"Шабаб Ал-Аҳли" бош мураббийи Пауло Соуза: "Насаф" ҳозиргача биз дуч келган энг кучли рақиб, аммо..."
01 oct 21:15
News
"Шабаб Ал-Аҳли" бош мураббийи Пауло Соуза: "Насаф" ҳозиргача биз дуч келган энг кучли рақиб, аммо..."
"Шабаб Ал-Аҳли" бош мураббийи Пауло Соуза:
"Ўзбекистонга биринчи маротаба ташриф буюришим. Эртанги баҳсга тайёргарлик кўриш учун кўп вақтга эга бўлмадик. Биз мавсумни эндигина бошладик. Мен "Шабаб Ал-Аҳли"га келганимга кўп вақт бўлгани йўқ, "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев эса 12 йил давомида шу клубда ишлаб келаётган экан. Рақибимизни ҳурмат қиламиз, эртага яхши шаклланган жамоага қарши майдонга тушамиз. "Насаф" ҳозиргача биз дуч келган энг кучли рақиб бўлиши аниқ, аммо биз ўз ўйинимиз ва ўз жамоамиз ҳақида қайғуришимиз керак. Биз доминант жамоа бўлишимиз керак, бу менинг фалсафам. Кўпроқ тўпга эгалик қилиш, вазиятлар яратиш ва голлар уришга интиламиз. Биз янги жамоа қураяпмиз ва ушбу жамоа яхши ўйин намойиш этишига ишонаман. Жамоамдаги футболчиларнинг кўп қисми ҳали ёш. Шунингдек, Европада ҳам фаолият юритган футболчиларимиз бор. Хорижда тўп тепган футболчиларимизнинг тажрибаси бизга қўл келади ва ғалаба қозонишга ёрдам беради деган умиддаман.
Футболчи Валид Аббоснинг ўйин ҳақидаги фикри:
"Биз ОЧЛдаги иккинчи баҳсимизни ўтказмоқдамиз. "Насаф" жамоасининг таркиби кучли эканлигини кўрдим. Биз ҳозирги кунда янги жамоа кўрмоқдамиз ва ушбу ҳаракатларимизнинг мевасини 4-5 йилдан кейин оламиз.
- Жаноб мураббий, ҳар бир жамоанинг бош мураббийи ўз жамоасини чемпион қилишни истайди. "Шабаб Ал-Аҳли"нинг ҳозирги имкониятларидан келиб чиқиб, жамоа ОЧЛ 2 мусобақасида қайси босқичга қадар етиб бора олади деб ўйлайсиз?
- Мен бош мураббий сифатида жамоамни чемпион қилишни истайман, аммо бунинг ўзи етарли эмас. Раҳбариятнинг мақсадлари ҳам мураббий фикри билан мос тушиши керак. Биз иштирок этаётган ҳар бир мусобақада ғалаба қозониш имкониятимиз бор, бироқ авваламбор ўйин сифатимизни яхшилаб олишимиз керак. Олдиндан тахмин билдириш қийин.
- Жамоа ёзда тажрибали Сардор Азмунни ўз сафига қўшиб олди. Сардор эртанги учрашувга тайёрми?
- Футболчи ҳар бир ўйинга тайёр бўлиши керак. Жамоада нафақат Сардор балки бошқа футболчилар ҳам эртанги баҳсга тайёр. Сардорнинг трансфери бизга катта фойда келтирди. У бошқа футболчилардан устун эканлигини билиниб турибди. У ўз спорт формасини сақлаб қола олиши керак. Эртага унинг ҳолати билан танишиб чиқамиз ва у майдонга туша оладими йўқми, ҳал қиламиз.
- Футболчи Валид Аббосга савол. "Насаф" жамоаси тарбияланувчиси ҳисобланган Азиз Ғаниев "Шабаб Ал-Аҳли"да бир неча йил давомида фаолият юритди. Азиз Ғаниевнинг жамоадаги фаолияти ва нега жамоани тарк этгани ҳақида гапириб ўтсангиз?
- Азиз жуда яхши таассурот қолдирди. Мен у билан бирга ўйнаганимдан жуда хурсандман. Азиз "Шабаб Ал-Аҳли" сафида анча ўсишга эришди. Ғаниев нега жамоадан кетганидан хабарим йўқ тўғриси, унга фақатгина омад тилайман.
- Валид, сиз БААдаги энг тажрибали футболчилардан бирисиз. Нима деб ўйлайсиз, ҳалқаро майдондаги иштирокини энди бошлаган БАА жамоалари, жорий мавсум қандай натижаларга эриша оладилар?
- Биз иштирок этаётган ҳар бир турниримизда ғолиб бўлишимиз мумкин. Аввалроқ айтиб ўтганимдек, ҳозирги таркибимизда ёшлар кўп. Биз ёшроқ футболчиларга ўз тажрибамиз билан бўлишишимиз керак, ёшлар эса имкон қадар яхшироқ ўйин намойиш этишлари керак. Ҳар бир мусобақада ўзгача ҳолат ва вазият бўлади. Барчасини ҳисобга олган ҳолда биз яхшироқ натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз.
Comments
Насафга омад ёр булсин