Шаҳриддин Эшназаров - Миржалол Қосимов, "Андижон" мухлислари, Равшан Ҳайдаров ва Эркин Байдуллаев ҳақида
26 apr 2020 10:18
News
Шаҳриддин Эшназаров - Миржалол Қосимов, "Андижон" мухлислари, Равшан Ҳайдаров ва Эркин Байдуллаев ҳақида
Шаҳриддин ака билан уюштирилган интервью ҳам сизни бефарқ қолдирмайди деган умиддамиз.
- Шаҳриддин ака, яхшимисиз ва ҳозирда нималар билан бандсиз?
- Ҳозирги кунда бутун халқимиз сингари оилам даврасида уйда қолиб, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ишларни масофадан олиб бормоқдаман.
- Шаҳриддин ака келинг биринчи навбатда футболга қандай қилиб мухлислик қилишни бошлагансиз? Аниқроқ қилиб айтганда футболнинг қайси жиҳатлари сизни мафтун эта олган?
- Футболга қизиқишим болалик йилларимдаёқ бошланган. Миллионлаб ёш йигитлар каби мен ҳам ёшлигимдан тўп тепиб куча чангитиб улғайдим. Футболнинг мени ром этган узига хос жозибадордиги бор, десам янглишмайман. Мен учун спортнинг бу тури санъатдек гуё, буни икки оғиз гап билан тушунтириш қийин.
- Шаҳриддин ака энг биринчи стадиондан томоша қилган футбол учрашувингизни эслай оласизми? Ўшанда сизнинг қалбингизда қандай кечинмалар ўтганди?
- Адашмасам ўшанда 1988 йил эди. 10 ёшли ўспирин эдим. У даврда "Зарафшон" футбол клуби буларди. Чемпионатнинг қайси тури эканлиги хозир ёдимда йуқ. Аммо, Навоийга Самарқанднинг "Динамо" клуби жамоамизга қарши тўп тепиш учун ташриф буюрганди. Ўша пайтда лиқ тўлган ўйингоҳда минглаб ишқибозларнинг ҳайқириб жамоани қўллаб-қўвватлашини кузатиб футболнинг нақадар буюк куч эканлигини курганман. Бу менинг қалбимни тулқинлантириб юборган.
- Келинг Шаҳриддин ака суҳбатимизни айнан сиз мухлислик қилувчи жамоа “Қизилқум” ҳақидаги саволлар билан давом эттирсак. “Қизилқум” биламиз Суперлигани кетма-кет мағлубиятлар билан бошлади ва мухлисларнинг кўпчилигини ранжитди. Лекин, сизнинг бошчилигингиздаги мухлислар клубидагилар бу ҳолатга муносабати қандай?
- Албатта, бу ҳолат биз мухлисларни ранжитмайди, десам муболаға бўлади. Аммо, ишонтириб айтаманки, биз фақатгина ғалабалар мухлиси эмас, жамоанинг ишқибозимиз. Ҳар қандай вазиятда ҳам "Қизилқум" мухлислари жамоани доим қуллаб-қувватлайди. Ҳудо хоҳласа ҳали ғалабали уйинларимиз кўп бўлишига ишонамиз.
- Биламиз жамоа билан кўп йиллардан бери биргасиз. "Қизилқум" жамоаси жудаям тажрибали жамоа. Аммо, нега жамоа кучлилар қаторига, халқаро майдонлар учун кураш олиб бормайди?
- Саволингиз ўринли. Биз мухлисларнинг орзуси ҳам жамоамизни кучли учталик, чемпионлик шоҳсупасида кўришни, халқаро майдонлардаги иштирокларини кузатишни истаймиз. Ҳар қандай клуб ҳам ўз олдига юқори мақсадларни қўяди. Бу мақсадларга эришиш учун жамоа олдидаги муаммоларни, шу жумладан, молиявий қийинчиликларни бартараф этишда юқорида турувчи мутассади ташкилотлар томонидан етарлича эътибор берилиши талаб этилади.
- Биламиз, “Қизилқум” жамоаси мухлислари ҳар бир мавсумда ўзи учун “ёқимтой” футболчини кашф этади. Ушбу футболчилар якунда жамоани тарк этиб мухлисларни озгина бўлсада ранжитади. Шунга қарамай яна янги иқтидорлар кашф қилинади. Нима деб ўйлайсиз янги мавсумда ана шундай номга, мухлисларнинг эътирофига сазовор бўлишга қайси футболчини кўрсатган бўлардингиз?
- Ушбу мавсумда "Қизилқум" футбол клуби ишқибозлари учун сўзсиз Суннатулло Абдуллажонов мавсум кашфиёти бўлади, десам хато қилмаган буламан.
- "Қизилқум" жамоасида айнан сиз учун унутиб бўлмас футболчи ким?
- Мен учун жамоада айнан кимнидир алоҳида таъкидлаш мушкул. Мисол тариқасида айтадиган бўлсам, клубда илгари тўп тепган ажойиб футболчилардан Жамшид Шоҳназаров, ҳозирда фаолият кўрсатаётган жамоа сардори Шерали Жўраев ва жамоа етакчиларидан Алишер Саноев каби бир қатор футболчиларни келтириб ўтишим мумкин. Лекин, улар билан бир сафда майдонда ҳаракат қилаётган футболчиларнинг барчаси клуб равнақи учун ўзларининг беқиёс ҳиссаларини қўшишмоқда. Шу боисдан мен мен учун ҳар бир уйинчининг қадри бўлакча.
- Шаҳриддин аканинг жаҳон ва ўзбек футболида кумирлари ким?
- Жаҳон футболидаги кумирим Дэвид Бекхэм бўлса, ўзбек футболида Миржалол Қосимовга мухлислик қилганман.
- Бизга ўтган мавсумларнинг бирида “Машъал” жамоаси ва жамоанинг стадиони ҳақида танқидий фикрларингизни билдиргандингиз. Тақдир экан бир неча йилдан кейин яна шу стадионгга ташриф буюрдингиз. Нима деб ўйлайсиз ўзгаришлар борми?
- Албатта, ўзгаришлар кўп. Сўнгги ташрифимиз билан таққослайдиган бўлсак, клуб раҳбарияти ва стадион маъмурияти томонидан етарлича эътибор берилмоқда ҳамда ишқибозлар учун яхши шароитлар яратилган.
- Ҳолис фикрингизни билдирасиз деган умиддаман. Ҳозирда ўзбек футболида энг яхши мухлисларга эга деб қайси жамоани кўрсатган бўлардингиз ва сабаби нима?
- Ҳолис фикримни билдирадиган бўлсам, "Андижон" жамоасини таъкидлаган бўлардим. Сабаби, бутун водий халқи, шу жумладан Андижон аҳлининг футбол севарлиги менда ўзгача таассурот уйғотган. Ҳаттоки, клуб 2018 йили ПРО-лигада тўп тепган бўлишига қарамасдан жамоа мухлислари ўзларининг фидойиликлари билан алоҳида ажралиб туришди.
- Шаҳриддин ака агарда сиз футбол мухлиси эмас балки футболчи бўлиш имконияти бўлганида майдонда қайси позицияда ҳаракат қилган бўлардингиз?
- Агарда менда шундай имконият вужудга келганда таянч ярим ҳимоячиси позициясида ўйнаган бўлардим.
- Биласиз, яқинда олимпия терма жамоамиз Таиланд яшил майдонларида халқимиз ишончини оқлай олмади. Ярим финалдан биз ортга қайтишга мажбур бўлдик. Нима деб ўйлайсиз жамоага нима етишмади? Термамизга барча шароитлар яратиб берилганди. Ҳаттоки, ўзбек таомлари Таиландга етиб борганди. Нима бўлди деб ўйлайсиз? Ҳар қалай сиз ўша ерда эдингиз...
- Футболда бир нақл бор: "Майдон текис, тўп юмалоқ". Айтиш жоизки, майдонга тушадиган ҳар қандай жамоа ҳам ўз олдига яхши натижа кўрсатиб ғалаба қозонишни мақсад қилади. Туғри, жамоамиз таркиби ҳар қачонгидан кучли эди. Аммо, таъкидлаганимдек, ҳеч ким ютқазаман деб ҳаракат қилмайди. Футболчиларимиз майдонда бор кучларини сарфлашди. Афсуски, йигитларимизга омад етишмади деб уйлайман.
- Ўзинигиз учун мана шу Осиё чемпионатида кимни кашф эта олдингиз?
- Олимпия терма жамоамиз сафида Азиз Ғаниевнинг ҳаракатлари жуда юқори савияда бўлди менимча.
- Келинг яна мухлислик мавзусига қайтамиз. Нима учун бизда стадионларга мухлислар ташрифи кам? Фақатгина футболимиз тезлигию ёки терма жамоамизнинг мағлубиятларини пеш қилишни тўхтатиб, стадионгга ташриф буюришни бошлаш вақти келмадимикан. Ана шундай ташрифлар билан футболимизни юқори савияга кўтаришимиз ўз қўлимизда эканлигини ҳис этиш вақти келмадимикан?
- Ҳеч кимга сир эмас Европа қолаверса, Жаҳон футболи кўп йиллик тарихни ўз ичига қамраб олади. Шу жумладан мухлислик даражаси ҳам шу даврларда ривожланиб борган, ишқибозлар авлодлар алмашинуви давомида ўз жамоаларига меҳр куйиб боришган. Сиз кўрсатган сабабларни баҳона килиб кўрсатишдан йироқман. Лекин, хоҳлаймизми, йуқми ўзбек футболи мухлислигини янги босқичга чиқаришда жамоаларнинг, шу ўринда миллий терма жамоаларимизнинг ўйинларида жозибадорлик ва тактик жиҳатдан ўзига ҳос ечимларни вужудга келтирмай туриб одамлардан, мухлислардан фидойиликни талаб қилолмаймиз менимча. Албатта, ўзбек футболи жонкуяр мухлислари кўп, бироқ уларнинг сафини кенгайтириш учун юқоридаги жиҳатларга эътибор қаратиш лозим деб уйлайман.
- Ана шундай мушкул вазифани бажариш учун, стадионларга мухлисларни қайтариш учун сизнинг жамоангизда қандай янгиликлар амалга оширилмоқда?
- Ушбу осон бўлмаган вазифаларни амалга ошириш борасида жамоа ўз олдига истиқболли режаларни тузиб олган. Клубга юқори савиядаги тажрибали футболчиларни жалб қилиш билан бир қаторда маҳаллий ёш йигитларимизга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Уйлайманки, яқин келажакда севимли жамоамиз ўйинида туб бурилишлар қилиб ғалабали харакатларимиз билан ишқибозларни кўпроқ хурсанд қила олсак, ўйингоҳлар хам ўз-ўзидан тўла бошлайди.
- Келинг энди хотирангизни синаб кўрамиз. "Қизилқум" жамоасида Осиё чемпиони бўлган қайси мураббий фаолият юритган?
- Бу - инсон, "Қизилқум" клубини 2012-2013 йилларда бошқарган, 2018 йилги U23 терма жамоамизни Осиё чемпиони қилган мураббий Равшан Ҳайдаров.
- Сиз учун қайси бири кучли футболчи ва айнан нима сабабдан? Элгужа Григалашвили ва Эркин Байдуллаев...
- Мен, Эркин Байдуллаевни нисбатан кучли деб ҳисоблайман. Сабаби рақиб ҳужумини энг аввал ярим ҳимоя, жумладан, таянч ярим ҳимоячиси қарши олади ҳамда жамоаси ҳужумларини ташкил этишда дастлабки ишни бажаради. Қолаверса, ушбу ампула менинг севимли позициям ҳисобланади.
- Фикрлар ва мулоҳазалар учун Шаҳриддин ака сизга раҳмат айтамиз. Таклифимиз рад этмасдан интервьюга рози бўлганингиз учун раҳмат айтиб қоламиз. Марҳамат тилаклар ва ниятлар бўлса...
- Аввало сизларга ҳам ва сиз орқали барча сайт ходимларига раҳмат айтаман. Барчангизнинг ишларингизга омад тилаб қоламан. Қолаверса барча юртдошларимизга айни синовли кунларда уйда ўтириб карантин қоидаларига риоя қилишларини сўраб қолган бўлардим. Албатта соғинчли футбол ўзгача кўринишда қайтишини футбол мухлисларига айтган бўлардим. Мана шу кунларни ўтказиб олгандан кейин барчани яна стадионларга қайтишини сўраб қолардим.
Шоҳруҳ Мейлихолов суҳбатлашди
Comments