Ўз юртида қиролга айланган Чиро Иммобиле
04 dec 2019 21:35
News
Ўз юртида қиролга айланган Чиро Иммобиле
Чиро Иммобиле — А Серия қаҳрамони. У 14 ўйинда 17та гол уришга эришди ва Италия чемпионатининг бошқа юлдузларидан сезиларли даражада илгарилаб кетди (Лукаку 7та, Криштиану Роналду ва Эдина Джеко 11тадан гол урган).
Иммобиле "Лацио" сафида тўп тепаётганига тўрт йил бўлди, лекин шу қисқа муддат ичида самарадорлиги билан клуб афсонасига айланмоқда. Шу кунгача Иммобиле А Сериянинг ҳар бир мавсумида 15тадан кам гол урмаган. У 2014/15 йилдан буён тўпурарлар пойгасида юқори поғонагача чиққан "Лацио"нинг ягона ўйинчиси саналади (ўша йили Мирослав Клозе (13 гол) ҳам рўйхатда бор эди, лекин у 9-ўринни банд этган). Иммобиленинг жисмоний кўриниши — фақатгина ўз устида ишлаш натижаси эмас. Иммобиле "Лацио"да ўзини эркин сезиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Индзаги ва Иммобиле муносабати аъло даражада. Жамоавий тушлик вақтида улар ёнма-ён ўтирадилар, голларни эса биргаликда нишонлайдилар
Италия оммавий ахборот воситаларида ёритилган барча хабарларни ўқиб чиқсангиз ҳам, Симоне Индзаги бирор марта Иммобилега қаттиқ гапирганига гувоҳ бўлмайсиз. Индзаги ўйинчисини жуда яхши кўради ва омма олдида ҳеч қачон унинг хатолари тўғрисида гапирмайди.
Бош мураббий Иммобиле ҳақида айтган сўнгги гаплари: "У "Сассуоло"га қарши баҳсда пенальти тепиш вазифасини Луис Альбертога топширди. Ҳа, у ажойиб ўйинчи. Бу иши фақат буюклигидан далолат беради — инсоннинг барча ишлари жойида бўлса, у буни бошқаларга ҳам раво кўради".
Мавсум ҳақида: "Лацио"нинг барча ишлари ўнгидан келаётгани мени қувонтирмоқда. Келгусида ҳам ана шундай ўйин намойиш этишимизни истайман. Кимдирни ажратиш принципларимга тўғри келмайди, лекин Сергей (Милинкович-Савич) ва Иммобиле ҳақида алоҳида гапирмоқчиман. Улар атрофида бутун бир жамоани бирлаштира олган ҳақиқий етакчи. Иммобиле "Торино" дарвозасига дубль қилганидан сўнг: "У зўр футболчи. Муносабатларимиз яхши, бироқ шахсан мен уни камдан-кам ҳолларда мақтайман".
Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, сентябрда Иммобиле ва Индзаги ўртасидаги идеал муносабат барбод бўлишига бир баҳя қолди. Иммобиле "Парма" билан учрашувда гол урганидан сўнг захиралар ўриндиғига ўтирди ва бунга кескин норозилик билдирди, микст-зонада эса Индзагининг бу қарорини танқид қилди. Бир ойдан кейин DAZN билан бўлган интервьюда Иммобиле ўша пайтдаги гап-сўзлар улар ўртасидаги оқибат янада кучайишига сабаб бўлганини таъкидлаб ўтди.
Германия ва Испаниядаги омадсизликдан кейин Иммобиле мукаммал муҳитга келди. Унинг атрофида "Лацио" жамоаси шаклланди
Немисларнинг ўзгача характери Иммобилени ғазаблантирарди — у 8 ой давомида "Боруссия"да тўп тўпди, аммо бирорта дўст тополмади. Бу ҳам етмагандек, немис матбуоти ҳар бир баҳсдан кейин у ҳақида салбий фикрлар билдирарди. Испанияда эса Унаи Эмери унга ишонмагани унга ёқмасди. Иммобиле доим "Наполи" таклиф билдиришини орзиқиб кутди. Аммо ярим мавсумни "Торино"да ўтказганидан сўнг, "Лацио" туфайли яна Италияга қайтишга муваффақ бўлди. "Лацио" ўша пайт ўзига хос ўйин типини шакллантирди: схемага кўра, Чиро Иммобиле асосий ўйинчи эди. Индзаги бутун бир жамоани Иммобиле атрофида ташкил топишига йўналтирганди.
Қуйида Иммобиле бу мавсум А Серияда урган голларини томоша қилишингиз мумкин. Улар бир-бирига жуда ўхшайди.
Бу голлар — Иммобиленинг "Лацио"даги шериклари билан бирдамликда ҳаракат қилиши натижаси. Чиронинг идеал техникаси йўқ, тез югуриш борасида ҳам унчалик яхши эмас, якка курашда ҳам камдан-кам гол уради. Лекин у бу камчиликларини тўғри танланган позицияси орқали "ёпиб кетди".
Шериклари унинг бу маҳоратига мукаммал мослаша олдилар. А Серия доирасидаги 9 голли узатманинг 5тасида Луис Альберто айнан Чирога пас берган. Тўртта голли паснинг биттаси Милинкович-Савич томонидан етказиб берилди. Корреа, Лаццари, Лукаку, Лулич, Луис Фелипе, Италиянинг бу мавсумида биттадан голли узатма берганлар, ҳам тўпни айнан Иммобилега оширгандилар.
Чиронинг бундай ўйинида Индазгининг ҳиссаси катта. У ўзининг энг яхши тўпурарини кўп толиқтирмайди: Иммобиле мудофаа борасида шерикларига ёрдам бермайди (фақат топ рақибларга қарши баҳсдан ташқари). Индзаги шу йўл билан асосий футболчи кучини тежайди.
Индзаги бундан мамнун: "Менга жамоанинг ўйини ёқади. Президент Лотито мендан янги мавсумда нималарни кўришни истаётганим ҳақида сўраганида, шундай жавоб бердим: "жамоавий ўйин кучайишини". "Лацио"да маълум бир вақтни ўтказдим ва бугунги кунга келиб, жамоа қандай ўйин кўрсатаётгани тўғрисида ўзимга савол бера оламан. Ҳозирда ҳимоя, ижодкорлик ҳамда имкониятлардан тўғри фойдаланиш борасидаги барча нарса мени қониқтимоқда.
Энг муҳими — Иммобиле Италияда ўзини яхши ҳис қилмоқда. Матбуот уни танқид қилмаяпти (бунга сабаб ҳам йўқ), "Лацио" мухлислари уни деб ақлдан озишмоқда, жамоа унинг атрофида қурилган. Германия ҳамда Испанияда ҳаммаси бошқача эди. Эҳтимол, шу сабабли Ла Лига ва Бундеслигада омади чопмагандир.
Иммобиле мисолида биз алоҳида бир футболчи баъзан она юртига қанчалик боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрдик. Авваллари Иммобилени бу ҳолат ташвишга солган. Бироқ ҳеч бўлмаганда, у ўз клубида қиролга айлангач, барча нарсадан завқланмоқда ва "Лацио" билан совринлар ютишни ўйламоқда.
Нозима Зарипова таржимаси
Comments