Сергей Семак Миржалол Қосимовнинг хайрлашув учрашуви ҳақида
05 dec 2015 00:00
News
Сергей Семак Миржалол Қосимовнинг хайрлашув учрашуви ҳақида
Миржалол Қосимовнинг ҳайрлашув учрашуви бўлаётгани ва унда қатнашишимиз учун клубимиз ЦСКА офисига таклифнома келди. Бу эса мени жуда хурсанд қилди ва ўйинга боришга қарор қилдим.
Шуни айтиб ўтишим жоизки, мен Миржалол Қосимовни нафақат жуда кучли футболи, балки ажойиб инсон сифатида ҳам жуда ҳурмат қиламан.
Мендан ташқари ҳайрлашув учрашувига клубимиздан (ЦСКА) Александр Тарханов, Валлерий Газзаев, жамоамиз бошлиғи Александр Стельмах таклиф этилганди. Шунингдек, бу ўйин орқали мен яна эски қадрдонларни кўриш, собиқ жамоадошларим, мураббийларимиз билан дийдорлашиш бахтига муяссар бўлгандим. Миржалол Қосимов билан "Алания"да бирга ўйнаган кўплаб футболчилар, унинг дўстлари Тошкентга келишганди. Улар қаторида Андрей Каряка, Хомич, Фёдоров ва Онопко сингари футболчилар ҳам бор эди.
Учрашувдан олдин эътиборимни тортган ва қизиқ бўлган бир воқеани айтиб ўтсам. Биз барчамиз майдонга чиқиб келаётганимиза суҳандон ҳаммани бирма-бир эълон қилиб чақираётганда, Онопко энг охирги бўлиб майдонга чиқиб келди. Виктор Онопко ўша пайтда Россия терма жамоа менежери сифатида ишларди. Бу ўйин ўз-ўзидан фахрийлар учрашуви мақомини олгандек туюлди. Барча табассум қилди албатта.
Наҳорги ош ҳақида
Ўйлашимча, бизнинг авлоднинг барчаси, шунингдек мен ҳам ўзбекларнинг қандай меҳмондўст эканлиги ҳақида жуда кўп эшитганмиз. Миржалол Қосимовнинг ҳайрлашув ўйини орқали эса бунга ўз кўзим билан гувоҳ ҳам бўлдим. Бизларни Ўзбекистонда қандай кутиб олишгани, қанчалик ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишганини айтишга тил ожиз. Бу бизни жуда хурсанд қилди ва уларга бўлган ҳурматимиз икки чандон ошди.
Биз Тошкентга кечқурун учиб келгандик. Миржалол Қосимовни ўзи бизларни кутиб олгани аэропортга чиққанди. Кейин бизни меҳмонхонага олиб боришди. Овқатландик, дам олдик. Эртаси куни тонгда эса ошга бордик. Мен ўйлагандимки, тахминан йигирмага яқин одам тўпланиб, ошни тайёрлаб, тановул қиламиз, кейин ким қаерга кетса кетаверади. Йўқ, мен қаттиқ адашган эканман.
Мен Тошкентга ўғлим Илья билан келгандим. Биз ўғлим билан ёз бўлгани сабаб шортик ва футболкада пастга тушгандик. Кейин олдимизга ташкилотчи келдида, костюм-шимларни кийиб тушишимизни сўради. Ошга эса бош вазир келишини айтиб ўтди. Мен ўйлагандимки, ўзимиз учун кичиккина бир дастурхон ёзилса керак. Яна адашган эканман. Кейин барча дўстлар йиғилиб пастга тушдик. Кейин бизни машинада ресторанга олиб кетишди. Ресторанга бориб ичкарига киришимизни биламан, катта залда 500 кишилик дастурхон ёзилган экан. Ҳар бир столда йигирмага яқин одамга жой қилинган. Одатда уларда бу наҳорги ош эрталаб тонг соат 5-6да бошланаркан. Бизлар Россиядан келганимиз учун сал кечроқ бошлашган экан. Мен шу пайт Миржалол Қосимовга ачиндим. Чунки Жалол Россиядан келган ҳар бир меҳмонни ўзи кутиб олиб, ҳаммасини олдига бориб бирга ош еб чиқиши, бирга ўтириши керак эди ва Қосимов шуни қилаётганди. Қосимов бир неча соат давомида умуман тингани йўқ. Биз эса стол атрофида 40 дақиқача ўтирдик ва кейин кетдик. Бу орада эса кетаётган меҳмонларни ўрнини бошқалар келиб тўлдираётишганди. Миржалол Қосимовнинг дўстлари, бирга ўйнаган футболчилар, қариндошлари, қадрдонлари, умуман барча келганди. Буни сўз билан таърифлашнинг иложи йўқ. Бу шунчаки ажойиб! Буни унутиб бўлмайди.
