Рустам Умаров: “Бизни футболчилардан қаеримиз кам?”
13 sep 2018 14:09
News
Рустам Умаров: “Бизни футболчилардан қаеримиз кам?”
Бундан аввал футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2016 йили Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 2-ўринни эгаллаб Колумбияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этиб қайтганидан барчанинг хабари бор. Сўнги пайтларда юртимизда футзалга бўлган эътибор бироз тушиб кетди. Етакчи бўлган “Ардус”, “Максам-Чирчиқ” каби кучли бўлган футзал жамоаларимизнинг фаолиятига якун ясалди. ОКМК жамоаси икки йилдан буён Осиё чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқа олмаяпти. U-20 ёшдаги футзалчилар ўртасида бўлиб ўтадиган мусобақага ҳам кам вақт қолди. Лекин U-20 ёшдаги терма жамоамиз хали ҳам йиғинга киришмаган. Биз Колумбияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати иштирокчиси, футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони билан боғланибфутзалимиздаги ўзгаришлар тўғрисида суҳбатлашдик.
- Бизда футзалга бўлган эътибор бироз пастлаганига нима сабаб бўлди, деб ўйлайсиз?
- Авваллари футзал ассосиацияси бор эди.Футзал бўйича алоҳида компания бор эди. Ҳозир эса футзалимиз Ўзбекистон футбол ассосиацияси қарамоғига ўтган. Мени фикримча айни дамда футзалга қарашга бироз вақт бўлмаётган бўлса керак. Ўзбекистон футзал ассосиацияси пайтида ўзимизнинг чемпионатимиз, терма жамоаларимиз бор эди. Ўша пайтда кўп бўлмасам ҳам ойлигимиз бор эди. Шунга яраша ҳаракат қилардик. Ўшанда ёши катта футзалчиларни ҳам ёшларни ҳам футзал ўйнашга бўлган иштиёқи бор эди.
- Ўзбекистон футбол федерацияси Ўзбекистон футбол ассосиациясига ўзгартирилгандан барча нарса ўзгартирилди. Яъни суперлигадаги ҳар бир жамоанинг ўзини футзал жамоаси бўлиши керак, дея расман эълон қилишди. Бундан кўриниб турибдики “Ардус”, “Максам-Чирчиқ” каби футбол жамоалари йўқ бўлган футзал жамоалари фаолиятига якун ясалди. Бу ҳам футзал бўйича Ўзбекистон чемпионатининг савияси бироз пасайганига сабаб бўлдими?
- Футбол жамоаларининг футзал жамоалари бўлиши керак деган таклиф яхши бўлди. Ўйинлар сони ўз-ўзидан кўпайди. Лекин, масаланинг бошқа тарафи бор. Ҳозирги футзал жамоаларининг савияси паст даражада. Раҳбарият футзал жамоаларига молиявий томондан ҳеч қандай ёрдам бермаяпти. Шунинг учун ҳам тажрибаси йўқ футзалчиларни ўйинларда майдонга туширмоқда. Уларнинг олдига ҳеч қандай вазифа қўйилмаяпти агарда ҳеч қандай вазифа бўлмаса жамоаларнинг савияси қандай бўлади? 2-3та яхши жамоаларимиз бор. Шунинг учун чемпионатимиздаги жамоаларнинг олдига ҳеч қандай вазифа қўйилмаяпти ва учрашувларда биргина дарвоза томон ўйин бўлмоқда. Бундай ҳолатда ҳеч қандай ривожланиш бўлмайди. Футзални ривожлантириш учун қизиқиш бўлиш керак. Ҳар бир жамоада профессионал мураббий бўлиши керак. Европадан яхши мураббийларни клубларимизга, терма жамоаларга жалб қилиш керак. Бизда футзални тушунмайдиганлар ҳам футзал клубларига мураббий бўлиб олишган. Бундай ҳолатда албатта ривожланиш бўлмайди. Чемпионат тизими яхши, лекин савия жуда ҳам паст даражада. “Қизилқум”, “Қўқон-1912” жамоаларига футзал керак эмас, деб ўйлайман. “Бухоро”, “Нефтчи” каби футзал клублари маблағсиз чемпионат баҳсларида иштирок этишмоқда.Барчаси бориб маблағга тақалади. Мисол учун “Максам-Чирчиқ”, “Ардус” профессиоанал жамоалар эди. Ушбу клубларга алоҳида маблағ ажратилган смета бор жамоалар эди.Шунинг учун ҳам уларнинг олдида вазифаси бор эди. Ҳозир мени фикримча, номига жамоа қилиб қўйишган. Шунинг учун савия паст даражада.
- Авваллари ОКМК жамоаси Осиё чемпионлар лигасида яхши натижалар қайд этарди. Сўнгги икки йил ичида ОЧЛда гуруҳ босқичидан нарига ҳам ўта олмаяпти.
- Албатта икки йилдан буён ОЧЛ гуруҳ босқичидан уёғига ўта олмаяпмиз. Аввало чемпионатимизни ривожлантиришимиз керак. Осиё футзал жамоаларининг чемпионат баҳслари ривожланган. Ҳар бир жамоада 2-3 нафардан легионер футзалчилар бор. Бизда эса легионерлар уёқда турсин яхши футзалчиларимиз ҳам бармоқ билан саноқли даражада. Легионерлар чемпионатни кучайтиради.
- Сўнги пайтларда Дилшод Ирсалиев, Нодир Элибоев, Жамол Шарипов,Артур Юнусов каби кучли футзалчилар чиқмаяпти. Яъни айтмоқчи бўлганим ёш футзалчиларни тарбиялайдиган академия ёки бўлмасам клублар йўқ. Бунгай қандай фикр билдирасиз?
- Албатта, бизга яхши футзалчиларни тайёрлаб берадиган академия керак. Мисол учун Эронда футзалчиларни тарбиялайдиган алоҳида футзал мактаби бор. Бизда эса бундай мактаблар йўқ. Агарда бизда ёшлар жамоалари, академиялар бўлмаса футзалчилар қандай етишиб чиқади? Футболда ўзини кўрсата олмаган ёки бўлмасам футбол жамоаларида фаолиятини давом эттира олмаган боллар футзалга келиб фаолиятини давом эттирмоқда.Футбол ўйнаб туриб фаолиятини футзалда давом эттирган ҳар қандай спортчи албатта қийналади. Шунинг учун футзалчиларни тайёрлаб чиқарадиган мураббийлар бўлиши керак.
- Футзал жамоаларида ишлаши мумкин бўлган мураббийлар тан олиб айтиш керак бизда саноқли ҳисобланади. Мисол учун Баҳодир Аҳмедов ва Нодир Элибоев. Буларда бошқа профессионал, ўз ишини устаси бўлган футзал мураббийларини танимайман ҳам.
- Аввало раҳбариятда футзалга бўлган қизиқиш бўлиш керак. Мисол учун футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасида фаолият олиб борган Хосе Мария Мендездан сўнг собиқ жамоадошим Нодир Элибоев бемалол термажамоани бошқара олади, деб ўйлайман. Терма жамоада ҳам Баходир Аҳмедов билан бирга жуда ҳам яхши машғулот ўтказишади. “Ардус” жамоаси фаолиятига якун ясалгандан сўнг Нодир Элибоев футзалда ишсиз қолди. Ўйлайманки, Элибоев терма жамоага яхши мураббий бўла олади. Бизда ўсиш учун ҳеч қандай ҳаракат бўлмаяпти.
- Чемпионат баҳслари ОАВда камдан-кам ёритилмоқда. Бунга нима дея оласиз?
- Авваллари ОАВда футзал бўйича Ўзбекистон чемпионатини ёритишарди. Ҳозир эса ҳеч ким футзалга қизиқмай қўйган. Чемпионатимиз қай тарзда кетмоқда, қандай натижалар қайд этилмоқда, бу борада ҳеч ким қизиқмай қўйган. Октябрь ойида йиғин бўлади. Ушбу йиғин қай тарзда ўтади вақт кўрсатади. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасига барча нарса тайёрлаб қўйилган. Чиройли меҳмонхоналарда яшашади. Чиройли автобусларда машғулотларга боришади. Бизни эса Чиғатойдаги футбол базасига ётқизишади. Бизнинг футболчилардан қаеримиз кам? Биз ҳам вақтида Ўзбекистон меҳмонхонасида яшаганмиз. Вақтида яхши шароитлар бўлган. Ҳозир нима учун бизни ажраётганига тушунмайман. Гапираман деса гап кўп. Биз жуда ҳам яхши натижаларни кўрсатганмиз, Осиё чемпионатида 2-ўринни қўлга киритганмиз. Жаҳон чемпионатида иштирок этганмиз. Бу ҳам футбол-ку! Нима учун бизни ажратишади? Бизни улардан кам жойимиз йўқ. Нима учун бизга бундай эътибор қаратишмоқда? Мен ҳозир фаолиятимни тугатишни истамайман. Юқори савияда фаолиятимни тугатишни истайман. Яна бир бор жаҳон чемпионатида қатнашиш ниятим бор. Мақсадларим юқори.
Жаҳонгир Сотволдиев суҳбатлашди
Comments