Latest news

01:16Клублар ўртасидаги ЖЧ. "Бавария"дан 10та гол қабул қилган "Окленд Сити" "Бенфика" билан ўйинда ҳам кўп гол ўтказиб юборди  7 01:05Клублар ўртасидаги ЖЧ. Жексон туғилган кунида 4 дақиқадаёқ қизил карточка олган ўйинда "Челси" мағлубиятга учради  12 00:58Асрор Алиқулов: "Айрим футболчиларимиз Суперлига даражасига тайёр эмас"  1 00:38Виртц бу рейтингда учинчи бўлди  1 00:08Рўзиқул Бердиев: "Ёзда камида 2-3 футболчини олиб келамиз"  1 23:49Виталий Левченко: "Бухоро" ўзига муносиб бўлмаган жойда"  12 23:28Расман: "Ливерпуль" Виртцни 136 млн эвазига сотиб олди  12 23:12"Бухоро" ёрдамчи мураббийи: "Ҳакам нега футболчиларимизни сўкади? Ҳакамнинг "Нефтчи"га ёрдам бериши шарт эмасди"  15 22:47ПСЖ "Борнмут"га 55 млн таклиф қилди ва рад жавобини олди  0 22:25Саудия Арабистони клублари Фермин Лопесга қизиқиш билдирмоқда. "Бавария" ҳам футболчини ўз сафида кўрмоқчи  3 22:00Суперлига. "Нефтчи" "Бухоро" устидан қийин ғалабага эришди  35 22:00Суперлига. Ғузорда кечган воҳа дербисида "Насаф" "Машъал"дан устун келди  49 21:25"Ливерпуль" ва "Кристал Пэлас" ўртасидаги Суперкубок ўйини қачон ўтказилиши аниқ  4 21:06Онанага харидор чиқди. МЮ дарвозабонга ўринбосар топиб қўйган  1 20:45"Вулверхэмптон" 25 миллион евролик трансферни амалга оширди  0

Сократис Папастотопулос: "Ўзимга нисбатан талабни ҳис қилишни истайман" News

Сократис Папастотопулос: "Ўзимга нисбатан талабни ҳис қилишни истайман"

Ярим йил аввал бошқа клубга кўчиб ўтиш ҳақида ўйлаган Сократис ҳозирга келиб Дортмунднинг “Боруссия” жамоасида асосий таркибнинг муқим футболчисига айланди.


Яқинда у клуб билан шартномасини 2019 йилгача узайтирди. Марказий ҳимоячи “Кикер” нашри мухбири билан суҳбатда қарорига нима таъсир кўрсатганини айтиб, шунингдек, Обамеянгга қарши ҳимояланишда қандай ўйнаш кераклиги ҳақида баъзи сирларни ошкор қилди.

- Сократис, ҳазилларингизни жамоадошингиз Матс Хуммельс тушунадими?

- Албатта. Нега буни сўраяпсиз?

- Интернетда машғулот пайтида сизнинг у билан ҳазил қилганингиз акс этган видео тарқалди.

- Биламан. Ўша роликни кўрдим. Матс менга ҳам ҳазил қилади. Яхшиямки, уларни ҳеч ким ҳозирча видеога олмаган.

- Ўйин тарафлама сиз ва Хуммельс ўртасида ўхшашлик кам. Матсяхши техникага эга, сиз эса яккакурашларда кучлироқсиз. Шунинг учун ҳам биргаликда муваффақиятли ўйнайсизларми?

- Хуммельс билан жуфтликда ўйнаш ёқади. Биз бир-биримизни тўлдириб турамиз. Биримиз ҳужумни яхши бошласак, бошқамиз камчиликни тезлик эвазига бартараф этамиз.

- Томас Тухель сизнинг ўйинингизни “эркакча футбол” деб таъкидлади. Бунда у нимани назарда тутди?

- Балки, у характеримни айтиб ўтгандир. Майдонга чиқар эканман, бор қалбим билан ғалабани қозонишни истайман. Бу ўйинга одатий тайёргарлигимдир. Шу сабабли ҳар бир яккакурашга иккиланишсиз киришаман.

- Тухель ҳимояланишга хоҳишингиздан ҳам ҳайратланади.

- Яккакурашга киришиш, уни ютиш ва шу билан ўтказилиши мумкин бўлган голни йўққа чиқариш болалигимдан бери мен билан бирга.

- Сиз катта гавдага ва тезликка эгасиз. Ҳеч бир мураббий сизни ҳужум чизиғига ўтказишга ҳаракат қилмаганми?

- 14 ёшгача ҳужумда ўйнаганман. Кейин шу ёшдаги Греция терма жамоаси мураббийи бир кун марказий ҳимоячи бўлишимни айтган.

- Дортмундда барча Обамеянг, Мхитарян, Кагава, Гюндоган ва Ройсдан ҳайратга тушади. Эътибор фақат ҳужум чизиғидаги футболчиларга қаратилиши ҳаққонийми?

- Бу табиий. Ҳамма ҳужум чизиғидаги футболчилар ўйинини муҳокама қилаётгани жуда яхши. Агар эътиборда ҳимоядаги ўйинчилар бўлганда бу бизнинг кўп хато қилаётганимизни билдирарди. Биз жамоага барқарорлик ва хотиржамликни кафолатлашимиз керак, бунда ўзимизга эътиборни қаратмаслигимиз лозим. Бизда кучли жамоа борлигини биламиз, бироқ буни ҳар ўйинда намойиш этишимиз даркор.

- Май ойида сизнинг “Боруссия”дан кетишингиз ҳақида айтилганди. Ўйлаб кўришга сизни нима мажбур қилди? Тухель қолишга кўндирдими?

- Ўтган мавсум охирида учрашдик. Ўшанда мен жамоадаги ҳолатимдан қониқмаётгандим ва бошқа клубга ўтиш тўғрисида ўйлаётгандим. Лекин Томас Тухель, Михаэль Цорк ва Ханс-Йоахим Вацке жамоа учун муҳимлигимни таъкидлаб, бу ерда қолишга кўндиришди.

- “Вольфсбург” сизни таркибга қўшиб олмоқчи эди. Бу клубга ўтишга яқинмидингиз?

- Ўтиш ҳақида жиддий ўйлаётгандим. Аввалги шартномам яна 3 йил амалда бўларди. Ўтган ёзда 2018 йилгача ушланиб қолишни ўйламагандим. Ўзимни жамоа менга муҳтож деб сезмаётгандим. Асосий 13-14 футболчи қаторида бўлмасдан пул ишлашни ёқтирмайман. Шу туфайли икки томон учун нимадир ўзгариши мумкин эди.

- Энг ёқимсиз ҳолат “Вольфсбург” билан Германия Кубоги финали бўлса керак. Ўшанда ўйинни захирада кузатган эдингиз.

- Шунга қарамай, Клоппни танқид қилишни хоҳламайман. 2013 йил айнан у сабабли “Байер”га эмас, “Боруссия”га ўтганман.

- Ҳозир асосий таркиб футболчисисиз. Шунинг учун шартномани узайтирдингизми?

- Бунга кўп сабаблар бор эди. Клуб ва жамоа учун муҳим эканимга барча ишонтирди. Бу энг муҳими: менга талаб бўлиши керак. “Боруссия” муваффақиятига ҳисса қўшишни хоҳлайман. Ажойиб жамоадошларим бор. Биз кучли жамоамиз. Стадионимиз эса Германияда энг чиройли стадион саналади.

- 2019 йил 31 ёшда бўласиз. Фаолиятингиз охиригача “Боруссия”да ўйнашингиз мумкинми?

- Балки, ҳа. Ёки йўқ. Айни пайтда ҳаммасидан қониқяпман. Бироқ вазият ўзгариб кетиб, икки томон учун трансфер маъқул вариантга айланиши мумкин. Кетишни истасам, ёздаёқ буни амалга оширган бўлардим. Кўпроқ пул тўлашга тайёр клублар бор. Бироқ ҳамма нарса пулга боғлиқ эмас.

- 2011 йил “Милан” таркибида Италия чемпиони бўлгансиз. Буни Германияда “Боруссия” билан амалга ошириш мумкинми?

- Бу осон бўлмайди. “Бавария”да катта тажриба, 20 нафар юқори савиядаги ижрочидан иборат юлдузли таркиб ва ажойиб мураббий мавжуд. Ҳасадсиз “Бавария” жаҳоннинг энг кучли уч клубидан бири эканини тан оламиз. Лекин “Боруссия”да ҳам кучли таркиб ва маҳоратли мураббий бор. Авваллари “Бавария”ни мағлуб этишимиз мумкинлигини кўрсатганмиз.

- Тухелнинг асосий вазифаси ўтказиб юборилаётган голлар сонини камайтириш эди. Ҳимояда яхшироқ ўйнашни уддалаш ҳозирча сизларга насиб этди.

- Ҳимояда яхши ўйнаяпмиз. Агар Мюнхендаги учрашувда ўтказган 5 голимиз ва дарвозамизга ўйиндан ташқари ҳолатда урилган 4 голни ҳисобламасак, бу борада кўрсаткичларимиз жойида бўларди.

- Марказий ҳимоячиларни ўйлантираётган саволни бермоқчиман: барча мусобақаларда 20 тўп киритган Обамеянгни тўхтатиш мумкинми?

- Уни тўхтатиш жуда осон (кулади). У яхши ҳолатга кириб олди. Юқори савиядаги футболчига айланиш учун ҳар ҳафта шундай савияда ўйнаш кераклигини яхши билади. Бир марта юқори савияда ўйнаб, кейин ярим йил сояда юриш керак эмас.

- Шундай хавф бор деб ўйлайсизми?

- Бундай деб ўйламайман. Обамеянг тажрибали ўйинчи. У яна ўса олишига ишонаман. Кагава, Ройс, Мхитарян ва Гюндоган унга тўп оширишлари билан ёрдам беради.

- Обамеянгга қарши ҳимояланиш сирини айтиб ўтасизми?

- Греция терма жамоаси билан Габонга қарши ўйнасам, буни сизга кўрсатиб бераман. Машғулотда бир-биримизга қарши тез-тез ўйнаб турамиз. Лекин расмий учрашувда ўзаро тўқнаш келиш умуман бошқа нарса.


Беҳзод Назаров тайёрлади.

Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика