Принцип керак!
20 sep 2022 11:46
News
Принцип керак!
Бизга маълум бўлган ягона нарса, Миржалол Қосимов ва Самвел Бабаян чемпионатдаги жамоалар сонини 14тадан 16тага кўпайтириш кераклигини айтган ва буни Вадим Абрамов қўллаб-қувватлаган ҳолда, бу терма жамоанинг манфаати йўлида хизмат қилиши мумкинлигини айтган.
Энди 2023 йилдан эътиборан чемпионатимизда 16та жамоа иштирок этиши керакми, деган саволга жавоб берсак.
16та жамоа бўлгани ёмон эмас, бу МТЖ ўйинчилари учун деярли ҳеч нимани ўзгартирмайди. чунки бугунги кунда терма жамоа аъзолари асосан 3-4та клуб ва ҳорижликлар эвазига шаклланяпти (“Насаф” 6 нафар, “Пахтакор” 5 нафар, “Навбаҳор” ва АГМК 2 нафар, “Локомотив” 1 нафар). Маҳаллий клублар эса, шундоғам футболчиларни ФИФА кунларидан ташқарида ҳам кетиб қолаётганидан жабр чекяпти. Қолган клубларни МТЖ олдида ҳеч қандай мажбурияти йўқдек. Бу ерда фақат “Бунёдкор”ни четга суриб турамиз, терма жамоадаги аксар футболчилар айнан шу клубнинг меҳнати. Демоқчи бўлганим, 14та бўладими, 16тами, МТЖ бундан зўр бўлиб қолмайди. Пайтида 18та клуб бўлган, МТЖ ўшанда ҳам ЖЧга чиқа олмаган.
Суперлигада жамоаларнинг камлиги иккита терма жамоамизнинг зарарига ишлаяпти. Бу, Олимпия терма жамоаси ва ёшлар терма жамоаси. Лекин бу терма жамоалар Суперлига жамоаларининг ҳам зарарига хизмат қиляптилар. Айниқса ёшлар терма жамоасининг йиғини кўпайиб кетгани ортидан, клублар 2003-04 йилда таваллуд топган футболчиларнинг хизматидан фойдаланмасликка қарор қиляпти. Сабаби оддий, улар билан ўйинга тайёрлансангда, хизматидан фойдалана олмасанг.
Агар суперлигадаги жамоалар сони 16тага етса, бу яна 40 нафар футболчига эхтиёж дегани. Юқоридаги клублардаги рақобатни енгиб ўта олмаган футболчилар айнан пастки ўринларда юрадиган жамоаларга ижараларга берилади. Яна бир фойдали томони, тепа 5-6таликда турган жамоаларда 5-6 мингга ўйнаб юрган футболчиларга, 12-16 ўринлардаги жамоалар 8-10 минг беради, қолиш учун улардан ёрдам кутади. Натижада тепада бўшаган жойга ёшлар ўйнай бошлайди. Авваллари шунинг учун ҳам ёшлар терма жамоаларимизда яхши савиядаги футболчилар кўп бўлган ва улар бирин кетин ЖЧларда иштирок этганди.
2022 йилги мавсум Ўзбекистон чемпионатларининг барча мавсумларидаги энг қари таркибларга эга мусобақа сифатида тарихдан ўрин оладиган бўлди. Қолган деталларга тўхталиб ўтирмаймиз, унинг учун мавсум тугашини кутамиз ва статистикани кўтарган ҳолда, кейинги йиллар билан таққослаймиз. Ҳозир гап чемпионатни 16та жамоа бўлиши ҳақида кетяпти. Одатдагидек, 2-3 нафар мураббий йиғилишда гапирган, қолганлар учун “дунёни сув босса, ўрдакка не ғам” бўлган.
Чемпионатда 16та жамоа бўлишини истасак, биз 2024 йилни кутишимиз керак бўлади. Ҳозир биз 2023 йилда жамоалар сонини иккитага ошинини айтадиган бўлсак, чемпионатнинг 8-14 – ўринларидаги интрига “ўлади”. Қуйи ўринлардаги қизиқишни йўқолиши, табиийки тепага ҳам таъсир қилади. Суперлигада қолиш учун ўйнаётган клубларнинг деярли барчасини учликда турган жамоаларга қарши ўйинлар кутиб турибди. “Бунёдкор” – “Навбаҳор”, “Сурхон” – “Пахтакор”, “Нефтчи” – “Навбаҳор”, “Пахтакор” – “Локомотив”, “Навбаҳор” – “Динамо” ва “Насаф” – “Бунёдкор” каби ўйинлар турнир жадвалидаги интригани бузиб қўйиши мумкин. Чунки улар мусобақадан чиқиб кетмаслигини билган ҳолда майдонга чиқадилар. Шунинг учун ҳам 2023 йилда 16та жамоани иштирок этишини қарор қилиш нотўғри. Балки мавсум тугаганидан кейин нимадирлар ўзгариб, 16та жамоа бўлиши мумкинлигини ҳақида гап сўз бўлар, лекин бу ҳақда чемпионат якунига етмагунига қадар ҳеч қандай фикр юритилиши керак эмас.
Агар биз 16та жамоа қилишни истасак, марҳамат, янги йил регламентига банд киритилсин ва 2024 йилда жамоалар сони 2тага кўпайиши ҳақида ёзиб ўтилсин. Шунда, 2023 йил якуниларига кўра 14-ўринни қўлга киритган жамоа тўғридан-тўғри ПРО лигага йўл олади. 13-ўрин эса ўтиш турнирида ПРО лиганинг 4-ўринни олган жамоа билан баҳс олиб борсин. ПРО Лигада эса 1, 2, 3 – ўринни қўлга киритган клублар Суперлигага чиқсин.
Comments