Latest news

12:51"Манчестер Юнайтед" Беллингем билан шартнома имзоламоқчи  0 12:20"Ювентус" "Барселона" юлдузига эга бўлмоқчи  0 11:58"Реал" АПЛдан марказий ҳимоячи олмоқчи  2 11:29"Манчестер Юнайтед" ва ПСЖ "Атлетико" собиқ ҳужумчиси учун 80 млн евро тўлашга тайёр  0 10:47Трент Александр-Арнольднинг келажаги маълум  2 10:07«Челси» жорий мавсум АПЛда бир дақиқа ҳам ўйнамаган футболчини 40 миллионга сотмоқчи  2 09:31Goal мавсумнинг энг омадли трансферлари рейтингини тузди. Рўйхатдан МЮнинг уч нафар собиқ футболчи жой олди  3 08:55«Сўғдиёна» БААдаги йиғини давомида яна бир Россия жамоасига қарши баҳс олиб боради  0 08:13«Реал Мадрид» Ла Лиганинг навбатдаги турида тарихий натижага эришиши мумкин  8 07:40Бугун ёшларимиз Саудия Арабистонига қарши баҳс олиб боради  4 02:40А Серия. "Лацио" "Аталанта"га қарши ўйиннинг 88-дақиқасида тўп ўтказиб, ғалабани қўлдан бой берди. Бергамоликлар биринчи ўринга қайтишди  7 01:36"Лейпциг" футболчиси Манчестерга йўл олиши мумкин  0 00:37Суперкомпьютер талқинига кўра қайси жамоа АПЛ ғолиби бўлади?  5 23:56А Серия. "Интер" "Сарденья"да йирик ғалаба қайд этди  1 23:33Исак фаолиятини Лондонда давом эттириши мумкин  0

"Пахтакор" дарғаларидан бири Аҳрол Иноятов 74 ёшга тўлди News

"Пахтакор" дарғаларидан бири Аҳрол Иноятов 74 ёшга тўлди

Бугун ўзбек футболи тарихида ҳам футболчи, ҳам мураббий, ҳам жонкуяр раҳбар сифатида ёрқин из қолдирган Аҳрол Иноятов оиласи даврасида қутлуғ 74 ёшини нишонламоқда.

"Пахтакор" таркибидаги энг ёрқин ўйинчилардан бири, метин ҳимоячи, спорт устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Аҳрол Иноятов 1945 йилнинг 11 июнь куни Тошкент шаҳридаги "Тахтапул" маҳалласида Иноят ака ва Лутфи аялар бош бўлган хонадонда дунёга келган. Аввалига 150-мактабда, кейин Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти ҳамда Москвадаги мураббийлар тайёрлаш олий мактабида таҳсил олган. Ўн ёшга тўлгач, юртимизнинг машҳур мураббийларидан бири Маъруф Акбаров раҳбарлигидаги спартакчилар гуруҳи ўзининг қиш ойларида машғулотларини Лал Баҳодир Шастри номидаги 24-мактаб спорт залида олиб бораётган жамоага қўшилди. Болалар ва ўсмирлар ўртасидаги турли мусобақаларда майдонга тушди. 17 ёшга тўлгач, Сергей Арутюнов бошчилигидаги ёшлар терма жамоасига Залар Санатулов, Сайфиддин Қудратов Давлат Ортиқов, Зафар Расулов сингари тенгдошлари билан қабул қилинди. Улар ўша йили Волгоград шаҳрида бўлиб ўтган Бутуниттифоқ мактаб ўқувчилари Спартакиадасида иштирок этди. 

1965 йилнинг 6 июнь куни Аҳрол Иноятов илк бор "Пахтакор"нинг асосий таркибида майдонга тушди. Меҳмонда АСК "Одесса"га қарши кечган учрашувда ҳисоб очилмади. Орадан 15 кун ўтгач энди у ҳамшаҳарлари кўз ўнгида имтихондан ўтди: "Пахтакор" - "Зенит" (Ленинград) 3:2. Умуман олганда бугунги кун қаҳрамони олий ва биринчи лиганинг жами 158та учрашувида майдонда ҳаракат қилди. Ҳимоячи бўлишига қарамай, рақиблар дарвозасини 3 маротаба ишғол қилди. Бир неча йил давомида "Пахтакор"ни сардори сифатида майдонга бошлаб тушди. 

1971 йилнинг 14 май куни Ростов-Дон шаҳрида маҳаллий армиячилар билан бўлган учрашув чоғида олинган жароҳат (оёқ тиззасида пай томири чўзилиши) туфайли у Москвада машҳур шифокор, профессор Зоя Миронова раҳбарлигидаги клиникада операция қилинди. Жароҳатдан сўнг сафга қайтган Иноятов аввалгидек спорт формасига кира олмади. Бунга унинг қайталаб қолган жароҳати йўл қўймади ва 1972 йили 27 ёшида катта футбол билан хайрлашишга мажбур бўлди.       

Аҳрол Иноятов “Пахтакор”даги дебютини шундай эслайди.

- Жамоага ўтганимда Александр Келлер бош мураббий, Лёв Олшанский унинг ёрдамчиси ва ўринбосарлар таркибини шуғуллантирар эди. Улардан кейин Гавриил Дмитриевич Качалин ҳар иккала таркибга бош мураббий этиб тайинланди. “Пахтакор” шундай жамоа эдики, ҳамма бир-бирини қўлларди. Ваҳоланки, таркибда рақобат жуда кучли, аммо иш бошқа, ҳаёт бошқа эди. Жамоага тез киришиб кетишимиз таркибдаги фахрий ўйинчиларнинг қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ деб ўйлайман. Боиси, Ҳамид Раҳматуллаев, Акмал Азизхўжаев каби тажрибали ўйинчилар нафақат майдонда, балки ҳаётда ҳам жуда кўп маслаҳатлар берган. Қизиғи, асосий ва ўринбосарлар таркиби ўзаро майдонга тушганида ҳеч ким бир-бирини аямасди, лекин бу қарама-қаршилик майдоннинг ўзида қолиб кетарди. Жамоа машғулотлари якунига етгач, деярли ҳеч ким майдондан чиқиб кетмасди. Футболчилар ўз камчиликлари устида ишларди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, Дмитриевич тушдан кейин соат 15:00 ва 16:00да, иссиқда ўринбосарларни, сўнг асосий таркибни шуғуллантирарди. Шуғуллантирганда ҳам профессионал тарзда, ишига ўта жиддий ёндошиб, бажарарди. Ҳозир ҳам ишига бу даражада жиддий ёндошадиган мураббийлар кам. Боиси, жамоа бош мураббийи ўринбосарлар таркибини шуғуллантиравермайди. “Пахтакор”даги фаолиятим 10 йил давом этди. 1972 йил 27 ёшимда тиззамдан олган жароҳатим бутсаларими михга илишимга сабаб бўлди.

Аҳрол Иноятов футболчилик фаолияти эрта якунланганидан сўнг Москвада икки йил мураббийларни тайёрлаш олий мактабида малакасини оширди. Мураббийлик фаолиятини 1980 йилда мамлакат чемпионатининг биринчи лигасида иштирок этувчи Жиззахнинг "Бўстон" жамоасида бошлади. 1987-1988 йилларда Ироқ ўсмирлар ва ёшлар терма жамоасига устозлик қилди. 1993-1994 йилларда жонажон "Пахтакор" жамоасига мураббийлик қилди. Ўтган асрнинг сўнгги йилларида футзалда ҳам ўзини синаб кўрди. Унинг раҳбарлигидаги Андижоннинг "Турон-С" жамоаси уч марта Ўзбекистон чемпиони бўлди. 

Иноятов фаолияти давомида рўй берган қизиқарли воқеалардан бирини шундай эслайди.

- Одатда расмий ўйиндан бир кун аввал ўтказиладиган машғулот енгил ўтади. 40-45 дақиқадан кўп бўлмайди. Футболчилар ҳам шунга руҳан тайёр бўлишади. Қайси мавсум эслай олмайман, Москвада “Спартак”ка қарши ўйнашимиз керак. Бир кун олдинги машғулотларга чиқдик, нақд икки соат давом этди. Якушинга ҳеч ким ҳеч нарса дея олмайди. Ҳайронмиз, эртага жиддий ўйинимиз бор, биз 2 соатдан бери машғулот ўтказяпмиз. Охири ёрдамчи мураббийга мурожаат қилдик. У “айёр Михей”га машғулотни тугатсак бўлар, деганди қуйидаги жавобни олди: “Кашанинг мазасини сариғёғ билан буза олмайсан”. Нима демоқчи? Машғулот қанча кўп бўлса ҳам зиёни йўқ.Эртаси куни “Лужники”да “Спартак”ка қарши ажойиб ўйин ўтказиб, сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол сабабли ғалабани қўлдан чиқарганмиз. “Пахтакор” чемпионат ўйинларида Москванинг барча клубларини зир титратарди. Шунинг учун барча рус жамоалари биз билан бўладиган баҳсларга ўта жиддий ёндошарди. Эслайман, Москвада “Торпедо”га қарши ўйнишимиз керак. Ўйин кунги бадантарбияга бош мураббий Якушин келмади. Ҳайрон бўлдик. Кейин “Торпедо” аъзолари бизнинг сардорга алоқага чиқиб, дуранг ўйнашни таклиф қилди. Табиийки, биз бунга кўнмадик. Ваҳоланки, рақиб сафида камида беш нафар миллий терма жамоа аъзоси бор эди. Хуллас, йигитлар билан келишиб, ўйинда боримизни беришимизни гаплашиб олдик. Лекин эртаси куни омадимиз келмади ва 0:4 ҳисобида мағлубиятга учрадик. 

1975 йилда Аҳрол Иноятов бўйдоқлик ҳаёти билан хайрлашди. Рафиқаси билан икки ўғил (Сардор ва Алишер) фарзандни дунёга келтириб, вояга етказишди. Шу кунларда оила раҳбарлари фарзандлар ва неваралар даврасида Яратганга шукроналар айтган ҳолда бахтли ва ибратли ҳаёт кечирмоқдалар. Биз ҳам сайтимиз ва унинг ўқувчилари номидан Аҳрол акани бугунги таваллуд айёмлари билан чин юракдан муборакбод этамиз. 

Rating: +3   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика