Latest news

10:53"Машъал" Суперлигага қайтибгина қолмай, чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр!"  5 10:51«Сурхон» яна икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди  0 10:22«Нефтчи»ни яна бир легионери тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  6 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0

Питер Одемвинже: «Англияда қолганим сабаби - қизчам ва АПЛ» News

Питер Одемвинже: «Англияда қолганим сабаби - қизчам ва АПЛ»

Тошкентда туғилган ва футболга илк қадамларини айнан юртимизда қўйган нигериялик ҳужумчи Питер Одемвинжи ўз фаолиятини нега айнан Англияда давом эттираётгани ва Россия, аниқроғи, Юрий Сёмин бошқарувидаги «Локомотив»га қайтиши эҳтимоли ҳақида.

«Темирйўлчилар»нинг собиқ вакили маълум вақт футбол радарларидан четда қолди. Питернинг «Сток Сити» билан тузган шартномаси ёзда тугаган ва шундан буён унинг ҳақида айтарли маълумот йўқ эди. Мана, яқинда ниҳоят, хабар чиқди: Питер чемпионшипда иштирок этувчи «Ротерхэм» клуби сафига қўшилибди. Россиялик ҳамкасбларимиз шу баҳона дарҳол Одемвинжи билан алоқа боғлашди. Чунончи, рус диёрида уни ҳамон яхши эслашади.

— Ҳа, ёзда бироз таваккал иш тутдим, — дейди Питер. - Бироқ баъзан барчаси худди режалаштирганингдек бўлишини олдиндан ҳис қиласан ва бунга қаттиқ ишонасан. Хуллас, ўзимга маъқул клуб топишимга заррача шубҳаланмагандим. Шунингдек, айнан Англия футболида қолишни истадим, албатта.

— Таваккалнинг моҳияти нима эди?


— Ёзда хориж клубларидан тушган 2та аниқ таклифни қабул қилмадим. Ўша вақт шундай ўйлагандим: агар жамоалар ўзлари истаган футболчилар билан шартнома тузолмасалар, трансферлар бозорининг охирги куни эркин агентларга эътибор қаратишади. Афсуски,  бу йил мен каби озод агент мақомидаги футболчилар кўпчиликни ташкил этишди. Қолаверса, клублар ўз «нишон»ларига тушган ижрочиларни кўндириш йўлида қанча керак бўлса, шунча маблағ сарфлашди. Аслида мендан ташқари, Адебайор, Сессеньон, Аничебе, Хойлетт, Шамах каби йигитлар ҳам озод агент эдилар. Ҳа, кўплаб ҳужумчилар клубсиз қолишди.

— Нега айнан Англия? АПЛга шунчалик қаттиқ боғланиб қолдингизми?


— Биринчидан, икки ҳафтача олдин қизчали бўлдик. Хотиним билан бўлажак фарзандимиз худди икки ўғлимиз каби шу ерда туғилишини истадик. Тўғрироғи, уни  акалари улғайган уйда тарбиялашни маъқул кўрдик. Чунки оиламизнинг энг ёрқин хотиралари шу уйга боғлиқ. Иккинчидан, Англиядан кетмасам, яна АПЛда ўйнаш имкониятига эга бўлишим мумкинлигини ўйладим. Зеро, элит лигага қайтиш учун маҳаллий клублар назаридан четга чиққаслик талаб этилади. Бошқача айтсам, Англиядан чиқиб кетиш осон, аммо қайтиш жуда қийин.

— Нима, чемпионшип аутсайдери сафида тўп суриш асносида премьер-лига мураббийлари эътиборини тортиш осонми?


— Йўқ, лекин доимо чемпионшипнинг кучлироқ жамоаси ёки АПЛ  вакиллари назарига тушиш имкониятинг бўлади. Ахир сени мудом кузатиб боришади. Тан оламан, ёшим туфайли (Одемвинжи - 35 ёшда) олий дивизионнинг топ-10та жамоаси сафига қўшилишим жуду-жуда қийин. Аммо озгина бўлсада, имконият ва умид бор. Мен айнан шундан фойдаланмоқчиман.

— Охирги 3 йил давомида «Сток Сити»га тегишли эдингиз, бироқ бу вақтда клубнинг 30 фоиз ўйинида ҳам қатнашмадингиз. Нега?


— Сабаблар кўп. Мисол учун, айтганимдек, ёшимнинг таъсири ҳам бор. Шунингдек, 2 йил аввал орттирилган жиддий жароҳат ўзини билинтирди. Боз устига, мен ўйнайдиган позиция учун мураббий ихтиёрида Шердан Шакири ва Жонатан Уолтерс ҳам бор бўлиб, улар Европа чемпионатига тайёргарлик кўраётгандилар. Шунинг учун мавсум охирида ижара асосида чемпионшип жамоаси - «Бристоль Сити»га ўтдим. Бироқ бу қадам АПЛ клубларидан таклиф олишимга камлик қилди. Тўғри, битта вариант юзага келганини ҳам айтишим ўринли.

— Қандай вариант?


— «Халл Сити»ни Стив Брюс бошқарган пайт ушбу жамоа билан шартнома тузишим мумкин эди. Ҳарқалай, у ёзда мени кўрикка чақирди ва ҳаммаси яхши кетаётганди. Стивнинг ўзи режаларида менга жой борлиги ва келишув таклиф этишга тайёрлигини билдирди. Афсуски, кўп ўтмай, у ва клуб хўжайинлари ўртасида муаммолар юзага келди. Оқибатда Стив жамоадан кетди. Умуман олганда, Англияда футболчилар ўзлари билан ишлашга мойил мураббийлар фаолияти ривожини жиддий кузатиб боришади.

— Наҳотки...?

— Ҳа. Дейлик, менинг ўйинимни алоҳида ёқтирадиган икки нафар мутахассис борлигини яхши биламан. Таассуфки, улар ёзда бирор жамоа тепасида эмасдилар. Айтишим жоиз, аввалига премьер-лига клубларидан ўйинимга нисбатан  қизиқиш кучли эди, бироқ ўша вақт «Сток» мени қўйиб юбормади. Кейинроқ «Марсель» ўз сафига чорлаганида ҳам, клуб трансферга хайрихоҳ бўлмади.

— Стив Брюс кейинчалик «Астон Вилла»да иш бошлади. Нега унинг ортидан бормадингиз? Ҳа, «Вилла» ҳам чемпионшипда ўйнамоқда, аммо у машҳурроқ, барибир.

— Гап шундаки, унинг ихтиёрида катта таркиб вужудга келиб улгурган ва нақ 4 нафар ҳужумчиси бор эди.

— Натижада август ва сентябрь ойлари ҳам ўтдики, клубсиз қолавердингиз...

— Сентябрь ойига келиб, ортиқ кутолмаслигимни тушундим - формада эканлигимни исботлаш учун ҳаттоки, учинчи лигада ўйнашга ҳам тайёр тургандим. Англияда савияли футболчининг муаммолари асосан жисмоний ҳолатга боғлиқ бўлишини яхши тушунишади. Хуллас, майдонга қайтишни хоҳладим. Шунинг баробарида октябрь ойида таркибида муаммоси бор қайсидир клуб назарига тушишдан умид қилдим. Яна салоҳиятимни яхши биладиган мураббийларнинг иш топишларини кутдим. Шукрки, яқинда ниятимга етдим.

— Демак, «Ротерхэм»нинг янги бош мураббийи Кенни Жекетт билан яқиндан танишсиз, шундайми?


— Ёзда учрашганимизда, у ишларим ва режаларим билан қизиқди. Бироқ якунда Жекеттга ўзи кўзлаган клубда иш бошлаш насиб этмади. Шу орада олдимда айни пайт Англия футбол тизимида учинчи ўринда турувчи лигада ўйнаётган «Болтон»га ўтиш варианти пайдо бўлди. Бироқ шартнома муддати мени қониқтирмади. Зеро, болтонликлар 3 ой ёки мавсум якунигача ҳамкорлик қилишни исташди. Аслида клубнинг кўпроқ очко олиши йўлида жиддий шуғулланиш ва боримни бериб ўйнашга тайёр эдим. Чунончи, «Болтон» ҳозир биринчи дивизионда иштирок этаётган бўлсада, яхшигина тарихга эга. Дейлик, клубнинг стадиони премьер-лига даражасига тортади, машғулотлар базаси ҳам ажойиб. Хуллас, жамоа билан шартнома тузишга яқин эдим, бироқ Жекетт «Ротерхэм»да иш бошлагани ҳамоно менга қўнғироқ қилди: «Ёнимга кел. Ёшларимиз сендан ибрат олишади, ўрганишади. Тажрибанг ва маслаҳатларинг айниқса, ҳужум гуруҳини шакллантиришимизда қўл келади». Жекеттнинг фикрича, гарчи доим ҳам кўзга ташланмаган бўлсамда, фаолиятим ижобий баҳога муносиб.

— «Ротерхэм» қанча муддатлик шартнома таклиф этди?


— 3 ойлик.

— Наҳотки, дарҳол кўнган бўлсангиз...


— Лойиҳанинг ўзи қизиқарли туюлди. Ҳар ҳолда, чемпионшипда футбол савияси анча баланд. Ҳозир ҳам жиддий даражада ўйнашга имкон берувчи хусусиятларга эгалигимни ҳис қилиб турибман. Демак, январгача қайсидир жамоа эътиборини тортиш учун астойдил ишлашим керак.

— Клубда қолишингиз ҳам мумкинми?


— Агар ишлар яхши кечса, нега қолмаслигим керак? Ахир жамоа қийин ҳолатда менга ёрдам қўлини чўзди. Хуллас, икки томон ҳам бир-биридан хурсанд бўлса, Янги йил байрами арафасида шартнома муддатини келаси ёзгача узайтиришимиз ҳеч гап эмас.

— Клубсиз қолган вақт спорт формангизни қандай ушлаб турдингиз?


— Шахсий тажрибамни ишга солиб, имкон қадар мустақил шуғулландим. Албатта, ҳозир бутун ҳафта давомидаги умумий машғулотларда фаоллик кўрсатишим қийин. Аммо бўш вақтда тренажёр залида ишладим, югурдим, сувда суздим. Булар бежиз кетмаган, менимча. Ҳа, айни пайт яхши спорт формасида эмасман, лекин ўйнашга тайёрман. Яна 2 ҳафтадан сўнг миллий жамоалар йиғин бошлашади - ўша вақтда барчасини изга солишга ҳаракат қиламан. Ўйлайманки, айнан терма жамоалар ўйинларидан сўнг оптимал ҳолатга қайтаман.

— Россияда Одемвинжини кўпчилик илиқлик билан эслайди. Шу маънода айтсак, сизда рус премьер-лигасига қайтиш варианти туғилмадими?


— Илиқлик билан эслашади? Бу гапни эшитиш ёқимли! Онам ҳамон Москвада яшамоқда. Унинг айтишича, одамлар гоҳида мен ҳақимда сўраб, қачондир яна маҳаллий лигада ўйнашимни кўришга умид билдирар эканлар. Тушуниб турибман, фаолиятим охирлаб қолди ва бундай вақтда ҳар қандай таклифни жиддий кўриб чиқишим табиий ҳол. Дейлик, яқинда Россияда ишлайдиган мураббийлардан бири билан учрашдим.

— Мабодо Юрий Сёмин билан эмасми?


— Йўқ, лекин вазиятдан фойдаланиб, унга алангали салом йўллайман. Биз 1,5 йилча олдин Испанияда кўришгандик. Сёминга фарзандларимни кўрсатдим. Ахир ҳаётимиз анча ўзгариб кетди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, барча вариантлар учун очиқман. Россия - ватаним ва уни яхши кўраман. Рус диёрида қариндошларим кўп, улар  мен билан яна учрашишдан бахтиёр бўлсалар керак. Онам эса бизнинг ўйинимизни кузатишдан роҳатланади. Бундан ташқари, жаҳон чемпионати олдидан Россия лигасига катта эътибор қаратилиши шубҳасиз. Билишимча, кўплаб клублар замонавий стадионга эга бўлиб улгуришган. Умуман, барча жойларда жаҳон биринчилигига изчил тайёргарлик кетаётган экан. Шундай экан, қайтишим ҳеч гап эмас.

— Мисол учун, «Локомотив»ни кузатиб боряпсизми?

— Ҳа, Юрий Паличнинг клубга қайтганини эшитдим. Унинг тажрибаси жуда катта, «Локо» билан етарлича муваффақият қозонган. Ўйлашимча, Сёмин Россиядаги энг кучли мутахассислардан бири. Афсуски, клубнинг ЦСКАга қарши ўйинини кўролмадим - бутун ҳафта давомида сафарлардан бўшамадим, хусусан, кўрикдан ўтиш учун «Болтон» базасига бордим. Лекин ўйинда «Локо»нинг ғалаба қозонганидан хабардорман. Биламан, жамоа аввалги мавсум ёмон кўринмади. Ҳозир, Сёмин қайтгач, «Локомотив»дан кўп нарса кутишаётгани тайин. Аввалги савия - 20-аср бошидаги мавқени тиклаш йўлларини қидиришда давом этиш керак. Умид қиламанки, собиқ жамоам ишлари тез орада ижобий тус олади. Унга омад!

Маълумот учун:

Питер Одемвинжи (туғилган санаси - 1981 йил 15 июль) - Нигерия ва россиялик футболчи. Россиядан ташқари, Европанинг яна 3та миллий чемпионатида ўйнаган: Бельгия («Ла-Лувьер»), Франция («Лилль») ва  Англия («Вест Бромвич Альбион», «Кардифф Сити», «Сток Сити», «Бристоль Сити»)да. Россияда эса «Локомотив»нинг 74та ўйинида майдонга тушиб, 23та гол урган. Бутун фаолияти давомидаги умумий статистикаси: 380та ўйин, 103та гол ва 52та самарали «пас». Нақ 5та тил - русча, инглизча, французча, татарча ва нигерияча шевадаги инглизчада сўзлаша олади. Ютуқлари: Пекин Олимпиадаси-2008 кумуш медали соҳиби, Нигериянинг 2009 йилги энг яхши футболчиси. Питер шунингдек, Англия премьер-лигасида 3 марта ойнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган: сентябрь ва апрель (мавсум-2010|2011), февраль (мавсум-2011|2012).

Ҳ. МАСАИДОВ тайёрлади

Rating: +3   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика