Latest news

02:47Йўқ, бу амалга ошмади: ота-ўғил Янглар бир-бирига қарши ўйнамади  0 01:58Испания Суперкубоги финалида "Эл Класико" кўрамиз!  12 01:52Эксклюзив: "Манчестер Сити" "Ланс"га расмий таклиф билан чиқди, Ҳусановнинг нархи янада ошди  33 01:26Неймар "Ал Ҳилол"га қимматга тушди  3 01:00Расман: Амад Диалло шартномани узайтирди  1 00:35Улар яна бирга бўлишади: Каземиро Саудия томон йўл олмоқда  2 00:12Роналду фаолиятидаги 917-голини урган ўйинда "Ал Насср" иродали ғалаба қайд этди  4 23:58Англия Кубоги: "Эвертон" - "Питерборо" ўйинида ота ва ўғил бир-бирига қарши ўйнайдими?  1 23:27Расман: АПЛ клуби ўйин куни бош мураббийни истеъфога чиқарди  0 23:13"Бухоро" мавсумни қайси стадионда бошлаши аниқ бўлди  3 23:06Испания Суперкубоги. "Реал" - "Мальорка" баҳси асосий таркиблари маълум!  15 22:50"Барселона": Шкафлар сотилади  11 22:33"Астон Вилла" 150 йиллик юбилейига атаб либос тақдим қилди  0 22:09Ўзбекистон аёллар терма жамоаси футзалда Хитойдан устун келди  2 21:50"Милан"нинг қишки трансферлар ойнаси вақтидаги асосий мақсади ким бўлади?  1

Суперлига-2024. Якунланган мавсум трансфер қилинган легионерлар қанчалик ўзини оқлади? News

Суперлига-2024. Якунланган мавсум трансфер қилинган легионерлар қанчалик ўзини оқлади?

Уларнинг баъзилари жамоасининг етакчи футболчиларидан бирига айланган бўлса, бошқалари ярим мавсумдаёқ жамоа билан хайрлашди.

Трансферларни баҳолашда яхши, ўртача, ёмон каби сифатлардан фойдаландик.


"Насаф"

 Темур Чогадзе (Грузия) — 15 ўйин

Мавсум аввалида қаршиликлар сафини кучайтириши кутилган вингер жамоага тўлиқ мослашиб кета олмади. Қашқадарёдаги иккинчи Темур бўлган легионер муҳташам ҳайкали ўрнатилган саркарда каби қудратли бўлиб чиқмади, балки фақат исмигина ўхшаш эканлигини намоён этди. 26 ёшли футболчи Суперлиганинг биринчи даврасида 10 та ўйинда майдонга тушди, шуларнинг учтасини асосий таркибда бошлади, бирорта ўйинда тўлиқ вақт давомида ҳаракат қилмади. Бошқа турнирлар билан қўшиб ҳисоблаганда, 15 ўйинда тер тўккан ярим ҳимоячига рақиб дарвозасини ишғол қилиш насиб этмади. Ёзги трансфер ойнасида у клубни тарк этди ва Қозоғистоннинг "Жетису" жамоаси таркибига бориб қўшилди.


 Виктор да Силва (Бразилия) — 21 ўйин, 1 гол

"Футбол сеҳргарлари ўлкаси"дан ташриф буюрган ҳужумчидан маҳаллий мухлислар голлар шоусини кутишганди, бироқ унинг репертуарида жонли ижродан кўра фонограмма кўпроқ кўзга ташланмоқда. 29 ёшли футболчи мавсум аввалидаги ўртоқлик ўйинларида сермаҳсуллик намойиш этганди, бироқ сермаҳсуллик мавсум давомида сермаҳзунликка айланди. Суперлиганинг 13 ўйинида майдонга тушган Виктор беллашувларнинг еттитасини асосий таркибда бошлади. Да Силва расмий учрашувлар доирасида фақатгина ОЧЛ-2 гуруҳ босқичида "Ал Ҳусайн" дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди.

 Зоран Марушич (Сербия) — 32 ўйин, 14 гол

"Навбаҳор"даги ўйинлари ва голлари билан маҳаллий мухлислар ёдида қолган сербиялик ҳужумчи мавсум аввалида яна Ўзбекистонга келди ва "Насаф" билан шартнома имзолади. Клубнинг бошқа янги футболчиларидан фарқли рақишда 31 ёшли форвард жамоага мослаша олди ва муҳим ўйинларда рақиблари дарвозасига йўл топди. Суперлигада 9 та гол урган Марушич ОЧЛ-2 гуруҳ босқичида 4 марта таблога ўз номини ёздирди, шунингдек, Ўзбекистон кубогида ҳам битта тўп киритди. Шунингдек, у мавсумнинг рамзий жамоасидан жой олди. Марушич янги мавсумни "Нефтчи" клубида бошлайди. 

 Валентино Юэл (Жанубий Судан, Австралия) — 8 ўйин

Африкалик футболчилар, одатда, жисмонан бақувват ва тезкор бўлишади. Бироқ Юэлда буларнинг бирортаси ярқ этиб кўзга ташланмади. 30 ёшли ҳужумчи ёзги трансферлар ойнасида Қаршига кўпроқ дам олиш учун келгандек таассурот қолдирди. ОЧЛ-2 даги икки ўйинни ҳисобга олмаганда, форвард Суперлигада жами 1 соатга яқин майдонда ҳаракат қилди, холос.


???? Стефан Чолович (Сербия) — 14 ўйин

Ёзги трансфер ойнасида "Насаф" сафига келиб қўшилган сербиялик ярим ҳимоячи аста-секин жамоага мослашиб, асосий таркибда майдонга туширилмоқда. 30 ёшли вингер ўз ҳисобига гол ёздирмаган бўлса-да, Суперлигада иккита ассист қайд этди.

ОКМК

???? Гиорги Папава (Грузия) — 20 ўйин, 1 гол

Аввалроқ ОКМК сафида тўп тепган ва кейинчалик "Пахтакор"да ишлари юришмаган ярим ҳимоячи мавсум аввалида яна клубга қайтди. Бироқ у, асосан, захирадан ўйинни кучайтириш учун майдонга туширилди ва Суперлигада 19 беллашувда кўриниш берганига қарамай, 5 учрашувда бошланғич таркибга киритилиб, жами 380 дақиқа ҳаракат қилди ва собиқ жамоаси "Пахтакор" дарвозасигагина йўл топа олди.

 Милян Шкрбич (Сербия) — 6 ўйин, 1 гол

Мавсум аввалида олмалиқликлар таркибига келиб қўшилган сербиялик 29 ёшли футболчиҳужумчи атиги 6 ўйинда майдонга тушиб, "Динамо" дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди. Бироқ унинг хатти-ҳаракатлари мураббийлар штабини қониқтирмади ва ёзги трансфер ойнасида клуб ҳужумчи билан хайрлашди.


 Ариҳиро Сентоку (Япония) — 27 ўйин, 4 гол

Япониялик ярим ҳимоячи мавсум давомида ОКМКнинг асосий таркиб футболчиларидан бирига айлана олди. Суперлигада 24 ўйинни асосий таркибда бошлаган Сентоку "Пахтакор"га қарши иккала ўйинда ҳам гол урган, шунингдек, "Бунёдкор" дарвозасига ғалаба тўпини киритган. Кубокда эса "Бухоро" дарвозасига йўл топган.

???? Клейди Даци (Албания) — 13 ўйин, 3 гол

Албаниялик ҳужумчи давралар оралиғида клуб таркибини кучайтириш учун олиб келинганди. 25 ёшли футболчи дастлабки ўйинлардаёқ ёрқин таассурот қолдириб, "Андижон"га қарши баҳсда дублга эришди, сўнгра "Навбаҳор" дарвозасини ишғол қилди. Бироқ кейинчалик Даци йиллик вазифасини бажариб қўйгандек гол уришни ёдидан чиқариб қўйди, фақатгина икки учрашувда ассист қайд этди.


 Михаэль Клепач (Хорватия) — 8 ўйин, 1 гол

Хорватиялик ярим ҳимоячи ҳам ёзда ОКМК сафига келиб қўшилди, бироқ таркибга мустаҳкам ўрнаша олмади. Атиги 1 ўйинни асосий 11 таликда бошлаган 27 ёшли футболчи умумий ҳисобда 59 дақиқа майдонда ҳаракат қилиб, "Навбаҳор" дарвозасига тўп киритди.


"Навбаҳор"

 Сияваш Ҳақназарий (Эрон) — 27 ўйин, 5 гол

ОКМКдан олиб келинган ярим ҳимоячи мавсумнинг дастлабки қисмида захира ўйинчисига айланган бўлса, мураббий алмашгач, кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлди. Суперлигада етарлича тажриба тўплаган 29 ёшли футболчи мавсумни ёмон ўтказмади ва ўз ҳисобига 5 гол ёздириб қўйиш билан бир қаторда Карим Бенземаси бор "Ал Иттиҳод"га қарши нақ 4 маротаба (икки клуб сафида) майдонга тушишга улгурди. Мавсум якунлангач, у жамоани тарк этди.

???? Гиоргий Никабадзе (Грузия) — 25 ўйин, 3 гол

"Нефтчи"дан харид қилинган ҳужумчи кўпинча захирадан майдонга туширилди. Шунга қарамай, 33 ёшли футболчи "Насаф", "Пахтакор" ва "Сўғдиёна" (кубок доирасида) каби етакчи жамоалар дарвозасига йўл топа олди, бироқ умумий нуқтайи назардан кўнгиладигидек мавсум ўтказа олмади.


"Сўғдиёна"

 Зоран Петрович (Черногория) — 15 ўйин, 2 гол

27 ёшли вингер кўпгина ўйинларда бошланғич таркибда майдонга туширилаётганди, бироқ кейинчалик унинг ўйинлари бош мураббий ҳамюртига манзур келмади ва мавсум якунланмасиданоқ Петрович жамоани тарк этди.


 Алексей Носко (Беларусь) — 13 ўйин

"Бунёдкор"даги ўйинлари орқали таниш бўлган таянч зонаси вакили дастлаб асосий таркиб аъзоси бўлишига қарамай, кейинчалик ўрнини йўқота бошлади ва куз фаслида деярли майдонга туширилмади.


 Владимир Йовович (Черногория) — 28 ўйин, 10 гол

Йовович трансфери нафақат "Сўғдиёна", балки мавсумнинг энг яхши трансферларидан бири бўлди. Ҳужумкор ярим ҳимоячи терма жамоага ҳам чақирилиб, бир нечта ўйинлар ўтказишга муваффақ бўлди. 30 ёшли футболчи мавсумнинг рамзий жамоасига ҳам киритилди. Йовович янги мавсумни "Нефтчи" клубида бошлайди.

"Нефтчи"

???? Манучеҳр Сафаров (Тожикистон) — 23 ўйин, 1 гол

Тожикистонлик ҳимоячи мунтазам асосий таркибда майдонга тушмаган бўлса-да, мавсумнинг катта қисмини майдонда ўтказди ва мавсумнинг сўнгги паллаларида ўз ҳисобига 3 та голли узатма ёздириб қўйди.


 Боян Цигер (Сербия) — 24 ўйин

"Навбаҳор"даги ўйинлар орқали танилган ҳимоячи "Нефтчи"нинг ҳам асосий мудофаа қўрғони вакиллардан бирига айланди ва ўзи иштирок этган учрашувларнинг барчасини тўлиқ майдонда ўтказди.

 Каталин Карп (Молдова) — 15 ўйин, 1 гол

Молдовалик ҳужумкор ярим ҳимоячига клубга келган заҳотиёқ асосий таркибдан жой ажратилди, бироқ 31 ёшли футболчи мураббийлар ишончини қозона олмади ва ёзда Кипрнинг "Омония" жамоаси таркибига қўшилди.


 Михай Роман (Руминия) — 13 ўйин, 1 гол

32 ёшли ҳужумчи мавсумнинг дастлабки ярмида захирадан майдонга тушди ва фақатгина кубок доирасида "Сирдарё ФА" дарвозасига йўл топа олди. Ёзги танаффусда эса Руминия 2-лигаси вакили "Аржеш"га ўтди.


 Нсунгуси Эффионг (Нигерия) — 28 ўйин, 7 гол

Бўй борасида Ибрагимович билан рақобатлаша оладиган ҳужумчи голлар сони борасида рақобатлаша олмаса-да, клуб тўпурарига айланди. Шу билан бирга, Суперлиганинг 4 учрашувида голли узатма амалга оширди. Агар жамоани тарк этмаса, биринчи мавсум учун кўрсаткичи ёмон эмас.

"Сурхон"

???? Дмитрий Плетнёв (Россия) — 30 ўйин, 1 гол

26 ёшли ярим ҳимоячи деярли барча учрашувни асосий таркибда бошлади ва мавсум давомида ёмон таассурот қолдирмади, бироқ сермаҳсуллик борасида кўнгилдаги натижани қайд эта олмади.

 Тамирлан Жамалутдинов (Россия) — 9 ўйин

Ўтган мавсум ҳам "Сурхон" шарафини ҳимоя қилган ярим ҳимоячи давралар оралиғида клубга қайтди, бироқ 28 ёшли футболчи ўз иқтидорини етарлича намоён эта олмади.


"Динамо"

 Эммануель Ягр (Гана) — 11 ўйин

Ганалик ҳужумчи мавсумнинг дастлабки қисмида фақатгина сўнгги дақиқаларда майдонга туширилди ва мураббийлар штабида ижобий таассурот қолдирмади. Натижада биринчи даврадан кейиноқ клуб 26 ёшли футболчи билан хайрлашди. Ягр ҳозирда Қирғиз Республикасининг "Абдиш Ата" жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.


Артём Сокол (Беларусь) — 3 ўйин

 "Сурхон"дан олиб келинган ҳимоячи ҳақида хулоса чиқариш учун клуб мураббийларига мавсумдаги дастлабки икки ўйин кифоя қилди. Шундан сўнг захира ўриндиғидаги ўрнини кафолатлаган 30 ёшли футболчи ёзда жамоани тарк этди.


 Ратиньо (Бразилия) — 22 ўйин, 2 гол

Бразилиялик ярим ҳимоячи голлар ва ассистлар борасида сермаҳсуллик кўрсатмаган бўлса-да, ишончли хатти-ҳаракатлари билан мухлислар эътиборини қозонди ва мавсум якунида лига рамзий жамоасидан ўрин эгаллади.

???? Майкон Дуглас (Бразилия) — 12 ўйин, 1 гол

Давралар оралиғида самарқандликлар таркибини яна бир бразилиялик ярим ҳимоячи тўлдирди ва у ҳам жамоадоши сингари асосий таркиб аъзосига айланди, бироқ сермаҳсулликда оқсади.

"Андижон"

 Максим Сарраф (Россия, Сурия) — 1 ўйин

"Андижон"нинг 19 ёшли дарвозабони клуб сафидаги ягона учрашувини мамлакатнинг амалдаги чемпиони "Насаф"га қарши ўтказиб, ўз дарвозасидан 3 та гол қабул қилиб олди. Эҳтимол, уни келажак учун жамоада сақлаб қолишар.


 Дамир Имери (Шимолий Македония) — 10 ўйин

29 ёшли футболчи майдонга тушган баҳсларда ярим соат ҳам ҳаракат қилмади. Ёзда маҳаллий "Шкупи" сафига қўшилган вингерни "Металлург"га қарши ўйиндаги ассисти билангина ёдга олиш мумкин.


 Лука Згурский (Россия) — 16 ўйин, 1 гол

19 ёшли ҳужумчи мавсумнинг дастлабки қисмида асосий таркибдан жой олиб келаётганди, ҳатто ижтимоий тармоқда машҳур бўлган "Бунёдкор"га қарши ўйинда ўз номини таблога ёздириб қўйганди. Бироқ баҳор тугаши билан унинг "баҳори" ҳам сўниб борди ва захира ўйинчисига айланди.


???? Шаҳром Самиев (Тожикистон) — 24 ўйин, 3 гол

Тожикистонлик ҳужумчи ҳам фақат май ойида асосий таркиб аъзосига айланди, сўнгра захирадан ўйинни кучайтирувчи сифатида танланди. 23 ёшли футболчи бугунги кунда Тожикистон терма жамоасининг ҳам асосий қуролларидан бири саналади.

 Абинур Нуримбет (Қозоғистон) — 6 ўйин

19 ёшли ҳужумчи умумий ҳисобда 29 дақиқа майдонда ҳаракат қилган. У ҳам клубнинг келажак учун олиб келинган футболчиларидан ҳисобланади ва Нуримбетнинг иқтидорини кўришимиз учун вақт талаб этилади.


 Любиша Пецель (Босния ва Герцеговина) — 6 ўйин

"Андижон"нинг юқоридаги трансферларидан фарқли равишда Пецель 31 ёш ҳисобланади ва у келажак учун олиб келинмагани аниқ. Бироқ ҳимоячи жами икки учрашувни асосий таркибда ўтказди, кейинчалик захиранинг яна бир ўриндиғини банд қилди.


"Бунёдкор"

???? Фране Чирьяк (Хорватия) — 25 ўйин

29 ёшли ҳимоячи биринчи даврада асосий таркиб футболчиси саналарди, мавсумнинг иккинчи ярмида эса кўпгина баҳсларда захирадан майдонга туширилди. Чирьяк йил давомида икки маротаба четлатилишга ҳам улгурди.


 Тони Йович (Хорватия) — 16 ўйин, 1 гол

Суперлигада мавсумнинг биринчи ярмида бирорта гол уролмасдан "қалдирғочлар"ни тарк этган ҳужумчи "Слога Добой" сафида Босния ва Герциговина чемпионатида 14 ўйинда 5 бор рақиблари дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлган. Эҳтимол, Тошкент ҳавоси унга ёқмагандир.


 Момчило Расо (Черногория) — 20 ўйин, 1 гол

27 ёши ҳимоячи "қалдирғочлар" мудофаасининг асосий устунларидан бирига айланди ва мавсум бошини ҳисобга олмаганда, деярли барча учрашувда тўлиқ ҳаракат қилди.

 Самир Желкович (Босния ва Герцеговина) — 10 та ўйин, 1 та гол

Болқонлик ҳимоячига илк турларда асосий таркибдан жой берилганди, бироқ рақиблар "Бунёдкор" дарвозасини илма-тешик қилишгач, Желковичга стадиондан чиқадиган дарвоза кўрсатилди. Ҳозирда у Сербиянинг "Раднички 1923" жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.


 Марин Любич (Хорватия) — 14 ўйин

"Бунёдкор"нинг европалик номга эга дарвозабони илк икки ўйиндаёқ дарвозасидан 8 та тўп қабул қилиб олди. Шундан сўнг унга икки ой дам берилди. Кейинчалик таркибга қайтган 27 ёшли футболчи ёзги трансферлардан сўнг яна иккинчи рақамли дарвозабонга айланди.


 Андрия Филиппович (Хорватия) — 14 ўйин, 5 гол

"Бунёдкор"нинг бошқа "подделка" хорватлардан фарқли равишда Филиппович тезда жамоага киришиб кетди ва самарали натижаларга ҳисса қўшди. Голлардан ташқари 27 ёшли ҳужумчи учта ассист қайд этишга муваффақ бўлди.

???? Луис Качорри (Албания, Италия) — 12 ўйин, 3 гол

Кўпроқ захирадан тушиб, ўйинни кучайтирадиган 26 ёшли ҳужумчи жамоасига очколарни тақдим этадиган голларга муаллифлик қилди, бироқ унинг голлари бардавом бўлмади.


???? Итсуки Урата (Япония) — 14 ўйин

Давралар оралиғида пойтахтликлар сафини тўлдирган ҳимоячи асосий таркибдан жой олди. Деярли барча учрашувларни 90 дақиқа ўтказаётган футболчининг ўйинини ўртача баҳолаш мумкин.


"Қизилқум"

 Роберт Озолс (Латвия) — 24 ўйин

Латвия терма жамоаси дарвозабони клубнинг асосий посбонига айланди ва кўпгина ўйинларда сейвлари билан жамоаси жонига оро кирди. Бироқ унинг ўтказиб юборган голлари ҳам мақтанарли даражада эмас. Шунга қарамай, ушбу трансфер навоийликлар учун фойдали бўлди деб айтиш мумкин.

 Элгужа Лобжанидзе (Грузия) — 18 ўйин, 8 гол

32 ёшли ҳужумчи мавсумнинг дастлабки қисмида етарлича имкониятга эга бўлмади, шунга қарамай, икки даврада ҳам ўзи учун етарли даражада голларга муаллифлик қила олди.

"Металлург"

 Марко Миличкович (Черногория) — 31 ўйин, 7 гол

26 ёшли ярим ҳимоячи "Металлург" лидерига айланди ва муҳим ўйинларда, жумладан, "Насаф"га қарши сўнгги турда гол уриб, жамоаси жонига ора кирди. Шунингдек, у жамоасининг стандартларини амалга оширувчи футболчига айланди.

 Бобан Жоржевич (Черногория) — 12 ўйин, 1 гол

27 ёшли ҳужумчи илк турдаги голини ҳисобга олмаганда, ҳеч нарсани қойиллата олмади ва биринчи даврадан кейиноқ клуб билан хайрлашиб, маҳаллий "Морнар Бар" жамоасига қўшилди.


 Бальша Секулич (Черногория) — 8 ўйин, 1 гол

Жожевич ўрнига келган 26 ёшли ҳужумчи маҳорат бобида ундан қойиллатадиган иш қилмади. 6 учрашувни асосий таркибда бошлаган футболчи "Сўғдиёна" дарвозасигагина йўл топа олди.


"Локомотив"

 Иван Рогач (Сербия) — 21 ўйин, 3 гол

32 ёшли ҳимоячи "темирйўлчилар"нинг муҳим фигураларидан бирига айланиб, жамоаси сафида майдонда энг узоқ вақт ҳаракат қилган футболчига айланди. Бироқ "Насаф"га тақдим этилган баҳсда четлатилиб, жамоасини муҳим паллада қийин аҳволга солиб қўйди.


 Иван Булатович (Черногория) — 13 ўйин, 1 гол

28 ёшли ҳужумчи "Пахтакор"га қарши ўйинда урган голини нишонлашда либосини остидан худди шундай либос кийгани билан ёдда қолди, холос. Биринчи даврадан сўнг унга чиқиш эшиклари кўрсатилди ва Булатович маҳаллий "Будучность Подгорица"га бориб қўшилди.


 Валерий Кичин (Қирғиз Республикаси) — 13 ўйин, 3 гол

32 ёшли ҳимоячи клуб билан бир қаторда терма жамоасининг етакчи ҳимоячиларидан бирига айланди. Кичин ҳимоячи бўлишига қарамай, ярим мавсум давомида 3 та гол уришга муваффақ бўлиб, кўпгина ҳужумчиларга дарс берди.

???? Михаил Гашенков (Россия) — 12 ўйин, 2 гол

32 ёшли ярим ҳимоячи ҳам тезда жамоага мослашиб кетди ва бошланғич таркибдан жой олди. Бироқ у ҳам клубни Суперлигада олиб қолишга ёрдам бера олмади.


 Константин Базелюк (Россия) — 12 ўйин

Россиялик ҳужумчи иккинчи даврада Ўзбекистонни шунчаки зиёрат қилди, голларни эса унинг ўрнига ҳимоячилар уриб қўяқолди. Базелюк ҳеч бўлмаганда, ассист ҳам ёздиришни уддалай олмади.



Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Rating: +2   

Comments

   
10 dec 13:36:04
Rasul M
Shunchaki Gollar soniga qarab yozilgan narsa Oyin tomonlama sifat tomonlama baxo berish kerak Masalan Ratinho zor transfer bolgan Maycon xam yomonmas Bunyodkordagi yaponyalik xam yaxshi Valeriy Kichin Ota yomon unga ptichka qoyibdi Bir oyinda double qigani uchun Qoygan bolsa kerak Lekin U ximoyachi Loko esa Proligaga ketti demak Ximoyada muammo talay
   
10 dec 12:16:07
ПАХТАКОРЧИ
"Сўғдиёна"даги Люпче Дориев дегани олдинги йили келгани учун рўйхатда йўқми, ҳурматли админ?
   
10 dec 11:41:12
Arsenal 14
Superligamizga shuncha legioner bor ekan, bemalol ikkita jamoa tuzsa bo'larkan
   
10 dec 10:29:04
Samar O'ralov
Dinamodagi Markos Kaykchi
   
10 dec 09:53:28
Санжар
Дориевчи
championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика