Қамоқдан чиқиб, жаҳон чемпиони бўлган "Олтин тўп" соҳиби
01 may 2020 21:00
News
Қамоқдан чиқиб, жаҳон чемпиони бўлган "Олтин тўп" соҳиби
Биринчидан, илк бор мусобақада 16 эмас, 24 жамоа иштирок этди. Иккинчидан, Аргентина дунёга Диего Марадонани кўрсатганди (аммо футболчи яна тўрт йил ўтиб, чинакамига катта саҳнага чиқади). Учинчидан, СССР терма жамоаси мундиалга бир йўла 3 бош мураббий қўл остида ташриф буюрганди. Аммо ҳаттоки, мураббийлар жамоаси ҳам ижобий натижа учун етарли бўлмади, Италия чемпион, мусобақанинг энг яхши футболчиси деб эса Паоло Росси тан олинди.
Форвард нафақат бомбардирлар пойгасида биринчи бўлди, балки ўзига ишонса ва чин дилдан футболни яхши кўрса, ҳаттоки, қамоқда ўтган узоқ танаффусдан кейин ҳам чўққига қайтиш мумкинлигини исботлай олди. Жаҳон чемпионатидан бир ярим ой аввал ҳам Италия Россини мусобақага олиб кетиш ёки кетмаслик ҳақида ўйлаётганди. Скуадра Адзурра сардори Дино Зофф боши узра кубокни кўтарганда эса ҳамма бош мураббий Энцо Беарзот ҳужумчига ишонч билдиргани учун қойил қоларди. Росси ижросидаги ҳайратомус мундиалдан кейин ҳеч кимда 1982 йилги "Олтин тўп" кимга насиб қилиши борасида шубҳа қолмаганди.
"Ювентус": муҳаббатдан нафратгача битта жароҳат
Витторио Росси Пратодаги тўқимачилик фабрикасида оддий ишчи эди. Дам олиш кунлари у "Фиорентина"га астойдил мухлислик қилар ва оиласида ўзларининг Мигель Монтуорилари пайдо бўлишини орзу қиларди. Шу сабабли, ўғли 10 ёшга тўлганда, у Паолони "Амброизана" болалар мактабига олиб боради, кейинчалик у ердан болакай "Католика Виртус"га ўтади. 5 йил ичида Паоло Росси ўзига ҳос услубни шакллантира олди ва бунинг натижаси ўлароқ, келажакда Италия ва бутун дунёга машҳур футболчига айланади. 15 ёшида иқтидорли ўйинчини кузатиш учун "Ювентус" вакили Итало Аллоди ташриф буюради ва ортиқча ўйланиб ўтирмай, туринликларга Россини сотиб олиш кераклигини айтади.
Деярли 3 йил давомида Паоло Росси "Кекса Синьора"нинг ёшлар жамоасида тўп тепди, кейин эса тиззасидаги жароҳатлар бошланади. Жарроҳлик амалиётисиз иш битмади, яна бир нечта операция. Россининг ҳар икки оёғида жиддий муаммолар бор эди. Шифокорлар футболчига ҳеч қандай яхши хабар айтмади, ҳужумчи эса фаолиятини якунлаш борасида жиддий ўйлай бошлади. Росси таълим соҳасида чала қолдирган ишини давом эттиришни бошлади. Тикланиш жараёни чўзилар, "Ювентус" эса узоқ кутиш ниятида эмасди. Натижада туринликлар Россини "Комо"га ижарага беришга қарор қиладилар.
Кейинроқ Паоло отасидан бошқа ҳеч ким унга ишонмагани, кўмаклашмаганини таъкидласа-да, "Ювентус" футболчини ўзига келтириш учун қўлидан келганини қилганди. "Комо"даги ижара учун ҳам "Кекса Синьора" пул тўлаган. Аммо янги клубида ҳам ҳужумчининг ишлари юришмайди — 6 ўйин ва бирорта ҳам гол йўқ. "Ювентус"га Росси тушкун кайфиятда қайтарди, устига-устак клуб футболчи трансфер ҳуқуқини ярмини "Виченцо"га сотиш ҳақида келишиб олаётган вазият эди. Шундай қилиб, Паоло Б Серияни забт этишга йўл олди.
"Виченца"да - парвоз кетидан "Перуджа"даги - шўнғиш
Ўзинг учун мос ва сенга ишонадиган мураббийни учратиш қанчалар муҳим. Паоло Росси учун Жанбаттиста Фаббри шундай мураббий бўлди. Айнан у собиқ-туринликда қанот футболчиси эмас, марказий форвардни кўра билди. Росси ҳам ишончни оқлади! Биринчи мавсумда Паоло 21 гол билан Б Сериянинг энг яхши тўпурари бўлди ва "Виченца"га элита йўлланмасини қўлга киритишда катта ёрдам берди. "Ювентус"да эса ҳужумчилар билан муаммолар пайдо бўла бошланганди. Шунда Туриндагилар Росси трансфер ҳуқуқининг 50% борлигини эслаб қолишади. Лекин "Виченца" ҳам асосий снайпери билан хайрлашишни истамасди. Шунда қизиқ бир ҳолат юз беради: Росси янги мавсумни қаерда бошлашини ҳал қилиш учун ўзига хос аукцион ўтказилади. Унда клублар конвертга трансфер ҳуқуқининг иккинчи ярмини қанчага лойиқ кўришса, ўша суммани ёзиб қолдиришлари керак эди. Натижада, "Виченца" 3 миллион, "Ювентус" эса 2 баробар кам тўлашга тайёр эди.
"Виченца"га тўлақонли ўтганидан сўнг Росси жамоани чемпионатда иккинчи қилди, ўзи эса яна энг яхши тўпурар бўлди, аммо бу сафар А Серияда. Паоло 24 та гол урди, энг яқин тақибчиси Жузеппе Савольди эса ("Наполи") – 16та. Шу сабаб, Росси "Скуадра Адзурра" билан Аргентинадаги Жаҳон чемпионатига йўл олгани ҳеч кимни ҳайрон қолдирмади. Италия ярим финалгача етиб борди, Росси эса мусобақа кашфиётларидан бирига айланди. La Gazzetta dello Sport бу билан чекланмади ва Россини йил одами деб эълон қилди.
Ажойиб парвоздан сўнг, ачинарли шўнғиш кутиб турганди. Янги мавсумда "Виченца"нинг "кетмони умуман учмади" ва Б Серияга тушиб кетди. Молиявий аҳволни яхшилаб олиш учун клубдагилар асосий юлдузни сотишга қарор қилишади ва Паоло Росси "Перуджа"га ўтади. Айнан шу ерда у Totonero жанжалига аралашиб қолади. Италияда келишилган ўйинлар бўйича тергов-суриштирув ишлари бошланади. Россини "Перуджа" – "Авеллино" ўйинини "берганликда" айблашди. Гап шунда эдики, ҳужумчининг айби 2та гол урганида, яъни рақиб унга атайин имкон қолдирганида эди.
Росси ўзини шунчаки айбдор қилишганини, сабаби у Италиядаги энг машҳур футболчилардан бири, федерация эса ҳаммага "мана деб кўрсатиб қўйиш учунгина" шундай қилган деб ҳисоблаган. Унинг барча эътирозлари асоссиз деб топилди ва Паоло Россига 3 йил 2 ой муддатга қамоқ жазоси тайинланди. Кейин италиялик футбол мутасаддилари Испанияда бўлиши кутилаётган ЖЧни эслаб, муддатни 2 йилга қисқартиришди.
Ҳаётини ўзгартириб юборган хет-трик
Росси Италияни тарк этиш ниятида эди. ОАВ вакиллари уни тинч қўймасди. Яқиндагина уни қахрамон деётган "La Gazzetta dello Sport" айниқса "меҳнат" қилди. Кутилмаганда ёрдамга "Ювентус" келади. "Кекса Синьора" президенти Жампьеро Бониперти вазият ва ўйинчининг нархи ўзгарганини тўғри баҳолаб, Россини 1 миллион долларга сотиб олади. Натижада, дисквалификация муддати тугашига бир йил қолганда Росси Туринга кўчиб ўтди. Уни "Юве" бош мураббийи Жованни Трапатонни ҳам илиқ кутиб олди. Россининг айтишича, мураббий футболчи ўйинларда майдонга тушмаса-да, ўзини жамоанинг бир бўлагидек ҳис қилиши учун қўлидан келганини қиларди.
Майдонга Росси 1981/1982-мавсум охирида қайтади, 3 ўйинда иштирок этади ва 1та гол уради. Терманинг ЖЧ учун таркибидан жой олишни орзу ҳам қила олмасди. Аммо уни олишларини Трапатонни жуда истарди, мураббий Росси 2 йил давомида иқтидорини йўқотмаганини таъкидларди, Эленио Эррера эса ҳужумчини қолганлар билан солиштирганда "оёғи энг енгил" деб ҳисобларди. Бу фикрлар Энцо Беарзота учун аҳамиятсиз бўлмади ва у Россини қайдномага киритди.
Турнирнинг дастлабки учрашувларида Россининг дабдала ўйини учун Беарзотани аёвсиз танқид қилишди. Бош мураббий танқидчиларга эътибор бермай, ҳужумчи кейинги ўйинга тайёрланиши кераклигини такрорларди. Интервьюларидан бирида Росси кийиниш хонасида бутун жамоа ҳужумчи ҳаракатларидан қониқмаётганини сезганини айтган. Барчаси бразилияликларга қарши беллашувгача бўлганди.
Росси кейинчалик хотирлашича, Селесао дарвозасига урилган биринчи гол унинг бутун фаолиятини ўзгартириб юборган. "Ўшанда худди юқорида кимдир мени кузатаётгандек, бир ажиб ҳис бор эди манда", — дейди Паоло. Ўша ўйинда Росси 3та гол уришга эришади. Унгача бундай натижа билан ҳеч ким мақтана олмасди. Росси барчаси ўзига бўлган ишончга боғлиқ деб ҳисобларди. Хет-трикдан сўнг, Польша билан ўйинда ярим финалда у дубль қайд этади, финалда эса немисларни бир марта хафа қилди. Бу Росси учун ажойиб чемпионат эди. Кейинчалик ҳужумичи ҳам "Олтин тўп"ни, ҳам "Олтин бутса"ни қўлга киритади.
Янги совринлар ва янги жароҳат
Испания эртагидан кейин "Ювентус"даги ажойиб йиллар бошланди. Росси Мишель Платини ва Збигнев Бонек билан нафақат Италияни, балки бутун Европани "ёндирарди". Шу учлик туринликларга Скудеттони, Италия Кубоги, Кубок эгалари кубоги, Европа чемпионлар Кубоги ва УЕФА Суперкубогини қўлга киритишлари учун замин яратди. Аммо Росси аввалги самарадорлиги билан мақтана олмасди. Бунга тиззасидан олган жиддий жароҳат сабаб бўлди. У футболчини фаолиятининг охиригача тинч қўймади.
Аввалги хизматлари учун Энцо Беарзот Россини Мексикадаги ЖЧга чақиради, аммо у ерда футболчи бирорта ўйинда иштирок этмайди. У вақтга келиб Росси энди "Милан" шарафини ҳимоя қилаётганди, у ердан кейин "Верона"га кўчиб ўтади. Айнан шу клубда Паоло катта футбол билан хайрлашди. Фаолиятининг якуни чиройли бўлди — Росси "Верона" билан чемпион "Наполи"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди, Паоло эса голлардан бирига муаллифлик қилди.
Росси бутунлай футболни тарк этиб кетолмади. У мунтазам Sky Sport Italia студияларига меҳмон сифатида ташриф буюрди, кўплаб учрашувларда шарҳловчи вазифасини бажарди. Асосий эътиборини эса тижоратга қаратди. Қурилиш фирмасини ва зайтун ва узум етиштирувчи фермани ташкил қилди. Италиялик мухлислар учун у 1982 йилги Жаҳон чемпионати ғалабаси тимсоли ҳисобланади. Бразилияда ўша хет-трик учун Россини ҳозиргача "таксичилар" манзилига олиб бориб қўйишдан бош тортишади. Шундай бўлади ҳамда ахир Росси автобиографиясини ҳам "Мен бразилияликларни йиғлашга мажбур қилдим" деб номлаган-ку...
Нозима Зарипова таржимаси
Comments