Latest news

03:30Конференциялар лигаси. "Челси" 8та гол урди, "Фиорентина" ютқазди ва бошқа натижалар  0 03:15Европа лигаси. МЮдан илк ғалаба ва бошқа натижалар  0 01:18Родри. Футбол мавжудлиги учун шукрона айтаман (мутолаа учун)  0 00:40Европа Лигаси. Жарима майдончасида ёлғиз қолган Кевин Маккалистер "Рома"ни ранжитди  9 23:59Дешам нима сабабдан Килиан Мбаппени термага чақирмаганини айтди   2 23:55Ибрагимович Флорентино Пересга: "Респект"   1 23:42Алаба тўп билан машғулотларга киришди  0 23:30Эрнан Креспо "Ал Айн"дан кетди!  0 23:22"Милан" Рейндерс билан шартномани узайтириш бўйича ишларни олиб бормоқда  0 23:15Мусаев — Россия Премьер-Лигасининг октябрь ойидаги "Энг яхши мураббийи"!  3 23:04"Интер" ва "Ювентус" бир ҳимоячига қизиқиб қолди  0 22:53Григорий Колосовский: "Самвел Бабаян клуб бошқарувида борлигини айта олишим мумкин"  10 22:37Вадим Абрамов: "Футбол бизни жазолади"  4 22:28Европа Лигаси. "Галатасарой" - "Тоттенхэм": Асосий таркиблар маълум  2 22:10Ямаль 21 ёшгача бўлган футболчилар рейтингида етакчи  13

Шарқда ўз сўзини айта олган "Бунёдкор" News

Шарқда ўз сўзини айта олган "Бунёдкор"

Кеча Осиё чемпионлар лигасида янги ғолиб номи маълум бўлди.

Теҳронда бўлиб ўтган "Песеполис" - "Кашима Антлерс" баҳсидан сўнг япон клуби ОЧЛ кубогини қўлга киритди. Шундай қилиб бош соврин кетма-кет еттинчи марта Шарқ минтақасига йўл олди. Охирги марта 2011 йил Ғарб вакили "Ал Садд" ушбу мусобақада зафар қучганди. 

Кечаги ўйинда кўрдик, "Кашима Антлерс" ҳақиқатан кучли жамоа экан. Майдон эгаларига ҳатто "Озоди" стадионига ташриф буюрган 80 минг мухлис ҳам ёрдам бера олмади. Тан олайлик, Осиё футболида Шарқ Ғарбга қараганда анча ўзиб кетибди. Буни охирги йиллардаги натижалар ҳам кўрсатиб турибди. Бугунги кунда айниқса япон клубларига қарши тенгма-тенг кураш олиб бориш ниҳоятда қийин бўлиб қолди. Ўтган йил "Урава Редс" зафар қучганди, орадан бир йил ўтиб "Кашима" ҳам ғолибликни нишонлади. 

Ғарб клублари учун шарқликлар билан ўйнаш осон бўлмаяпти. Аммо яқин ўтмишда шундай жамоа бўлардики, қаторасига икки йил Шарқ минтақасида ўйнаб ҳам гуруҳдан чиқа олганди. Бу жамоа "Бунёдкор" эди. "Бунёдкор" 2012 ва 2013 йилги ОЧЛ баҳсларида Шарқ минтақасида курашиб ўзини йўқотиб қўймаганди. Ҳозир Ғарбдан фақат "Ал Дуҳайл" билан "Ал Садд" Шарқда ўйнаса ўзини кўрсатиши мумкин, лекин Эрон, Саудия Арабистони клубларидан ижобий натижа кутиш мушкул. 

Ўз вақтида "Бунёдкор" ОФК талабига кўра Шарққа қўйилгани билан кучлилар орасида йўқолиб қолмаган. Жамоа чиндан ҳам кучли эди. Ҳозиргидек пул муаммоси қийнамасди. Энг муҳими, Миржалол Қосимов меҳнаткаш жамоани барпо эта олганди. Тўғри, бу пайтга келиб таркиб супер эмасди. Ҳар ҳолда Ривалдо жамоани тарк этган, шунингдек номи чиққан бошқа легионерлар ҳам хайрлашишга улгурганди. Жамоани елкасида кўтариб юриш ўзимизнинг футболчилар ва украиналик ҳужумчи Олександр Пишур гарданида қолганди.

2012 йил. Осиё чемпионлар лигаси. "Бунёдкор" қуръа кўра "E" гуруҳидан жой олган, яъни Шарқ минтақасида. "Пахтакор" билан "Насаф" эса Ғарб минтақасида кураш олиб боряпти (Якунда "Пахтакор" ҳам, "Насаф" ҳам гуруҳдан чиқа олмаган). "Бунёдкор"нинг рақибларига эътибор беринг: "Аделаида Юнайтед" (Австралия), "Поханг Стилерс" (Жанубий Корея) ва "Гамба Осака" (Япония). Ҳозир биздан исталган клубни мана шу жамоалар орасига қўйинг, гуруҳдан чиқа олмайди. Ҳатто ҳозирги "Бунёдкор" ҳам. Лекин ўша пайт "қалдирғочлар" 10 очко билан кейинги босқичга чиқишни уддалай олишган. 

Уй ўйинларини "Жар" стадионида ўтказган "Бунёдкор" аввалига мағлубият билан бошлайди. Жамоа ўз майдонида "Аделаида Юнайтед"га 1:2 ҳисобида ютқазиб қўяди. Ахир Шарқда ўйнаб кетишнинг ўзи бўладими. Лекин кейинги турда "Поханг Стилерс" майдонига сафар қилган жамоа 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтади. Тўғриси, бундай натижани ҳеч ким кутмаганди. Айнан 2009 йилда Жанубий Кореянинг мана шу клуби "Бунёдкор"ни ОЧЛдан чиқариб юборганди. Эсингиздами, Ристичнинг қўшимча бўлимларда киритган голи. Ўшандан кейин у "Бунёдкор"га ўтганди. Пул кўп эди-да у пайтлар. 

"Бунёдкор" ўша йили "Поханг"ни ҳар иккала баҳсда мағлуб этган. Япониянинг "Гамба Осака" клубидан Тошкентда 3:2 ҳисобида устун келган. Гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиққан "Бунёдкор" 1/8 финалда "Сеонгнам Ильва Чунма"ни 1:0 ҳисобида мағлуб этади ва чорак финалда ўзи билан битта гуруҳда ўйнаган "Аделаида Юнайтед"ни мусобақадан чиқариб юборади. "Жар" стадионида кечган бу баҳсни кўпчилик яхши эсласа керак. Захирадан майдонга тушган Алибобо Раҳматуллаевга Қосимовнинг айтган гаплари ҳамда Алибобонинг 114-дақиқада урган ғалаба голи. 

Лекин ярим финалда жамоадан омад юз ўгиради ва "Бунёдкор" Жанубий Кореянинг "Ульсан Хюндай" клубига ҳар иккала ўйинда ютқазиб қўяди. Тошкентда 1:3, сафарда 0:2. Ўшанда кореялик ҳужумчи Ким Шин Вук иккала учрашувда ҳам "қалдирғочлар" дарвозасига тўп киритганди. Аммо ҳозир мағрурлик билан айта оламизки, "Бунёдкор" ўша йил чинакам сенсация кўрсатганди. Чунки мусобақа бошланмасидан олдин хавотир йўқ эмасди, ахир Шарқда ўйнаб жамоа бошқаларга "ем" бўлиши ҳам мумкин эди-да. Аммо Мржалол Қосимовнинг тактик ўйини туфайли "Бунёдкор" ўз сўзини айта олган. 

2013 йилги мусобақа учун қуръа ташлаш маросимида "Бунёдкор" яна Шарққа тушди. Жамоа Ўзбекистон Кубоги ғолиби сифатида Шарқ минтақасига йўл олади. "G" гуруҳига тушган "Бунёдкор"нинг "Бейжинг Гоан" (Хитой), яна "Поханг Стилерс" ва "Санфречче Хиросима" (Япония) клублари билан кураш олиб боришига тўғри келганди. Бу ҳам ўзига яраша мураккаб гуруҳ эди, аммо "Бунёдкор" 10 очко билан биринчи ўринни эгаллайди. (Ўша йил "Локомотив" ОЧЛ плей-офф босқичидан ўта олмаган, "Пахтакор" эса гуруҳда охирги ўринни банд этган). 

"Бунёдкор" гуруҳ ўйинларини Японияда "Санфречче"га қарши 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан бошлайди. Кейин ўз майдонида "Поханг" билан 2:2 ўйнайди. Қизиғи шундаки, ўша йил "Бунёдкор" ўз майдонида ҳеч қайси рақибини мағлуб эта олмаган. Гуруҳ босқичида "Бейжинг Гоан", "Санфречче Хиросима" ва 1/8 финалда Таиланднинг "Бурирам Юнайтед" клуби билан бир хил 0:0 ҳисобини қайд этган. Жамоа ўз очколарини асосан сафарда қўлга киритган. "Бунёдкор" иккита ғалабага эришиб, тўрт марта дуранг ўйнайди ва 10 очко билан кейинги босқичга йўл олади. Лекин 1/8 финалда унчалик кучли кўринмаган "Бурирам Юнайтед" "Бунёдкор"ни мусобақадан чиқариб юборади. Эсингизда бўлса, "Жар" стадионида кечган "Бейжинг" билан ўйинда Егор Кримец хитойликлар сафида ҳаракат қилганди.

Бу ўйинларни нима учун эслаб ўтдик? Гарчи "Бунёдкор" ОЧЛ финалига чиқа олмаган бўлса-да, Шарқ минтақасида ўйнаб ўзини йўқотиб қўймаган. Ҳозир эса Шарқ тугул, Ғарбда ўйнаб ҳам гуруҳдан чиқиш амримаҳол бўлиб қолди. Очиғи, ОЧЛда қатнашаётган бошқа клублар билан таққослаганда бизнинг жамоалар у қадар кучли эмас, кўрсатаётган футболимиз ҳам ғариб аҳволда. Анча зерикарли ва шиддатсиз. Мураббийлар ҳам ҳеч нима бера олишмаяпти. Шундай бўлганидан кейин ўша олдинги даврларни қўмсамай бошқа нимаям қиламиз.

Rating: +63   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика