“Қўқон-1912” жамоаси таништирув маросимини ўтказди
07 mar 2022 23:48
News
“Қўқон-1912” жамоаси таништирув маросимини ўтказди
Маросимда Қўқон шаҳар хокими Маъруфжон Усмонов иштирок этдилар ҳамда сўзга чиқдилар.
- Қўқон шаҳримиз ўзбек футболининг ватани ҳисобланади. “Қўқон-1912” жамоаси эса юртимиздаги энг тарихий жамоадур. Бу йил биз учун юбилей йил. Шаҳримизда ўзбек футболининг 110 йиллигини нишонлаймиз. Қўқондаги “Марказий” стадионида катта реконструкция ишларини амалга оширамиз. “Қўқон-1912” жамоасининг академияси учун алоҳида жой ажратиш масаласи шу кунларда ижобий ҳал бўлади. Биз келажакда ўз футбол академиямизга эга бўламиз. Жамоанинг моддий-техника базасини кучайтириш борасида вилоятимиз хокими билан маслаҳатлашиб олдик. Юртимиздаги энг тарихий жамоа бўлган “Қўқон-1912” жамоасини Ўзбекистоннинг энг олди жамоаларидан бирига айлантиришимиз лозим. Ҳурматли жамоамизнинг ашаддий мухлислари мен сизларга бир нарсани ваъда бераман, бугундан бошлаб ҳар доим, ҳар куни “Қўқон-1912” жамоаси билан бирга бўламан, - деди жумладан М.Усмонов.
Шундан сўнг “Қўқон-1912” жамоасининг президенти Бахтиёржон Толипов сўзга чиқиб, жамоанинг ўтган мавсумдаги натижаларига тўхталдилар.
- Ўтган мавсумда “Қўқон-1912” жамоаси кўзланган мақсадга эриша олмаган бўлсада, футболчиларимиз ёмон ўйин кўрсатдилар дея олмайман. Футболда ғалабалар ҳамда мағлубиятлар ёнма-ён юради. Жамоамиз ўтган мавсумда кўплаб тарихий натижаларини янгилади. Суперлига клублари ўртасида энг кўп голли серия, 18та ўйиндан иборат, айнан жамоамизга тегишли бўлди. Шунингдек сафарда “Металлург” ва “Навбаҳор”, ўз майдонимизда “Пахтакор” жамоалари устидан тарихий ғалабаларни қўлга киритдик. Сафар ўйинларида очко жамғариш бўйича “Пахтакор”дан кейин иккинчи ўринда бўлдик, 21 очко. Афсуски ўз майдонимиздаги айрим ўйинларда кутилмаганда зарур очколарни ўйқотдик.
Энди янги мавсумда йўл қўйилган камчиликлар устида ишлаймиз. “Марказий” стадионимизда айни кунларда ёритгичларни янгилаш ишлари давом этмоқда. Апрель ойида чемпионатимизда катта танааффус юзага келади. Ана шу танаффусдан сўнг, май ойидаги уй ўйинларимизни ўзимизнинг стадионимизда ўтказамиз. Вилоятимиз ҳамда шаҳримиз раҳбарияти бу мавсумда жамоамизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашларини билдиришмоқда. Худо ҳоҳласа бу йил кўзлаган мақсадларимизга эришамиз. Мавсум аввалида жамоамиз логотипи ҳалқаро стандартларга мос равишда янгисиги алмаштирдик. Энди қолган соҳаларда ҳам ҳалқаро даражага чиқиш учун астойдил ишлашимиз керак бўлади. Ўйлайманки жамоамизда фаолият олиб бораётган барча мутахассислар, мураббийлар ҳамда футболчиларимиз бу йилги мавсумда сиз азиз мухлисларни хурсанд қилиш, барча йўналишлардаги ишларни профессионал даражага олиб чиқиш учун етарли салоҳиятга эгалар. Сизларни хурсанд қилиш мақсадида кўплаб таниқли, сизлар учун севимли бўлган футболчиларни жамоамизга таклиф қилдик. Рухсатларинг билан уларни сизларга таништирсак, - деди Бахтиёржон ака Толипов.
Шундан сўнг жамоа сафига янги қўшилган футболчилар навбати билан кенг жамоатчиликка таништирилди. Тадбирда жамоа сардори Мурод Холмуҳаммедов, футболчилардан Жавоҳир Сидиқов, Қувондиқ Рўзиевлар сўзга чиқиб, олдинда турган мавсумда ўзларининг чиройли ўйинлари ҳамда ғалабалари билан барча мухлисларни хурсанд қилишга ваъда беришди.
Шунингдек жамоа бош мураббийи Бахтиёржон Ашурматов ҳам тадбирда сўзга чиқдилар.
- Ассалому алайкум қадрли мухлисларимиз. Сизлар билан кўришиб турганимиздан хурсандман. Олдимизда жуда қийин вазифа турибди. Янги мавсум олдидан жамоамизни кўплаб футболчиларимиз тарк этишди. Агар улар жамоадан кетмай туриб, ҳозир сафимизга қўшилган Жавоҳир Сидиқов, Қувондиқ Рўзиев , Дилшод Раҳматуллаев каби яхши ижрочилар қўшилганда эди, биз ўз олдимизга янада юксак мақсадларни қўйган бўлар эдик. Начора бу футбол, ҳозирги кунда биз билан қолган ва жамоамиз сафига янги қўшилган футболчиларга ўз миннатдорчилигимини билдираман. Биз жамоавий футболни йўлга қўйиб олсак, албатта чиройли ўйин ва ғалабалар биз билан бирга бўлади. Ўйлайманки сиз азиз мухлисларимиз бизларни ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғизлатиб қўймайсиз ва қўллаб турасизлар. Сизларнинг қўллаб-қувватлашларингиз футболчиларимизга катта куч беради. Бу мавсум олдидан жамоамизда дарвозабонлар мураббийи бўлиб Хислатжон Чилматов иш бошлади. Шунингдек биз футболчиларни жисмоний томонлама тайёрлаш учун мутахассис Исломбек Мусулмоновни ҳам жамоамизга таклиф қилганмиз. Мураббийлар штаби барча футболчиларга ишонади ва биз уларни ҳар бир ўйинга пухта тайёрлаш учун бор маҳоратимизни ишга соламиз, - деди жумладан Б.Ашурматов.
Тадбирда Қўқонлик таниқли журналист Мўйдинжон Юлдашев “Қўқон-1912” жамоасига бағишланган шеърлари билан йиғилганларга юқори кайфият улашдилар.
Маросим сўнггида раҳбарият томонидан жамоа олдига қўйилган мақсад эълон қилинди. “Қўқон-1912” жамоаси олдидаги максимум вазифа бу ОЧЛ йўлланмаси, минимум вазифа эса кучли бешталикка кириш деб эълон қилинди. Бу йўлда футболчиларимзга куч-қувват ҳамда омад тилаймиз.
Тадбир сўнггида жамоа аъзолари мухлислар билан эсдалик учун суратларга тушишди. Тадбир кўтаринки кайфиятда ўз якунига етди.
Comments