Latest news

14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  1 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  0 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  4 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  5 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   21 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  12 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  3 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  8 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2

Шаҳбоз Эркинов: "Чала агентлар кўпайиб кетган, эҳтиёт бўлиш керак" News

Шаҳбоз Эркинов: "Чала агентлар кўпайиб кетган, эҳтиёт бўлиш керак"

Ўтган йилги мавсумни 8-ўринда якунлаган Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасида жиддий ўзгаришлар бўлиши кутиляпти.

Янги йил байрами олдидан йиғилиш ўтказилиб, унда клуб бошқарув органида ўзгариш рўй берганлиги маълум қилинди. Наманган вилоят ҳокимининг 29 декабрдаги Фармойишига асосан клуб президенти сифатида фаолият олиб борган Т.Дадабаев, вице-президент вазифасини бажарган Р.Низамбаев ва жамоа бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов ўз вазифаларидан озод этилишди. Клуб президенти вазифаси Наманган шаҳар ҳокими Б.Бекхўжаев зиммасига юклатилган бўлса вице-президентлик вазифасини О.Қосимов бажаради. Рашид Ғофуров “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Йиғилишда клуб ходимлари, мураббийлар, хизмат қилувчи ходимлар ва асосий ва ёшлар таркиби футболчиларига клубда фаолият олиб борадиган янги раҳбарият таркиби таништирилди. Тадбир давомида келгусида жамоа асосини маҳаллий футболчилардан ташкил этишга эътибор қаратилиши ҳам айтиб ўтилди. Биз мавсум якунлари бўйича “Навбаҳор”нинг етакчи ҳужумчиси Шаҳбоз Эркиновдан интервью олдик.

- Шаҳбоз, якунига етган мавсумда “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилдингиз. Жамоангиз учун мавсум қандай келди? Клуб раҳбарияти билан биргаликда жамоа иштирокини муҳокама қилдингларми?
- Мавсум “Навбаҳор” учун оғир келди. Айниқса, чемпионат старти жуда ёмон бўлди, ҳаддан зиёд кўп очко йўкотдик. Ўша бой берилган очколар мавсум сўнггида бизга қимматга тушди. Якунда ўзимизга ярашмаган ва мос бўлмаган 8-ўрин билан кифояландик. Клуб раҳбарларини эса охирги икки ойдан бери умуман кўрганимиз йўқ.

- Жамоанинг қониқарсиз иштирокига асосий омил молиявий муаммаоларми?
- Асосий сабаблардан биттаси деб ўйлайман. 


- Омадсизликнинг яна қандай сабаблари бор? Менимча, таркиб ёмон эмасди...
- Чемпионат бошидиги иккита турда Бахтиёр Ашурматовнинг йўқлиги жуда ҳам билинди. Мавсумни бош мураббийсиз бошлаш... билмадим, буни қандай тушуниш ва тушунтириш керак. Кейинчалик ўша йўқотилган очколарни йиғиб олишимиз учун анча вақт кетди. “Андижон” жамоаси билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам бош мураббийнинг йўқлиги сезилиб қолди. Бахтиёр аканинг йўқликларини билдирмаймиз, деб ўйлагандик. Хато фикрлаган эканмиз. Ашурматов футболчиларни қандай руҳлантириш керак эканлигини жуда яхши биладилар. Балки, футболни яқинда тугатганликлари учунми, футболчилар билан қандай гаплашиш, уларнинг кўнглига қай тарзда йўл топишга жуда ҳам усталар. Қолаверса, ўзлари футболчилик пайтларида тўп тепган клубларида етакчи ролида бўлганликлари ҳам шу мураббийлик фаолиятларида сезилиб туради. Давралар оралиғидаги танаффус чоғида иккинчи даврага яхши тайёргарлик кўрдик. Дастлабки учта ўйинда 7 очко жамғардик. Кетма-кет иккита сафар учрашувида ижобий натижа қайд этдик. Аммо кейин жамоада молиявий муаммолар бошланди. Бу эса ўйинимиз ва табиийки, натижага салбий жиҳатдан таъсир ўтказди. Муваффақиятсизликнинг яна бир сабаби – бу таркиб. Мураббийларда биринчи даврада таркиб танлаш имкониятлари кенг эди. Иккинчи даврада эса жамоани бир неча етакчи футболчилар тарк этишди. Уларнинг ўринлари янгилар билан тўлдирилмади. Бунинг натижасида таркиб масаласида муаммолар юзага келди.

- “Навбаҳор” жамоаси ҳамиша ўз мухлислари билан мақтаниб келган. Стадионга мухлисларнинг ташрифи нисбатан яхши бўлсада, лекин шунга яраша футбол кўришмаяпти. Сизнингча, клуб тизимида ишлаётган мутахассислар ўз вазифаларига сидқидилдан ёндашишяптими?
- Сизнинг саволингиздан кейин фаолиятимга бир назар ташлаб олдим. Ўн бир йилдан бери олий лигада ўйнаётган эканман. Ана шу давр мобайнида 4-5 маротаба жамоа алмаштирдим. Мен тўп тепган клублар орасида энг кўп мухлиси бор жамоа бу айнан “Навбаҳор” экан. Жамоа яхши ўйнаб турса, мухлислар сони кескин ошиб кетади. Бу манзарага мен фақат Наманганда гувоҳ бўлдим. Ғалаба қозонган ўйинларимизда меҳмонхонага келиб, эшик тагида карнай-сурнайлар билан кутиб олишарди. Машғулотларимизга келаётган мухлисларни айрим етакчи жамоаларимиз расмий ўйинларида ҳам тўплай олишмайди. Бундай фидоий мухлислар учун бундай ёмон натижа уят. Лекин беш қўл баробар бўлмайди. Айрим мухлислар билан жиддий гап талашиб қолган пайтлар бўлган. Ҳаммага бирдек ёқавермас экансиз. Аммо кейинчалик улар билан гаплашиб, бир-биримизни тушуниб кетганмиз. Фурсатдан фойдаланиб, кимнидир кўнглини оғритиб қўйган бўлсам, узр сўрайман. Энди клубнинг тизимида ишлаётган мутахассислар ҳақида кўп маълумотга эга эмасман. Чунки, жамоанинг ўз базаси бўлмагандан кейин клуб тизимида меҳнат қилаётган мутахассислар, раҳбарлар билан учраша олмас экансиз. Ўйиндан олдин ва кейин меҳмонхонада яшаймиз. Мураббийлар штабидан ташқари деярли бошқа ҳеч кимни кўрмаймиз. Футбол мактаби фаолияти қандай йўлга қўйилган, у ерда кимлар ишлаяпти, буни ҳам билмайман. Баъзида ёш футболчиларнинг машғулотлари бизники билан бир вақтда бошланарди. Ўшанда бир гуруҳ ёшларни кўрардим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам клуб тизимида меҳнати қилаётган мутахассислар бундан ҳам яхши ишлашлари мумкин эди. Бир воқеа эсимга тушиб кетди, ўтган йили “Олмалиқ”қа қарши кечган ўйинда Геннадий Денисов ва Игорь Шквирин билан учрашувдан олдин бироз суҳбатлашиб қолдик. Ўшанда бу икки машҳур мураббийимиз “Навбаҳор” стадиони ва у ерда яратилган шароитлардан ҳайратда эканликларини яширишмаганди. Денисов ўзи “Навбаҳор”да ўйнаган пайтдаги онларни айтиб берди. Стадион мухлислар билан лиқ тўлиши, клуб раҳбариятининг ўз ишига профессионал тарздаги муносабати ҳақида жуда илиқ фикрларни айтди. Энди ўша пайт билан ҳозиргиси ўртасида жуда катта тафовут бор.   

- Ҳар бир инсон ўзи учун ўтган йилни сарҳисоб қилиб, хулоса чиқаради. Бу йилги ўйинларингизга ўзингиз четдан мухлис сифатида кузатиб, қандай баҳо бердингиз?
- Кўнглим юз фоизга тўлмади. Имкониятларимни тўлалигича намоён эта олмадим. Ўзим табиатан максималистман. Отам шундай тарбия берганлар. Ўзлари ҳам футболчи бўлганликлари учун ҳамиша биздан шуни талаб қиладилар. Ҳар бир ишимизга танқид кўзи билан қарашга ўргатганлар. Шуни аниқ биламанки, мен ҳозирги ҳолатимдан ҳам яхшироқ ўйнашим мумкин. Бу йилги мавсумда киритган голларим сонини бундан ҳам ошира олишимни биламан. Янги мавсумда янада кўпроқ гол киритиб, ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Энди барибир сизнинг ўйинларингизга мутахассисларнинг баҳо бергани маъқулроқ. Мен ўзим ҳақида гапиришни ёқтирмайман. Шундай бўлсада, саволингизга жавоб беришга ҳаракат қилдим.

- Отангиз илк мухлисингиз ва шу билан бирга биринчи танқидчи ҳамда таҳлилчингиз бўлсалар керак? Бу йилги ўйинларингиз ҳақида нима дедилар, гаплашдингизми?   
- Отам нафақат илк мухлисим, балки биринчи мураббийим ҳисобланадилар. Ҳам ҳаётда, ҳам футболда отамга ўхшашга ҳаракат қилганман. Уларнинг футболчилик фаолиятларига ҳурмат билан қарайман. Сиз айтгандек, улар менинг биринчи мухлисим ва танқидчимлар. Ҳар бир учрашувдан сўнг ўйинимни таҳлил қилиб берадилар. Қаерда хатоликка йўл қўйдим, қайси вазиятда нотўғри ҳаракат қилдим, ҳамма-ҳаммасини айтадилар. Нафақат айтадилар, балки кейинчалик бу хатоларни такрорламаслик учун нималарга эътибор беришимни ҳам уқтирадилар. Маълум сабабларга ўйинимни кўра олмасалар, ўша учрашув ёзилган дискни олиб келиб бермаганумча тинч қўймайдилар. Бу йилги ўйинларимдан хулоса қилиб, кўнгиллари тўлмаганини айтдилар. Сенга бу йилги мавсум сабоқ бўлсин, келаси йили бу хатоларни такрорламагин, деб бироз дакки ҳам бердилар. Кейин шахсий фикримни ҳам сўрайдилар. Бир сўз билан айтганда, ота-бола ўртасида ҳамиша муҳокама, мунозара ва таҳлил бўлиб келган.   


- Мавсум аввалида ҳар бир футболчи ўз олдига максимал даражадаги вазифаларни қўяди. Ҳужумчи эканлигингиздан келиб чиқиб айтсак, шахсан сиз йил бошида шунча гол урсам яхши бўларди, деган бир мақсад қўйганмидингиз?
- Албатта, ҳар бир мавсум бошланишида ўз олдимга маълум бир мақсадларни қўяман. 2014 йилги мавсум олий лигасида 14та гол ургандим. Шундан келиб чиқиб, 2015 йили камида рақиб жамоалар дарвозасини камида 15 маротаба ишғол қилсам, яхши бўларди деб ўз олдимга вазифа қўйгандим. Иккинчи даврани кўтаринки кайфиятда бошлаганимзда, ҳа, бу йил ўз олдимга қўйган вазифамни ортиғи билан адо этаман, камида 20та гол киритаман, дея ўйлай бошладим. Лекин “Андижон”, “Локомотив” клубларига қарши кечган учрашувларда ўйиним умуман қовушмади. Ҳар иккала ўйинда ҳам камида 2-3та гол киритшим керак эди. Омадим келмадими, ҳужумчиларга хос совуққонлик етишмади ёки ақл билан иш тута олмадимми, билмадим, мана шу икки учрашувда жуда ёмон ҳаракат қилдим. Кейин ҳаёлингиз жойида бўлмаса ҳам ўйинингиз қовушмайди. Жамоадаги молийвий қийинчиликлар, бир неча ой мобайнида маошсиз ўйнаш, бу нарсалар истайсизми-йўқми, барибир кишига салбий томондан таъсир ўтказар экан. Бу нарса фақат менда эмас, бошқа футболчиларда ҳам кузатилди. Ҳеч нарсани ўйламасдан майдонга тушсангиз, натижа ҳам шунга монанд бўлади. Афсуски, бизда шундай кайфият бўлмади. Мавсум якунланиб боргани сари футболчиларимиздаги босим кучайиб кетаверди.

- “Навбаҳор” жамоаси билан шартномангиз якунландими?
- Ҳа, шартномам якунига етди.

- Клуб раҳбариятининг футболчилардан қанча қарши бор? Раҳбарият билан гаплашдингларми? Нима дейишяпти?
- Яхшигина қарзи бор. Бу жуда катта сумма. Беш-олти ойдан бери ҳаракат қилишяпти. Билмадим, чемпионат якунланди, энди бу ҳаракатлардан фойда бўлмаса ҳам керак. Ўзи гаплашадиган биргина Бахтиёр Ашурматов бор эди. Улар ҳам истеъфога чиқдилар. Жамоа бошлиғи Ғанишер Исмоилов югур-югур қилиб, биз учун анча ҳаракат қилдилар. Шунда ҳам маошларга эмас, меҳмонхона, еб-ичиш, транспорт ҳаражатларига пул топиш учун елиб югурдилар. Қолган раҳбарларни юқорида айтганимдек, охирги икки ойдан бери кўрмадик. Клуб раҳбарияти бутунлай ўзгарар экан. Аввал ишлаганларнинг ҳаммаси истеъфога чиқибди. Энди кимга мурожаат қилишингизни ҳам билмаймиз.   

- Асосий таркиб футболчилари ҳам Бахтиёр Ашурматовдан кейин жамоани тарк этдими?
- Билишимча, биргина Азим Аҳмедов жамоадан расман кетди. У “Пахтакор” билан шартнома имзолади. Қолган барча футболчилар, шартномаси якунига етганлари ҳам ҳали жамоадан кетгани йўқ. Жамоанинг футболчилардан ярим йиллик қарзи бор. Ҳозир шунақа ҳолатга тушиб қолинганки, қандайдир бир қарор чиқаришни ҳам билмайсиз. Ҳамма ўзи учун жавоб бергани маъқул. Олти ойлик маошлар қанча бўлишини тасаввур қиляпсизми?

- Ўзингизнинг режаларингиз қандай?
- Ҳозирча ҳеч қандай режа йўқ. 5 январь куни кўп нарсага ойдинлик киритилади. Унгача дам олиш билан банд бўламан.

- Таклифлар борми?
- Шукрки, таклифлар етарли. Ҳозир жамоаларни санаб кетсам, ўша клубларга нисбатан ҳурматсизлик қилган бўламан. Бир ҳафтада ҳаммаси ҳал бўлади.

- Мавсумни ҳориж клубларининг бирида бошлашингиз мумкинми?
- Аниқ бир нарса дея олмайман. Сўнгги пайтларда чала агентлар кўпайиб кетди. Танимаган одамларингиз кимдандир телефон рақамингизни топиб, таклифлар бўлаётганини айтиб қўнғироқ қилишади. Очиғи, сўнгги 2-3 йилдан бери бу нарсага кўникиб ҳам қолдим. Осмондан тушгандек, ҳамма ўзича агент. Шахсан ўзимга ҳеч бир ҳориж жамоасидан таклиф тушгани йўқ. Лекин таклиф тушса, бундан хурсанд бўлардим. Ўшанда ҳам савияси юқорироқ бўлган чемпионатдан бўлса.

- Терма жамоамиз ҳужум чизиғида ўзига яраша кичик муаммолар борлигини инобатга олсак, сизда бош жамоадан чақирув олиш имконияти ҳали бор. Бунинг учун етакчи клублар сафига қўшилишингиз ёки тўпурарлик маҳоратини намойиш этишингиз керак. Бу масала ҳам кун тартибингиздами?
- Албатта. Айниқса, сўнгги икки йилдан бери миллий терма жамоадан чақирув қоғози олиш учун астойдил ҳаракат қиляпман. Ҳар бир футболчининг орзуси терма жамоада ўйнаш. Бугунги кунда олдимга турган энг катта орзуим ҳам шу. Насиб қилса, ўз ниятимга етаман, деб ўйлайман. Соғлиқ жойида бўлиб, мавсумни жароҳатсиз ўтказсам, бу орзуим рўёбга чиқишига ишонаман. Очиғи, ҳозирги терма жамоамизнинг ўйинларини мазза қилиб кўряпман. Иккинчи босқич ўйинларини юқори савияда ўтказишяпти. Кейинги босқичда осон бўлмаслиги аниқ. 


- Мавсум якунлари бўйича Шаҳбоз Эркиновнинг рамзий терма жамоасидан қайси 11 нафар футболчи жой олиши мумкин эди?
- Одамни ўйлантириб қўйдингиз. Ҳозир тезда газеталарга кўз югуртириб чиқдим. Рамзий терма жамоам 4-4-2 кўринишида бўлишини хоҳлардим. Таркибни ҳам шунга монанд тарзда тузиб чиқдим. Дарвозабон масаласида кўп ўйламадим – Элдор Суюнов. Ўнг қанот ҳимоясига иккита вариантим бор – Акмал Шораҳмедов ва Шуҳрат Муҳаммадиев. Кўпроқ бу таркибда Акмалнинг бўлишини хоҳладим. Марказий ҳимоячиларда кўп ўйлаб ўтирмадим – Неманья Яничич ва Егор Кримец. “Локомотив” ва “Пахтакор” жамоаларига қарши кечган учрашувларда айнан шу икки ҳимоячи менга катта ташвиш туғдиришди. Чап қанот ҳимоясига “Динамо” клуби аъзоси Аваз Агалеевни қўйишни лозим деб топдим. Бу ҳимоячи жамоасининг ҳужумларини ташкил этишда ҳам жуда фаол ўйнади. Ўнг қанот ярим ҳимоясига “Олмалиқ”нинг туркманистонлик легионери Арслонмурод Омонов, ўртада Азим Аҳмедов ва Кахи Махарадзе, чап қанотга катта Жасур Ҳасановни танладим. Ҳужум чизиғи вакиллари танловида ўйлаб ҳам ўтирмайман – Игорь Сергеев ва Баҳриддин Ваҳобов. Бу икки ҳужумчи ўз тўпурарлик маҳоратларини намойиш этишди. Рамзий терма жамоамнинг захира ўриндиғидан Санжар Шоаҳмедов, Шавкат Саломов ва Зафар Тўраевларга жой ажратардим. Тўғри, бу уччала футболчи деярли бир хил позицияда ўйнашади. Лекин уларни асосий таркибда ҳам кўришни жуда ҳам истагандим. Лекин асосий таркиб 11 нафар футболчидан иборат бўлади. Терма жамоа бош мураббийи масаласида ҳам якдил қарор – Самвел Бабаян. Самвел Вячеславлович ҳам клубда, ҳам миллий терма жамоада қандай мураббий эканлигини исботлаб қўйди. “Пахтакор” чемпион бўлди, терма жамоамиз у бошчилигида ўтказган 5та ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди. Тўғри, айримлар терма жамоамизнинг ҳозирги рақиблар кучсиз, унинг салоҳиятини ҳал қилувчи босқичдаги ўйинларда кўрамиз, дейишяпти. Аммо, шуниси аниқки, Бабаян терма жамоадаги муҳит ва ўйинни ижобий томонга ўзгартира олди. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди.

- Сизнингча, “Олтин тўп”ни ким олади?
- Менимча, Месси олса керак. Неймар сўровда иккинчи, Роналду учинчи бўлади. Месси йўқлигида “Барселона”ни ўз ортидан эргаштира олди.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Rating: +4   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика