Latest news

03:07АПЛ. "Арсенал" "Эмирейтс"да минимал ҳисобда ғалаба қозонди  1 02:26"Ювентус" Рэшфорд билан шартнома имзоламайди. Туринликларга МЮ форварди қизиқ эмас  0 00:40Роналду: "Агар "Манчестер Юнайтед" хўжайини бўлсам, ҳаммасини тўғирлайман"  3 23:42Роналду Саудия Арабистони чемпионатини Францияникидан кучли деб атади: "Лига 1да фақат ПСЖ бор, қолганлар ҳеч нарса эмас"  16 23:00Беллингем Globe Soccer Awards томонидан йил хавбеки деб топилди  1 22:38Роналду барча даврларнинг энг яхши тўпурари сифатида Globe Soccer Awards мукофотини қўлга киритди  5 22:32Globe Soccer Awards. Винисиус йилнинг энг яхши футболчиси  0 22:27Ямал Globe Soccer Awards томонидан йилнинг энг яхши ёш ўйинчисига бериладиган мукофотни олди  0 22:17Араб Кўрфази кубоги. ЖЧ саралашидаги рақибларимиз бўлмиш Қатар ва БАА гуруҳ босқичида қолиб кетишди  2 21:48Эрон Про лигаси. "Персеполис" иродали тарзда ғалабага эришди, Ўруновдан ассист  1 21:36Роналду Яқин Шарқда йилнинг энг яхши ўйинчисига бериладиган Globe Soccer Awards мукофотини олди  17 21:05"Реал" "Ливерпуль"ни расман огоҳ этди  8 20:34Феликс Туркияга йўл олиши мумкин?  0 20:04Аморим: "МЮ мураббийи ҳеч қачон ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди"  1 19:37Расман: "Насаф"дан илк "юриш", Умарбек Эшмуродов қайтди  14

Шота Арвеладзе: "Профессионал клуб - бу аввало тизим ва шу тизим асосида ишлаш дегани" News

Шота Арвеладзе: "Профессионал клуб - бу аввало тизим ва шу тизим асосида ишлаш дегани"

Шота Арвеладзенинг «Пахтакор» клуби бош мураббийи сифатида иш бошлаганига бир йилдан ошди.

Бу орада грузиялик мураббий бир қанча ўйинларда жамоани бошқарди. Биласиз, миллий терма жамоамизнинг Сурия ва Эронга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиши туфайли Суперлигада танаффус юзага келганди. Биз ҳам танаффусдан унумли фойдаланиш мақсадида Шота Арвеладзе билан каттароқ интервью тайёрлашга ҳаракат қилдик.

Мураббийни кўндириш қийин кечмади, чунки Арвеладзе матбуот учун очиқ инсон. Ўзаро суҳбат чоғида Шота Юстинович “Пахтакор”даги бир йиллик фаолияти, Суперлиганинг янгича формати, шахсий ҳаёти ва бошқа мавзулар ҳақида гапириб берди.

- Шота Юстинович, «Пахтакор»нинг Суперлига иккинчи босқичига тайёргарлиги қандай ўтди?
- Танаффус бироз узоқ давом этди ва бундай пайтда футболчиларни бир жойга жамлаш бирмунча қийин кечади. Лекин мени хурсанд қилган жиҳати, танаффус пайтида жамоамизнинг 13 футболчиси ҳам миллий, ҳам олимпия терма жамоалари билан бирга бўлишди. Деярли барча ўйинчиларимиз ўйин амалиётига эга бўлиб, ҳеч ким четда қолиб кетмади.

Лекин энди бошқа жамоалар каби барча “пахтакорчилар”ни ҳам Суперлиганинг ҳал қилувчи босқичи кутмоқда. Буёғига янаям диққатли бўлишимизга тўғри келади. Жамоада қолганлар одатдагидек машғулотларда қатнашишди, назорат баҳсларида майдонга тушдик. Футболчилар соппа-соғ, ҳеч кимни жароҳат безовта қилаётгани йўқ.

- Маълумки, бу йилдан чемпионатимиз янгича форматда ўтяпти. Сизга биринчи босқичдаги ўйинлар маъқул келдими?
- Қийин баҳслар кўп бўлди. Ўткинчи ўйин бўлганини эслай олмайман. “Пахтакор”га қарши ҳамма ўзини кўрсатишни хоҳлайди. Шу боис ҳар бир жамоа бизга қарши жиддий тайёргарлик билан чиқади. Биринчи босқични пешқадам сифатида тугатдик ва тўплар нисбати бўйича ҳам энг яхши кўрсаткич қайд этдик. Шунинг ўзиёқ жамоа қандай ўйин намойиш этганини кўрсатиб турибди.


- Статистикага қарайдиган бўлсак, “Пахтакор” биринчи босқичда 36та гол урди. Бу Суперлига жамоалари орасида энг яхши кўрсаткич бўлди. Шундан келиб чиқиб жамоанинг ҳужум чизиғидан кўнглингиз тўлдими?
- Биз янада кўпроқ тўп киритишимиз мумкин эди, чунки ҳар бир ўйинда етарлича вазиятга эга бўлдик. Аммо аксар ҳолларда вазиятлардан етарлича фойдалана олмадик. Ўйлайманки, иккинчи босқичда биринчи босқичда кўп гол ура олмаганлар ўзларини кўрсатади. Камчиликлар устида ишлашда давом этамиз.

- “Пахтакор” биринчи босқичда 47 очко тўплади ва энг яқин таъқибчисини 7 очкога ортда қолдирди. Бундан келиб чиқиб ҳаммаси жойида дейиш мумкин, тўғрими?
- Очколар бўйича ҳаммаси яхши дея оламан. Агар шу ҳолатда чемпионатни давом эттирсак янада яхши бўларди. Лекин буёғига формат ўзгарди ва “олтин очколар” қоидаси кучга кирди. Энди ҳаммасини бошқатдан бошлашимизга тўғри келади.

- Ўзбекистон чемпионатида ҳеч ўзингизга ўхшаган ҳужумчини кўрдингизми?
- Иқтидорлар ва яхши футболчилар кўп, лекин майдонда иккинчи Шота Арвеладзени қидириш керак демаган бўлардим. Масалан, мен ўзимни излаганим йўқ. Ҳозирги замон футболида Арвеладзени қидиргандан кўра Мессини қидирган маъқул деб ўйлайман.

- Сизнингча, биринчи босқичда “Пахтакор”нинг энг яхши футболчиси ким бўлди?
-Бу борада алоҳида бир ўйинчини ажратиб кўрсатишим мушкул. Агар чизиқлар бўйича олиб қарасак, дарвозабонимиз Элдор Суюнов мавсумни жуда яхши ўтказяпти. Ҳимоячиларга ҳам катта раҳмат. Биз ҳозирча энг кам гол ўтказган жамоа бўлиб турибмиз ва бунда ҳимоячиларнинг хизмати катта. Майдондаги ўйинчилардан Шерзод Аъзамовни таъкидлаган бўлардим. Шунингдек, кўп ўйинларда Тиаго Безерра ҳам жамоа жонига оро кирди. Умуман олганда, кўп футболчилар яхши ҳаракат қилишди. Исмини айтмайман-у, лекин мени хафа қилганлар ҳам бўлди. Гап ким ҳақида кетаётганини ўзлари яхши билади. Ўйлайманки, иккинчи босқичда шу футболчилар ўзларини кўрсатади.

- Сиз учун “Пахтакор”дан бошқа жамоада тўп тепаётган энг яхши футболчи ким?
-Ҳар бир жамоада яхши ўйинчилар бор: “Навбаҳор”да, “Қўқон-1912”да, “Локомотив”да, шунингдек “Насаф”да ҳам. Менга ёшлардан Азиз Ғаниев, Азиз Турғунбоев, Жавоҳир Сидиқов, Икром Алибоевларнинг ўйини маъқул келмоқда.


- Тошкентда яшай бошлаганингизга бир йилдан ошди. Маҳаллий муҳитга тўлиқ мослашган бўлсангиз керак?
-Ҳа, ишонч билан шундай дея оламан. Мен Тошкентга ўрганиб қолдим.

- Анъаналаримиз, ўзбек менталитети борасида нималар дея оласиз?
-Сизларда меҳмондўстлик юқори, буни олдин ҳам айтганман. Ўзбекистон - бой урф-одатларга эга мамлакат. Сизларда меҳмонларни яхши кўришади ва доим четдан келганлар ёнида туришади. Қолаверса, бу ерда янги дўстлар орттирдим ва улар билан илиқ муносабатдаман. Менга шунингдек, ўзбек ошхонаси ҳам ёқди.

