Садио Мане: “Фаолиятимни ўзгартиришда тўғри қарорга келдим” (тўлиқ интервью)
13 jul 2016 01:55
News
Садио Мане: “Фаолиятимни ўзгартиришда тўғри қарорга келдим” (тўлиқ интервью)
- Садио, жамоага хуш келибсиз. Клуб футболчисига айланиб, нималарни ҳис қиляпсиз?
- Бугун ажойиб кун – Европадаги энг буюк клублардан бирига ўтганимдан хурсандман. У катта тарихга эга ва кўплаб совринларни қўлга киритган. Жамоадошларим билан тезроқ учрашиш ва мавсум бошланишини сабрсизлик билан кутаман.
- Трансфернинг тайёргарлик жараёни олдидан амалга ошгани сиз учун қанчалик аҳамиятли? Биринчи йиғинданоқ шерикларингиз билан бирга бўласиз.
- Бу жуда муҳим. Мавсумга тайёргарликни бошқалардан кечроқ бошлаш осон эмас. Энди қолганлар билан бир пайтда машғулотга киришаман. Бу мени янада хурсанд қилади. Иш бошлашни орзиқиб кутаман.
- Юрген Клопп ҳаракатларингизни мартда “Саутгемптон” таркибида икки гол урган ўйинингизда кузатганди. Ўша учрашувдан қандай хотира қолган?
- Ўшанда 3:2 ҳисобида зафар қучганимизни эслайман. Жамоам учун икки тўп киритганимдан хурсанд эдим. Лекин бу ортда қолди ва олдимда янги мавсумга тўлиқ тайёр бўлиш вазифаси турибди.
- Ўша голларингиз Клопп сизни танлашида муҳим жиҳат бўлган деб ўйлайсизми?
- Буни тасдиқлай олмайман. “Ливерпуль” менга қизиқиб қолганини билардим. Менда бошқа таклифлар ҳам бор эди, лекин танловим тўғри эканига ишонаман. Фаолиятимни ўзгартириш учун тўғри вақт ва мураббийни танлаганимга аминман. Бундай клубнинг бир қисмига айланганимдан хурсандман.
- Клопп билан нима ҳақида гаплашдингиз? У сизга нима деди?
- У билан суҳбатлашдим. Албатта, Клопп “Ливерпуль”га ўтишимда катта ишни бажарди. Унга билдирган ишончи учун миннатдорчилик билдираман. Чин дилдан меҳнат қилиб, клубга боримни беришга уринаман ва бу имкониятни кутаман.
- У сиздан нималар кутаётгани ҳақида таъкидладими?
- У шунчаки жамоага келиб, “Ливерпуль” учун ўйнашим кераклигини айтди. Ўзимдан сўраб ҳам ўтирмадим ва дарҳол ижобий жавоб қайтардим. Клубнинг буюк эканини биламан. Клуб ва мураббий мен учун тўғри танлов бўлганига ишонаман.
- Ўтган мавсум “Саутгемптон” таркибида барча мусобақаларда 15 гол уриб, жамоа тўпурари бўлдингиз. Голни ҳис қилишни шундай ҳолатда “Ливерпуль”да ҳам сақлаб қоласизми?
- Ҳа, албатта. Ҳужумда ўйнайдиган ҳар бир футболчи жамоа ғалабасига катта ҳисса қўшиши мумкин. Энди шерикларим билан бирга ўйнаб, бир-биримизга ёрдам берадиган пайтни кутаман. Клубни юқорига кўтаришга интиламиз.
- Кўпроқ нима ёқади – голларми ёки ассистенлик қилишми?
- Энг муҳим нарса жамоа ғалабаси деб ўйлайман.
- Бугун жамоа базасида бўлишга улгурдингиз. Ёшлигингизда Премьер-лигадаги тўқнашувларни кузатган бўлсангиз керак. “Ливерпуль” ҳақида нималарни биласиз?
- “Ливерпуль” жаҳондаги энг катта клублардан бири ҳисобланади. 2005 йил Чемпионлар лигасини финалини кузатганман. Ўшанда “Милан” билан учрашув ажойиб кечган ва жамоа учун жуда хурсанд бўлгандим. Бу клубда ажойиб ва буюк футболчилар ўйнаган. Масалан, Жейми Каррагер. Орзум улашди ва ҳозир клубнинг бир қисмига айланганимдан бахтлиман.
- Сенегалда ўсган пайтингизда бир кун келиб, шундай буюк клубда ўйнашни орзу қилганмисиз?
- Ҳа, бу асосий орзумга айланганди. Ҳамиша катта жамоаларда ўйнашни хоҳлаганман. Ҳозир эса тезроқ машғулотни бошлашни орзиқиб кутяпман. Клубга ёрдамим тегишини истайман.
- 2015 йилнинг май ойида “Астон Вилла”га қарши ўйинда энг тез хет-трик муаллифи бўлиб, бу ҳаётингиздаги энг яхши лаҳза бўлганини айтгандингиз. Уни бугунги кун билан таққослаш мумкинми?
- Ўша куни энг яхши куним бўлганди, чунки жамоа ажойиб ғалабага эришганди. Биз учун ўша баҳсни ютиш муҳим эди, мен учун эса голлар уриш. Шу сабабли жуда хурсанд эдим. Энди эса энг яхши куним сифатида шартномага имзо чеккан кунни кўрсатишим мумкин.
- Охирги икки йилда “Саутгемптон”дан “Ливерпуль”га ўтган бешинчи футболчига айландингиз. Натаниэл Клайн сиз энг яхши билган футболчи саналади. Ўтиш тўғрисида у билан суҳбатлашишга имкон бўлдими?
- Ҳозирча йўқ. Уни жуда яхши биламан, ажойиб йигит. Бу ерда йўлларимиз кесишганидан бахтиёрман. Умид қиламанки, у ва бошқа йигитлар билан биргаликда мавсумдан роҳатланамиз. Шу билан бирга “Саутгемптон”га боғлиқ бўлган барча инсонларга ва мухлисларга раҳмат айтаман, уларнинг ҳаммаси ҳайратланарли бўлди. Бу ерда турганим айнан “Саутгемптон” туфайлидир. Кўплаб яхши инсонлар билан ишлаб, кўп нарсаларни ўргандим. Бу ёғига “Ливерпуль” сафига қўшилишимни кутиб қоламан.
- Кейинги мавсумда янгиланган “Энфильд”да мухлислар қаршисида ўйнайсиз. Буни қанчалик кучли даражада кутяпсиз?
- Бунча кўп мухлислар олдида “Энфильд”да ўйнашдан хурсандман. Клуб учун ажойиб ўтадиган мавсумни кутяпман.
- Суҳбат якунида ишқибозларга нима дейсиз ёки уларга қандай ваъда бера оласиз?
- Улар ишончни йўқотмасликларини сўрардим. Бу йил ўзгача бўлади деб ўйлайман. Йигитлар билан учрашиб, келаётган мавсумдан роҳатланишни хоҳлайман. Старриж, Коутиньо, Лаллана ва Милнер каби футболчилар билан бирга ўйнашни орзиқиб кутаман.
Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.
Comments