Бугун Лев Яшиннинг тошкентлик шогирди Юрий Пшеничников бир кам 80 ёшга тўлди
02 jun 2019 17:18
News
Бугун Лев Яшиннинг тошкентлик шогирди Юрий Пшеничников бир кам 80 ёшга тўлди
Юрий Пшеничников - 1940 йилнинг 2 июнь куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. Юранинг болалик йиллари қийинчиликда ўтди. Унинг отаси Иккинчи жаҳон урушида бедарак йўқолган. Шундан сўнг унинг тарбияси билан онаси машғул бўлади. Юрий урушдан кейинги машаққатли йилларда футболга меҳр қўйди. У Л. Янсон қўл остида миллионлар ўйини сир-асрорларини ўрганишни бошлади. Айнан Янсон Юрийни дарвозага қўйган. Бугунги қаҳрамонимиз 1956 йилда "Меҳнат резервлари" (Тошкент) жамоасининг ёшлар таркибида катта футболга кириб келди. 1958 йили шу жамоанинг асосий таркибида дебют қилди.
1960 йилда, яъни 20 ёшида "Пахтакор" (Ташкент) сафига бориб қўшилди. Қаторасига икки мавсум - 1961 ва 1962 йилларда "Пахтакор" таркибидаги муваффақиятли ўйинлари сабаб кўпчиликнинг диққатини ўзига тортди. 1961 йилги мавсумни умуман алмаштиришсиз ўтказди. Фақат 1962 йили "Динамо" (Киев) клуби қарши ўйиннинг 80-дақиқасида захирага олинди. Боиси, бу вақтга келиб "Пахтакор" 0:5 ҳисобида ютқазаётганди.
Пшеничников 1968 йилда "Пахтакор"дан Москванинг ЦСКА клубига кўчиб ўтди. Унга армия клуби раҳбарияти лейтенант офицерлик даражаси ҳамда уч хонали квартира тақдим этди. Юра бу ишончни оқлади. У 1968 йилги мавсум якунларига собиқ СССР чемпионатининг энг яхши дарвозабони деб топилди.
1969 йилги мавсум бугун таваллуд айёмини нишонлаётган футболимиз фахри учун омадсиз келди. У ўнг қўлини жароҳатлаб олди. Шифокорлар унинг қўлига платинали пластина қўйишди. Натижада Пшеничников 1970 йили Мексикада ўтган жаҳон чемпионатидан четда қолиб кетди. Жароҳатидан фориғ бўлиб сафга қайтганида эса уни ЦСКАнинг янги бош мураббийи Валентин Николаев ўринбосарлар жамоасига тушириб юборди. Кутилмаган тарсакидан қаттиқ ранжиган дарвозабон жамоадан кетиш ҳақида ариза ёзди ва шундан сўнг икки ой кўриниш бермади. Лекин ўзи Сокольникида индивидуал тарзда шуғулланишни канда қилмади. Маълум вақт ўтгач, Николаев Юрани яна асосий таркибга қайтарди.
1972 йилда "Пахтакор" биринчи лигада элитага бериладиган йўлланма учун курашади. Пшеничников эса Тошкентга қайтади ва "Пахтакор"нинг ўйновчи мураббийга айланади. Лекин бу унинг футболчилик фаолиятидаги сўнгги мавсум бўлиб қолди. Жароҳат сабаб у бутсаларини михга илди.
Юрий Пшеничников собиқ СССР чемпионати олий лигасида жами 243 та учрашувда дарвозани қўриқлади. СССР терма жамоаси таркибида 19 та ўйинда майдонга тушди. Терма жамоа сафида 1966 йилнинг 18 сентябрь куни Белград шаҳрида СФРЮ (2:1)га қарши ўйинда дебют қилган. 1970 йилнинг 28 октябрь куни терма жамоадаги сўнгги ўйинини ўтказган.
1978 йилда у яна ЦСКАга қайтди. Фақат бу сафар мураббий ролида. Пшеничников СССР мудофаа вазирлиги қошидаги армия жамоалари билан сафарларга чиқа бошлади. 1979-1983 йилларда Лаоснинг "Контхаба", 1989 йили КОСФАП (Антананариву, Мадагаскар) клубларида бош мураббий сифатида ишлади. 1984-1988 йилларда эса ЦСКА болалар-ўсмирлар олимпия захиралари мактаби директори бўлди.
1990 йилда ЦСКА-2, сентябрдан СКА (Ростов-на-Дону) клубларига устозлик қилди. 1991 йили "Асмарал", 1994-1995 (октябргача) йилларда БААнинг "Рател-Хайм" клубини бошқарди. 1995 йилнинг декабридан 1999 йилгача ЦСКА болалар-ўсмирлар олимпия захиралари мактабида ёш футболчиларни тарбиялашга ўз хиссасини қўшди. 1999-2000 йилларда ЦСКА клубида дарвозабонлар мураббийи бўлди. 2002-2003 йилларда "Торпедо-ЗИЛ" (Москва) клубида ишлади. 2002 йили "Пшеничниковнинг дарвозабонлар футбол клуби"ни ташкил қилди ва ўзи ҳам 10 ёш ва ундан катта болаларни шуғуллантирди. 2005 йилнинг мартидан 2008 йилнинг сентябридан "Динамо" (Москва) ўсмирлар жамоаларининг дарвозабонлар мураббийи бўлди.
Юрий Пшеничников афсонавий дарвозабон, айнан дарвозабонлар орасида ягона "Олтин тўп" (1963 йили) соҳиби Лев Яшинни ўзига устоз ва кумир деб билади. Афсона билан илк учрашувини у шундай эслайди.
"Биз Яшин билан 1962 йили танишганмиз. Ўшанда "Пахтакор" жамоаси "Динамо"га қарши майдонга тушган. Ўша йили Чилида ўтган жаҳон чемпионатидан сўнг Яшинни танқид қилмаган инсоннинг ўзи қолмади ҳисоб. У хатто футболдан кетиш ҳақида ўйлай бошлаганди. Лекин мен учун Лев буюк дарвозабон бўлиб қолаверган. Яшин Олимпиада чемпиони, Европа Кубоги эгаси, дарвозабонлар орасида ягона "Олтин тўп" соҳиби эди. Очиғини айтсам, ўшанда Яшин мен билан сўрашмаса ҳам керак деб ўйлагандим. 2:2 ҳисобида якунланган ўйинимиздан сўнг Лев ёнимга келиб, мени мақтади. 1968 йили чемпионатнинг энг яхши дарвозабони деб топилганимдан кейин Лев Иванович менга қўнғироқ қилиб табриклади.
Юрий Пшеничниковдан қизиқарли фактлар:
- Мен 2 июнда туғилганман. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамга рим рақамидаги II белгисини қўйишган. Лекин ўша белгиларнинг тагига ва устига чизишни унутиб қўйишган. Паспорт олганимда эса 11 июнни туғилган куним сифатида ёзиб қўйишган. Шу сабабли, туғилган санамни иккинчидан ўн биринчигача нишонлайвераман.
- Ўйинлардан бирида “Зенит”ни қабул қилиб, 0:5 ҳисобида мағубиятга учраганмиз. Шу голлардан учтасини ўз ҳимоячиларимиз киритишган. Иккита Суюнов ва битта Семёнов. Менимча, бундай хет-трик футбол тарихида умуман бўлмаган. Шунингдек, “Зенит”га боғлиқ яна бир хотира қолган. ЦСКАда ўйнаб юрган кезларим ўйин куни тушлик қилиш учун ресторанга кирганман. Ўшанда менга айниб қолган овқат беришган экан. Бу эса кечки пайт ўйин вақтида менга қаттиқ ҳалал берган. Қўл ва оёқларимни қимирлата олмай қолганман. Ўша ўйинда ҳам 0:5 ҳисобида ютқазганмиз.
- 1966 йилнинг 26 апрель куни Тошкентда кучли зилзила рўй берган. Айнан зилзила куни Тошкентда Минскнинг “Динамо”си билан ўйнаганмиз. Майдондаги футболчилар зилзилани сезмасдилар. Мен эса сезгандим. Танаффусда “Динамо” посбони Адамов: “Бу ердан тезроқ кетишимиз керак”, деган. Мен эса “Ютқазинг ва кетаверинг” деганман. Ўйин 1:0 ҳисобида бизнинг фойдамизга якунланган. Зилзила туфайли ёнғинлар бошланди. Осмон қоп-қора, итлар акилларди... Шаҳар марказида лойдан қурилган барча уйлар қулаб тушганди.
