Суперлига-2025. Қайси жамоалар қолади, қайсилари кетади?
24 nov 19:18
News
Суперлига-2025. Қайси жамоалар қолади, қайсилари кетади?
Яўринмавсумдаюқори Ўзбекистон Суперлигасида иштирокчи жамоалар сони 16 тага оширилади. Маълумот учун, жорий мавсум 14 клуб юқори дивизионда иштирок этмоқда.
Мусобақаларни ташкил этувчи Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) ўз баёнотида бу ҳақда шундай эълон қилганди:
"Суперлиганинг 2024 йилги мавсумида 14 та жамоа ғолиблик учун рақобатлашади. Якунда сўнгги ўринни эгаллаган 1 та жамоа мусобақа билан хайрлашади. Унинг ўрнига Про лиганинг дастлабки икки жамоаси Суперлига йўлланмасини қўлга киритади. Яна 1 та йўлланма эса Суперлиганинг 12-13 ҳамда Про лиганинг 3-4 жамоалари ўртасида ўйналади. Бунда Пролиганинг 4-жамоаси уй ўтиш ўйинида Суперлиганинг 12-жамоасини, Про лиганинг 3-жамоаси эса уй ўтиш ўйинида Суперлиганинг 13-жамоасини қабул қилади. Ҳар икки беллашув мағлублари нейтрал майдонда Суперлиганинг 16-иштирокчиси номига ойдинлик киритади".
Бундан кўриш мумкинки, Суперлигада 12-ўрин билан кифояланган жамоа ҳам 2025 йилги мавсумни Про лигада ўтказиши, Про лиганинг тўртинчи жамоаси эса аксинча, Суперлига йўлланмасига эга чиқиши мумкин. Муҳими, барчаси спорт принcипларидан келиб чиқиб, амалга оширилади".
Келинг, эндиликда Суперлигада 2025 йилги мавсум қайси жамоалар иштирок этиши ҳақида сўз юритамиз.
Ҳозирга вақтда жорий мавсум турнирда қатнашаётган 9 клуб лигада қолишни кафолатлади, булар: "Насаф", ОКМК, "Навбаҳор", "Сўғдиёна", "Пахтакор", "Сурхон", "Андижон" ва "Динамо". Шунингдек, Про лигада жорий мавсум дастлабки икки ўринни эгаллаган "Машъал" ва "Бухоро" клублари тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритди. Демак, ҳозирда 11 жамоа номи аниқ. Хўш, қолганлар-чи?
ПФЛ баёнотига кўра, Суперлигада жорий мавсум сўнгги ўринни эгаллаган жамоа кейинги мавсумдан Про лигада иштирокини бошлаши кўзда тутилган. Бироқ бир тур қолганига қарамай, мусобақа билан хайрлашган жамоа номи маълум эмас. Бекободнинг "Металлург" клуби бугун "Сурхон"ни мағлубиятга учрата олмаганида, эҳтимол, иккинчи мақомдаги лиганинг янги иштирокчисига айланиши мумкин эди. Шунга қарамай, Про лигага икки клубдан бири равона бўлиши аниқ: "Локомотив" ёки "Металлург".
Айни дамда "Локомотив" ҳисобида 21, "Металлург" ҳисобида эса 20 очко мавжуд. Бекободликларни сўнгги турда ҳам ғалаба қаноатлантириши билан бир қаторда улар таъқибчисининг 3 очкога эга чиқмаслигини кутиши керак. "Металлург" дуранг ўйнаган тақдирда ҳам "темирйўлчилар"нинг мағлубиятга учраши талаб этилади. "Локомотив" охирги турда 5-ўринда бораётган "Нефтчи"ни қабул қилса, "Металлург" чемпионликни муддатидан илгари ҳал қилган "Насаф" майдонига сафар уюштиради. "Насаф" чемпионликни ҳал қилиб бўлгани, "Нефтчи"нинг эса юқори ўринлар учун кураш олиб бораётганидан келиб чиқсак, "Локомотив"ни ҳам ўта оғир синов кутиб турганини сезиш мумкин. Қизиқ томони, "Локомотив"га қониқарсиз натижалари учун "Металлург" раҳбарияти томонидан истеъфога чиқарилган Григорий Колосовский мураббийлик қилмоқда.
Икки жамоадан бири Суперлига билан хайрлашиши иккинчисини лигада қолишини кафолатламайди, балки ўтиш ўйинида Про лигада 3-ўринни эгаллаган жамоа билан беллашади. Иккинчи ўтиш ўйинида иштирок этадиган Суперлига жамоаси эса ҳозирча номаълум.
Кейинги мавсум режасига қарайдиган бўлсак, жорий йил жадвалда 11 ўринни эгаллаган жамоалар ўз ўрнида қолади. Улар сафига "Машъал" ва "Бухоро" қўшилиши инобатга олсак, бу сон 13 тага етади. Яна 3 йўлланма эса ўтиш ўйинлари орқали аниқланади.
Ўтиш ўйинларида 4 клуб ўзаро беллашиб, уларнинг учтасига йўлланмаси насиб этади. Биринчи босқичида ютқазган жамоаларга иккинчи имконият тақдим этилади.
Суперлигани 12-ўринда якунлаган клуб Про Лиганинг 4-жамоаси, 13-ўринда якунлаган клуб эса Про Лиганинг 3-жамоаси майдонига сафар уюштиради. Мазкур беллашувларда ғалаба қозонган икки жамоа янги мавсумда Суперлига иштирокчиларига айланади. Мағлуб бўлганлар эса сўнгги, 16-йўлланма учун кураш олиб боради.
Про Лига 3-ўрин ("Қўқон") — Суперлига 13-ўрин ("Локомотив"/"Металлург")
Про Лига 4-ўрин ("Шўртан") — Суперлига 12-ўрин ("Қизилқум"/"Бунёдкор"/"Олимпик")
Ўтиш ўйинининг иккинчисида иштирок этадиган ўринни ҳозирда келажаги номаълум бўлиб турган "Олимпик" жамоаси эгаллаб турибди. Бироқ "Қизилқум" ва "Бунёдкор" клубларида ҳам қуйи поғонага тушиб кетиш хавфи бор. Бунинг учун Денис Коростиченко шогирдларининг якуний турдаги ғалабаси кифоя қилиши мумкин.
"Қизилқум" сўнгги турда иккинчи ўринни сақлаб қолиш учун жон-жаҳди билан курашаётган ОКМК майдонига сафар уюштирса, "Бунёдкор" азалий рақиб "Пахтакор"ни ўз майдонида қабул қилади. "Олимпик" эса ютса ҳам, ютқазса ҳам ўз жойидан силжимайдиган "Сурхон" майдонига сафар уюштиради, бу эса икки клубга ҳам ҳатто очко қўлга киритишни кафолатламаслиги мумкин. Катта эҳтимол, кўп нарса "Олимпик"нинг тақдирини белгилаб берадиган (эҳтимол, белгилаб бўлган) клуб раҳбариятига боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.
Хуллас, Суперлиганиннг сўнгги тури интрига ва қизиқарли воқеаларга бой бўлиши кутилмоқда. Ўтиш ўйини иштирокчилари ва Про лиганинг янги мавсумдаги иштирокчиси ҳам шунда аниқ бўлади.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.
Comments
олимпик тарқатиб юборилиши хавфи ҳам бўлиши мумкин