Latest news

08:58«Арсенал» етакчиси узоқ муддатга сафдан чиққани эълон қилинди  1 08:22«Сўғдиёна» футболчиси «Қўқон-1912»га ўтишга яқин  1 07:49Роналду: «Винисиус «Олтин тўп»ни ютиши керак эди, унга нисбатан адолатсизлик қилишди»  12 03:07АПЛ. "Арсенал" "Эмирейтс"да минимал ҳисобда ғалаба қозонди  2 02:26"Ювентус" Рэшфорд билан шартнома имзоламайди. Туринликларга МЮ форварди қизиқ эмас  1 00:40Роналду: "Агар "Манчестер Юнайтед" хўжайини бўлсам, ҳаммасини тўғирлайман"  10 23:42Роналду Саудия Арабистони чемпионатини Францияникидан кучли деб атади: "Лига 1да фақат ПСЖ бор, қолганлар ҳеч нарса эмас"  19 23:00Беллингем Globe Soccer Awards томонидан йил хавбеки деб топилди  1 22:38Роналду барча даврларнинг энг яхши тўпурари сифатида Globe Soccer Awards мукофотини қўлга киритди  8 22:32Globe Soccer Awards. Винисиус йилнинг энг яхши футболчиси  3 22:27Ямал Globe Soccer Awards томонидан йилнинг энг яхши ёш ўйинчисига бериладиган мукофотни олди  0 22:17Араб Кўрфази кубоги. ЖЧ саралашидаги рақибларимиз бўлмиш Қатар ва БАА гуруҳ босқичида қолиб кетишди  2 21:48Эрон Про лигаси. "Персеполис" иродали тарзда ғалабага эришди, Ўруновдан ассист  1 21:36Роналду Яқин Шарқда йилнинг энг яхши ўйинчисига бериладиган Globe Soccer Awards мукофотини олди  19 21:05"Реал" "Ливерпуль"ни расман огоҳ этди  8

Қариялар уйида вафот этган афсонавий Герд Мюллер News

Қариялар уйида вафот этган афсонавий Герд Мюллер

Жаҳон ва Европа чемпионати финалидаги голлар, рекордлар, 32 хет-трик соҳибининг ҳаёт йўли қандай кечганлиги ҳақида ҳикоя қиламиз.

Терма жамоа тўпурари

Герд Мюллер 75 ёшида вафот этди. Футбол тарихидаги энг буюк ҳужумчилардан бири бўлган афсона ўзидан жуда кўп рекордларни қолдирган, уларнинг баъзилари деярли ярим асрдан кейин ҳам янгиланмаган.

Мюллер 1945 йилнинг ноябрь ойида Германиянинг Америка истило қилган зонасида туғилган. У оиладаги олти боланинг кенжаси эди. Мюллер 15 ёшидаёқ мактабни ташлаб, заводга ишга кирди. Оила боқувчиси йўқ, пул етарли эмасди — ўша пайтларда унинг отаси вафот этганди. 

Герд бўш вақтини футболга бағишлади ва 1960 йилда ўз фаолиятини Бавариянинг Нердлинген шаҳридаги "ТСВ 1861" жамоасида бошлади. Аввалига у ёшлар жамоасида ўйнади, 1963/64 йилги мавсумда эса асосий жамоада 28 учрашувда 47 та гол урган. Ҳозирда "ТСВ 1861" жамоасининг стадиони  Герд Мюллер номи билан аталади.

Германия тезда бу иқтидорли ҳужумчини пайқаб қолди. Мюнхеннинг асосий клуби дарров эшик тақиллатди — бу "Бавария" эмас, балки ўша пайтда етакчи бўлган "Мюнхен 1860" клуби эди. 1963 йилда "Мюнхен" Бундеслига асосчиларидан бирига айланди, 1964 йилда жамоа Германия кубогини қўлга киритди, 1965 йилда Кубок эгалари кубоги финалига чиқди ҳамда 1966 йилда Бундеслигани қўлга киритди. Аммо ўша пайтда ҳали ҳам вилоят лигасида ўйнаётган "Бавария" директори биринчилардан бўлиб Гердга шартнома таклиф қилади.

Ёш ҳужумчи ўзи тўп сураётган Бундеслиганинг етакчи клуби таркибида ўйнаши мумкинлигига шубҳаланди, шунинг учун у "Бавария" таклифини қабул қилди. Бундан ташқари, Герд Мюнхен мебель дўконида ярим кунлик ишга жойлашди.

Тўғри, бу ерда ҳам асосий таркиб кафолатланмаганди — мураббий Гердга ишонмасди. Аммо вақт ўтиши билан Мюллер раҳбариятнинг қарашлари хато эканлигини исботлади. Жаҳон футболининг бўлажак юлдузлари Франц Беккенбауэр ва Зепп Майер Герднинг "Бавария"даги шериклари бўлишди. Бир мавсумдан сўнг улар биргаликда Бундеслигага йўл олишди.

Герд Мюллер эраси шундай бошланди:

• Бундеслигадаги 365 та гол — бу ҳали ҳам тарихдаги рекорд ҳисобланади (иккинчи энг яхши Левандовскига тегишли — 277 та).

• Бундеслигада 32 та хет-трик — бу ҳали ҳам рекорд натижа ҳисобланади.

• Бундеслиганинг 7 карра тўпурари — рекорд.

• 1970 йилги "Олтин тўп", 1970, 1972 йилги "Олтин бутса" соҳиби.

Мюллер терма жамоада ҳам порлади. 1970 йилда у 10 та гол билан 1970 йилги жаҳон чемпионатининг энг яхши тўпурарига айланди. Кўпчилик италияликлар билан ярим финални аср учрашуви деб аташади (қўшимча вақтда 5 та гол урилди), Мюллер ўйинда дубль қайд этди, аммо немислар 3:4 ҳисобида мағлуб бўлишди. Ҳужумчи илк турниридан бронза билан қайтди, лекин кейингилари фақат улкан муваффақиятлар бўлди.

Евро-1972. Мюллер яна 4 та гол билан тўпурар бўлди, бу сафар бўйнига олтин медални тақишга муваффақ бўлди. Финалда Герд СССРга дубль қайд этди. Ўйинда немислар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Икки йилдан сўнг Мюллер жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди. Нидерландияликларга қарши ўз майдонида кечган учрашувида ўз ҳисобига яна ғалаба голини ёзиб қўйди (2:1).

Учрашув Мюллер учун терма жамоадаги сўнггиси бўлди. Фаолиятининг энг юқори чўққисида, 28 ёшида оиласига кўпроқ вақт ажратишга қарор қилиб, терма жамоа билан хайрлашди.

Форвард термада 8 йил давомида 62 та ўйинда 68 та гол киритди. Фақат Мирослав Клозе (71) ундан кўпроқ гол урган, лекин бунинг учун Клозега 13 йил ва 137 ўйин керак бўлди.

Узоқ вақт давомида Мюллер жаҳон чемпионатидаги голлар сони бўйича ҳам рекорд ўрнатганди (14), 2006 йилги мундиалда дастлаб Роналдо (15), кейин Клозе (16) ортда қолдирди.

Мюллер Еврокубокларда ҳам порлади: 3 та Европа чемпионлари кубоги, Кубок эгалари кубоги ҳамда қитъалараро кубокни боши узра баланд кўтарди.

1974 йилги Европа чемпионлар кубоги финалининг такрорий учрашувида Мюллер "Атлетико" дарвозабонига дубл "совға қилди". Учрашувда испанлар 0:4 ҳисобида мағлуб бўлишди ва Мюнхеннинг баъзи футболчилари кубокни рақиб футболкасида нишонлашди.

Мюллер 4 марта мамлакат чемпионлиги ва Германия кубогини қўлга киритди. "Бавария"нинг гегемонлиги шу тариқа пайдо бўлди.

1971/72 йилги мавсумда Бундеслигада 40 та гол урди. Унинг бир мавсумда киритган голлар рекорди 49 йил давом этди, Роберт Левандовски 2021 йил май ойида бу натижадан ўзиб кетди.

Роберт афсонани ҳурмат билан эслади: у 40-голини урганида, Мюллернинг сурати ва "4ever Gerd" ("Герд абадий") ёзуви туширилган футболкани кўрсатди.

Сўнгги йилларда касалликдан азият чекаётган 75 ёшли фахрий учун бу ёқимли ишора эди. 2015 йилда Мюнхеннинг "Бавария" клуби Мюллерда Альтцгеймер синдроми туфайли деменциядан азият чекаётганини эълон қилди. Унинг аҳволи ёмонлашиб борди. Мюллер қариялар уйида (реанимация бўлимида) яшади, у ерда шифокорлар, унинг рафиқаси, дўсти Пауль Брайтнер ғамхўрлик қилишди, бироқ хасталиги зўрайган Герд ўз яқинларини танимас, деярли овқат емасди, юрмасди ва ҳаттоки гапирмай қўйганди.

У вафот этди, лекин унинг унутилмас голлари ва рекордлари футбол оламида кезишда давом этади.


Оқил Абдубарноев таржимаси


Герд Мюллернинг энг чиройли голлари

Rating: +28   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика