Отабек Ғуломхўжаев: "Андижон" Суперлигада жон сақлаш учун курашмайди"
01 apr 2021 20:08
News
Отабек Ғуломхўжаев: "Андижон" Суперлигада жон сақлаш учун курашмайди"
"Биринчи галда стадионга ташриф буюрган мухлисларга раҳмат айтиб қоламан. Тўғрисини айтсам бугун жамоамни танимадим. Футболчилар худди биринчи маротаба майдонга чиққандек таассурот қолдирди. 90 дақиқа футбол ўйнашмади. Ўйинни кўриб чиқамиз ва таҳлил қиламиз. Сабабини жамоани ичида аниқлаймиз. Хато ўзимдан ўтди, деб ўйлайман. Аҳамият берган бўлсанглар Жалолиддинов билан Абдуманноповни асосий таркибда майдонга туширдим. Улар беш соатлик йўл босиб кеча машғулотларда максимал даражада иштирок этишди. Шунча пайтдан бери тайёргарлик кўриб келган йигитларни эмас уларни туширганим хатоим бўлди. Иккинчидан асосий таркибда ўйнамаётган Бахтиёр Қосимовни дарҳол бошланғич таркибга киритганим. Сўнгги паллага келибгина таркибни ўзгартириб юбордим. Шунинг ҳисобига бугун футбол бўлмади",- дейди Отабек Ғуломхўжаев.
- Стандарт вазиятларни амалга оширган Жасур Жалолиддинов етарлича кескинлик ярата олмади. Ваҳоланки тепада яхши ўйнай оладиган футболчиларимиз бор эди. Балки бу чарчоқ аломати билан боғлиқми?
- Ҳар бир ўйинга тайёргарлик кўриш жараёнида стандарт вазиятлар устида ишлаймиз. Бундай паллада Жасурда масъулиятни ўзига олиш истаги кучлилик қилди. Балки чарчоқ аломатидир. Ҳар бир бурчак зарбаларида қандай жойлашиш керак, ким қаерда туриши кераклигини машғулотларда ишлаганмиз. Уларнинг ўрнига майдонга тушиб ўйнаб бера олмайман. Ўша вазиятда Жасур тайёр бўлган экан шундай бўлди.
- Нима деб ўйлайсиз "Андижон"нинг ўйинларига VAR керакмикин?
- Йўқ. Буни ўтган сафар ҳам айтган эдим. Иложи бўлса "Андижон"нинг ўйинларига VAR тизмини қўйишмаслигини истардим. Майли қўйилган тақдирда ҳам рақиб томонга фойда чиқарса ҳам мен ҳич қачон индамайман. Келинг, футболни жозибасини ўлдирмайлик. Футбол ўйнайлик. Бир пайтлар Марадона ўйнаган вақтларда қўли билан гол урганда VAR бўлмаган. Кимнидир голи қайсидир жамоани чемпион қилган, жаҳон чемпионатига олиб чиққан.
"Машъал"нинг ўйинларини ўрганиб чиққандик. Уларнинг "Бунёдкор" билан ўйинларини кузатгандик. Ҳимоядан ўйнашини, қарши ҳужумлардан фойдаланиши маълум эди. Ҳимоячиларимизнинг хатоларини таҳлил қиламиз. Биринчи турдан сўнг ҳалигача ўзимни жамоамни таний олганим йўқ. Чунки мен ҳеч қачон рақибнинг ўйинига қарамайман. Ўз ўйинимизни шакллантиришга ҳаракат қиламан. Нима учундир ўйин тўлиқ чиқаётгани йўқ. Ёки таркиб, жароҳатланганлар панд бермоқда. Мен рақибни индивидуал кучли футболчисига эътибор қаратаман.
- "Металлург" билан сафарда жамоадан ғалаба кутса бўладими?
- Биз ҳар бир учрашувда ғалаба учун майдонга тушамиз. Нима учун ишонч бўлмаслиги керак? Агар ишонч бўлмаганида мураббий сифатида фаолият олиб бормас эдим. Қийин вазиятда жамоани қабул қилиб олмаган бўлардим. Ҳозирги таркибимдаги барча футболчиларга ишонаман. Мухлислар хавотир олганидек жамоа бу йил жон сақлаб қолиш учун ўйнамайди.
- Тўртинчи тур якунланди. "Андижон" жамоаси ҳужумчилари қачон гол уради?
- Оғриқли мавзу. Айниқса Мартин Боаке. Ҳозир ҳам мураббийларимиз штаби билан шуни муҳокама қилдик. Биз ундан ёки нотўғри фойдаланмоқдамиз. Ёки у бизни тушунаётгани йўқ. Тўртта турда тўқсон дақиқа ўйнади. Балки энди захирага олармиз. Жамшид Ҳомидов йиғинларда ўзини яхши кўрсатган. Ҳаммасини ўз вақти бўлади. Ёшларга имкон берамиз. Кеча ўринбосарлар жамоасида Сардор Каримов ўйнади. Ушбу футболчи ҳам жамоа ўйинини топиб олгач асосий таркибга жалб қилинади. Клубнинг ўринбосарлар таркибида 5-6 нафар асосий таркибга номзодлар бор. Кейинги мавсум учун захира бор, дея оламан.
- Жамоа сардори бошқа футболчилардан ажралиб туриши керак. Лекин "Андижон"да аксини кўрмоқдамиз. Кўп бор хатолар қилмоқда. Уларга нима етишмаяпти?
- Уларни ўзи билан гаплашиб кўриш керак. Ўртоқлик ўйинларида Эдгар ўзини яхши томонлама кўрсатди. Ҳозир эса ўзимиз ҳам ҳайрон қолмоқдамиз. Лидерлик сифатларини ҳам кўрсатаётгани йўқ. Ўзини ёшига нисбатан тажрибасини ҳам намойиш қилмаяпти. Яна гаплашамиз. Шу кетиш бўлса сардорлик олиб қўйилади ва захира ўйинчисига айланади. Қачон ўзини кўрсатса кейин майдонга чиқади.
- Ўйиндан гол уриш қийин бўлмоқда...
- Рақибларимиз яхши ҳимояланмоқда. Александр Хомяковни неччи йилдан бери билсам ўз устида ишлашдан чарчамайди. 2013 йил Про лицензиясига ўқиганимизда кўп жиҳатларда уни ўзимга устоз, деб билганман. Ўзига яраша тажрибага эга.
Comments