- “Пахтакор”да Михаил Якушин билан ўйнаганман. У “Пахтакор”ни қабул қилиб олганидан сўнг “Қизил-Ўзбекистон” колхози билан ишлай бошлаганмиз. Ўша пайт ғалаба учун 80, дуранг учун эса 40 рублдан олардик. Якушин қўл остида терма жамоада ҳам ўйнаганман. Ўшанда Евро-1968да иштирок этгандик.
- Чет элга биринчи маротаба “Пахтакор” ҳамда тошкентлик курашчилар билан бирга борганмиз. Ўшанда Афғонистонда бўлганмиз. У ерда 300 йил орқага тушиб қолгандек ўзимизни хис қилган эдик. Терма жамоа билан эса биринчи маротаба собиқ Югославияга борганмиз.
- Москванинг ЦСКАсига мени Всеволод Бобров исмли мураббий таклиф қилган. Ўшанда Шароф Рашидов мендан нима учун ЦСКАга кетмоқчи эканлигимни сўраган. Мен эса: “Менга шундай дейишди, агар терма жамоада ўйнашни истасанг, биз сени олдинга Тошкентга бориб юрмаслигимиз учун сен Москвага кел”.
Нодирхўжа Юлдашев Пшеничников билан Москвадаги учрашуви ҳақида:
- Бундан 5 йил аввал, 10 апрель куни Тошкент вақти билан соат 14:00да Москвадаги "Динамо" метро бекатида Юрий Павлович билан учрашдик, у бизни шогирди ва унинг дадаси билан "Луч" стадиони томон бошлади. Бу стадиондан "Динамо" (Москва) жамоасининг академияси фойдаланар экан. Юрий Павлович эса ҳозирда фақатгина шу шогирди билан шуғулланар, қарилик аломатини билдирмаслик учун, у кўрсатмаларини шогирдининг дадаси ёрдамида амалга оширар экан. "Луч" стадионига кираверишда Лев Яшин ва Юрий Пшеничниковнинг "Пахтакор" Марказий стадионидаги илк учрашувлари акс эттирилган сурат осиғлиқ турар эди. Яшин ва терма жамоа ҳақидаги хотиралар айнан шу стадионда жонли тарзда бўлиб ўтди. Машғулот якунига етгач, "Динамо"нинг 2006 йилда таваллуд топган футболчилари майдонга кириб келишди. Қизиғи, у ерда дарвозабонлар мураббийи Лев Яшиннинг набираси экан. Шундан сўнг, Юрий Павлович "CA" музейи учун иккита тарихий экспонатни топширди. Бири қаҳрамонимизнинг дастхати туширилган қўлқоп бўлса, иккинчиси ўзининг 1967 йили Уэмбли стадионида Англия терма жамоасига қарши ўйини туширилган видео тасмаси эди. Нақд 40 дақиқа. Ундан ташқари, Италия билан кечган ўйин ҳам бор экан.
Англия - СССР - 2:2 (1:2)
Ўртоқлик учрашуви, 1967 йил 6 декабрь.
Лондон. "Уэмбли" Стадиони. 90000 томошабин.
Бош ҳакам: Р. Крейтлейн (Германия).
Голлар: Болл (23), Численко (42, 44), Питерс (72).
Англия: Г. Бенкс, Ноулз, Садлер, Мур, Уилсон, Мюллери, Р.Бобби. Чарльтон, Питерс, Болл, Хант, Херст.
Бош мураббий - Альф Рамсей.
СССР: Пшеничников, Аничкин, Шестернев (с), Хурцилава, Истомин, Воронин, Численко, Сабо, Банишевский, Стрельцов, Малофеев.
Бош мураббий - М. Якушин.
Учрашув хронолигиясини ўқиб чиқдингизми? Машҳур Бобби Чарлтонга қарши 90 000 мухлис кўз остида Уэмбли стадионида ажойиб ўйин кўрсатган Пшеничников билан илиқ хайрлашар эканмиз, яқин кунларда албатта Тошкентга бориши ва биз орқали миллионлаб ҳамюртларимизга ўзининг саломини етказишини сўради.
Comments