“Пахтакор” номини эшитганда этларим жимирлаб кетади”. Садриддин Абдуллаевни табриклаймиз
11 jun 2020 17:00
News
“Пахтакор” номини эшитганда этларим жимирлаб кетади”. Садриддин Абдуллаевни табриклаймиз
Маҳоратли ярим ҳимоячи 35 ёшни қарши олди.
Футболчи сифатида унинг илк бор кўзга ташланиши 2002 йил Бирлашган Араб Амирликларидаги ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига тўғри келади. Ўшанда Дилшод Нуралиев мураббийлигидаги ўсмирларимиз ўз ёш тоифаларида биринчи маротаба қитъа турнирида иштирок этаётганди. Мазкур мусобақада дебютант ҳисобланган Ўзбекистон сенсация кўрсатган ҳолда турнирни тўртинчи ўринда якунлайди. Ўша пайт Жаҳон чемпионатига фақат учта ўрин берилгани сабабли футболчиларимиз мундиалдан қуруқ қолишганди. Лекин, илк иштирок учун бу жуда яхши натижа эди. Ушбу термада Виталий Денисов, Шавкат Саломов, Фарҳод Тожиевлар билан бирга Садриддин Абдуллаев ҳам тўп тепган.
“Пахтакор” футбол мактаби тарбияланувчиси бўлган Садриддин Абдуллаев дастлаб ўринбосарлар жамоасида ўзининг маҳоратини намойиш қилишга интилади. Унинг бу ҳаракатлари самарасиз кетмайди ва орадан маълум вақт ўтгач асосий таркибга киритилади. Бу орада Пекин-2008 Олимпиядаси саралашида қатнашаётган Абрамов устозлигидаги Ўзбекистон U-23 терма жамоасига ҳам таклиф этилади ва бир нечта учрашувларда майдонга тушади. “Пахтакор”даги кучли рақобат сабаб 2007 йилда Фарҳод Тожиев билан биргаликда Самарқанднинг “Динамо” жамоасига ижара асосида йўл олади. Билсангиз, 2007 йилнинг бошида жамоага туркманистонлик мураббий Тачмурод Агамуродов бошчи этиб тайинланган, клуб олдига юқори мақсадларни қўйганди. Садриддин Абдуллаев самарқандликлар таркибида ўтказган икки мавсумида ўзидан яхши таассурот қолдирди, “Динамо”нинг ҳозиргача энг яхши кўрсаткичи бўлиб турган 5 ва 6 ўринларни эгаллашида катта ҳисса қўшди.
2009 йилда фаолиятида илк бор легионерга айланди ва Хитойнинг “Чанг Чунг Ятай” жамоаси билан шартнома имзолади. Лекин, ўзбекистонлик футболчига тажрибасизлик панд берди шекилли чин юртидаги ўйинлари муваффақиятли чиқмади. Кейинги икки йил ичида “Шўртан”, “Локомотив” жамоалари шарафини ҳимоя қилди. 2012-2014, 2016-2018 йилларда “Локомотив” жамоаси билан Ўзбекистон кубоги, мамлакат чемпионлигини қўлга киритди, 2016 йилги мавсумда ОЧЛда ярим финал остонасигача етиб борди.
Ўтган мавсум аввалида қадрдон жамоаси “Пахтакор”га қайтди. Ҳозирда жароҳатидан фориғ бўлиб тикланиш жараёнини ўтказаётган футболчини тез орада яна яшил майдонда кўришимизга умид қилиб қоламиз.
Футболчи интервьюларини бирида “шерлар” ҳақида шундай деганди. "Пахтакор" жамоаси доимо мени юрагимда. Чунки, футболчи сифатида мен шу ерда тарбияланганман, таҳсил олганман. Футбол нонини шу ерда топганман. Шу боисдан ҳам "Пахтакор" номини эшитганда этларим жимирлаб кетади. Бу жамоани чин юракдан жуда яхши кўраман”.
Фурсатдан фойдаланиб сайтимиз ижодкорлари номидан Садриддин Абдуллаевга соғлик ва саломатлик, фаолиятида улкан зафарлар тилаб қоламиз!
Comments