Превью. Бундеслига: "Бавария" ва "Боруссия Д" қийин рақиблар тўсиғи қаршисида
04 mar 2017 15:29
News
Превью. Бундеслига: "Бавария" ва "Боруссия Д" қийин рақиблар тўсиғи қаршисида
Куни кеча мавсум кашфиёти "РБ Лейпциг" жамоаси сафарда "Аугсбург" билан жанговор дуранг қайд этди.
Ральф Хазенхюттль жамоасининг ушбу очко йўқотиши "Бавария"га ушбу турда қўл келиши мумкин. Чемпионат пешқадами бугун "Кёльн"да меҳмон бўлади. Агарда мазкур ўйинда Карло Анчелотти бошчилигидаги "Бавария" ғалаба қозонадиган бўлса, унда мюхенликлар "буқалар" билан орадаги фарқни 7 очкога ошириб олишади.
Лекин шуни унутмаслик керакки, "Кёльн" ўз уйидаги ўйинларда апрель ойидан буён мағлубиятга учрамай келмоқда. Петер Штогер жамоаси биринчи даврадаги "Альянц Арена"да кечган беллашувда ҳам "Бавария" қаршилигига муносиб туриб бера олишганди. Ўшанда жамоалар 1:1 ҳисобидаги дуранг натижасини қайд этишган.
Бу галги баҳс ҳам қизиқарли ва тажовузкор футболга айланиши аниқ. "Кёльн"нинг асосий мақсади ўз уйидаги ёқимли (мағлубиятсиз серия) анъанани давом эттириш. "Бавария"да эса доимо мақсад битта (ғалаба) ва у ўзгармайди.
Турнинг марказий учрашуви мақомига тўлиқ мос тушадиган тўқнашув сўзсиз Дортмундда кечади.
Даҳшатли "Сигнал Идуна Парк" стадионида Томас Тухель шогирдлари иши юришмаётган "Байер"ни қабкл қилишади. "Боруссия" жамоасининг ҳам айни пайтдаги ҳолати ҳавас қилгудек эмас. Сабабики, улар ҳозирда турнир жадвалида пешқадам "Бавария"дан 13 очко кам жамғарган ҳолатда учинчи поғонада боришмоқда. "Байер"да эса вазият янада ёмонроқ. "Аспиринликлар" ўзлари учун бегона бўлган ўрин, яъни 8-поғонани ўзларини қилиб ўтиришибди. Ҳар доим совринли ўринлар, ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритишни ўзига минимум вазифа қилиб қўядиган жамоанинг ҳозирги мавқеи албатта қониқарсиз.
Бу иккала жамоа 3 очкони қўлга киритишга жуда чанқоқ ва бу очколар улар учун жуда муҳим. Шу боисдан ҳам бугунги беллашув кескин курашларга бой ва қизғин руҳда ўтиши шубҳасиз.
Бу баҳсдаги натижа Рожер Шмидтнинг "Байер"даги кейинги тақдирига ҳам бевосита боғлиқ бўлиши мумкин.
Дуранг қайд этиш бўйича тенгсиз жамоа саналган "Хоффенхайм" ушбу турда аутсайдер "Ингольштадт"ни меҳмон қилади. "Ингольштадт" гарчи қуйи поғоналарда бораётган бўлсада, ушбу жамоа исталган жамоага бош оғриқ бўла олишини "Бавария" билан бўлган ўйинда исботлади. Шу боисдан ҳам "Хоффенхайм" бу учрашув олдин енгил тин олишга шошилмагани маъқул.
Бундеслигада ушбу мавсумда ўзлари учун бегона бўлган ўринлар учун курашаётган "Майнц" ҳамда "Вольфсбург" жамоалари қимматли 3 очко учун "Опел Арена"да кураш олиб боришади. "Бўрилар" хавфли ҳудудга шу қадар яқинлашиб қолишганки, улар учун эндиликда барча учрашувлар мисоли финалдек ўтиши кафолатланган. "Майнц" эса имкон қадар турнир жадвалининг ўрта қисмидан яхшилаб ўрнашиб олишга уриниб кўради.
Бременда маҳаллий "Вердер" жамоаси "Дармштадт" билан ўзаро куч синашади. Биринчи даврада жанговор дуранг қайд этган ушбу жамоаларнинг навбатдаги беллашуви ҳам кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлса ажаб эмас. Бу учрашувда нисбатан мезбонларнинг имконияти юқорироқ. Лекин "Дармштадт" ҳам Бременга сайрга келмаганлигини исботлашга ҳаракат қилади.
Турнинг яна бир эътиборга молик тўқнашуви Мёнхенгладбахда ўтади. Дитер Хеккинг жамоага келганидан кейин "Боруссия М" ўйини анча жонланди ва натижалар ҳам шунга монанд равишда яхши томонга ўзгарди. Айни пайтда бу жамоанинг ўйини ҳам, ишлари ҳам жойига тушди. "Шальке" борасида ҳам шу фикрларни билдириш мумкин. Қишки танаффусдан кейин мавсумни жуда хунук бошлаган гельзиркирхенликлар ўз қаддиларини тиклаб олишга муваффақ бўлишди. Биринчи даврадаги муваффақиятсизликлар натижаси кўра айни пайтда турнир жадвалининг қуйи қисмидан ўрин олиб турган жамоаларнинг ҳозирги ҳолати аъло даражада. Ўйин ҳам шунга мос равишда чиройли ва шиддатли бўлишини тахмин қилиш мумкин.
Бундеслига, 23-тур. Турнир жадвали
"Боруссия Д" - "Байер" (19:30)
"Сигнал Идуна Парк" стадиони.
Бош ҳакам: Кристиан Дингерт.
"Кёльн" - "Бавария" (19:30)
"Рен-Энержи Штадион" стадиони.
Бош ҳакам: Йохен Дреес.
"Хоффенхайм" - "Ингольштадт" (19:30)
"Вирсол Рен Некар Арена" стадиони.
Бош ҳакам: Бастиан Данкерт.
"Майнц" - "Вольфсбург" (19:30)
"Опел Арена" стадиони.
Бош ҳакам: Бенжамин Кортус.
"Вердер" - "Дармштадт" (19:30)
"Везер Штадион" стадиони.
Бош ҳакам: Гуидо Винкманн.
"Боруссия М" - "Шальке" (22:30)
"Боруссия Парк" стадиони.
Бош ҳакам: Мануэль Грефе.
Турнинг яна иккита учрашуви эртага бўлиб ўтади. Унда Франкфуртнинг "Айнтрахт" жамоаси ўз уйида "Фрайбург"ни, "Гамбург" эса "Герта"ни қабул қилади.
Comments