- Бу ерда сизни ҳаммасидан ҳам ҳайратлантирган нарса нима?
- Мени ҳайрон қолдирган нарсалар кўп эмас, лекин бор. Масалан, кўп ҳолларда бирорта муаммони ҳал қилиш чўзилиб кетади. Айтайлик, битта муаммо бор ва уни зудлик билан ҳал қилиш керак. Лекин эрта-индин деб пайсалга солиб юраверишади. Мана шу кўпроқ мени ҳайрон қолдирди.

- Эрта тонгда ошга бориб кўрдингизми?
- Ҳа, бир неча марта. Биринчи марта борганимда ҳайрон қолгандим, қандай қилиб эрталабдан ош ейиш мумкин. Лекин вақт ўтиб кўникиб кетдим. Мени чақиришса ўша кишининг ҳурматини жойига қўйиб айтилган жойга боришга ҳаракат қиламан. Агар мендан наҳорги ош ёқдими деб сўрасангиз, шундай жавоб бераман: Тошкентга энди келганимда 79 кг. эдим, ҳозир эса 83 кг. атрофидаман. Тўрт килога вазним ошган.

- Келинг, яна футболга доир саволларга қайтсак. Маҳаллий мураббийлардан кимни кўпроқ ҳурмат қиласиз?
- Мен барча ҳамкасбларимни бирдек ҳурмат қиламан ва бирорта мураббий билан орамизда кўнгилсиз воқеа ўтганини эслай олмайман. “Пахтакор” бош мураббийи сифатида 40дан зиёд учрашув ўтказган бўлсам, ҳар бир ўйинда рақибларни ҳурмат қилганман. “Пахтакор”да ишлар экансан, нафақат ўзингни, бошқаларни ҳам ҳурмат қилишингга, иложи борича ўрнак бўлишингга тўғри келади. Мен қўлган келганча ўз билганларим билан ўртоқлашишга тайёрман.


- Айтиб ўтганимиздек, “Пахтакор”да иш бошлаганингизга бир йилдан ошди ва бу орада маҳаллий муҳитга мослашиб олдингиз. Ўтган вақт мобайнида жамоада нималарни ўзгартиришга муваффақ бўлдингиз-у, келажакда яна қандай янгиликларга қўл уришни хоҳлайсиз?
- Биз биринчи навбатда келажак сари катта қадам ташлаш учун пойдевор қўйишга ҳаракат қилдик. Бу ўринда мен статистикага эътибор бермайман. Кимларни ютдик, нечта гол урдик, қанча очко тўпладик - булар футболнинг бир қисми. Лекин энг муҳими, пойдеворни муcтаҳкамлаб келажак сари ёрқин қадам ташлашдир. Тарихда кўплаб жамоаларнинг турли муаммолар гирдобида қолиб юқори дивизиондан тушиб кетганини кўрганмиз. 

Масалан, Англияда “Лидс Юнайтед” билан шундай бўлганди, Германияда эса ўтган мавсум тарихда биринчи бор “Гамбург” қуйи лигага равона бўлди. Футбол бу фақат тўпга зарба бердим, тўп дарвоза устунига тегди, ҳакам ўйин охирида пенальти бермади ва ҳоказо гап-сўзлардан иборат эмас. Профессионал клуб - бу аввало тизим ва шу тизим асосида ишлаш дегани. Футболда ғалабалар ҳам, мағлубиятлар ҳам бўлади. Натижа қандай бўлмасин, фақат олға интилиш керак. Доимо юқори мақсадларни кўзлаган ҳолда. Мен жамоага келганимдан бери ниманидир ўзгартиришга ҳаракат қиляпман. Клубни янада ривожлантириш, болалар академиясини кучайтириш бўйича доим ўз маслаҳатларимни бераман.

- Аниқ ўзгаришлар борасида нималар дея оласиз?
- Биринчи навбатда спорт-техник бўлимини ишга туширдик. Буни ҳам олдинга ташланган муҳим қадам деса бўлади. Тушунаман, мухлисларни кўпроқ ўйин ва ғалабалар қизиқтиради. Лекин клуб фаолияти учун ҳар бир янгилик жуда муҳим. Бизда яна битта муаммо бор эди, бу - футболчиларга тиббий хизмат кўрсатиш. Ўйинчиларга деярли витамин берилмасди, уларни текшириш учун керакли тиббий жиҳозлар ҳам йўқ эди. Мен ишни жамоада тиббий хизматни жойига қўйиб олишдан бошладим. Ахир ўйин пайти футболчи жароҳат олиб қолиши мумкин. Тикланиш даври яхши ўтиши учун эса клубда керакли ускуналар бўлиши талаб этилади. 

Тез орада футболчилар учун жароҳатдан кейин тикланиш бўлимини очамиз. Бунинг натижасида футболчи овора бўлиб четда реабилитация клиникалари қидирмайди, балки клубга келиб тикланиш жараёнини шу ерда ўтайди. Бундан ташқари, ҳар бир футболчининг статистикасини чуқур ҳисоблаб борувчи илмий гуруҳ иш болиб боради. Биз шунга қараб кимда қандай камчилик борлигини аниқлаб оламиз ва шунга яраша қўшимча юклама берамиз. Умуман олганда, “Пахтакор” футбол клубида ўзгаришлар катта. Маркетинг, медиа бўлимларимиз ҳам астойдил иш олиб бормоқда.

- Яқин орада клубда қандай янгиликлар бўлади?
- Октябрь ойи бошларида Голландиянинг “Аякс” клубидан мураббийлар ташриф буюуриб ёш футболчиларга маҳорат дарслари ўтишади. Бу ҳар икки клубнинг ўзаро ҳамкорлиги туфайли амалга оширилади ва голландиялик мураббийларга пул тўланмайди. Яхши биласиз, Голландияда футбол анча ривожланган. Бу юртдан кўплаб юлдузлар етишиб чиққан, уларнинг футболчилари доим “Реал”, “Барса” каби кучли клубларда ўйнашади. Бунинг сабаби нимада? Агар сизни қизиқтирса голландияликлар келганида сўрашингиз мумкин. Улар 9 кун давомида Тошкентда бўлиб болалар билан ишлайдилар.

- Клуб академияси бугунги кунда қандай фаолият олиб бормоқда? Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Болалар футболи ҳар доим биз учун пойдевор бўлиб қолади. “Пахтакор” аввалдан ўз тарбияланувчиларига катта эътибор қаратиб келган ва бундан кейин ҳам шу анъана давом этади. Аммо муаммо шундаки, болаларга яхши майдонлар етишмаяпти. Кўп майдонларда ечиниш хоналари, ювиниш учун шароит йўқ. Баъзан эса болаларнинг майдоннинг тўртдан бир қисмида шуғулланишига тўғри келяпти. Қолган уч қисмида бошқа жамоалар машғулот ўтказади. 

Буларнинг ҳаммаси майдон йўқлигидан. Натижада кўпинча мураббийлар ёш футболчилар билан ҳатто 40 даража иссиқда ишлашга мажбур бўлишяпти. Шунга қарамай, болалар билан ишлаётган мураббийларга алоҳида раҳмат айтаман. Улар бор куч билан ишлаб, ёшларга футбол сир-асрорларини ўргатмоқда. Бу томонлама ҳам инфратузилмани жиддий ўрганиб чиқишимизга тўғри келади. Тошкент ўз имкониятлари билан янада кўпроғига лойиқ, ўйлайманки, тез орада бундай муаммолар бартараф этилади.

- Сизда ёш болакайларни кузатиш учун вақт бўляптими?
- Машғулот ва ўйиндан бўш кунлари имкон қадар академиямиз тарбияланувчиларини кузатиб бораман. Масалан, бир ҳафтача бўш қолган пайтимда “Пахтакор”нинг U-12 ва U-14 тарбияланувчилари иштирокида ўзига хос ўйин ташкил этдик. Бунда ҳар бир ёш тоифасидан уч-тўртта энг яхшиларни танлаб аралаш таркиб билан ўйин ўтказдик. Ҳар хил болалар йиғилди: кимдир 11 ёшда, кимдир 14да. Лекин ёшлар катталар орасида йўқолиб қолмади. Улар ҳам ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишди. Жуда қизиқ ўйин бўлди. Болалар футболдан завқ олишди. Турли ёшдаги болаларни аралаштириб ўйнатиб туриш яхши. Негаки вақти келиб улар катталар жамоасида ўйнайди, шунда ҳам ёшлар, ҳам катталар билан бирга тўп тепганда унчалик қийналишмайди.


- Суперлиганинг бу йилги формати ҳақида қандай фикрдасиз?
- Бу ҳақда кўп гапирмоқчи эмасман. Фақат шуни айтишим мумкин, биринчи босқични ҳаммадан кўп очко жамғариб биринчи ўринда тугатган жамоа бу йилги формат туфайли чемпион бўла олмаслиги мумкин. Ҳаммаси “олтин очколар”ни деб. Бу адолатданми? Мен бир нарса дея олмайман. Чунки регламентни ПФЛ ишлаб чиққан. Ўйинчилик пайтимда Шотландиянинг “Глазго Рейнжерс” клубида ўйнаганман. У ерда чемпионат тартиби худди биздагига ўхшарди, яъни 12та жамоа қатнашар ва кейин иккита гуруҳга бўлинарди. Лекин “олтин очколар” қоидаси бўлмасди. Ким неча очко йиғган бўлса, ўз ҳисобидаги очколар билан курашни давом эттирган.    

- Барибир сизга оғир ботади, тўғрими? Биринчи босқични пешқадам сифатида тугатиб, иккинчи босқични учинчи ўринда бошлаш ғалати.
- Энди нима десам бўлади, албатта бу ғалати, лекин юқорида айтиб ўтганимдек, мусобақа регламентини мен ёзмаганман. Биз биринчи ўринни олиб танаффусга чиқдик ва учинчи ўрин билан қайтдик дея оламан.

- Биламизки, укангиз Арчил Арвеладзе билан эгизаксиз. Одамлар бир-бирингизни адаштириб юбориши тез-тез содир бўлиб турадими?
- Жуда кўп. Тошкентда ҳам шунақаси бўлган. Қайсидир ўйиннинг биринчи таймидан сўнг Арчил “Пахтакор” стадиони вип-ложасида турганди. Шунда бир танишим унинг олдига келиб Арчилни мен деб ўйлаган ва ўйин пайти “Пахтакор” бош мураббийи вип-ложада нима қиляпти деб ҳайрон бўлган.

- Айтайлик, ўйиндан кейинги матбуот анжуманига укангизни киритиб юборсангиз нима бўлади? Журналистлар пайқаб қолишадими?
- Аввало шуни айтишим керак, мен барча ОАВ ходимларини ҳурмат қиламан. Лекин баъзан шундай бўладики, ўйиндан кейин матбуот анжуманига кирганимда у ерда битта журналист ўтирган бўлади. У ҳам бўлса клубимиз ходими. Бу албатта мени хафа қилади, журналистларда футболга қизиқиш йўқми дея ўйлаб қоламан. Мен бош мураббий сифатида матбуот анжуманларида қатнашишим шарт. Чунки бўлиб ўтган баҳс ҳақида гапириш вазифамга киради. Лекин яхши фикр бердингиз, балки бу ҳақда ўйлаб кўрарман.

- Фараз қилинг, ўйин тугади ва сиз бироздан сўнг матбуот анжуманига кирасиз. Кийим алмаштириш хонасидан чиқиб матбуот хонаси томон келаётганда нималар ҳақида гапириш кераклигини ўйлайсизми ёки хаёлга нима келса шуни гапирасизми?
- Мен нима дейиш кераклигини тезда ўйлаб оламан. Аммо гапириш учун алоҳида тайёргарлик кўрмайман, чунки бунга вақт бўлмайди. Шуни айтишим мумкин, матбуот анжуманида мени мувозанатдан чиқариш қийин. Ҳатто иғво келтириб чиқарувчи саволлар берилса ҳам керакли жавобни айта оламан. Мен матбуот учун доим очиқман, бу борада ҳеч қандай муаммо юзага келмайди.


- Биринчи босқичдаги энг қизиқ учрашувни айта оласизми?
- Ўз майдонимизда “Локомотив”га қарши ўйин.

- Энг зерикарли баҳс-чи?
- (Бироз ўйнланиб). Зерикарли ўйин бизда бўлмади деб ўйлайман. Чунки ҳар бир баҳс ўзига яраша қизиқ кечди. Мен ҳамма вақт футболчилардан охиригача курашишларини сўрайман.

- Энг аламли мағлубият?
- Ютқазишни ҳеч ким хоҳламайди. Биринчи босқичда уч марта имкониятни бой бердик ва учала мағлубият ҳам сафарда рўй берди. “Бунёдкор”, “Бухоро”, “Навбаҳор” билан кечган баҳсларда ютқазиб қўйдик. Ҳар учта мағлубиятни аламли деган бўлардим, чунки ҳеч бирида рақиб биздан яққол кучлилик қилмаган.

- Биринчи босқичда “Пахтакор” жами 36та гол урганини эслат ўтдик. Голлардан 22таси Безерра билан Гонсалвешга тегишли. Шундан келиб чиқиб легионерлардан кўнглингиз тўқ деса бўладими?

- Легионерлар бўйича муаммо йўқ. Чунки ҳамма ўз ишини яхши бажаряпти. Сиз айтган икки футболчидан ташқари ҳимоячи Марко Симич ҳам биринчи босқичда яхши ўйин кўрсатди. Жамоамизда тўп тепаётган легионерлардан кўнглим тўқ. Маҳаллий футболчилардан ҳам қониқяпман. Хоҳлардимки, иккинчи босқичда Жасур Яхшибоев билан Жалолиддин Машарипов кўпроқ гол урса.  

- Таниқли бизнесмен Алишер Бурханович Усмонов клуб ривожи учун 100 миллион доллар ажратиши ҳақида эшитдик. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Қисқа қилиб айтадиган бўлсам, Алишер Бурханович “Пахтакор” учун пул ажратишни бошлади. Бу пул биринчи навбатда янги стадион ҳамда академия қурилиши учун ишлатилади. Қолаверса, таркибни кучайтириш учун ҳам маблағ ажратилади. Алишер Усмонов клуб олдига катта мақсадларни қўйган: шулардан бири яқин уч йил ичида Осиё чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш ёки финалда ўйнаш.

- Айтинг-чи, бўш пайтни қандай ўтказасиз?
- Бўш вақтим жуда кам, лекин яхши ўтказишга ҳаракат қиламан.

- Хоббингиз борми?
- Бор. Маза қилиб дам олиш, телефонни ўчириб қўйиб уч кун ҳеч кимга кўринмаслик. Чанғи учиш, парашютдан сакраш - мана шу менинг хоббиларим.

- Нечта тилда гаплаша оласиз?
- Олтита. Грузинча, русча, туркча, голландча, инглизча ва испанча. Энди эса ўзбек тилини ўрганяпман.

- Жамоангиз ютқазиб қўйган пайтда мағлубиятни тезроқ унутиш учун нима қиласиз?
- Биринчи навбатда футболчиларга кейинги баҳс кутиб турганини айтаман. Қолаверса ўзим ҳам навбатдаги баҳсга тайёргарликни бошлайман. Қатарда эканимизда машҳур мураббий Бора Милутинович олдимизга келиб футболда энг муҳим нарса нима деб сўраганди. Ўшанда ҳамма ҳар хил жавоб берганди. Шунда Милутинович футболда энг асосийси кейинги ўйин деганди.

- “Пахтакор” машғулотларида ҳаммадан кўп ишлайдиган ким?
- Жамоамизда бундай ўйинчилар кўп. Дарвозабонлар қаттиқ ишлайди, майдондаги ўйинчилардан эса Сайфиев, Раҳматуллаев, Аҳмедов, Аъзамов, Шораҳмедов, Сергеевни айта оламан.

- Охирги савол. Оилангиз ҳақида қисқача маълумот берсангиз.
- Оила қурганимга 25 йил бўлди. Турмуш ўртоғим Тамара Меладзе, Тбилисидан. Икки нафар фарзандим бор. Ўғлим Гиорги Арвеладзе 21 ёшда ва ҳозир Англияда ўқияпти. Қизим Елена августда 15 ёшга тўлди, у Истанбулда таҳсил оляпти. Ўғлим ҳам футболчи бўлишни хоҳлаганди, лекин кейинчалик ўқишга қизиқиб кетди.

- Шота Юстинович, вақт ажратиб интервью берганингиз учун раҳмат. Кейинги ишларингизда омад тилаб қоламиз.

Х.Холиқов суҳбатлашди.  

Rating: +26   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика