Шиддатли кечиши кутилаётган “Севилья” – “Реал Мадрид” ва Ла Лиганинг 12-турдаги бошқа учрашувлари превьюси
04 dec 2020 11:49
News
Шиддатли кечиши кутилаётган “Севилья” – “Реал Мадрид” ва Ла Лиганинг 12-турдаги бошқа учрашувлари превьюси
Ла Лига ўзининг энг қизиқарли палласига кириб бормоқда. Гранд жамолар аста секин ўзини ўнглаб оляпти, пешқадамлар сафида бораётганлар эса бундан буёғига дош бера олиш ҳақида ўйлаб қолишган. 12-тур ўйинлари бошланар чоғда ўтган турга назар ташлаймиз ва бироз эслаб оламиз.
Пешқадам “Реал Сосьедад” очко йўқотишни бошлади, камига ўз уйида. Ундан очко олган жамоа ҳам анойилардан эмас, кимсан 3-ўринда бораётган “Вильярреал”. “Барселона” ўзини тиклаб олмоқда, дастлаб ЕЧЛда муддатдан аввал гуруҳдан чиқиш, ўтган турда эса “Осасуна” устидан ғалаба. Мадриднинг Реали муаммолар гирдобида. Ўз уйида “Алавес”га учралган мағлубиятдан сўнг сешанба куни ЕЧЛ доирасида Украинада “Шахтёр”га ҳам имкониятни бой бериб қўйди. “Атлетико” эса ўзи учун қийин бўлган баҳсда “Валенсия”ни мағлуб этишга эришди. Қисқа қилиб айтганда интрига турдан-турга ортиб бормоқда. Келинг, энди 12-тур ўйинлари тафсилотларига тўхталсак.
Турнинг дастлабки ўйини – “Атлетик Бильбао” – “Сельта”
Жумадан шанба оқшомига ўтар кечаси ўтказиладиган баҳс уйқудан воз кечиб томоша қилишга арзийди, ишонаверинг. Ҳа, турнир жадвалида икки жамоанинг ўринлари орасида фарқ каттадир, лекин очколар ҳисобидан олиб қарасак 3 очко фарқ. Мазкур ўйиндаги “Сельта”нинг ғалабаси жамоани “хавфли зона”дан чиқариб юбориши, бильбаоликларни эса аксинча, пастга тушириб юбориш эҳтимоли юқори. Меҳмонларнинг ўтган турдаги ишончли ғалабаси (“Гранада” устидан 3:1) ҳамда мезбон жамоанинг “Хетафе” билан ўйиндаги очко йўқотиши бу ўйинда ғалаба сув ва ҳаводек зарурлигини англатиши турган гап.
Ўзаро ўйинлар: 112 ўйиннинг 60 тасида “Атлетик Бильбао” ғалаба қозонган бўлса, 29 тасида “Сельта”нинг қўли баланд келган. 23 ўйинда эса томонлар муроса кўчасини танлашган.
Жамоларнинг жароҳатланган футболчилари: Перу Ноласкоайн (“Атлетик Бильбао”). Давид Хунка, Серхио Алварес, Кевин Васкес, Эмре Мор (“Сельта”).
Марказий учрашув – “Севилья” – “Реал Мадрид”
Турнинг марказий ўйини сифатида қайд этилаётган мазкур баҳс шанба оқшомида бўлиб ўтади: Тошкент вақти билан 20:15. Превью аввалида қайд этганимиздек муаммолар гирдобига тушиб қолган “Реал Мадрид” сўнгги ўтказган икки рақибидан кучлироқ жамоага қарши майдонга тушади. Турнир жадвалида олдинма кейин кетаётган жамоаларни бор йўғи 1 очко ажратиб турибди. Мадридликлар меҳмон бўладиган майдонда эса чоршанба куни “Челси” жамоаси 0:4 ҳисобида “Севилья”ни “кўрдим демади”. Жанговар кечиши кутилаётган ўйин турнинг безагига айланиши табиий.
Ўзаро ўйинлар: Бу жамоалар ўзаро 165 баҳсда майдонга чиқишган. 89 бор “Реал Мадрид”нинг қўли баланд келган бўлса, 48 ўйинда “Севилья” устун келган. 28 учрашувда эса дуранг натижа қайд этилган.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Серхио Эскудеро, Сусо, Карлос Фернандес, Боно, Маркос Акуня (“Севилья”). Федерико Валверде, Лука Ёвич, Алваро Одриосола, Даниел Карвахал, Серхио Рамос (“Реал Мадрид”).
Яна бир интригаси юқори баҳс – “Кадис” – “Барселона”
Юқорида тарифини келтиган ўйинни марказий дея атадик, бироқ бу учрашув ҳам жамоаларнинг эгаллаб турган ўрни ҳамда охирги натижалари билан олиб қараганда ажойиб кечиши кутилаётган баҳс. “Кадис” 11 ўйин ўтказиб 15 очко билан 6-поғонада бораётган бўлса, “Барселона” 9 ўйиндан кейин 14 очко билан 7-ўринни банд этишган. Каталонияликлар учун яна бир устунлик, улар ЕЧЛда муддатдан илгари плей-оффга чиқиб бўлишди. Энди бемалол Ла Лигага эътибор қаратишлари мумкин. Бу ўйинда “Кадис”га осон бўлмайди. Мазкур учрашув 5 декабрдан 6 декабрга ўтар кечаси Тошкент вақти билан 01:00 да бўлиб ўтади.
Ўзаро ўйинлар: Жамоалар 24 бор ўзаро куч синашишган бўлса, шу ўйинлардан 2 тасини “Кадис”, 19 тасини эса “Барселона” енгган. 3 ўйинда эса томонлар тенг келишган.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Хосе Мари, Энтони Лосано, Алваро Негредо, Аугусто Фернандес, Кала (“Кадис”). Ансу Фати, Серхи Роберто, Жерар Пике, Роналд Араухо (“Барселона”).
Ўтган турда “Реал Мадрид”ни ютган “Алавес” пешқадам “Реал Сосьедад” га қарши
Ҳафтанинг якшанба оқшоми ҳам бедор ўтказилишга арзийди, ахир бу вақтда ҳам футбол бор. Ўтган турда очко йўқотган “Реал Сосьедад” айнан 11-турда Мадридда Реални мағлуб қилган жамоага қарши. Меҳмонларга бундан буёғига осон бўлмайди, гранд жамоалар “уйғонишмоқда”, иккинчи ўриндаги “Атлетико” билан орадаги фарқ 1 очко, очко йўқотиш мумкин бўлмаган ўйинлар эса олдинда. “Алавес” 13 очко билан 13-ўринда. Сўнгги баҳсдаги ғалабадан илҳомланиб бу турда ҳам яна шу ссенарийни такрорлаши мумкин. Барчасини эса душанбага ўтар кечаси соат 01:00 дан бошланадиган ўйинда кўрамиз.
Ўзаро ўйинлар: 47 ўйиннинг 16 таси “Алавес”, 22 таси эса “Реал Сосьедад”нинг ғалабаси билан якунланган. 9 та баҳсда эса дуранг қайд этилган.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Пере Лонс, Ману Гарсия, Бурги (“Алавес”). Асер Илярраменди, Аритс Аранбарри, Лука Сангали, Давид Силва (“Реал Сосьедад”).
Турнинг сўнгги ўйини – “Эйбар” – “Валенсия”
Юқорида ўйинлар анонсини келтирганимизда жамоаларнинг ўрни бири юқорида бўлса, бошқаси пастроқда эди. Бу учрашув эса ўртамеёна жамоалар баҳси десак адашмаймиз. Душанбадан сешанбага ўтар кечаси 01:00 да бошланадиган ўйинда 12 очко билан 14-ўриндаги “Валенсия”, ўзидан 1 очко ва 2 ўрин юқоридаги “Эйбар”га қарши баҳс олиб боради. Ўтган турда ўз майдонида “Валенсия” “Атлетико”га имкониятни бой бериб қўйди, “Эйбар” эса меҳмонда “Бетис”ни мағлуб қилишга эришди. Мазкур турдаги ғалаба эса жамоаларнинг ўрин алмашиш имкониятини ҳам бериши мумкин.
Ўзаро ўйинлар: Ла Лига доирасида ўтказилган 12 ўйиннинг 5 тасини “Эйбар” енгган бўлса, 4 тасида “Валенсия”нинг қўли баланд келган. 3 учрашувда эса томонлар дурангга имзо чекишган.
Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари: Педро Бигас, Паулу Оливейра, Педро Леон, Кике, Хосе Анхел (“Эйбар”). Хосе Луис Гайя, Денис Черишев, Муктар Дякаби (“Валенсия”).
Ушбу турда шунингдек қуйидаги учрашувлар ҳам ўтказилади:
05.12 18:00 (Тошкент вақти) “Леванте” – “Хетафе”
05.12 22:30 (Тошкент вақти) “Атлетико Мадрид” – “Вальядолид”
06.12 18:00 (Тошкент вақти) “Гранада” – “Уэска”
06.12 20:15 (Тошкент вақти) “Осасуна” – “Бетис”
06.12 22:30 (Тошкент вақти) “Вильярреал” – “Эльче”
12-турнинг қизиқарли кечиши кутилаётган учрашувлар анонсини ўқидингиз, билиб олдингиз. Дам олиш кунларида ёқимли хордиқ ва ажойиб футбол учрашувлари томошасини тилаймиз, интригали баҳслар ҳали олдинда, ишонаверинг.
Оғабек Самисов тайёрлади
Comments