Силлиқ ёшариш: "Реал" ярим ҳимояси қандай қилиб дунёдаги энг зўрлардан бирига айланмоқда (мутолаа учун)
27 jul 2023 15:13
News
Силлиқ ёшариш: "Реал" ярим ҳимояси қандай қилиб дунёдаги энг зўрлардан бирига айланмоқда (мутолаа учун)
Мадриднинг "Реал" клуби сўнгги вақтлар трансфер бозорида сонга эмас, сифатга урғу бермоқда. "Қаймоқранглилар" "Челси" билан Эден Азар бўйича 115 миллион евролик муваффақиятсиз битимдан сўнг янги ўйинчилар билан шартнома имзолашга эҳтиёткор муносабатда бўлмоқда.
"Бланкос"нинг эътиборни ёшларга қаратаётгани бежиз эмас, сабаби жамоа ёшаришга муҳтож. Бу айниқса ярим ҳимояга тегишли. Каземиронинг кутилмаганда "Манчестер Юнайтед"га ўтиши, шунингдек Тони Кроос ва Лука Модричнинг ёши "қироллик клуби"ни ҳаракат қилишга мажбур қилди.
"Реал" "Челси"дек тўлиқ кўламда қайта қуришларни ўтказмайди, балки олдинроқ Карло Анчелотти айтганидек буни силлиқ тарзда амалга оширади. Таркибдаги барча масалалар ҳал этилмаган. Масалан, ҳужумнинг олдинги қисмини кучайтириш керак, сабаби Хоселунинг бутун мавсум давомида юқори даражани мунтазам сақлаб қолиши қийин. "Қаймоқранглилар" Килиан Мбаппени кутиши мумкин, аммо бу йигитча билан барчаси ҳам осонмас.
"Бланкос"нинг ҳали трансфер бозорида ишлари бор, аммо улар ярим ҳимоя масаласини ҳал қилишганга ўхшайди. "Қироллик клуби" ўрта чизиқни янгилаш ва ёшартириш вазифасини аъло даражада бажаришди. Каземиро-Модрич-Кроос триосидан иккитаси ҳали таркибда, аммо уларнинг уччаласига ҳам ўринбосар бор. "Реал"да ҳатто олдин режалаштирилганидан кўпроқ ёш хавбеклар пайдо бўлди. Кимнидир харид қилиш ёки илиб кетиш устидан чиқилди, кимдир эса ижарадан қайтди. Эндиги вазифа эса уларнинг барчасини тўғри жойлаштириш.
Ёшлар ҳақида гапирсак, "қаймоқранглилар"нинг ҳозирги ярим ҳимоясидан биринчи бўлиб Федерико Вальверде келган. "Бланкос" 2016 йилдаёқ ёш ярим ҳимоячини "Пеньяроль"дан 5 млн еврога харид қилган. Футболчи ҳозирда 100 миллионга баҳоланмоқда. "Реал" тизимида атиги "Депортиво"даги бир йиллик ижара билан бундай ўсиш осон иш эмас. Хавбек эндигина 24 ёшда ва у ҳали фаолиятининг чўққисида эмас.
Вальверде 2018 йилдан "Реал"нинг биринчи жамоасида иштирок этмоқда. У мавсумдан-мавсумга кўпроқ ўйин амалиёти олмоқда ва кўпроқ самарали ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бу борада ўтган мавсум Феде учун энг яхшиси бўлди. Уругвайлик фақатгина Ла Лигада гол+пас тизими бўйича 11 очко (7+4) жамғарди. Ва бу унинг кўпроқ ҳужумда ҳаракат қилишга тўғри келаётгани билан ҳам боғлиқ. Вальверде ўтган мавсум барча мусобақаларда 56та ўйинда ҳаракат қилди: ярим ҳимоя марказида 29та, ўнг вингери позициясида 25 марта, яна 2 марта ярим ҳимояни ўнг қисмида.
Уругвайликнинг трансформацияси "Реал"нинг нафақат ярим ҳимояни кучайтираётгани, балки ўйинчиларни серқирра қилган ҳолда, уларни ривожлантиришга эътибор бераётганини кўрсатмоқда. Эдуардо Камавинга билан ҳам шундай бўлганди. Француз "қироллик клуби"га 2021 йилнинг ёзида "Ренн"дан ўтди. Битим нархи 31 млн еврони ташкил этди. Ўйинчининг трансфер нархи эса 2 мавсумда 85 миллионгача ошди.
Француз Испания пойтахтига марказий хавбек ва таянч ўйинчиси сифатида келди, ўтган мавсум эса чап ҳимоячи бўлишига ҳам тўғри келди. Камавинга мавсум давомида ўзи учун янги позицияни ўзлаштирди, шу билан бирга жамоа унчалик ҳам сифатни йўқотмади. Йигитча 20 ёшда, аммо уни турли позицияларда ишлатиш мумкин, ўсиш учун имконият эса ҳали ҳам юқорилигича қолмоқда.
Орельен Чуамени ўзининг биринчи мавсумида мунтазам ўйин намойиш этмади, аммо баъзида яхши ўйинлар кўрсатди. Француз "Реал"га 2022 йилнинг ёзида "Монако"дан 80 млн евро эвазига ўтганди. "Қаймоқранглилар" Каземиронинг кетиши сабаб янги ўйинчини бирдан жангга ташлашига тўғри келди. Чуамени деярли муаммосиз "бланкос" таркибидаги асосий таянч ярим ҳимоячиси бўлди. Хавбек мавсумнинг биринчи қисмида иккинчисидан кўра ишончлироқ ҳаракат қилди, аммо "қироллик клуби"даги дебют йил учун ёмон чиқмади. Футболчи 23 ёшда ва ўсиш учун сабаблар бор.
"Реал" учун албатта мавсумлар оралиғидаги асосий трансфер Дортмунднинг "Боруссия"сидан Жуд Беллингемнинг ўтиши бўлди. Битим нархи 103 млн еврони ташкил этди. Жуд 20 ёшидаёқ Бундеслиганинг энг яхши ўйинчиларидан бирига айланди. Шу мавқеи билан у ерни тарк этди. Беллингем ҳам ярим ҳимоя марказида, ҳам қанотларда ўйнаши мумкин. Шу билан бирга, унинг самарадорлик кўрсаткичи яхши. Англиялик ўтган мавсум Бундеслигада гол+пас тизими бўйича 12, ундан олдинги мавсумда эса 11 очко жамғарганди.
Жуд билан Мадридга ярим ҳимоячилардан Браим Диас ва Арда Гюлер келди. Бири "Милан"даги ижарадан қайтди. Иккинчиси учун эса "қаймоқранглилар" "Фенербахче"га 20 млн евро тўлашди. Диас 23 ёшда, аммо у асосий таркиб учун тайёр ўйинчи. Испан "россонери" сафида анча тобланди. У "қизил-қоралар" учун муҳим ўйинчи эди, жумладан скудетто учун курашда ҳам. Гюлер эса 18 ёшда. Турк жуда ёш, аммо ақлбоварқилмас даражадаги мақсадларга эга. У очиқчасига ижарага кетишни хоҳламаслиги ва бирдан "бланкос"нинг асосий таркибидаги ўрин учун курашишни режалаштираётганини айтди.
Ҳозир "Реал" ярим ҳимоясида жуда кўп ярим ҳимоячилар бор, уларнинг умумий нархи 400 млн евродан ортиқ. Бу ёш, аммо ўзларининг кучли ва ўзига хосликларга эга сифатли ўйинчилардир. Уларнинг деярли ҳар бири камида икки турли позицияда ўйнаши мумкин. Энди барчаси балансни излашга боғлиқ. Эндиликда улардан барчаси ўзларининг энг яхши сифатларини кўрсатишлари учун майдонда тўғри фойдаланиш керак. "Қироллик клуби"нинг ярим ҳимояси эҳтимолий дунёдаги энг яхшилардандир, аммо буни амалда исботлаш керак.
Footballhd.ru сайтидан Алишер Остонов таржимаси
Comments