Осиё Кубоги-2019да энг ёмон натижа қайд этган КХДР Тошкентда меҳмон
07 jun 2019 09:00
News
Осиё Кубоги-2019да энг ёмон натижа қайд этган КХДР Тошкентда меҳмон
Биз одатга кўра бўлажак рақибимиз ҳақида маълумот берамиз.
ТАРИХ ВА БУГУНГИ КУН
Корея Халқ Демократик Республикаси ёки қисқа қилиб айтганда КХДР терма жамоаси Жаҳон чемпионатида иштирок этиб, гуруҳдан чиқа олган Осиёнинг дастлабки жамоаси ҳисобланади. 1966 йил Англия мезбонлик қилган мундиалда КХДР дебют қилган. Гуруҳда Собиқ Иттифоқ терма жамоасига ютқазган, Чили билан дуранг қайд этган ва Италияни мағлуб этган корейслар иккинчи ўрин билан чорак финалга йўл олишган. КХДР хатто ярим финалга чиқишига бир баҳя қолган. Чорак финалда Португалия билан ўйинда дастлабки 25 дақиқада жавобсиз учта гол урган Шимолий Корея якунда 3:5 ҳисобида ютқазиб қўйганди. Афсонавий Эйсебио покерга эришганди.
КХДР 2010 йил ЖАРда бўлган Жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этган. Бразилияга 1:2, Португалияга 0:7 ва Кот-Д'Ивуарга 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйган жамоа гуруҳда сўнгги ўринни банд этганди.
Шимолликлар ОФК чақирув кубогида жуда муваффақиятли иштирок этишган. Уч марта ўтказилган мусобақанинг биринчисида КХДР учинчи ўринни эгаллаган бўлса, 2010 ва 2012 йилларда ушбу жамоа чемпион бўлганди.
КХДР шу йилнинг январь ойида Қатарда ўтган Осиё Кубогида жуда муваффақиятсиз иштирок этди. Янаям аниқроқ айтсак энг ёмон жамоа бўлди. Сабаби Ким Йонг Жун бошчилигидаги корейслар гуруҳ босқичидаги учала ўйинда ҳам йирик ҳисобда мағлуб бўлган ягона жамоага айланишди. Илк турда Саудия Арабистонига 0:4 ҳисобида имконият бой берилди. Кейинги турда бўлажак чемпион Қатар КХДР дарвозасига жавобсиз 6та гол урди. Учрашувда мусобақа тўпурари Алмоез Али покер қайд этганди. Охирги турда шимолликлар Ливанга 1:4 ҳисобида ютқазиб шармандали натижа билан ортга қайтишди.
Эътиборлиси март ойида ФИФА кунлари бўлди ва кўплаб терма жамоалар ўртоқлик ўйинлари ўтказишди. Бироқ КХДР январь ойидаги қитъа чемпионатидан сўнг биринчи марта йиғилмоқда. Қизиғи ўтган йил октябрь ойида ҳам ушбу жамоа узоқ танаффусдан илк ўйинни Тошкентда ўтказганди.
ЛЕГИОНЕРЛАРИ
Осиё Кубогида иштирок этган футболчилар орасида беш нафари легионер эди. Кванг Рёнг Пак Австриянинг "Санкт Петлен" клуби аъзоси эди. 20 ёшли ҳужумчи Кванг Сонг Хан 2017 йил "Кальяри" сафида Италия А сериясида фаолият олиб борган эди. 2018 йилги мавсумни эса Б серия иштирокчиси бўлган "Перуджа" таркибда бошлаганди. Ярим ҳимоячи Чой Сонг Хёк эса Италиянинг "Ареццо" жамоаси аъзоси ҳисобланади.
Шунингдек, Ким Сонг Ги ("Фужиеда", Япония) ва Ри Йонг Жик ("Токио Верди", Япония) каби футболчилар ҳам хориж клубларида ўйнашади.
ШИМОЛИЙ КОРЕЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ
Лақаби - "Чоллима"
Конфедерация - ОФК
Бош мураббий - Юн Жонг Су (КХДР)
Сардор - Ри Мёнг Гук
Энг кўп ўйин ўтказган - Ри Мёнг Гук (120)
Энг кўп гол урган - Жонг Ил Гван (21)
ФИФА коди - PRK
ФИФА рейтингидаги ўрни - 121 (2019 йил 4 апрель)
Биринчи расмий ўйин
1956 йил 7 октябрь
КХДР - Хитой 1:0
Энг йирик ғалаба
2005 йил 11 март
КХДР - Гуам 21:0
Энг йирик мағлубияти
2010 йил 21 июнь
Португалия - КХДР 7:0
Жаҳон чемпионатидаги иштироки - 2 марта (биринчиси 1966)
Энг яхши натижаси - чорак финал (1966)
Осиё Кубогидаги иштироки - 5 марта (биринчиси 1980)
Энг яхши натижаси - тўртинчи ўрин (1980)
Олимпиада ўйинларидаги иштироки - 1 марта (1976)
Энг яхши натижаси - Чорак финал (1976)
Совринлари
ОФК Чақирув кубоги
Чемпион - 2010, 2012
ЎЗАРО ЎЙИНЛАР ТАРИХИ
Ўзбекистон терма жамоаси КХДР билан шу кунга қадар 9 марта тўқнаш келишган. Вакилларимиз олти марта ғалаба қозонишган. Иккита учрашувда дуранг кузатилган ва бир марта корейслар бизни таслим қилишган.
Ушбу жамоа билан икк марта ўртоқлик учрашувида майдонга тушганмиз. 2008 йилнинг 28 августида Тошкентга КХДР терма жамоасига ташриф буюрган. Рауф Инилеев бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ўшанда дуранг қайд этганди - 0:0. Ўтган йилнинг 13 октябрь санасида шимолликлар "Бунёдкор" стадионида 2:0 ҳисобида таслим этилганди. Ўшанда Марат Бикмаев дублга эришганди.
Шимолий кореяликлар икки бор Тошкентга расмий ўйинни ўтказиш учун келишган. ЖЧ-2014 ва ЖЧ-2018 саралаши доирасидаги ўйинларнинг иккаласида ҳам (1:0 ва 3:1) вакилларимиз зафар қучишган.
Ягона мағлубият 2015 йил ёзида ЖЧ-2018 саралаши доирасида сафарда қайд этилган. Пьёнгянгдаги стадионда ўтган баҳсда майдон эгалари 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишган эди.
Нарзулла Сайдуллаев тайёрлади
Comments