишимиз керакмиди? Футболчининг клуб билан 1,5 йиллик шартномаси бор.
Биз ҳеч қачон пенальти тепмаймиз, бизнинг дарвозамизга эса тепаверишади.
Ҳакамликни муҳокама қилишни истамайман, аммо мени ҳакамларнинг хатосидан ҳам кўра, VARнинг иши кўпроқ ўйлантиради. Мана, масалан, Ўзбекистон кубоги финалида, миллий жамоамиз ўйинида хорижлик ҳакамлар ишлашди. Кўрдик, VARга боғлиқ вазиятларда жуда тез қарор қабул қилишди. Очиғи, бизда интернет шунақа ишлагани учун, VAR ҳам шундай ишласа, керак деб ўйлардим. Аммо хорижлик ҳакамлар ҳам Ўзбекистонда туриб VARда шундай ишлашди. Бизнинг ўйинларда тўп майдондан чиқиб кетса ҳам, VAR қайсидир вазиятни кўриши учун кутамиз, тушунарсиз тўхталишлар юзага келаверади. Бу эса ҳар қандай ўйиннинг ритмига таъсир қилади. VAR бизда вазиятларни нега узоқ кўриб чиқиши мен учун тушунарсиз ва мени ўйлантиради.
Менимча рақиб дарвозасига гол ургунча яхши ўйнадик. Нега ҳимояга ётиб олиб тўпни тепиб юборишни бошлаганимизни билмайман.
Шундай жамоа тузишимиз керакки, Самарқандда қачон мағлуб бўлганимиз мухлислар ёдидан чиқиб кетсин.
Чемпионатда шундай воқеалар бўлдики, бугун биз бошқа ўринлар учун курашишимиз мумкин эди.
Тушунаман, вилоятнинг ўз муаммолари бор. Футбол ижтимоий жиҳатдан юклама ҳисобланади. Мен сўраган ягона нарса машғулотлар жараёнини ташкиллаштириш учун база эди. Машғулот майдонлари, маҳаллий футболчилар етишмаяпти. Маҳаллий ўйинчилар ва мактабсиз рақобат қилиш жуда ҳам қийин.
Футболчиларнинг умри қисқа. Айтишадику, балиқ чуқурроқ жойни, футболчи эса яхшироқ жойни излайди деб.
Лидер жамоаларга қарши тайёргарлик кўриш осонроқ, айниқса, руҳий томонлама.
Биз мухлисларни ранжитмайдиган жамоа тузишимиз керак. Энг камида ўз уйида мағлуб бўлмайдиган жамоага айланишимиз керак.
Яхши жамоа декабрдан бошлаб кейинги мавсумга тайёргарлик кўришни бошлайди.
Ҳеч кимга сир эмаски, "Динамо" жорий мавсумда Суперлига клублари ичида энг кам бюджетга эга жамоа эди. Барчаси раҳбарият қарорларига боғлиқ.
Александр Хомяков ("Андижон" бош мураббийи):
Кучли рақиб билан ўйнасак, тажрибамиз ортади ва ўйин сифати янада кучаяди.
Футболда ҳамма нарса ҳар доим ҳам ўхшайвермайди.
Ҳар 10 та ўйинда битта хатога йўл қўйиш нормал ҳолат.
Мухлисларимиз биздан ҳар доим ғалаба кутишади.
Тез орада натижага эришиб бўлмайди. Мен сеҳргар эмасман.
Мавсум аввалида медаллар учун кураш ҳақида ўйламаётгандик. Бизнинг асосий вазифамиз яхши ва стабил жамоа тузиб олиш эди.
Мураббий руҳшунос бўлиши керак.
0:3 ҳисобидаги мағлубият адолатли натижа бўлди.
Кетма-кет мағлубиятлар ёқимсиз. Тўғриси, нима дейишни ҳам билмайман. Балки бунга қандай чора топиш йўлини биларсиз? Ўзингиз ёрдам бериб юбора олмайсизми?
Ҳар ўйиндан сўнг айтаяпман, биз учун майдонга чиққан ўйинимиз финалга тенг.
Чарчаган бўлсам керак. Ҳиссиётга берилишга куч қолмаган.
Амалдаги шартномам бор, раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас. Қарорни мен қабул қилмайман.
ОЧЛда иштирок этадиган клуб янги футболчиларни олиб келиши ва таркибни кучайтириши керак.
Илёс Зейтуллаев ("Бунёдкор" бош мураббийи):
Ғалабани бутун жамоа қўлга киритганидек, мағлубиятни ҳам бутун жамоа бош мураббий билан бирга қабул қилади.
Ҳозир камроқ гапириб, кўпроқ ишлашимиз керак.
"Бунёдкор" сўнгги ўринларда юрадиган жамоа эмас.
Тактик услуб деганда, айнан нимани назарда тутаётганингизни билмайман, балки чиройли ва ҳужумкор футболни назарда тутаётгандирсиз. Лекин мен Пеп Гвардиола эмас, Илёс Зейтуллаевман. Тўғри, Италияда кўп вақт давомида истиқомат қилдим. Жан Пьеро Гасперини ва Маурицио Сарри каби машҳур муррабийлар билан ишладим, аммо мен Илёс Зейтуллаевман ва менинг футболим бошқача бўлади. Мен ҳали ҳамон ангренлик оддий бир йигитман, фақатгина Италияга кўчиб кетганман.
0:3 ҳисобида мағлуб бўлганимиздан сўнг қандай қилиб ижобий жиҳатлар ҳақида гапиришим мумкин?
"Бунёдкор" айни дамда лигада жон сақлаб қолиш учун қурашмоқда. Жорий мавсумдаги асосий мақсадимиз шу.
Агар Худо биз билан бирга бўлса, ким қаршилик қилиши мумкин?
Футбол шундай спорт турики, унда яратилган имкониятлардан фойдаланишингиз керак.
Мен жойимдан қўрқмайман. Эртага нима бўлишини билмаймиз. Мураббий ҳаётида бўладиган нарса. Раҳбарият мендан бўшатишни ва бошқа одам келишини айтса мен фақат "Бунёдкор"нинг мухлиси бўлиб қоламан.
Менда ҳеч қандай ўзгача услуб йўқ. Вазиятдан келиб чиқиб иш тутамиз.
Футболда руҳий ҳолат жуда муҳим аҳамият касб этади.
"Локомотив" устидан қозонилган ғалабани массажчимизга бағишлайман. Ҳозир у терма жамоада, ғалаба у ва унинг ўғлига бағишланади.
Ўсмирлик чоғимда Анчелотти, Липпи мураббийим бўлди. Энг кўп вақтимни айни дамда "Аталанта"ни бошқараётган Гасперини билан ўтказдим. Шунингдек, Сарри ҳам бўлган. Лекин мен ўзимга ўхшашни истайман.
Замонавий футболдаги "мода"га тақлид қилишдан фойда йўқ.
Йигитлар сўнгги учрашувларда асосий ва захира деган тушунчалар йўқлигини тушунишди.
Жамшид Саидов ("Қизилқум" бош мураббийи):
Жамоамиз мақсади: ўтган мавсумдан яхшироқ натижа қайд этиш.
Йигитларга кучли ҳоҳиш ва ўз-ўзига бўлган ишончнинг таъсири муҳим ҳисобланади.
Биласизми, икки-уч нафар футболчимизга куч етишмади. Менимча, бунга уларнинг рўза тутгани сабаб бўлди.
Уйда деворлар ҳам ёрдам беради. Ҳамма ўйинни меҳмонда ўтказаётгандекмиз. Навоида кўпроқ мухлислар стадионга келган бўларди.
Футбол ўзи шунақа ўйин, қандай натижа билан тугашини тахмин қилиш қийин.
Ҳозирги кунда "лидер" ва "аутсайдер" деган тушунчалар йўқ.
Мен ҳеч қачон ҳакамларни таҳлил қилмайман, бу иш билан шуғулланадиганлар бор.
Мен ВАР кўп ҳолларда жамоалар катта ёрдам бермоқда деб ҳисоблайман. Масалан, милли сонияларда ҳакам ва мен ҳам вазиятларни кўрмай қолишимиз мумкин, аммо кейинчалик такрорий лавҳаларда бу кўринади.
Мавсумни яхши бошлагандик, лекин биринчи давра сўнгида омад биздан юз ўгирди. Ўйлашимча, жамоа ёмон эмас. Аммо биринчи даврадан сўнг кучайишимиз аниқ.
Жамоамизга келадиган легионер бизнинг принципларга мос тушиши керак.
"Бунёдкор" — буюк клуб. Жамоа ўз номига, ўз мақомига мос бўлиши керак.
Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби бор. Мураббийлар, асосан, танаффусда футболчиларга мотивация беради ва яхшироқ ўйнашга ундайди.
Иккита тўп фарқи билан ортда бораётиб, якунда дуранг қайд эта олсангиз, бу яхши натижа ҳисобланади.
Раҳбарият бизга вазифа қўйгани рост. Зиммамиздаги вазифани бажармасак, биз учун исталган ўйин охиргиси бўлиши мумкин.
Умуман олганда, биринчи гол кулгили бўлди. Иккинчи гол эса дарвозамиз томон аниқ бормаётган бўлса ҳам ўзимизга уриб қўйдик.
Жорий мавсум жамоамизга ТОП-10 га кириш вазифаси қўйилганди.
Денис Коростиченко ("Олимпик" бош мураббийи):
Жамоада катта ўзгаришлар рўй берди. Суперлигада жон сақлаб қолиш эмас, юқорироқ ўрин эгаллашни мақсад қилганмиз.
Бугун жамоамни мақташдан кўра кўпроқ танқид қилган бўлардим.
Кетганларнинг ўрнини тўлдириш қийин. Деярли барча етакчи жамоадан кетди.
Жамоа мақсади ва амбициялари ўзгармайди.
Йигитлар футбол ўйнашни билади, шунчаки уларга тажриба етишмаяпти.
Мусобақа жадвалида эгаллаб турган ўрнимиз бугун кўпроқ натижа учун ўйнашга мажбур қилди.
Биз Элдор Суюнов асосий таркибдан ўрин олганини билганимиздан сўнг уларга ушбу вазиятдан фойдаланиб қолишимиз кераклигини айтдим.
Медаллар учун курашаётган жамоага қарши ўйнаш қийин.
Тимур Кападзе ("Олимпик" собиқ бош мураббийи):
Мағлубиятдан хеч ким қониқмайди. Барча ғалаба учун майдонга тушади.
Алам қилаётгани — "Локомотив"га ўз ўйинимиз сабаб ютқазганимизда ҳам майли эди.
Мағлубиятни ёмон кўраман. Бу нормал ҳолат. Қаердадир ноҳақликлар бўлса бунга чидай олмайман.
Ҳозир ёшларимиз 2028 йилги Олимпиада учун тайёргарликни бошлаб юборган.
Жамоа Суперлигада ва охиригача курашамиз. Якуний қарорни раҳбарият ҳал қилади, мен бир нарса дея олмайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади.
Майдонга чиқдингми, курашишинг шарт.
Олимпиадага энг кучли ва муносиблар бориши лозим.
ОКМКга қарши ўйинда қайси жамоа биринчи гол урса, ғалабани ўша жамоа қўлга киритарди.
Биз совғадан фойдалана олмадик.
Футболчилар ўзига яхши қарай олса, жароҳатлар бўлмайди.
Григорий Колосовский ("Металлург" собиқ бош мураббийи):
Жамоани Суперлига олиб қолиш учун энди биз майдонга чиқадиган ҳар бир ўйин финал бўлиши керак.
Бекободдаги стадион анча яхши ҳолатда, фақатгина сув дренажлари йўқ. Умуман олганда майдон анча сифатли. Бекободдаги ўйинларда 4-5 минг мухлислар ташриф буюрарди. Биз Бекободдаги мухлисларни футболсиз қолдирмоқдамиз. Бу ерга 100 га яқин мухлис келмоқда. Бу яхши эмас.
Бошқа жамоаларнинг майдонларини қаранг, қандай аҳволда. Ҳаммада бир хил ҳолат, бироқ икки хил стандарт. Бу нима билан боғлиқ? Бу савол жавобини билгим келади.
Биз фақатгина мухлисларни футболсиз қолдирдик. Агар Бекободда ўйнагамизда биз ҳозир бу аҳволда бўлмаган бўлардик. Бизга ҳар турда меҳмонда ҳаракат қилиш ёқмаяпти.
"Олимпик"га қарши ўйинда ҳакамлик жуда ёмон бўлди. Учрашув давомида жуда кўп қоидабузарликларга гувоҳ бўлдик. Барча қоидабузарликга негадир бир жамоа фойдасини кўзлаб қарор чиқарилди.
Иш берган услубларни албатта амалиётга жорий қиламиз. Ўйин ташкил этиш борасида Самвел Бабаяннинг маслаҳатлари бугун бизга фойда келтирди.
"Локомотив" бизга совғалар бермоқда.
Веско Стешевич ("Металлург" собиқ бош мураббийи):
Бу ердаги бир очко Африкада ҳам бир очко ҳисобланади.
Гол, албатта, бир томоннинг маҳорати ва иккинчи томоннинг хатоси эвазига юзага келади.
"Андижон"га қарши ҳақиқий эркакча футбол гувоҳи бўлдик ва дуранг адолатли натижа бўлди.
Мен мухлисларни тушунаман. Бу каби натижалар уларга ёқмаслиги аниқ. Бугун ҳам мағлуб бўлдик. Натижаларимиз жуда-жуда ёмон.
Александр Крестинин ("Локомотив" собиқ бош мураббийи):
Трансферлардаги номлар қоғозда ёмонмасди. Бироқ улар майдонда биз кутганчалик ўйин кўрсата олмади.
Биз ҳар бир рақибга қарши турли хил тайёргарлик кўрамиз.
Биз ҳеч кимни омма олдида баҳоламаймиз.
Гол урганимиздан кейин рақиб посбони тўп бормаганидан совқотиб қолди.
"Навбаҳор"га қарши баҳс иккига бўлинди: четлатишгача ва четлатишдан кейинги ўйин.
Ҳар бир учрашувда сўз билан тасвирлаб бўлмас индивидуал хатоларга йўл қўяяпмиз.
Ўз туйғуларини тия олмайдиган футболчини профессионал деб аташ нотўғри.
Александр Стоймирович ("Локомотив" собиқ бош мураббийи):
"Локомотив" жамоаси бугун катта лойиҳага дастлабки қадамни қўйди. Янги жамоа қуриш ва ёш футболчиларни таркибга қўшиш мақсадимиз саналади. Бугунги учрашувга бир ой тайёрландик, аммо бор-йўғи 15 дақиқа яхши ўйин намойиш этдик.
"Пахтакор"га қарши ўйинда 11 метрлик жарима белгилаганда пенальтини тепиш борасида Санжар Турсуновни танлагандик. Лекин у Дамьян Крайишникка йўл берди ва етакчи, инсон сифатида қандайлигини яна бир бор кўрсатди. "Сен теп, гол урдинг, сенга ишонаман" деди. Бу ҳақиқий сардорнинг гапи бўлди.
Футбол жуда қийин спорт тури. Ҳар бир футболчининг ўзига ҳос организми бор. Қайсидир жароҳатлар олдини олишнинг иложи йўқ. Сабаби ўйин вақти югираётган чоғи жароҳат олиб қолишингиз мумкин.
Бизнинг имкониятларимиз ва қурбимиз етган футболчилар аввалги клубларида захирада ўтирадиган ўйинчилар эди. Улар ҳали ҳамон асосий таркиб футболчиси эканлигига кўникиб кета олишмаяпти. Асосий мақсадимиз — лигада жон сақлаб қолиш.
Футболчилар, илк навбатда, ўз ичидаги муаммоларини ҳал этишлари керак. Футболчи бутун фаолияти давомида ўзи билан ўзи курашиши керак. Ички муаммоларни руҳшунос ёки бош мураббий ҳал этиб бера олмайди. Футбол — эркаклар ўйини.
Суперлига-2024. Мавсумнинг эсда қоларли лаҳзалари
Coca Cola Суперлигаси-2023. Мураббийлардан сара иқтибослар
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Comments