Ўзбекистон терма жамоаси - "Европа ва Осиё юлдузлари" ўртасидаги Қосимовнинг хайрлашув учрашуви ҳақида
Кейин эса матбуот анжумани ўтказилди. Газзаев тадбирнинг бу қисмида жуда катта эътиборда бўлди. Сабаби, Валлерий Газзаев каби мутахассислар ҳар доим ҳам келавермайди. Газзаев Қосимов тўғрисида ва унинг фаолияти борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Валерий Газзаев манзили томони ҳам ўзбеклар жуда кўп мақтовларни айтишди. Газзаев улар билан саломлашиб, сўрашишга ва таклифларни қабул қилишга улгурмаётганди.
Кун жуда кўп воқеа ва тадбирларга бой бўлди. Кейин эса биз ўйинга кетдик. Ўйиндан олдин Миржалол Қосимов ва Фарғонанинг "Нефтчи" жамоаси билан ажойиб натижаларни қайд этган Юрий Саркисянга бир қатор давлат медаллари топширилди. Юрий Саркисян "Нефтчи" билан деярли 20 йилдан буён чемпионатнинг иккинчи поғонасидан пастга тушмаган экан. Ажойиб натижа! Саркисянни ҳам жуда кўпчилик яхши кўраркан. Камида Юрий Вазгенович ҳам катта ҳурматга эга экан.
Хайрлашув ўйини олдидан ажойиб концерт дастури ва салютлар отилди.
Ўйин эса жуда қизиқарли ва кескин курашларга бой бўлди. Учрашув олдидан ҳеч қандай келишув бўлмаганди. Одатда бу каби ўйинларда келишув асосида ўйналади. Ўйин қаҳрамони гол уриши ҳақида келишиб олинади. Бу баҳсда ҳеч қандай келишув бўлгани йўқ! Баҳс ажойиб руҳда ўтди. Ўзбекистон терма жамоаси бу ўйинга бир ҳафта тараддуд кўрган экан. Уларни бош мураббийи аввалига футболчиларни эрталабки наҳорги ошга ҳам қўймоқчи бўлмаган экан. Футболчилар эса бу қарорни табиийки яхши қабул қилишмаганди.
Учрашув кескин руҳда ўтди ва ҳисоб 3:3 кўринишини олди. Миржалол Қосимов эса бир тайм Ўзбекистон терма жамоаси сафида, иккинчи бўлимда эса "Европа ва Осиё юлдузлари" терма жамоаси сафида ўйнади. Миржалол Қосимов бу ўйинда гол уришга ҳам муваффақ бўлди.
Учрашувдан кейин яна концерт дастури, салютлар отилди. Шоулар уюштирилди, бир қатор артистлар келди. Кейин банкет бўлди. Яна меҳмонлар кела бошлади, тахминан 400га яқин Қосимовнинг дўстлари, қариндошлари, футболчилар ва мартабали меҳмонлар келишди. Камида яна "кичиккина" ош ҳам узатилди. Саноқсиз сўзга чиқишлар, табриклар. Тошкент шаҳар ҳокими ҳам ушбу тадбирда иштирок этди. Шундай ажойиб тадбирни ҳеч ким ёзиб олмагани чатоқ бўлди. Бу тадбирни битта китоб қилиб чиқарса бўларди. Бу кун мени ҳаётимда ҳам унутилмас кун бўлди. Бу ерда бир қатор қизиқарли танишувларга, янги дўстларга эга бўлдим. Биз эса эртаси куни бир нечта сумкалар билан бозорга бордик. Ўзбекистоннинг ширин мевалари билан сумкаларимизни тўлдирдик. Уйга ширин меваларни олиб қайтдик.
Ўзбекистон ҳақида
Бу ажойиб саёҳат бўлди. Қачонки сизда ҳам имконият бўлса, унда 10 кунга Ўзбекистонга боришни маслаҳат бераман. Бухоро, Ҳива, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига бориб ажойиб тарихий обидаларни кўришни унутманг. Ўзбекистондаги меҳмондўстлик ҳақида эса гапирмадим. Бу шунчаки ажойиб! Ўзбекистонда бой тарихга эга шаҳарлар кўп. Тошкентда ҳаммаси камтаргина, тозагина, жуда қулай шаҳар ва муҳими одамлари жуда меҳмондўст. Мен бу билан реклама қиляпман ёки йўқ билмадим. Лекин экзотикани ёқтирадиган одамлар албатта Ўзбекистонга боришлари керак. Европанинг қайсидир шаҳарларига боргандан кўра Ўзбекистонга боринг! Кўрган ва билганларим шу.
Ўзбеклар жуда катта ҳурматга лойиқ!
Сергей Семак
Comments